ИККИНЧИ ФАСЛ
18 - қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Сен ифлос, гуноҳингга мени ҳам шерик қилиб ўтирибсан! Болангга қараб сенинг зино қилишинг учун шароит қили бердимми, ҳали? Сени шу йўлдан қайтарай деб қанча ҳаракат қилдим. Бир бечора аёлга жабр бўлса ҳам болаларинг учун Аббосга тегишингга ёрдамлашдим. Сен яна ўша чиркин ишингни қилиб юрибсан! Айтиб қўяй, зино ризқингни кесади! Мана исботи, бугуннинг ўзидаёқ ризқинг кесилибди. Зино умрингни кесади! Жуворманг бўласан, бу кетишингда!
- Туф-туф, - ёқасига туфлади Севара. – Худо асрасин, бу нима деганингиз!
- Чиқ уйимдан, ҳаром, наҳс босган қўлларинг билан олиб келган манов анжирларингни ҳам ол, йўқол! – Рита хола ўрнидан туриб, Севарани ростмана ҳайдай бошлади.
- Опажон, ҳазиллашманг! Жаҳлингиздан тушинг!
- Тур, дедим сенга! Менинг уйимда зинокорга жой йўқ! Гуноҳга ботишни истамайман! – Рита хола Севарани турткилай бошлади.
- Опа, ўзингизга келинг. Пул қўшиб бераман!
- Ҳаром қўлларинг билан топган пулинг керак эмас! Қараган бўлсам, болаларингга Аллоҳ йўлида қаради, деб ҳисоблай қол! Шу пайтгача нима қилсам, болаларинг учун қилдим. Тур, йўқол!
Рита хола то Севара ва болаларини уйидан чиқариб юбормагунча жойига ўтирмади. Ҳатто Севара олиб келган анжирни ҳам Сардорнинг қўлига тутқазиб юборди.
Ўта замонавий услубда жиҳозланган, деворларига Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига хос ҳикматларни катта-катта қилиб осиб қўйган психология маркази сув қуйгандек жим-жит. Ресепшндаги қизлар ҳам сукутни бузишни истамагандек телефонларига тикилиб ўтирибди.
Уларнинг ёнига қўйилган диванга ўтирган Матлуба эса ўз хаёлларига ғарқ бўлиб кетган. Миясида шифокор айтган гап тинмай айланади: “Биласиз, мия ҳамма аъзоларимизни бошқаради. Касаллик кучайгани сари бошқа аъзоларнинг ҳам ишдан чиқиши кузатилади...”
- Бошқа аъзоларим қайсилар? – ўзича ўйлади Матлуба. – Юракми, ўпками, буйракми... Қайси ишламай қолади?
Матлуба хўрсинди. Шу пайт телефони жиринглайди. Экранга қараб ҳайрон бўлди: “Саломат хола!”
- Ассалому алайкум, – деди у фикрини жамлашга уриниб. – Хола яхшимисиз?
- Ва алайкум ассалом, жоним ўзинг яхшими? – Саломат хола ҳар доим ширинсуҳанлик билан гап бошлади. – Уйдагиларинг ҳаммаси яхшими?
- Биз ҳаммамиз яхши. Ўзингиздагилар-чи? Бизнинг инжиқ қизимиз нима қиляпти?
- Инжиқ дема, Матлубажон. Эрка де. Эрка қизим менинг у. Бирам чиройли, бирам чиройли. Ҳуснига қараб тўймайман.
- Ростини айтишим керак, шу қизим сал инжиқ ва сира кўнгли тўлмайди. Нолигани нолиган. Айтгандим-ку, сизга. Тарбиялаб оламан дегандингиз?
- Ҳа, қайси фарзанд инжиқ эмас, жоним. Ҳамма боламиз ҳам инжиқлик билан катта бўлган. Матлубажон, менимча Гулюзжон сизларни соғинган. Шунга бир бизникига меҳмонга келасизларми? Ё Мансур иккисини юборайми?
- Соғиндим, дедими? – ҳайрон бўлди Матлуба.
- Уйга кетаман, дебди Мансурга. Озроқ йиғлабди, ҳам.
- Мен ўзим гаплашай-чи, хола. Мансур иккисини юбораман демай, ўзингиз ҳам келинг. Мазза қилиб ўтирамиз.
- Хўп. Бўлмаса гаплаш асалим. Кейин айт менга ҳам. Сени ишдан қўймай, чарчама.
- Хўп.
Шу билан алоқа узилди. Матлуба эса бирдан яна бугунги текширув ҳақидаги хаёлларига шўнғиди.
Иккита боласини етаклаб ижара уйи томон келаркан, Севара Рита холанинг бу қадар тутаққанини ҳазм қила олмади. Одатда жуда кўп бора чиқишолмай, айтишиб қолишарди. Лекин ҳеч қачон бу қадар ҳақорат қилмаган, қувиб солмаган эди.
- Нега бунча ўзидан кетди, бу кампир? Арпасини хом ўрганим йўқ эди. Қувиб солгани нимаси? – ўғлига қараб тўнғиллаб қўйди Севара. – Ё сизлар асабига тегдиларингми?
- Йўқ, биз билан яхши гаплашиб ўтирганди, - деди Сардор кўчадаги майда тошларни тепиб ўйнаркан.
- Энди нима қиламиз, Сардор? Ўзларинг уйда уканг билан ўтириб турасизларми? Рита хола аста-секин ўзига келиб қолар...
- Ҳа, ўтириб турамиз, ойи, - Сардордан олдин деди Самир.
- Ўзимни тойчоқларим. Ўзи эртага сизларга мактаб кийим ҳам олиб келишим керак.
- Ойи, менга ҳам туфли, ҳам крассовка олиб беринг.
- Хўп, олиб бераман. Жисмоний тарбиянгга керак-ку.
- Ойи, менга ҳам оберас, менам бораман-ку, мактабга – қувониб деди Самир ҳам.
- Сенга ҳам обераман.
Шу пайт Севаранинг телефони жиринглади.
- Тоғанг телефон қиляпти, - деди Севара болаларга.
- Менам гаплашай, - сакради Самир.
- Ало? Малик? – деди Севара
- Ассалому алайкум, опа. Яхшимисиз? Бозордамисиз?
- Волайкум. Йўқ, бозорда эмасман. Кўчадамиз.
- Сардорлар қаерда?
- Ёнимда, Рита холаникидан келяпмиз.
- Опа, ойим Сардорларни олиб кел, деганди. Уйда роса мевалар пишган. Еб кетади, деганди, – деди Малик.
- Ойим “Олиб кел”, дедим? – энтикиб кетди Севара.
- Ҳа, уйингизга келасизми? Уйингизга борайми?
- Ҳа, мана етиб қолдик, кел, - деди Севара ва болаларига қараб деди. – Тоғанг сизларни олиб кетаркан. Бобонгни мевалари пишибди.
- Урра! – икки болакай баравар сакради.
Уларнинг рўпарасидан келаётган Малик ҳам қулочини ёзиб бақирди:
- Самир! Югур!
-Тоға-а-а! – болакай оёғини қўлига олиб тоғаси томон интилди.
Севара ҳам ўзида йўқ хурсанд. Улар ҳаммаси Севаранинг ижара уйига киришди.
- Чой қўяй, Малик.
- Кетаман, опа. Болаларингизни кийимини йиғиб беринг.
- Хўп, - Севара шундай дея ётоқхона томон юрди. Унинг ортидан болалари ва Малик ҳам эргашди.
Севара болаларининг кийимларини олиб, тахлай бошлади. Малик ётоқхонага бир қур нигоҳини югуртираркан, каравот четида турган эркаклар камарини кўриб, қоши чимирилди.
Катта серқатнов кўчада бир маромда кетаётган автобус бағридаги Умид ўз хаёллари билан банд. Онаси ҳақида ўйлагани сари отасига бўлган нафрати ошиб бормоқда.
- Кеча ойимнинг мазаси йўқлигини билиб, “мол”га кетяпман, деб кетворди. Аслида молга бормаган. Чунки бир соатда қайтиб келди-ку... – ўйларди Умид. – Дадамга энди ойимнинг қизиғи йўқ, даволатмайди ҳам, қарамайди ҳам. Ўзим ҳаракатимни бошлайверишим керак. Лекин қаерда оламан пули? Дўхтир миянинг дорилари қиммат туради, деди. Нима қилсам экан? Катта опамдан маслаҳат сўрасаммикан? Цехни юрғизсам нима бўларкан?”
Умид телефонини олиб опасига қўнғироқ қилди.
- Ало? – Гулҳаёнинг қўнғироқдек овози эшитилди.
- Ассалому алайкум, опа.
- Ва алайкум ассалом. Асалим қалайсан? Мени йўқлайдиган кунинг ҳам бор экан-ку.
- Ҳа, яхшимисиз? Соғлигингиз яхшими?
- Ҳа, анча яхшиман. Эртага чиқсам керак, шифохонадан.
- Нима? Опа, сиз шифохонадамисиз?
- Ҳа, озроқ мазам бўлмаганди.
- Қаердасиз? Кўриб ўтиб кетай. Сизни кўргани ҳеч ким бормагандир-да. Биз ўзимиз билан ўзимиз оворамиз.
- Келиб ўтирма, ойим яхшими?
- Ёнингизга бораман опа, кўриб келаман сизни.
- Ўзимнинг асал укам, суянчиғим. Майли кел, кўргим келиб кетди мени, - Гулҳаё шундай дея манзил айтди.
Умид автобусдан тушиб, бошқасига ўтирди.
Мижозини кузатгани чиққан Нигора Матлубанинг паришон ўтирганини кўриб, ёнига келди. Секин ёнига ўтираркан, юзига тикилди:
- Мени севимли дугонам йиғлабдими?
Матлуба шундан сўнг ёнига Нигора келганини пайқади. Унга сўзсиз қараб тураркан, йиғлаб юборди.
Давоми бор
#кундошларгртақдир
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев