Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим!
Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».
(Имом Термизий ривояти)
Шарҳ:
-- Биз «ғам» деб таржима қилган сўзимиз арабчада «ҳамм» дейилади ва кутилаѐтган ишдан кўнгил ғаш бўлиши ва қўрқиш маъносини билдиради.
Маҳзунлик эса, бўлиб ўтган ишдан хафа бўлишни англатади.
-- Ожизлик сўзининг луғавий маъноси бир нарсадан кеч қолиш ва заифликни лозим тутишдир.
Яна бир нарсани қилишда камчиликка йўл қўйишни ҳам билдиради.
Умумий маънода қудратсизликни англатади.
-- Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб, баданининг роҳатини кўзлаб, тарк этишини билдиради.
-- Кўрқоқлик ҳам энг ѐмон сифатлардан биридир.
Қўрқоқ одам ҳар қандай пасткашликка боради.
Ҳатто шариатга, динга хилоф иш қилиб қўйиши мумкин.
Шунинг учун Аллоҳ таолодан қўрқоқликдан ҳам паноҳ сўраш керак.
-- Бахиллик ҳам жуда ѐмон хислат.
Кўп одамнинг бошига бало-офатларни, фалокатларни олиб келадиган сифат.
Бахил кишини қариндош-уруғи ҳам, аҳли аѐли ҳам ѐмон кўради.
Ўзининг охиратдаги аҳволи ҳам ѐмон бўлади.
Аллоҳ булардан Ўзи сакласин.
-- Қарздорликнинг кучайиб кетишидан мурод унинг оғирлашиши ва шиддатлашиши бўлиб, қарздорнинг ноилож қолишидир.
Ўтган азизларимиздан бирлари:
«Агар қарзнинг ғами қалбга кирса, албатта, ақлдан унга қайтиб келмайдиган нарсани чиқаради», деганлар.
-- Одамларнинг ғолиб бўлиши иборасида эси паст ва таги пастларнинг устун бўлиши кўзда тутилган.
-- Ушбу ҳадиси шарифдаги дуо жамловчи дуолардан ҳисобланади.
Зотан, разолат уч турли бўлади: нафсоний, жисмоний ва хорижий.
Нафсоний разолат инсондаги нафсоний қувватларга боғлиқ бўлади.
Ғам ва маҳзунлик ақлий қувватга, қўрқоқлик ғазаб қувватига, бахиллик шаҳвоний қувватга боғлиқ бўлади.
Жисмоний разолат бадандаги қувватга боғлиқ бўлади.
Ожизлик разолати бадандаги аъзоларда нуқсон борлигида кўпроқ юзага келади.
Дангасалик разолати эса, кўпроқ бадандаги аъзолар соғсаломат ва қувват баркамол пайтида бўлади.
Хорижий разолат ноўрин шиддат ва бошқаларга устунлик қилишдан иборат бўлиб, бири молга, иккинчиси мансабга боғлиқ бўлади.
Ушбу дуода разолатнинг барча турларидан паноҳ тиланмоқда.
#Ҳадис_1207
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ѐ сўраганини тезда беради, ѐки ўшанинг мислича ѐмонликни ундан буриб қўяди», дедилар. Шунда одамлардан бири:
«Ундоқ бўлса, (дуони) кўпайтирамиз», деди.
«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар».
(Имом Термизий ривояти)
Шарҳ
Бу ҳадиси шарифда дуонинг қабул бўлиши шартларидан иккитаси ва дуонинг фазлларидан иккитаси зикр қилинмоқда.
Дуонинг қабул бўлиши учун зарур шартлардан иккиси:
1. Мусулмон кишининг гуноҳ аралаштирмасдан дуо қилишидир.
Гуноҳ қилиб туриб дуо қилинса, қабул бўлмас экан.
2. Мусулмон кишининг қариндошлик алоқаларини узмасдан дуо қилишидир. Қариндошлик алоқасини узган ҳолда қилинган дуо ҳам қабул бўлмас экан.
Дуонинг фазлларидан иккитаси:
1. Аллоҳ таоло томонидан дуода сўралган нарсанинг тез берилиши.
2. Дуо қилувчидан сўралган нарса мислича ѐмонликнинг буриб қўйилиши. Бас, шундоқ экан, банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилиши лозим.
Демак, банда дуоларим қабул бўлмади, демаслиги керак экан.
Аллоҳ таоло унга шу дуоси туфайли охиратда катта ажрни тайѐрлаб қўйган бўлиши ѐки катта бир балони даф қилиб қўйган бўлиши мумкин экан.
Шунинг учун дуо қилишда иккиланмаслиқ гумонда, шубҳада юрмаслик керак экан.
Дуо қилавериш ва ижобат бўлишидан умидвор бўлиш керак.
Дуони қандай ижобат қилиш эса, Аллоҳ таолонинг иродасидир. Ўзи билади.
Аллоҳ таоло сўралган нарсани бермаса, ажрини охиратга олиб қўяди ѐки ўрнига бошқа бир ѐмонликни даф қилади.
Ҳофиз ибн Ҳажар айтади:
«Дуонинг ижобати турли навда бўлади.
Гоҳида сўраган нарсасининг айни ўзи берилади.
Гоҳида унинг ўрнига эвази берилади».
Яна Ибн Жавзий айтади:
«Билки, мўминларнинг дуоси рад қилинмас.
Фақат унинг учун ортга суриш яхши бўлганда ижобати ортга сурилади.
Ёки тездами, секинми унинг ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз берилади.
Эҳтимол, арзимаган нарсани сўраган бўлади.
Аммо унга афзал ва ўта арзигулик нарсани беради.
Бас, мўмин киши Роббисига дуо қилишни, Ундан талаб ва сўрашни тарк қилиши жоиз эмас.
У таслим бўлиш ва тавфиз қилиш — Аллоҳга солиб қўйиш ила қанчалик ибодат қиладиган бўлса, дуо билан ҳам шунча ибодат қилади».
#Ҳадис_1208
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Менга жасадимда офият бергин. Менга кўришимда офият бергин. Уни мендан ворис қилгин.
Ҳалийм ва Карийм бўлмиш Аллоҳдан ўзга илоҳий маъбуд йўқ. Улуғ аршнинг Роббиси пок бўлди.
Оламларнинг Роббисига ҳамд бўлсин», дер эдилар».
(Имом Термизий ривояти)
Шарҳ
-- Ҳар банда учун тани соғлик ва кўзи офиятда бўлиши улкан неъматдир.
-- Бу дунѐдан соғ-саломат, тўрт мучаси бут равишда ўтиш катта бахтдир.
-- Шунинг учун ушбу нарсаларни сўраб, дуо қилиб туриш керак.
#Ҳадис_1322
Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳерақл бир гуруҳ қурайшликлар билан юрганда одам юборди. Улар Шомга тижоратга борган эдилар. Бас, улар унинг олдига келдилар. Сўнгра у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини келтиришга амр қилди. Бас, у ўқилди. Унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммаддан, Румнинг улуғи Ҳерақлга. Ҳадоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд: Мен сени Ислом чақириғига даъват қилурман», дейилган эди».
(Тўртовлари ривоят қилишган)
Шарҳ:
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Мактубни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш лозимлиги.
2. Мактуб ёзувчи олдин ўзини танитиши кераклиги.
3. Мактуб кимга аталганини ҳам ёзиш зарурлиги.
4. «Аммо баъд»дан кейин асосий гапни бошланиши.
#Ҳадис_1323
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан бири киши ўз ота-онасини лаънатламоғидир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули!
Қандоқ қилиб киши ўз отаонасини лаънатлайди?» дейилди.
«Киши бошқа бир кишининг отасини сўкади. Бас, у ҳам буни отасини ва онасини сўкади», дедилар».
(Тўртовлари ривоят қилишган).
Шарҳ:
Шунинг учун ҳар бир инсон ўз ота-онасига сўкиш келтирадиган бирор нарсага сабаб бўлиб қолмаслиги лозим.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев