ИККИНЧИ ФАСЛ
19 - Қисм.
Роман
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Ие, ҳурматли психолог, бу ер йиғлайдиган жой эмас. Йиғлаб келганларга тасалли, таскин берадиган жой. Бу нимаси? Нега кўзларингда шошқатор ёш.
- Нигор... касалим жиддий экан. Миямда қуриш бошланибди. У бошқа аъзоларимни ишдан чиқариши мумкин экан, - юзини кафтлари билан ёпиб йиғлай бошлади Матлуба.
Нигора унинг гапларидан бир зум ўзини йўқотди. Аммо дарҳол ўзини қўлга олиб, овута бошлади.
- Менга қара, Матлу. Шу йиғлайдиган нарсами? Ҳозир тиббиёт ривожланган. Даволанасан, яхши бўласан. Қўрқма, сенга жинам урмайди. Ярим мияси йўқлар ҳам яшаяпти. Интернетда кўрмадингми?
- Мия қуриди дегани нималигини биласанми?
- Биламан, ўртоқ. Миянг катта-ку. Битта жойи қуриган бўлса, бошқа нуқтасини ишлатамиз. Инсон миясининг имконияти чексиз! Фақат тушкунликка тушмаслигинг керак.
Матлубанинг бошида яна кучли оғриқ турди. Бошини чангаллаб оларкан, Нигорага қараб, кўзларини катта-катта очганча бақирди:
- Тулки-и-и!
Нигора унга қараб қотиб қолди.
Таксида икки жиянини олиб кетаётган Маликнинг кўнглига чироқ ёқса ёришмасди. Кўз олдидан ўша эркаклар камари кетмай қолди.
“ – Опам бир ўзи фақат болалари билан яшайди, - деди ўзига ўзи у. – Эркак одам йўқ уйида. Лекин камар нима қиляпти? Ё...”
Малик хаёлига келган ёмон фикрларни ўйлашни ҳам истамасди. Лекин ор-номус, ғурур деган туйғулар қалбига тинчлик бермас, тинмай юрагини пармаларди.
- Боя опамдан сўрасам, бўларкан. “Камар кимники?” деб сўрасам ҳаммаси ойдинлашарди. Агар опам яна ўша шармандали йўлда юрган бўлса, дангалига айтардим: “Опа, бўлди мени унутинг! Сиздек опам йўқ”, деб. Чунки яқинда бир диний уламонинг фикрни ўқидим. Эркак киши оиласидаги аёллар учун нариги дунёда жавоб бераркан. Бир бизга ўхшаб оғзи куйган йигит сўрабди: “Синглимни бузуқлик йўлидан қайтара олмаяпмиз. Ҳамма нарса қилиб кўрдик. Жавобгарлигидан соқит бўлишни истайман! Синглимдан кечсам, бўладими?” Уламо “Агар чиндан қайтара олмаётган бўлсангиз, кечсангиз бўлади”, дебди. Менам опам билан очиқ гаплашишим керак. Ўзи опамнинг “иши” туфайли ҳамон отамнинг, акамнинг, менинг бошимиз эгик. Тўртта одамнинг орасиги киришга қўрқамиз. “Юзимизга солмасмикан? Ғуруримизни топтайдиган гап айтмасмикан”, деб. Нега опамдан очиқча сўрамадим-а?
Маликнинг қалбини надомат кемира бошлади.
Тун қора кўйлаги этаги билан атрофни ёпаётган пайт. Зоир уйига кириб келди. Келаётганда Ҳилоланинг тўнғиллашини, асабини бузишини ўйлади. Лекин баҳонаси тайёрлигидан хурсанд бўлиб кетди. Чунки кетаётганида ўзи асабига теккан, Зоирни “Келмайман”, дейишига мажбур қилганди. Шуларни ўйлаб уйига кириб келган Зоирга Ҳилола негадир ҳеч нарса демади. Индамай ишини қилиб юраверди. Аввалига Зоир ҳайрон бўлди. Кейин “Аразлаган шекилли мендан”, деб қўйди.
- Овқат емайсизми? – Ҳилола аразлаганга ҳам ўхшамасди.
- Қорним тўқ, - деди Зоир ётоқларига кириб кетаркан.
Ҳилоланинг жимлиги жуда ажабланарли эди.
Сал ўтмай, боласини ухлатган Ҳилола ҳам Зоирнинг ёнига ёнбошлади. Зоир индамай тескари қараб ётиб, ухламоқчи бўлди. Лекин Ҳилола уни ортидан қучди ва елкасига лаб босди.
- Ухлайлик, Ҳилол. Жуда чарчаганман, - деди Зоир.
- Ҳа-а-а! – Хилоланинг шу пайтгача ичига ютиб юрган алами ичидан портлаб чиқди гўё. – Нима, ўша сизни тўйдириб жўнатдими?
- Уф-ф-ф! Қалай мулойим супурги бўлиб юрибсан, дегандим. Ичингда сақлаб юрган экансан-да!
- Сақлаб юрганим йўқ! Сақламайман ҳам! Жим ўтирмайман! Агар бир нарсани сезай, ўшанинг ота-онасининг олдига бораман! Йиғиштириб олсин, бузуғини!
- Кимни айтяпсан? – гап ким ҳақда эканлиги кундай равшан бўлса-да, сўради Зоир.
- Севарахонингиз! Ўша ўзингиздан катта, икки болали хотиннинг нимаси тортади, сизни ҳайронман!
- Ҳилола, э-э-эски аҳлатни титиб нима қиласан? – Ҳилоланинг жагини ёпиш учун мулойимлашди Зоир. - Ёшликда бўлган у. Ўтди-кетди. Бўлди, ухлайлик... Чиройли ҳаётимизни заҳарлама!
- Сўзим сўз! Бир нимани сезсам, туғилганига пушаймон қиламан! Интернетга қўйвориб, шармандасини чиқараман! – деди Ҳилола устига чойшабни тортиб, Зоирга тескари қараб ётаркан.
Зоирнинг юрагини хавотир эгаллади. Чунки билади, Ҳилола ушлаган жойини узмай, қўймайди.
Гарчи тонгги кўнгилсизликлар, Рита хола дилини вайрон қилган бўлса-да, Маликнинг келиши, болаларини олиб кетиши Севаранинг дилини ёритиб юборганди. Ахир ота-онасининг ўзи сўрабди, болаларини. Бундан ортиқ қувонч борми?
Севара уйини яна бир сира йиғиштириб чиққач, ўтириб шу пайтгача қилган савдонинг пулини санай бошлади. Агар бошланғич тўловга етса, уй тўлов қиларди. Ҳали пулини санаб бўлмаганди, эшикнинг қўнғироғи жиринглади. Севара тезда пулларни беркитди-да, эшикка қаради.
- Ассалому алайкум, - деди Севара ўзига жилмайиб қараб турган Аббосга қараб хурсанд бўлишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмай.
- Ва алайкум ассалом. Уканг кетдими? – деди Аббос уйга кираркан.
- Ҳа, кетди. Болаларни ҳам олиб кетди. Ота-онам олиб кел, дебди. Ота-онам анча юмшаган шекилли. Зора, кечириб қолишса.
- Кечиради, Худо хоҳласа. Ма, пицца олиб келгандим, - деди Аббос қўлидаги нарсаларни Севарага тутқазиб.
- Вой, егим келиб юрганини қаердан билдингиз? – ишва билан деди Севара. – Нега мунча кеч қолиб юрибсиз?
- Сени ҳам бозордан кеч қайтгандир, дедим. Кейин “оптом”чиларда озроқ қарзим бориди, шуни бердим.
- Бугун бозорга боролмадим. Ваннадан сув тошиб, қўшнининг уйини расво қилибди. Кун бўйи шу билан овора бўлиб, зарарни қоплаб, анчагинага тушиб ўтирибман-да! – ошхона томон юрди Севара. – Мен чой қўяй, пицца еймиз.
- Хўп, мен енгилроқ кийим кияй, - Аббос шундай дея ётоқхонага кирди ва унинг ҳам кўзи биринчи бўлиб камарга тушди. Қўлига олиб айтантириб кўраркан ошхона томонга қараб бақирди: - Севара, манов камар кимники?
Ошхонада чой қўяётган Севара бирдан сергак тортди. Тилини тишлади.
- Укангники қолиб кетибди, шекилли, - Аббоснинг ўзи кўмаклашиб юборди.
- Ҳа, Маликники қолиб кетибди, - тилини чиқариб деди Севара. – Келинг ошхонага ўтирамиз.
Шу билан Аббос ва Севара бирга кечки овқатни ейишди.
- Сенинг гапларингни ўйлаб кўрдим, - деди Аббос. - Мен Матлуба билан гаплашаман. Кичкина қизимнинг тўй бўлишини кутмайман. Ажрашаману ёнингга келаман. Дўконимизни битта қиламиз, уй оламиз...
- Қорбобо, ниҳоят мени ўйладингиз-а? – жилмайди Севара.
Аббос унинг юзларига маҳлиё бўлиб боқаркан, қўлларидан ушлади...
Бутун бошли туғуруқхонада Гулҳаёнинг бир ўзи ётгандек эди. Ёнидаги каравотга бирор бемор келмади. Гулҳаё эса ўз хаёллари билан ўзи бўлиб ётибди. Умид билан бир соатча суҳбатлашибди. Ёлғизгина укасини соғинган экан. Онасининг касали жиддиймуш. “Цехни ишлатайлик”, деди Умид. Негадир Умид учун отаси йўқдек.
“Опа, иккимиз цехни юрита оламизми?” – деганидаёқ Гулҳаё ҳайрон қолди. Лекин “Нега дадам билан бошламоқчи эмассан”, деб сўрамади. Отаси билан Умид ўртасида нима гап ўтди, экан? Бу Гулҳаёнинг дилини оғритган бўлса, Умиднинг онаси учун ўта куйинаётгани хурсанд қилди. Укасининг улғайганини ҳис қилди.
Гулҳаё ўзи турмушга чиққанидан буён отасининг иши орқага кетганини ҳам яхши биларди. Баъзон цех иши учун турмуш ўртоғидан жавоб сўрамоқчи ҳам бўларди.
Давоми бор
#кундошларгртақдир
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев