Раҳима телефон гўшагини жойига қўйди-да, бўшашганча диванга ўтириб қолди. Сал нарида олти яшар ўғли Адҳам ҳайрон боқиб турар, на онасига яқин келишни, на ташқарига чиқиб кетишни билмай аросатда эди.
— Демак, келгани рост. — асабий пичирлади Раҳима. — Гўшакдан одамларнинг бақир-чақирлари аниқ эшитилиб турибди. У аэропортда. Узоғи билан бир соатда етиб келади. Билиб қолса-я!?. Анвар акам билан учрашиб юрганимдан хабар топса-я!?. Э, нима қиларди? Ўзидан кўрсин. Олти йилдан бери дом-дараксиз эди. Мен нима қилишим керак? Кутишим керакмиди? Болам-чи? Уни боғчадан оладиган эллик минг сўмга боқармидим? Ўзим-чи? Мендаям юрак бор, истак-хоҳиш бор. Йўқ, қўлидан ҳеч нарса келмайди. Уйга киритсам ҳам жон десин.
— Ойи, нега хафасиз? — Раҳима ўғлининг овозини эшитиб бирдан бошини кўтарди ва шоша-пиша ўрнидан турди.
— Хафа эмасман, болажоним. — деди Адҳамнинг бошини силаб. — Даданг келаётган экан.
— Дадам?.. Қайси дадам, ойи?
— Қайси даданг бўларди? Ўзингнинг даданг-да! Айтгандим-ку, узоққа ишлагани кетган деб! Ана ўша Раҳматали даданг-да! Сенга ўйинчоқлар, дафтар-китоблар олиб келади.
— Ура, дадам келаяптийкан, ура!.. — Болакай беихтиёр кўзлари чақнаб ирғишлай кетди.
— Ойи, ўртоқларимгаям чиқиб айтсам майлими дадам келаётганини?..
— Албатта, борақол! Фақат узоқ қолиб кетмагин-а! Даданг келиб сени қидириб қолмасин!
— Йўқ, тезда қайтаман, ойи!..
* * *
Ўғилчаси чиқиб кетгач, Раҳима яна телефонга ёпишди. Гўшакдан таниш овозни эшитгани ҳамоно, салом-аликни ҳам йиғиштириб қўйиб, мақсадга ўтди.
— Анвар ака, энди уч-тўрт кун учрашмай турамиз шекилли. — деди ҳийла титраб.
— Нега?
— Эрим… Келяпти экан?.. Ҳозир қўнғироқ қилди.
— Нима қипти? Уни… Уни киритасанми уйингга?
— Нега киритмай? Ўзининг уйи. Қолаверса, боламнинг отаси. Ҳали ажрашмаган бўлсак.
— Бекор қиласан. У олти йилдан бери дом-дараксиз кетсин-да, сен ҳеч нарса бўлмагандай кутиб олгин!
— Анвар ака… — Раҳима пича овозини кўтарди. — Сиз ҳам мени қийнамасангиз-чи! Келса нима бўпти? Сизминан учрашмайман деётганим йўқ-ку!..
— Шунақа дейсан-да!.. Локигин… Хўп, қачон учрашамиз? Шундан гапир, жоним!
Раҳима эҳтиёт шарт ташқари эшикка бир нигоҳ ташлаб олиб жавоб қилди:
— Ўзим қўнғироқ қиламан!
* * *
Эшик безовта тақиллади. Раҳима юраги дукиллаганча эшик рўпарасига бориб ўртадаги тешикчадан ташқарига боқди. Ҳа, ўша! Подьздда бошига кепка кийган, узун бўйли, малласоч Раҳматали турарди. Анча озибди. Малла сочларига оқ оралабди. Бу кепка остидан чиқиб турган тутам-тутам сочларга назари тушган одамга аниқ кўринарди.
Раҳима эшик зулфинига қўл юбораркан, кўз ўнгида яқин ўтмиш гавдаланиб, қўлларини қайтадан тортиб олди.
2000 йил. Янги йил байрами. Барча қўшнилар уйларида қий-чув қилиб янги йилни кутиб олишди. Қадаҳларнинг жаранглашигача оғироёқ, эрта-индин кўзи ёрийдиган Раҳиманинг қулоғига чалинди. Унинг юрагига байрам сиғармиди. Тушдан кейин кўчага чиқиб кетганча, ҳамон қайтмаган эри Раҳматалини кутарди. Дастурхон устида қўшнилар берган иккита патир, бир товоқчада қанд-қурсдан бўлак ҳеч вақо йўқ. Йўқ… Раҳима егулик, совғалар ҳақида ўйламаяпти. Ҳеч бўлмаса шу кеча ичмай келсайди, жанжал кўтармасайди, дея умид қиларди…
— Янги йил кутмасам бир жойим камайиб қолмайди. — ўйларди у. — Дадаси ҳушёр келса бас. Жанжал қилмаса бўлди…
Афсуски, умидлари пучга чиқди. Соат тунги бирларга яқин Раҳматали кириб келди. Эгнидаги кийимларига лой чапланган, пешонаси, икки юзи тирналган, оёқда зўрға турарди.
Кириб келди-да, ҳануз диванда мунғайибгина ўтирган Раҳиманинг тепасига келди.
— Ҳ-ҳа, қанжиқ! — ўшқирди у чайқалиб. — Нега шу пайтгачаям ухламадинг? Ё ўйнашингни кутяпсанми-а?
Раҳима қўрқа-писа ўрнидан турди-да, орқаси билан юриб ётоққа кирди ва белига жун рўмолини ўраб, яна залга қайтди.
— Г-гапир, мегажин! — дастурхондаги конфетлардан бирини оғзига солиб ўдағайлашда давом этди Раҳматали. — Қани ўйнашинг?
— Дадаси, нега унақа дейсиз? — йиғи аралаш тилга кирди Раҳима. — Қанақа ўйнаш? Ичволсангиз, бас, бўлар-бўлмас гапларни гапираверасиз. Менда ўйнаш нима қилсин? Ўзим зўрға юрган бўлсам…
— Ҳа-а, шунақасан!.. Қўрқасан!.. Биламан, ўйнашинг бор!.. Манави болангам…
— Боламга тил теккизма! — ўзи сезмаган ҳолда эрини сенлаб юборди Раҳима. — Ҳали туғилмаган норасидамга тил теккизма!..
— Бўлмаса, айт, кимдан бўлган!..
— Сендан бўлган, билдингми, сен алкашдан бўлган!..
— Нима? Ким алкаш? Ҳе онангни!.. Мана сенга алкаш дейиш!..
Раҳматали хотинини қулочкашлаб юборди-ю, сўкина-сўкина кўчага чиқиб кетди…
Ҳа, ўшанда яхшики қўшнилар ухлашмаганди. Калтак зарбиданми, тўлғоқ бошланиб қолди.
Қўшниларгина Раҳиманинг корига яраб, туғруқхонага олиб бориб қўйишди…
Раҳматали шундан сўнг қорасини кўрсатмади. Раҳима бир ҳафтадан сўнг туғруқхонадан чиқаётиб эшитиб қолди. У кимларгадир қўшилиб, Россияга ишлаш учун жўнаб кетганмиш.
* * *
Эшик очилди. Раҳиманинг қаршисида янги жинси кўйлак-шим кийиб, бошига қоракўл папақ қўндириб олган Раҳматали турарди.
У бир муддат хотинига тикилиб турди-да, ердаги буюмлар тўла катта сумкани қўлига олди.
— Кирсам бўлар? — сўради у жиддий оҳангда.
— «Жиддийлашиб қоптими? — хаёлидан ўтказди Раҳима секин эрига йўл бўшатаркан. — Наҳотки, ичишни ташлаган бўлса?..»
Раҳматали ичкарига кириб, хоналарни бирма-бир кўздан кечирди. Сўнгра тошойна ёнига қўйилган Адҳамнинг суратига кўзи тушиб қўлига олди.
— Ўғлимми? — сўради у Раҳимага яқин келиб. — Нега индамайсан? Шу менинг ўғлимми?
— Йўқ! — деди Раҳима тескари ўгирилиб. — Бу бола ўйнашдан бўлган!
— Қўйсанг-чи энди эски гапларни қўзғайвермай!.. Орадан олти йил ўтди. Мен ҳам ўзгардим. Ҳа энди… Ўшанда… Мастликда гапирсам гапиргандирман… Бўлди энди…
Раҳматали секин хотинининг елкасидан қучиб ўзига қаратди ва маҳкам бағрига босди…
Раҳима қаршилик қила олмади.
Хаёллари чалкашиб кетганди.
Фақат Анвар билан келгуси муносабатлари тўғрисида қайғурарди.
* * *
Шу онда ташқари эшик очилиб, Адҳам кириб келди. Раҳматалини кўрди-ю, таққа тўхтаб, бўзрайганча онасига қаради.
— Вой, ана, даданг келди, Адҳамжон! — ўғлини қўлидан етаклаб Раҳматалининг рўпарасига олиб келди Раҳима. — Кўришмайсанми?
Болакай Раҳиманинг тиззасига ёпишганча тураверди. Раҳматали ҳам деворга суяниб олганча бир муддат ўғлига тикилиб тургач, истар-истамас, унга яқин борди.
— Бу бола менга ўхшамайди-ку! — деди бир қўлини Адҳамнинг бошига қўйиб. — Сенга ўхшаркан. Лекин бир тукиям менга ўхшамаяпти.
— Нима?.. Ўйнашдан орттирибманми бўлмаса?.. — тутоқиб кетди Раҳима. — Сизнинг болангиз-ку ахир!
— Исботла! — деди Раҳматали истеҳзоли кулимсираб. Ва лаб буриб уй ичларини кўздан кечира бошлади. Ана шунда жавон ичидаги Анварнинг суратини кўриб шоша-пиша қўлга олди.
— Бу ким?..
Раҳима тош қотиб қолганди.
Ҳа, унутибди. Суратни беркитиш хаёлига келмабди. Энди нима қилади? Нима дейди?..
Жонҳолатда Адҳамни бағрига босди-да, бир бурчакка биқиниб олди.
— Ҳа-а, мени алдамоқчи, «лох» қилмоқчи бўлдингми? Мени-я? Вей, мен-чи, ернинг тагида илон қимирласа биламан. Қанжиқ, нега жимсан? Ким бу деяпман?..
— Нима ишингиз бор? — бирпаслик сукут, қўрқувлардан сўнг бошини кўтарди Раҳима. — Олти йилдан бери қаерда эдингиз? Бирор марта хотиним бор, болам бориди деб хабар олдингизми? Э, туғруқхонага боришга ярамай, қочвордингиз-ку!
— Сендан ким бу деб сўраяпман, мегажин! — бақириб таҳдид билан хотинига яқинлашди Раҳматали. — Бола шунданмиди-а, шунданмиди?
— Бола сиздан, билдингизми, сиздан!.. — Раҳима ҳам бўш келмай йиғлаб бақирди. — Мен суюқоёқ эмасман!
— Унда нега кимлигини айта олмаяпсан?.. Ҳозир бир уриб абжағингни чиқариб қўяман! Айт!
— Сизминан яшамайман! Юрагимдан чиқариб ташлаганман аллақачон сизни!.. Кетинг! Кетинг дедим!..
Раҳматали бу гапдан сўнг сал бўшашган кўйи ортга тисланди.
— Кетиб бўпман! — деди у Раҳимага алам билан тикилиб. — Мана шу хунасанинг кимлигини аниқламагунча ҳеч қаерга кетмайман!..
— Аниқлаб бўпсан? — кўнглидан ўтказди Раҳима эҳтиёткорлик билан Адҳамни ошхона томонга судраб. — Сенам эрмидинг?.. Барибир Анвар акамдан воз кечмайман!.. Кетмай қаерга борардинг?..
Шуларни ўйлашга ўйлади-ю, барибир қалбининг бир четида Раҳматалига нисбатан меҳрми, ачинишми, уйғонгандек, боласини қаттиқроқ бағрига босди.
* * *
Ҳа, бу аёл икки ўт орасида қолиб кетганди. Шаҳар марказий касалхонасида жарроҳлик қилувчи Анварни севарди. Бироқ фарзандининг отасига ҳам бефарқ бўла олмасди. Айниқса, Адҳам аста-секинлик билан бўлса-да Раҳматалига кўника бориши унинг ич-этини кемирарди. Анвар билан кўришди дегунча ҳаммасига кўз юмиб унинг таклифига кўнишни, никоҳдан ўтишни ихтиёр эта бошларди. Аммо уйга қайтгач, ширакайф Раҳматалининг Адҳамга қўшилиб ўйнаётганига кўзи тушар ва хаёллари чалкашиб кетарди.
— Мени болам билан бирга узоқ-узоқларга олиб кетинг, Анвар ака! — деди кунларнинг бирида. — Айтгандингиз-ку, қишлоққа кўчиб кетамиз деб! Қийналиб кетяпман! Нима қилишни билмай бошим қотган.
— Хўп, — деди Анвар оғир хўрсиниб. — Қишлоққа кетамиз. Ўша ерда ишимни давом эттиравераман. Сизлар ҳам тинч бўласизлар. Катта тўй қиламиз.
— Қачон? Қачон олиб кетасиз?
— Яна бир ҳафта сабр қилинг. Бу ердаги ҳужжат ишларимни тугатаман-у, шартта жўнаворамиз. Айтганча, эрингиз-чи? У сизни кетишга қўядими, ахир?
— Нега қўймас экан? Нега энди уни эрингиз дейсиз? Фақат… Адҳамим боғланиб қоляпти холос унга. Ана шундан хавотирдаман.
— Яхши, тайёргарлигингизни кўриб юраверинг. Бир ҳафтадан кейин жўнаймиз!.. Кетамиз…
* * *
Бу тун негадир Адҳам Раҳиманинг ёнида ухлашни истамай, Раҳматали ётган хонага чопқиллаб қолди. Раҳима баттар ваҳимага тушиб, секин эшик тирқишидан мўралади. Раҳматали курсига бир шиша ароқни қўйиб олган, қўлида пиёла тўла ароқ. Адҳам эса унинг атрофида турли ўйинлар кўрсатиб қийқириб кулар, Раҳматали унга ўйчан термулиб ўтирарди.
Раҳиманинг бардоши етмади. Шартта эшикни очиб ичкарига кирди-да, Адҳамга ёпишди.
— Бу ерда нима қиляпсан? Юр, ётамиз, ухлаймиз!..
Раҳматали даст ўрнидан туриб Раҳиманинг йўлини тўсди. Унинг кўзларидан ёш оқиб, юзлари оша иягига оқиб тушарди.
— Намунча юрагинг тош бўлмаса? — деди у хириллаб. — Кечирим сўрадим-ку! Нега боланинг хаёлини бузасан?
— У ухлаши керак. Йўлимни тўсманг!
— Тўсаман! То келишиб олмагунимизча бу ердан чиқмайсан.
— Сиз билан келишадиган ҳеч нарса қолмаган. Бемалол Россиянгизга кетаверишингиз мумкин.
— Бекорларни айтибсан!
Раҳматали Адҳамни кўтариб олиб югурганча залга олиб кириб устидан эшикни ёпди ва қайтиб ётоққа кирди.
Бу орада Раҳима ҳам кўнгли ғаш тортиб хонадан чиқиб кетмоқчи бўлди. Улгурмади. Раҳматали эшикни тамбалаб, югурганча келди-да, уни даст кўтариб каравотга ётқизди.
— Қўйвор! — дея инграниб эрининг кучли қўлларидан халос бўлишга интиларди Раҳима. Афсуски, кучи етмасди.
Раҳматали зарда билан Раҳиманинг кўйлагини ечиб пастга отди ва томоқларидан, юз-кўзларидан ўпа кетди.
— Сен меникисан! — ҳирс билан шивирларди у. — Эрингман!.. Сен қаёқдаги чувриндилар эмас, мен учун яралгансан. Яхшиси, воз кеч ўша ифлосдан!
— Воз кечмайман! Қоч, сен менга номаҳрамсан!
— Номаҳрам? У-чи? Маҳрамингми-а? Йў-ўқ! Сенинг маҳраминг фақат менман!.. Қани, келақол! Нозланишни бас қил, жоним!..
Кучли қўллар ичкарига оралади. Бу… Ҳаракат ҳар қандай аёлнинг ҳам жонини олгулик.
Ҳозиргина турли қарама-қарши хаёллар исканжасида қолиб, азобланаётган Раҳима бирдан бўшашди ва ўзи идрок этмаган ҳолда инон-ихтиёрини эрининг қўлига топширди.
* * *
Тонг отди. Раҳима бўшашган кўйи ўрнидан турди. Дераза остидаги каравотда Адҳам пишиллаб ухлар, Раҳматали эса тескари ўгирилиб олганча сигарет тутатарди.
— Нималар қилиб юрган эканман? — Раҳима эрига зимдан боқаркан, руҳан эзила бошлади. — Нега ўшанда енгилтаклик қилдим? Эримни кута олмадим? Нима бўлгандаям кўз очиб кўрганим эди. Боламнинг отаси эди. Энди Анвар акага нима дейман? Нимага уни ишонтирдим?.. Э, ҳақиқатни айтаман. Тушунади. Ҳаётимнинг қолганини тинчлик-хотиржамликда ўтказишим шарт. Боламнинг шунча вақт отасиз яшагани етар. Ортиқ мунғайиб қарашларига тоқатим етмайди.
Раҳима қайтадан ўринга чўзилиб, Раҳматалининг елкасига бошини қўйди.
— Уйғондингми, жоним? — у сигаретни кулдонга қўйиб ортга ўгирилди ва хотинини қучди. — Яхши ухладингми?
— Ҳа, анчадан бери бунақанги тиниқиб ухламагандим. Қаранг, Адҳамингиз ҳам уйқу орасида кулиб қўйяпти. Дадаси келганига бўлса керак.
Раҳматали бола ётган каравот томон қараб қўйди-да, жилмайди.
— Турайлик, мен нонушта тайёрлайман. — деди Раҳима эрини турткилаб. — Ҳадемай ишга боришим керак.— Ишга? Яна ўша касалхонагами? — Раҳматали беихтиёр ранги ўзгариб Раҳиманинг иягини чангаллади. — Бормайсан. Энди ўша ишхонангга яқин йўламайсан?
— Вой, ҳайдаб юборишади-ку! — кулиб юборди Раҳима. — Унда нима қиламан?
— Ҳайдашса ҳайдашаверсин. Уйда — менинг ёнимда бўласан.
— Хўп, хўп. Сиз айтганча бўла қолсин. Қани, туринг!..
* * *
Раҳима елиб-югуриб нонушта тайёрлади. Икковлашиб анча пайтгача овқатланишди. Ора-сирада Раҳима эрига ер остидан боқар, ҳар тикилиб қараганда, юраги ҳаприқиб-ҳаприқиб кетар, эрининг инсофга кирганидан, эски одатларини ташлаганидан астойдил умид қиларди.
Бир маҳал ётоқ эшиги очилиб ичкаридан Адҳам қўлида қандайдир сурат билан чопиб чиқди ва тўғри Раҳиманинг ёнига келди.
— Вой, болажоним, яхши ётиб турдингми? — Раҳима негадир ранги ўчиб ўрнидан туриб кетган эрига-да эътибор бермай, Адҳамнинг қўлидаги суратни тортиб олди. — Бу нимайкан?
Не кўз билан кўрсинки, суратда Раҳматали ёшамол, малласоч бир аёлни қучиб ўтирар, аёлнинг қўлида чамаси бир ярим яшар атрофидаги қизалоқ ҳам бор эди.
Раҳима мияси чайқалган одам каби олдинига гарангсиб қолди. Барибир дарров ўзини қўлга олиб Раҳматали томон ўгирилди.
— Бу… Бу кимлар?.. — сўради у уф тортганча қўлига сигарет олиб тутата бошлаган эридан. — Нега индамайсиз?.. К-кимлар?..
— Сенга нима қизиғи бор?.. — жавоб қилди Раҳматали бироз хотиржам тортиб.
— Ие, нега қизиғи бўлмасин?.. Айтинг!..
— Ўзинг тушуниб олмадингми?.. Оилам…
— Оилам?.. Қ-қанақасига?.. Биз-чи?.. Биз киммиз унда?..
— Бўлди-да энди!.. — жеркиб ташлади Раҳматали. — Мен сендан суриштираётганим йўқ-ку!.. Ҳа энди… Бир марта шунақа бўлиб қолганди… Шунгаям ота гўри қозихонами?..
— Шунақа денг?.. — Раҳима кутилмаганда қўлидаги суратни Раҳматалининг юзига улоқтирди. — Мени… Алдаб, аҳмоқ қилган экансан-да!.. Йўқ, бунақаси кетмайди. Мен…
У жаҳл билан йўлакка чиқди-ю, Раҳматали кўтариб келган катта сумкани олиб кириб оёқлари остига ташлади.
— Йўқол, кўрнамак!.. Йўқол! Сени кўришга кўзим йўқ. Ўша маллаларингминан қапишиб қолгин!..
— Сен нотўғри иш қиляпсан. — дея уни тинчлантирмоқчи бўлди Раҳматали. — Кейин ўзинг афсусланиб қоласан, нодон!
— Йўқо-о-ол, ифло-ос! — бақирди Раҳима. — Менинг уйимни булғама!.. Йўқолсанг-чи!..
Раҳматали лаб бурганча бир-икки елка қисиб олди-да, шоша-пиша кийиниб, сумкани елкасига илди.
— Мен огоҳлантирдим… Буёғини ўзинг биласан!..
У чиқиб кетди…
Раҳима эса анча вақтгача ўғлини қучоқлаб ўтириб қолди…
Кейин… Сапчиб ўрнидан турди-да, кўз ёшларини арта-арта, Адҳамни залдаги диванга ўтқазиб, қўлига телефон гўшагини олди ва керакли рақамларни терди…
— Анвар ака, сизмисиз?.. Анвар ака, илтимос, бугуноқ бизни қишлоққа олиб кетинг!..
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1