Даврада хуш кайфиятда ўтирган синфдошлар бирданига эшик олдида ғарибгина кийинган аёл пайдо бўлганда серганк тортдилар. Кафе бу кеча синфдошларнинг 35 йиллик учрашувлари учун банд қилиниб, бошқа мехмон қабул қилмаслиги аён бўла туриб, бегона одам кириши, кўпчиликка ёқмаганди. –Балки, синфдош қизларимиздандир?- аниқлик киритмоқчи бўлди Юлдуз.
-Йуғ-е, - эътироз билдирди Салима,- ёшига қараганда биздан анча каттага ўхшайди-ку!
Равшан бу аёлни таниб турганди, аммо, синфдошлари танирмикан дея индамай ўтирганди. Кейин ўзи аниқлик киритди:
-Бу Гулнора! Мен уни Жиззахдан топдим, сизларга сюрприз бўлсин деб индамагандим.
Синфдошлари унга ишонқирамай, анграйиб қолишди. Ахир, Гулнора синфларидаги, хатто мактабдаги энг сулув, кўхлик қизлардан эди-да! Бу кампир эса, сираям Гулига ўхшамасди. Шу пайт кўпчиликнинг хаёлида 1975 йил Жиззахга пахта теримига боришган кунлари жонланди.
Ўша йиллари мактаб ўқувчилари оммавий тарзда пахта теримига олиб кетиларди. Даврада ўтирган синфдошлар бу йили 9 синфда ўқишар, пахтага келишганларини худди саёхатга келишгандек қабул қилишганди. Бир куни шомда теримдан кейинги йўқлама пайти Гулнора даладан қайтмаганлиги аниқланди. Яқин – атрофни қидиришиб, топишолмади. Юқори синф йигитлари хамма ўғил болаларни сафлашиб, гурухларга ажратишди-да, қайси гурух, қайси пайкални қидиришини тушунтиришди. Қидирувчилар қоронғу тушаётган пайтда, ўзлари пахта терган пайкал четидаги трактор прицепи остидан Гулнорани ушлаб олишди. Ёнидаги шу далага масъул бўлган звеновой йигит экан. Йигитлар иккисини чала-чулпа кийинтириб, штабга судраб келишди. Иккисига хам тегишли чоралар кўрилди. Гулини уйига жўнатиб юборишди.
Терим тугаб, ноябр ойида - дарслар бошланган кунлари “пахта гуллади”. Гулноранинг дарс пайтида кўнгли айниб, қусиб юборганидан хавотирланган муаллими мактаб хамширасини чақириб келди. Текширувлар натижасида эрта гуллаган пахта кўсак олгани маълум бўлиб қолди. Буни эшитган Гулноранинг дадаси юрагини чангаллаб қолди. Ранглари кўкариб, оғзидан кўпик кела бошлади.
-Оқ қилдим сен беномусни, берган тузимга рози эмасман!..-бу отанинг сўнгги хитоби бўлди. Катта ўғил оталарининг қирқи чиқмасдан аввал, синглисини Жиззахга ўша йигитнинг ховлисига обориб ташлади.
Шу бўйи Гулнорани хеч ким қайтиб кўрмади.
Фалакнинг гардиши билан Равшан институтни битиргач, оиласи билан Жиззахга кўчиб кетди. У ерда фермер хўжалиги ташкил қилиб, иш юрита бошлади. Куз пайти пахта теримига талабалар келган кунлари эди. Бир куни аёли унга шундай деди:
-Дадаси, нариги пайкалимиздаги шийпонда бир аёл қизи билан яшаркан. Талабаларга овқат пишириб бераётган хола бор-ку, шу биз томондан экан. Аммо, мен танимадим.
Равшан эртасига мавриди бўлганда ошпаз аёл билан учрашди, гаплашди. Маълум бўлдики, Бу Гулнора экан. Синфдоши Равшанни таниган Гулноранинг ёшлари юзини ювди.
-Қўй Гули йиғлама, мана кўришдик соғ-омон экансан. Кел, яхшиси бошингдан ўтганларини гапириб бер.
-Нимасини гапирай Равшан, мен кўрмаган азоб-уқубат қолмади. Ёшлигимдаги хато учун бир умр жазосини тортиб яшаябман, тўдаси хайдаган қушдек. Хаёт хамма яқинларимдан айирди. Асли ўзим айбдорман, шунинг учун мана, гадойтопмас жойларда, одамлардан йироқда кун кечирябман.
-Гули, эшитишимча, сени ўша йигитга никохлаб қўйишганди. Нега хозир ёлғизсан? Кейин, у йигитни махалласи бу ердан анча узоқда-ку?
Гулнора авваллари хаётини кимгадир гапириб беришдан қўрқиб юрарди. Аммо, хозир синфдоши билан дардлашиб, кўнглини бўшатгиси, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди. Кейин нимадан бошласам экан дея бироз тараддудланиб қолди.
-Акам ўша ховлига ташлаб кетгач, унинг хотини жанжал бошлади, онасиникига кетиб қолди. Уйидагилар менга душмандек муносабатда эдилар. Умримда қилмаган оғир мехнатларни қилиб куним ўта бошлади. Тез орада хамир қориш, ноп ёпиш, сигир соғишларни хам ўрганиб олдим. Орадан кунлар ўтиб, кундошим болаларини олиб, қайтиб келди. Эр бермоқ жон бермоқ эканини англаганди назаримда. Эртасига хамир қориб, нон ёпдим. Тандирга нон ёништираётганимда кундошим ортимдан пусиб келди-да, шартта кўтариб тандирга тиқа бошлади. Дод солиб питирлай бошладим.
Қўлим тандирдаги чўғда куйиб қолгач эса, жон ширин эмасми, кучим кўпайиб, унинг қўлидан қутилиб олдим. Жанжал бошланди. Қайнонам, қўни қўшнилар йиғилди. Хеч ким менинг тарафимни олмасди. Хўрлигим келиб кетди.
Гулнора бўғзи тўлиб гапиролмай қолди. Рўмолчасига кўз ёшларини артиб бироз нафас ростладида яна давом этди:
-Шунда махалламиз оқсоқоли менга насихат қилди. “Қизим, бу ер сенга ватан бўлолмайди. Бир кун сени ўлдириб қўйиши, ёки хомилангга зарар етказишлари хеч гап эмас. Агар, маслахатимга амал қилсанг, сени бошқа йигитга никохлаб қўяман. Ўзи ёмон йигит эмас, хеч кими йўқ етим ўсган. Нарги қишлоқ шийпонида яшайди. Одамлардан узоқда, қулоғинг тинч яшайсан. Эрингни овқатини вақтида пиширсанг, кир-чирини ювиб юрсанг сени бошида олиб юради”.
Менда танлаш имкони йўқ эди. Эрим жавобимни берди, кейин мени олиб кетишди. Иккинчи эрим хам ёмон одам эмасди, аммо, ўта бефарқ айтиш мумкинки бироз девонасифат экан. Кўп ичади, мени бор йўғим билан хам иши йўқ. У маст келганда ичмасликка чақирдим, аммо, калтак едим. Орадан ойлар ўтиб июнь ойида ўғил фарзанд кўрдим. Ўғлим хам далада, одамлар кўзидан панада улғая бошлади. Эрим боламга эътибор бермас, бор-йўқлиги билан иши хам йўқ. Ўғлим Алишер 5ёшга тўлган кунлари эди. Катта ариқ бўйига ўйнаб бориб қолганди. Узоқдан кўриб турвдим. Нариги сохилда эрим куймаланиб юрганди. Ўғлим уни кўргани учун ўша ёққа интилди деб ўйладим. Ўғлимни энди чақирай десам, ўзи ортига бурилиб мен томонга кела бошлади. Хотиржам бўлиб яна кетмонни қўлимга олдим. Аммо, ёнимга етиб келавермагач ўгирилиб қарадим-у, уни кўрмадим. “Алишер!” деб додлаганча катта ариққа югурдим. Болам юз метрча нарида гох кўриниб-гох кўринмай оқиб кетаётганди. Уни амаллаб сувдан олиб чиқдим. Аммо, Алишерим хушидан айрилган экан. Қаёқдандир одамлар ёрдамга етиб келишди. Додлаганим эшитишган чоғи, дарров машина топиб, мени касалхонага жўнатишди.
Туман касалхонасида даво тополмай Тошкентга жунатишди. Ярим ойдан ошиқ касалхонада ётдик. Эр зорманда бирон марта холинг не деб хабар олмади. Чумчуқ читтакнинг боласига ачинармиди! Шунда англадимки, бу одам бизга оталик қилолмас экан. Қайтага ундан яшириб тўплаган уч-тўрт сўм жамғармамни хам ичиб юборди. Ундан кетишга қарор
қилдим, аммо, ўғлимнинг тақдири нима бўлади? Ўзим боқолмас эканман, демак, кимгадир беришим, яхши ****, яхши ўқишини таъминлашим керак. Ўша ердаги хамшира ёрдамида ўғлимни болалар уйига жойладим. Ўзим
эса хар ерларда ишлаб, адашган ит каби хаёт кечира бошладим. Тақдир тақозоси билан шу далалар раиси мени бу шийпонга олиб келди. Битта хонани бахоли қудрат жихозлаб берди. Шундан бери аввалига бригада аъзоларига, кейинчалик фермер хўжалиги ташкиллингач ишчиларга ошпазлик қилиб юрибман. Фермер 20 сотих ер
ажратиб берган, трактор ишларини битириб беради. Шу ерда дехқончилик қиламан.
- Ёнингдаги қизча ким унда?-Равшан қизиқиб сўради.
-Бу қиз пахтага келган бир талаба қизники. Уям мендек адашган, гулламай сўлган
нихол экан. Пахтага келганда хомиладорлигини сезувдим. Кейинчалик туғиб менга олиб келди. Мана боқябман. Хозир ўғлимни хам боқа оламан, аммо, уни тополмадим, бошқа жойга кўчиришган экан. Хозир катта йигит бўлиб, оилали бўлгандир. Қанийди уни кўролсам, набираларимни қучолсам...
Аёлнинг кўз ёшлари юзини ювди. Равшан ичидан бир нималар туғён кўтарганини, нафас йўлларини бўғаётганини сезди.
-Гулнора, нега уйингга қайтмадинг? - Аёл бошини сарак –сарак қилди.
-Қандай қайтай, бўйнимда шармандалик тамғаси бўлса... Хонадоним ор-номуси елкамда эди, асролмадим. Уларни пичоқсиз сўйдим.
-Гулнора, дўстим, хўп десанг бир иш қиламиз. Сенинг 35 йиллик хаётинг дўзахда ўтибди.
Қилмишингга ортиғи билан жазо олибсан. Билсанми, жиноятчиларга хам шунча муддат жазо тайинланмайди. Оиланг сени кечиришларига ишонаман. Кейинги ойнинг охирги шанбасида синфдошлар мактабни битирганимизнинг 35 йиллигини нишонлаб, тадбир ташкиллаябмиз. Биз сени узоқ қидирдик,тополмадик. Мана, тақдирдан бўлиб, учрашдик. У ерга сен хам боргин, дугоналарингни, дўстларингни кўрасан. Кейин сени уйингга олиб борамиз.
Гулнора Равшанга сўзсиз тикилиб қолди.
“Уйимга қайтаманми!? Мени кечиришармикан, итдек хайдаб солмасмикан! Мен уларни улар мени уятдан ўлдирганмиз! Асал арилар ножоиз жойларга қўниб келган шерикларини ўлдиришганидек”
-Равшан, мени иккинчи марта ўлдирма дўст!
-Йўқ, Гулнора, менга ишон! Энди хаммаси яхши бўлади…
Равшан кафе ташқарисида киришга ийманиб турган Гулнорага қараб, бир ой олдинги воқеаларни эслаб олди. Кейин синфдош қизларига деди:
-Уни олиб киринглар. Қайтишда уйларига олиб борамиз.
Дўстлар у билан бошқатдан таниша бошладилар. Орадан ўтган вақт чехраларга турли шакллар солган, кўпчилик таниб бўлмас даражада
ўзгариб кетганди. Байрам нихоясига етгач, икки йигит ва қизлардан уч киши Гулнорани олиб уйларига йўл олишди. Гулнорани машинада қолдириб ичкарига киришди. Гулноранинг онаси ва келинойиси уларни илиқ кутиб олишди. Дарров дастурхон ёзиб, ноз-неъматларни тўкиб солишди. -Хола, бўлди, келинингизга айтинг, дастурхонга бошқа овора бўлмасинлар. Биз сизга бир янгиликни айтгани келувдик,-гап бошлади Равшан.
-Юзларингни қувончига қараганда, яхши гап айтмоқчисан а ўғлим? – деб Равшанга тикилди она .
-Ха биз учун яхши хабар холажон, сиз хам яхши деб қабул қиласиз деган умиддамиз. Биласиз, султон суягини хўрламас дейишади. Сиз катта одамсиз, бу гапларни биздан яхшироқ тушунасиз. Хар ким экканини ўраркан. Айтмоқчиманки, иккинчи марта ўришга йўл қўймасангиз!
-Нима демоқчисан болам? Берган ёнғоғинг бироз қаттиқ экан, чақолмадим.
-Холажон, бу ёнғоқ вахлироқ экилган ва вахлироқ кесилди хам. Аммо, яратган эгам томиридан яна нихол битибди. Энди бу дарахтни кесишга йўл қўйманг.
-Хўп болам, Худо ундирганни биз ўлдирмаймиз!
Равшан Салимага имо қилганди, у тез чиқиб Гулнорани бошлаб келди. Гулнора остонагача жадал келди-ю, онасига тикилганча тўхтаб қолди:
-Ассалому алайкум!
Хамма жим. Алик хам олинмади. Она унга тикилганча бир зум қотиб қолди. Танирмикан дея бошқалар хам жим кузатардилар.
-Гулнор!!!-нихоят она таниб ўрнидан туриб кетди
-Ойижон!-дея Гулнора онасининг қучоғига отилди. Она уни қучиб, елкаларидан сочларидан силай бошлади. Юзларидан, кўзларидан ўпа кетди. -Ойижон, мени кечиринглар!
Она бир сўз айтмас, 35 йиллик айрилиқдан кейин тилига бир сўз келмасди. Ахири қизимни топсам бундай дейман, ундай дейман деган гаплари хам тилига келмасди. Бор гаплари кўзларидан ёғилар, қизини хидлаб-хидлаб, юз-кўзларидан чўлп-чўлп ўпарди. Асли, гапга хожат хам йўқ эди.
Ўтирганлар бу ходисадан кўнгиллари бузилиб, рўмолчаларини олишди. Нихоят, она тилга кирди:
-Акангни сени қидирмаган жойи қолмади-ку, болам, қаёқларда эдинг!
Равшан бу гапдан тушундики, дарахт иккинчи марта кесилмайди. Синфдошлар тезда хайрлашиб хонадонни тарк этишди. Орадан бир хафта ўтиб Гулноранинг акаси жияни Алишерни Сурхондарёдан топиб келди. Бутун оила жам бўлишди.
Давлатнинг панохида катта бўлган Алишер ўқиб, олий малумотли бўлган, хозир мактабда математикадан дарс берарди. Оила қурган, иккита ширингина фарзандлари бор экан.
Бутун оила жам бўлишди. Онасининг қолиш таклифини эса рад этди. У хеч кимдан хафа эмаслигини, фақат, дарахт бир жойда кўкаришини истаётганини айтиб узр сўради. Аммо, тез-тез келиб туришга вада берди.
-Яқин кунларда ўғлимга хатна тўй қиламиз. Хаммаларингни олиб кетаман ойижон!
тамом.
Дониёр Аҳмаджонов.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев