ИККИНЧИ ФАСЛ
13 - Қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Севара уни тортиб олган одам эри эканлигини билгач, нақ юраги товонига тушди. Бу ҳам етмагандек томоғи қаттиқ бўғилганидан нафас ололмай хушини йўқотар даражага келди.
- Ака, ўлдириб қўясиз, ака... – Жавлоннинг қўлига ёпишган Зоир эди.
- Ўлдирмоқчиман! Ҳа, ичинг ачияптими, ифлос! – бўкирди Жавлон.
Қиёмат қўпгандек бўлди. Шовқиндан югуриб чиққан Севаранинг қайнона-қайнотаси Жавлоннинг қўлидан Севарани ажратиб олишди. Ҳарир тунги кўйлаги унинг шармандали жисмини бекитолмаётганидек, қаро тун ҳам уларнинг гуноҳларини яшира олмади. Ҳаммаси ошкор бўлди. Жавлон ўша ернинг ўзида, ўша онда, ярим яланғоч Севарани болалари билан ота-онасининг уйига олиб келиб ташлади. Бор гапни айтди. Бир ойда буён уларнини кузатганини, ҳатто бир-бирига юборган хабарларини расмга тушириб олганини, пухта режа асосида Зоирни дераза олдида қўлга туширганини, кейин Севаранинг ўзи деразани очганини қайнотасига айтди-ю, хотинига талоғини бериб, изига қайтди. Тун салқинидан, қўрқувдан дир-дир қалтираб турган жувон шу ҳолида ота уйига сиғмади, болалари билан кўчага қувғин бўлди:
- Сендай қизим йўқ! Бир нима қилиб қўймасимдан кўзимдан йўқол! – ғазабдан титраб деди отаси...”
Хотиралар таъсирида Севаранинг яралари янгиланди, ўша чорасизлик, ўша шармисорлик, ўша даҳшатни яна бир бор ҳис қилганлек бўлди. Шунинг учунми бутун вужудида титроқ турди.
- Бирор нима қилинг! – ялинди Зоирга қараб.
- Нима қилай? Нима қилсак экан, - деди Зоир ҳам ўзини қўйгани жой топа олмай. – Менга қаранг, қариндошингиз бўлиб турай. Ҳамма қариндошларингизни танимайди-ку. Танийдими, ё?
- Танимайди. Укамсиз. Укам... – кўзлари ёнди Севаранинг ва ирғиб ўрнидан турди. Эшик томон кетаркан, қувноқ товушда овоз бериб қўйди: - Ҳозир, боряпман...
Севара эшик олдига келганида яна бир марта чуқур нафас олди. Сўнг очди.
- Нега очмайсан? – қовоғини осди Аббос.
- Ассалому алайкум! Газдан келдим, дейсизми? – деди қувноқ овозда Севара. Кейин атай Аббосни қўрқитиш учун шивирлади: - Уйда укам бор. Сизга текканимни билмайди. Газдан келдим, денг.
Аббоснинг бирдан ранги ўзгарди. Ҳадикдан кўзлари каттариб, Севаранинг гапини такрорлади:
- Газдан келдим, газдан келдим.
- Бизни газдан қарзимиз йўқ.
- Тўлаганмисизлар? – Аббос ҳам беихтиёр текширувчи ролига ўтиб кетди.
- Ҳа, тўлаганмиз.
- Бўпти, бўлмаса....
- Майли... – деди Севара эшикни ёпишга чоғланаркан. Сўнг яна пичирлади: - Эртага телефонлашамиз.
- Шошма, - деди Аббос ҳам шивирлаб ва боя тайёрлаб қўйган уч юз долларни Севарага тутқазди.
- Раҳмат, - Севара хурсанд бўлиб кетди ва ҳаводан Аббосга ўпич йўллаб кузатиб қолди.
Эшикни ёпаркан, жуда катта шармандаликнинг олдини устамонлик билан олганидан йиғлаб юборай деди. Уни пойлаб турган Зоир югуриб келди.
- Нима дедингиз?
- “Укам бор, сизга текканимни билмайди”, дедим. Қайтиб кетди.
- “Газдан келдим”, дедими?
- Ҳа, - кула бошлади Севара. – Гапимга лиққа тушди. “Газдан келдим”, денг десам, “Газдан келдим, газдан келдим”, дейди. Камига мана бу долларни ҳам бериб кетди.
Зоир ҳам ўзини кулгидан тўхта олмай қолди.
🍃
Кечки овқатдан кейин кўнгли тинчлик истаган Матлуба ётоқхонасига кирди. Бошини ёстиққа қўяркан, яна Гулюзни эслади.
- Бу инжиқ Гулюз ҳали уйга қайтиб келмаса эди... – деди ўзига ўзи.
Шу пайт телефони жиринглади. Экранда “Нигора” деган ёзув аниқ кўриниб турарди.
- Ало, Нигоржон, яхшимисан? – деди Матлуба олиши билан.
- Матлу, аҳволинг яхшими? Тузук бўлиб қолдингми? – ҳол сўради Нигора.
- Яхшиман. Ўзимга ўзим дам бериб ётиб олдим.
- Бошинг яхшими? Оғримаяптими?
- Яхши. Сал карахтми-ей. Ҳеч нарсани ўйлашни истамаяпман.
- Нимани ўйлайсан? Ўйлама, ҳеч нарсани?
- Гулҳаё яхшими? Нима қиляпти? – сўради Матлуба.
- Яхши, - Нигора Гулҳаёнинг ҳолатини, шифохонага тушиб қолганини айтиб ўтирмади. – Улар ҳам эр-хотин дам олишга киришди шекилли, кўринмаяпти. Матлу, агар соғлигинг яхши бўлмаса, эртага ишга келиб ўтирма. Дўхтирга бор.
- Йўғ-е, бораман. Нечта мижоз кутади, - деди Матлуба қатъи. – Кам бўлса ҳам майли.
- “Мазаси йўқ”, десак, мижозлар ҳам тушунади.
- Мазам яхши. Фақат... муаммо пайдо бўлди?
- Нима муаммо?
Матлуба чуқур уҳ тортди. Кейин Гулюзнинг гапларини айта бошлади:
- Иккинчи куёвим Америкага ўзи кетаётганмуш. Гулюзни олиб кетмаётганмуш. Гулюзни ҳужжатларини элчихона ҳали бермабди.
- Ҳозир олиб кетмаса, кейин олиб кетади. Асосийси, куёвинг кетаётган бўлса бўлди. Бир куни қизинг ҳам кетади, - деди Нигора ишонч билан.
- Шуни Гулюзга тушунтира олмадим-да. Биласан-ку, у минғир-минғир. Бошлади минғирлашди, норозиликни. Менга нима деганини биласанми?
- Нима деди?
- “Америкага кетмасам, уйга қайтиб бораман”, деди.
- Оббо...
- Ана шунақа у. Кейин менинг бошим оғримай кимники оғрисин!
- Бошингни оғритма, дугонажоним. Сендан ўзи ҳол сўрайман деб тургандим. Яна бир яхши таклиф ҳам тушиб қолди... – деди Нигора қувончини яшира олмай.
- Қандай таклиф?
- Сен билан мени халқаро тренингга таклиф қилишди. Эртадан кейин Ўзбекистон психологлар ассоциацияси томонидан тренинг ўтказилаётган экан. Борамизми?
- Борамиз! – хурсанд бўлиб кетди Матлуба.
- Шунинг учун агар чарчаган бўлсанг, дам олиб ол деяпман-да.
- Хавотир олма, - деди Матлуба ишонч билан. – Мен яхшиман. Эртага ишга ҳам бораман, эртадан кейин тренинг ҳам бораман.
- Яша! Ўзимнинг дугонамсан-да, яхши дам ол.
- Хўп, сенам.
Матлуба телефонини ўчирди-ю, кўзларини юмди.
🍃
- Мен ҳеч кимга керак эмасман! – минғирлади кўз ёшларини артар экан, Гулюз. – Опам билан гаплашдим, “Ҳозир дадамга телефон қиламан”, деди.
Мана, жим. Дадамга телефон қилдим, “Ойинг билан гаплаш”, деди. Ойим эса, “Саломат хола алдабдими?” дейишдан нарига ўтмади. Бирортаси “Ҳозир ёки эртага бораман, гаплашамиз”, демади.
Гулюзнинг аламдан лаблари титраб, кўзларига баттар ёш қуйилди. Телефонини олиб, ким биландир боғланмоқчи бўлди-ю, яна нари сурди. Сўнг тағин ўзининг бадбин хаёлларида давом этди:
“Буларга нимадир қилиб, қадримни билдиришим керак. Индамаганим сари улар умуман мени ўйлашмаяпти. “Шунинг овозини эшитмай”, деб атай узоққа – қишлоққа узатиб юборишди. Лекин мен жим ўтирмайман. Эртагача кутаман. Агар бирортаси келмаса... ё қочиб кетаман... ё ўзимни ўлдираман... Ана шунда булар мени қадримга етади...”
Шу пайт хонага куёв – Мансур кириб келди. Гулюзга қараркан, юзига хавотир пайдо бўлди. Оҳиста Гулюзнинг ёнидан жой олди.
- Нега йиғладинг? – деди у Гулюзнинг чаккасидан тушиб, ҳуснини тўсишга уриниб турган зулфини қулоғининг орқасига ўтказаркан. – Ким хафа қилди?
Гулюзнинг баттар кўнгли бўшаб кетди. Кўзлари ёшга тўлди.
- Сиз кетсангиз... мен қишлоқда қололмайман... – деди у бурнини тортганча.
Мансур унинг оппоқ, тиниқ юзларига маҳлиё бўлиб тикиларкан деди:
- Қаёққа кетмоқчисан?
- Уйимизга...
- Ие, бу нима деганинг? Энди сенинг уйинг шу ер-ку.
- Сиз бўлмасангиз қандай яшайман?
Мансур хурсанд бўлиб кетди:
- Менсиз яшолмайсанми, шунда? Шунақа деб тушунайми?
Гулюз уялиб кетди.
Давоми бор
#кундошларгртақдир
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев