13-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Хурсандман дадаси.
- Сигиринг туғдими? – ҳазиллашади Саид.
- Йўқ, Меҳрона билан гаплашгандим. Куёв биринчи хотини билан узил-кесил ажрашибди. Энди Меҳронани олиб шаҳарга кетармуш.
Саид қулоқларига ишонмайди.
- Нима, нима?
- Эшитганингиз, - мақтанади Гавҳар. – Қизингизнинг бахти чопди. Шаҳарда яшайдиган бўлди.
- Яхши, яхши. Маҳфуза опанинг айтгани бўлибди.
- Ҳа, менам шуни ўйладим.
- Худойимнинг не ишлари бор. Ҳаммасини ўзи чиройли бичади. Бахтли бўлсин...
- Илоҳим... Лекин қизингиз кундошини ҳам ўйлаяпти...
- Менам ўйладим. Унинг ҳоли нима кечаркан?.. – ўйланиб қолади Саид.
- Худойимнинг унга ҳам атагани бордир?
- Ҳа, тўғри. “Жип”ни олиб чиқ.
Гавҳар велосипедни олиб келгани югургилаб кетади.
* * *
Умарнинг офиси. Умар компюьютерда ҳужжат ишларини қилиб ўтирибди. Эшик оҳиста тақиллайди ва Зайнаб пошналарини тақиллатиб кириб келади:
- Умар Жамолович, кеча сиз рад этган фирма яна телефон қиляпти.
- Нега? Кеча шартнома тузишни истамаганди-ку, - ҳайрон бўлади Умар.
- Энди ўйлаб кўрибди... – жилмаяди Зайнаб.
Умар ҳам мийиғида кулади:
- Мен уларга айтдим, ўйлаб кўринг бунақа шартлар билан ҳеч ким шартнома таклиф қилмайди, дедим.
- Нима қилай? Қайта телефон қилиб улаб берайми? Раҳбарингиз билан гаплашгач, улаб беринг, деганди.
Умар ўйлаб ўтирмай дейди:
- Йўқ, Биз уларга жуда яхши имкониятлар қилиб бераётгандик. Рози бўлишмади. Энди ўзларидан кўрсин. Ўзингиз асло телефон қилманг. Ўзи қилса, олинг ва раҳбармиз бошқа фирмалар билан шартнома қиляпти, вақтлари йўқ, денг.
- Гаплашмайсизми?
- Йўқ, ҳозир гаплашмайман. Рад этганингиздан кейин у яна чиқса, кейин улаб берсангиз бўлади.
Умарнинг гапларидан Зайнабнинг кўзлари катта-катта бўлади, ҳайратини яшира олмайди.
- Умар Жамолович, қайтиб чиқишига 100 фоиз ишоняпсиз-а?
- Албатта...
- Сизнинг иш услубингиз буткул бошқача экан. Бошқа раҳбар бўлса, ҳозир чақириб шартнома тузган бўларди.
- Ҳози чақирсам у яна ўзига бераётган имтиёз ва имкониятларни қадрламаслиги мумкин. Аммо бир марта рад этсанг, йўқотиш ҳисси бўлади ва қадрлайди.
- Қойил...
- Айгганча, Зайнаб... ижарага уй қидираётгандим... Ижарага қўядиган танишларингиз борми?
- Неча хонали?
- Қанча катта бўлса, шунча яхши? Уч хоналими...
- Умар Жамолович, ўтган кунги гапларингизга қараганда аёлингиз билан ажрашяпсиз. Кеча судга бориб ишга ҳам кела олмадингиз... Бир ўзингиз учун уч хонани нима қиласиз?
- Биринчи аёлим билан ажрашдим, аммо яна уйланганман.
- Вой, уйланиб ҳам бўлганмисиз?
- Ҳа... Ижарага уй бўлса айтинг.
- Хўп, излаштираман, - нималарнидир режа қилгандек дейди Зайнаб. – Биринчингиз билан ажрашган бўлсангиз... буниси билан ҳали ЗАГСингиз йўқ экан-да...
- Ҳммм, - компюьтерига қараб ишлай бошлайди Умар.
- Иккинчингизни севиб қолдингизми? – рашк қилгандек ёқтирмайгина сўрайди Зайнаб.
- Йўқ. Биринчи аёлим касал бўлиб қолди. Мажбур бўлдим... – ёқтирмаганини билдириш учун атай қўрс гапиради Умар. – Кеча шартнома тузишга рози бўлган мижозларни ҳужжатларини тайёрлаб келинг.
Зайнабга унинг қўпол муносабати таъсир қилмайди. Қайтанга унинг яна чеҳраси очилади ва эшик томон юраркан, сўз қотади.
- Мажбурлик ёмон... Кўнгил муҳаббат истаб қолади... – айёрона нигоҳ ташлаб дейди у.
Аммо Умар унга парво қилмай, ишида давом этади.
* * *
Умарнинг уйи. Гулифор хонасида хомуш ўтирибди. Юзлари сўлғин, рангидан ранг қочган. Меҳрона қўлида супурги билан кириб келади.
- Опа, уйни бир супуриб чиқай.
Гулифор индамайди.
- Нисо билан Усмон қўшнининг уйига ўтиб кетди.
Гулифор яна эшитмагандек ўтираверади.
Меҳрона пардаларни суриб, деразани очади. Уй бурчагида турган аравачани Гулифорнинг ёнига олиб келади.
- Опа, сизни ҳовлига, қуёшга олиб чиқиб қўяйми? Мен уйни йиғиб бўлгунимча, ҳовлини айланиб турасиз...
- Ўзингни фариштадек тутишни бас қил!
Меҳрона Гулифорга қарайди, нима дейишни билмай тили тутилиб қолади. Гулифор оғир ютинади. Кўзларига ёш тўлади.
- Опа, нега бунақа бўлиб қолдингиз? Сиз бунақа эмасдингиз-ку! У ёқда Умар акани ҳам кайфияти йўқ, бу ёқда сиз... Умар акани шу қадар яхши кўрар экансиз, нега ажрашишга ариза бердингиз?
- Сенинг ишинг бўлмасин! Ҳаётимга бурнингни суқма! – қичқиради Гулифор! – Мен ўз-ўзидан ариза ёзмагандирман? Ёзсам... сенга нима?
- Ишим йўқ. Шунчаки... – тутилади Меҳрона. - Бунақа ғамга ботиб ўтирсангиз, овқат емасангиз... соғлигингиз йўқолади, ахир... Ундан кўра, биргаликда тайёргарлик кўрайлик, бирга шаҳарга кетайлик... Анув кунлари... шунақа қувноқ, бахтли эдингиз...
- Ҳа, бахтли эдим! Энди бахтсизман! Бирдан бахтсиз бўлиб қолдим. Сенга нима? Оиламга суқилганинг, бахтимга суқилганинг камми? Нега ҳаётимга ҳам бурнингни суқасан? Ҳаддингни бил! – қичқиради Гулифор.
Меҳрона буткул ўзини йўқотиб қўяди. Қўлида супургиси билан довдираб қолади.
- Чиқ, чиқиб кет, хонамдан! – яна бақиради Гулифор.
Меҳрона хўрсинади ва индамай чиқиб кетади. Гулифор эса эзилиб йиғлайди.
* * *
Шаҳар. Умарнинг иккинчи опаси Дилфузанинг уйи. Дилфуза ошхонасида ўтириб, писта чақиб телефонда опаси Маҳфуза билан гаплашяпти.
- Қидиряпман опа. Иложи борича каттароқ уй қидиряпман, - дейди Дилфуза қўлидаги писта пўчоғини тарелкага соларкан. – Битта вариант чиқди, ҳозир кўриб келаман.
- Умар нима деди? Ҳаммаси кетарканми?
- Гулифор кетмайман, дебди, - дейди Маҳфуза киноя қилгандек. – Гўёки, бир ўзи яшай оладигандек.
- Нима қилаётганини билмаяпти, Гулифор, - ачиниш билан дейди Маҳфуза. - Алам устида хаёлига келган ишни қиляпти. Умар уйланганида онасиникига кетиб қолганди. Келди-ку, кейин. Икки-уч кун ёлғиз яшасин, шаҳарга ҳам боради. Шунинг учун кенг уй топаверинглар.
- Умар унақа демаяпти-да. “Гулифор қайсар, ажрашаман деди, ажрашди, кетмайман дедими, кетмайди”, деяпти.
- Ўзим бориб гаплашсаммикан? – ўйланади Маҳфуза. – Лекин... мен билан гаплашмаяпти, у. Хафа...
- Хафа бўлади-да, опа. Менам бўлсам, эримни уйлантирсангиз хафа бўлардим-да, - тўғрисини айтди Дилфуза.
- Лекин менам нима қилай? – жаҳли чиқади Маҳфузанинг. Сенам таъна қилаверма! Бир йил тинимсиз даволатдик. Дўхтирлар энди оёққа туролмайди, деса ҳам тўхтамадик. Умар миниб юрган машинасигача сотди, ҳеч нарсасини аямади. Қийналиб ҳам кетди. Гулифор ҳам опа бўлса, менинг йўлимни тутарди.
- Опа, менимча Гулифорга дўхтирларнинг “Энди юролмайди”, гапини айтиш керакми? У оёққа тураман деб ўйлагани учун ҳам балки хафа бўлгандир?
- Жиннимисан, Дилпиз, ўлдирмоқчимисан, бечора Гулифорни. Шунча кўргилик камми унга? Кеча мана, жаҳл устида ажрашди. Лекин ўзи чидолмай йиғлаб ўтирибди экан.
- Умар айтдими? – сўрайди Дилфуза.
- Йўқ, Меҳронадан сўрагандим...
- Лекин... опа шу “Қўриқчи”нгиз овқат қила олмаса ҳам, озода, фаросатли, ақлли экан.
- “Қўриқчи” дема...
Дилфуза қаҳ-қаҳ отиб кулади:
- Исми қийин-да. Меҳри деб қўяқолсаммикан?
- Шунақа де. Дилпиз, бўпти. Умарга каттароқ уй топ. Гулифорни ҳам барибир шаҳарга юборамиз. Кейин... айтганча, ойимга Гулифор “Кетмайман”, деганини айтма. Шундоқ ҳам ажримдан кейин қон босимлари тушмаяпти.
Дилфуза хўрсинади:
- Бечора ойим... Майли опа...
Алоқа узилади. Дилфуза ўйга толиб қолади.
* * *
Умарнинг уйи. Гулифор ўз хонасида ётибди. Ғамнинг тиғи, икки кундан буён туз тотмаганининг асорати қувватини кесиб, ҳолсизланиб боряпти. Камига кўп асабийлашганиданми, бошида кучли оғриқ бор. Бу жон олар оғриқ ҳам кўзига баттар дунёни тор қилмоқда.
Ётаверганидан елкалари ҳам ботиб кетган. Мадори бўлмаса-да, секин ўрнидан туради. Кўз олди қоронғилашиб, кўнгли айнийди. Икки қўли билан ўтирган кўрпачасининг четини маҳкам тутади.
- Ажалим яқин шекилли, - пичирлайди ўзига ўзи. - Бундай яшагандан кўра... деворнинг тагида ўлиб кетсам яхши эди... Шу ҳолда неча кун ётсам жоним узиларкан... роса чанқадим... Нисооо!
Гулифор яна би неча марта Нисони чақиради. Аммо овози ўта заиф чиққанлиги боси ҳеч ким эшитмайди. Лекин ҳовлидан Нисонинг ҳам, Усмоннинг ҳам овози эшитилиб туради. Болакай ўйин билан оворалиги сабабли онасининг овозин эшитмайди. Гулифор ноилож уҳ тортганча, яна жойига чўзилади.
* * *
Маҳалла фуқаролар йиғини биноси. Фотима опа ўз жойида ўтирибди. Телефонда бошқа маҳаллада ишловчи хотин-қизлар фаоли Ҳусния билан гаплашяпти.
- Ҳуснияхон сизни атай танладим. Маҳаллалараро ўтказиладиган танловларда ролларни зўр ижро этардингиз. Бу ролни ҳам зўр ўйнашингизга ишонаман.
- Нима рол экан, опа?
- Маъшуқа роли-да.
- Кимга маъшуқа қилмоқчисиз? – қиқирлаб кулади Ҳусния.
- Маҳалламизда бир қассоб бор. Аёли тилла. Лекин шу аёлининг устига хотин олмоқчи бўлиб юрибди. Шу эркакнинг кўзларини очиб, бир таъзирини бериб қўйишимиз керак.
- Вой, нега уйланади? Касалми аёли?
- Йўқ, - қисқа изоҳ беради Фотима опа. – Қўшниси аёли ногирон бўлиб қолгани учун уйланганди. Энди бу кишим ҳам айниб қолган. Иккита хотинга уйланса, ўртасида адолат қилиши кераклигини умуман ўйлаётгани йўқ. Бу ёғи “Мен сандан қолмайман”, қабилида иш қиляпти. Қўшни иккита хотин олдими, ортда қолмаслиги керак.
- Тушундим опа... Аёли биладими?
- Айтдим, аёлига. Аёли ўзи олдимга дардиҳол қилиб келганди. Ваҳима қиляпти, дегандим. Йўқ, бу қассобнинг нияти жиддий. Хуллас, сизга қанақа рол ўйнашингизни яхшилаб тушунтираман. Ёрдам беринг, шу қассобнинг таъзирини берайлик.
- Хўп.
Шу билан Фотима опа Ҳуснияга роли ҳақида батафсил тушунтиради.
* * *
Умарнинг уйи. Меҳрона ётоқхонасида ётибди. Ширин хаёллар оғушида. Қулоғи остида дугонасининг гапи янграйди: “Эрта сенинг ҳам болаларинг туғилади. Ундан кўра, эрингга ёқишга ҳаракат қил. Севдир, ўзингни. Қанақа келишган эринг бор, ахир...”
Меҳрона ўйланиб қолади. Ўрнидан туриб, секин кўзгунинг ёнига боради. Сочларини йиғиб турган қисгични олади-ю, бошини бир силкилаб, сочларини ёяди.
- Бўяниб кўрсам бўларкан... Ахир Умар ака ва аёли ажрашди. Энди биз ўзимиз қолдик...
Меҳронанинг ёдига онаси тайинлаган гап ҳам тушади: “Эринг жуда келишган, чиройли йигит. Ўзингга қараб чиройли бўлиб юр. У хотини билан барибир ажрашади. Эрта болаларинг бўлса, сен билан бахтли бўлиб кетади. Ўзингга қаратишга ҳаракат қил. Эрига суюкли бўлиш аёлнинг ўз қўлида. “Эринг суйди – элинг суйди”, дейишмайди, бекорга. Эринг сени яхши кўрса, ҳамма қариндош уруғи яхши кўради. Тушундинг?”
- Мана, улар ажрашишди ҳам. Энди суюкли бўлишим керак... – жилмаяди Меҳрона.
Шу пайт телефони жиринглайди.
- Ойим-ку, - қизнинг чеҳраси очилади. – Ассалому алайкум, ойи.
- Ва алайкум ассалом, - Гавҳарнинг овози эшитилади. – Яхшимисан? Куёв ҳам яхшими?
- Яхши, ўзларингиз яхшими, ойи?
- Биз яхши. Нима қиляпсан?
- Ўтирибман. Эртага шаҳарга кетишимиз мумкин. Умар ака бугун ижарага уй гаплашади. Нарсаларимни йиғишим керак. Эриниб ўтирибман.
- Шаҳарга ҳамма кетяптими?
- Йўқ. Гулифор опа бормайман деди.
- Йўғ-е, қандай яшаркан?
- Билмайман ойи шуни. Ҳамма шундан хавотирда. Боя ҳам кириб айтдим. “Биз билан кетинг”, дедим. Бақириб бердилар.
- Индамадингми?
- Нима дейман ойи?
- Индама, қизим. Ҳозир энг қийин кундошингга. Куёвни иши бор, рўзғор ташвиши, болалар, қолаверса, сен бор. Лекин овсининг... бир уйда қимирламай ўтиришнинг ўзи одамни еб битиради. Бу ёғи эри уйланди, кейин ажрашди, энди шаҳарга кетмоқчи. Унга қайта-қа йта зарба бўляпти. Яхши гапир, кўнглини қолдирма. Бўлди, энди йўлларинг айро. Эрта сени эсласа, “Яхшилик қилган”, деб эсласин.
- Хўп.
- Ичим ачиб кетди, бечорага...
- Ойи... овқат ҳам емай қўйдилар.
- Бошига шунча савдо тушди, томоғидан овқат ўтармиди? Лекин сен яхши гапириб едир. Болаларига ҳам меҳр кўрсат. Шунда эрингнинг ҳам сенга меҳри ортади.
- Хўп, - дейди Меҳрона.
- Бўпти қизим, эртага шаҳарга кетсанг, яхши бор. Ўзингга қараб, чиройли бўлиб юр. Куёв чиройли, келишган йигит. Кўчада ҳар қандай қиз йўлдан уриши мумкин.
- Хўп.
- Бўпти қизим, яхши ўтир.
Меҳрона онаси билан гаплашиб алоқан узади ва ўзини яна ойнага сола бошлади.
* * *
Кечки пайт. Ҳамид қассоб қўлида икки кило гўшт солинган пакет билан Фотима опанинг уйи томон кетяпти. Ширин ўйлар оғушида, лаб-лунжини йиғиштириб ололмайди. Фотима опанинг уйига яқинлашганида телефонига қўнғироқ қилади.
- Ало, ассалому алайкум, Фотима опа. Келувдим, бир қараворинг...
Қассоб дарвозанинг олдига етгунича ичкаридан Фотима ҳам чиқиб келади.
- Ассалому алайкум, - ятоқланиб салом беради Ҳамид.
- Ва алайкум ассалом. Кел, Ҳамид.
- Яхшимисиз, опа?
- Яхшиман, ўзинг қалай? Раънохон ҳам яхшими?
- Биз яхши. Э, айтганча. Сизга озгина атаганим бор эди. Мана, олинг, - гўштни тутқазади Ҳамид.
- Нима қилардинг, овора бўлиб? Ўтган гал ҳам олиб келдинг-ку.
- Олинг, опа, олинг.
- Ҳа, майли. Буни бўлажак келинболага бераман.
- Ие, топдингизми? – кўзлари ёниб кетади Ҳамиднинг.
- Ҳа, битта маҳалла раисига айтгандим, топиб берди.
- Опа, ишқилиб ёшроқми? – хавотир билан сўрайди қассоб. - Ёшроқ, чиройли бўлсин, опа.
- Ҳами-и-и-ид, - норози бўлади Фотима опа. – Сен бўйдоқ эмассан ука. Уйда хотининг, бола-чақанг бор. Ёшгина, чиройлигинаси ўзига ўхшаган ёшгина, чиройлигинани истайди. Сен думба ёғига ош ейвериб, қорин қўйворгансан. Ҳали у қиз кўнадими-йўқми? Хотини бор, уйида десам рад этиши аниқ.
- Кўндиринг, опа, кўндиринг.
- Хўп, бугун гаплашай, телефонини обераман сенга.
- Жуда зўр бўларди, - терисига сиғмай кетади Ҳамид.
- Бўпти, айтаман ўзим, - уйи томон юра бошлайди Фотима опа.
- Хўп, раҳмат.
Ҳамид оғзи қулоғида уйига қараб йўл олади.
* * *
Ҳамид қассобнинг уйи. Раъно тандирхонада тандирдан терлаб-пишиб нон узиб оляпти. Кичик ўғли унинг олдига югуриб келади.
- Ойи, телефонингиз жиринглаяпти.
Раъно телефонни қулоғига тутади-да, тандир ичидаги қолган нонларига қарайди.
- Ало?
- Ало? Раънохон, - Фотима опанинг овози келади.
- Ассалому алайкум, Фотима опа?
- Яхшимисиз, келин?
- Яхши, ўзингиз яхшими? Раънохон, хозир Ҳамид менга икки қилоча гўшт бериб кетганди. Шуни қизимдан бериб юборяпман. Болаларингизнинг ризқи.
- Йўқ, опа. Ишлатинг. Дадаси олиб борибди-ку.
- Йўқ, Ҳамид тезроқ хотин топиб берсин деб олиб келган. Тилим қисиқ бўлиб қолишини истамайман. Индамай олиб қолинг. Ҳамид кўрмасин.
- Менга яхшилик қиляпсиз-ку, опа. Олиб қолаверинг, енг.
- Йўқ! Қизим уйингизга етганда телефон қилади. Ҳамидга билдирмай олиб қолинг. Яна мендан “Опа, нега қайтардингиз?” деб хадиксираб қолмасин.
- Хўп, раҳмат опа...
Алоқа узилади. Раънонинг буткул кайфияти тушиб кетади. Ич-ичидан эзилади.
Давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1