8-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Саид аччиқланибгина гапира бошлайди:
- Кафиятимни Меҳрона бузди. Айтишича, кундоши келибди. Сиз... ҳалиги... Меҳронани ўзи яшайди дегандингиз...
Маҳфуза хўрсинади. Бироз паришон туради. Кейин Саидга қарайди:
- Келгани билан Меҳронани қувиб солармиди? Ё уриб, сочини юлармиди? Бир ногирон хотин бўлса... Бунинг нимаси кайфиятингизни бузди? Улар судга ариза берган бўлса, ҳадемай ажрашади. Кейин Меҳрона юради кенг уйнинг келинчаги бўли-и-и-б!
-Тўғри... – ўйланиб қолади Саид.
- Хавотир олманг, ўзим бир ўтиб вазиятни биламан...
Маҳфуза узоқ-узоқларга тикилади. Кўзларига хорғинликми, ғамми соя солгандек бўлади.
* * *
Умарнинг уйи. Гулифор ўтирган хона. У ўтирибди. Олдида Раъно бор. Улардан сал нарида Усмон машинасини ўйнаяпти. Меҳрона дастурхон кўтариб кириб келади. Унинг орқасидан Нисо тарелкада конфет кўтариб онаси ва қўшни аёлга яқинлашади. Меҳрона дастурхонни ёзиб, чиқиб кетади. Раъно унинг орқасидан қараб қолади. Сўнг лабини буради:
- Тавба-а-а, кундошинг унча чиройли эмаскан? Умар уйланишдан олдин қараганми, бунга?
Гулифор кулади:
- Қарагандир?
- Кулишингни қара, - қўнисига ҳайрат билан қарайди Раъно. - Жинни-пинни бўлмадингми? Эрингнинг иккинчи хотини у. Тишингнинг оқини кўрмасин, у. Чақиб-чақиб ол. Менам ёрдам бераман, ўн беш кунда ўзини онасининг уйида кўради.
- Нега? Яхши қиз экан, юраверади, - бепарво дейди Гулифор.
Раънонинг кўзлари ола-кула бўлади.
- Жин чалдими, сени? Хушинг жойидами? Мен сени йиғлаб, зиқ бўлиб ўтиргандирсан, деб хабар олгани кирсам, куйдирилган калладек тиржайиб ўтиришингни қара. У - кундошинг, кундош у! Уни йўқ қилиш керак.
- Опа, у билан гаплашиб билдимки, менга зиёни тегмаскан, - хотиржам гапиради Гулифор. - Қайтанга овқатимизни қиляпти, уйимизни йиғяпти.
Раъно ҳайратдан ёқа ушлайди.
- Сени ўқитиб, ўзига иситиб олибди. Берган овқатини е-е-б ўтирган бўлсанг, овқатингга нима қўшиб берса, бериб ётганда. Эсингни йиғ. Эрта туғсин, боланггаям, сенгаям кун йўқ. Қараб тур, икковлашиб, думини тугамиз, бунинг. Ўзим ёрдам бераман, сенга.
Раъно қошларини чимириб гапиради. Гулифор уни юзида табассум билан кузатади.
* * *
Умарнинг ишхонаси. У шаҳардан қайтиб, ўзининг хонасига киради. Компьютернинг қаршисига ўтираркан, ўйга толади. Қовоғи солиқ. Ишлагиси келмайди. Хўрсинади. Дили ғаш.
“Гулифор... сен билан битта том остида яшаб, чарос кўзларингга қаролмасам, чиройли юзингга тикила олмасам... – ўйлайди Умар. - Келган кунинг сени роса кўргим келди. Аммо ёнигга киришга журъатим етмади. Биламан кирсам, чақиб-чақиб олардинг. Ўша чақишларингни ҳам соғиндим... Аразлашларингни ҳам соғиндим. Ишон, сенинг кўзларингга тикилмоқ учун жонимни беришга тайёрман. Лекин... ёнингга киргани юзим йўқ...”
Умар оғир уҳ тортади.
* * *
Кўча. Маҳфуза тракторини тариллатиб ҳайдаб Умарнинг уйи томон келяпти. Қассобхонанинг ёнидан ўтаётиб, одатига кўра тўхтайди. Тракторидан туша солиб бақиради:
- Ҳамид, бир кило яхши гўшт торт!
- Ассалому алайкум, опа. Хўп-хўп, “есть” қиламиз, - шоша-пиша гўшт кеса бошлайди Ҳамид.
- Волайкум, - унга яқин келади Маҳфуза.
- Чол-кампирни йўқлай дебсизда.
- Йўқ, Умарнинг болаларидан хабар олай... – Маҳфуза Умарнинг уйи томон қараб қўяди.
- Ҳа, Гулифор ҳам қайтди. Умар иккита хотини билан яшаб юрибди. Яхши хавотир олманг.
- Илоҳим яхши бўлсин. Шу укам ҳам бир йилдан буён эзилиб кетди. Унга раҳмим келиб уйлантиргандим, кейин пушаймон ҳам бўлдим.
- Пушаймон бўлманг, опа. Умарнинг рангига ранг кириб қолди. Касал хотин билан яшаб бўладими? Мана, гўштингиз, опа?
Маҳфуза унга пул узатади ва ўзи яна тракторига ўтириб, Умарнинг уйи ёнида тўхтайди. Тракторнинг овозини эшита солиб, Усмон югуриб чиқади:
- Аммам келди-и-и. Амма тракторингизни ҳайдатинг...
Маҳфузанинг чеҳраси ёришади:
- Вой жоним мени, асалим мени... “Амма” деган тилларингдан.
Маҳфуза Усмонни кўтариб олади, юзларидан чўлпиллатиб ўпади.
- Асалим, аммага салом бермадинг-ку!
- Ассалом амма, - уялиб кетади Усмон.
- Ва алайкум ассалом, жоним ўзимни... – Маҳфуза болакайни бағридан қўймай ичкарига киради. Кимни чақиришни билмай, иккиланиб қолади. Бироз тургач, дадил овоз беради:
- Гулифор! Гулифор!
* * *
Гулифорнинг хонаси. Маҳфузанинг овозидан Гулифорнинг юраги тез уриб кетади.
- Опам мени чақиряптими? – беихтиёр бақира бошлайди: - Нис-о-о, қара қизим, амманг келди. Опангга айт...
Сал ўтмай, бағрига Усмонни босганча хонага Маҳфуза кириб келади. Гулифор индамайди, бошини эгиб олади.
- Ассалому алайкум, - дейди Маҳфуза Усмонни ерга қўяркан. – Яхши ўтирибсанми, Гулифор?
Гулифор тағин индамайди, кўзлари ёшга тўлади. Шу пайт орадаги ноқулай вазиятни аритиб, Меҳрона кириб келади:
- Ассалому алайкум, опажон.
- Ва алайкум ассалом. Яхшимисан, Меҳрона?
У Меҳрона билан қучоқлашиб кўришади.
- Яхши, раҳмат... – уялибгина дейди Меҳрона.
- Даданг хавотир олибди, шунга келгандим.
Меҳрона баттар уялиб кетади.
- Сени келин қилганим учун Гулифор мендан хафа. Бунинг хафалигин билиб, менинг юрагим ҳам вайрон. Мен бунга ёмонликни раво кўрармидим? Ё... Гулифорга ёмон гапиряпсанми?
- Йўқ, опажон, чиқишиб кетдик, опам билан...
Маҳфуза хўрсинади.
- Шуни опанг тушунмаяпти, шекилли. Мен рўзғорни сен қилсанг, Умар ишласа, ҳаммаси изга тушади, дегандим-да.
- Тушунмайман! – жаҳл ва алам билан дейди Гулифор. У Маҳфузанинг Умарни уйлантириш ҳақида гапирганида уни “Одам эмас”, дегани унутолмаганди: - Мен одам эмасман-ку, тушунадиган! Одам бўлганимда тушунардим...
Маҳфуза “ялт” этиб Гулифорга қарайди. Секин ёнига ўтиради:
- Ўша гап эсингдами, сенинг ҳам. Жаҳл келганида ақл кетади Гулифор! Ўшанда онамга жаҳл қилиб айтворганман. Аммо биласан, сени қанчалар яхши кўраман. Менинг ўрнимга ўзингни қўйиб кўр. Умарни ўзим кўтариб катта қилганман. Жондек жигарим. Келсам, ё овқат пишираётган бўлади, ё кир юваётган бўлади, ё уй тозалаётган бўлади. Тинмай қарз сўрайди, мендан. Эркак эканлигини унутиб қўяётганди.
Метиндек иродали Маҳфузанинг ҳам овози титради. Кўзларига ёш тўлди.
- Қандай жим қараб тураман? – тутилиб деди у. – Ўша куни Умарга ҳам қаттиқ гапиргандим. “Латтасан” дедим. Чунки шундай деб ғурурига тегмасам, у гапимга қулоқ солмасди. Лекин жуда қийналиб кетганди. Худога қараб айт, Умар учун оғир бўлмаётганмиди? Бўлди, гиналарни унут, Гулифор!
Гулифор ҳамон жим. Аммо унинг ҳам кўзларидан ёш оқмоқда. Маҳфуза Меҳронага қарайди:
- Меҳрона, Гулифорни опадек кўриб, парвариш қил. Пешаналарингда шу ҳаёт бор экан. Бунақа яшаётган бир сизлар эмас...
- Хўп, - дейди Меҳрона.
Гулифор кўз ёшларини артиб, Меҳронага қарайди:
- Дастурхон, чой-пой олиб келинг.
- Хўп, - Меҳрона югургилаб чиқиб кетади.
Меҳрона чиқиб кетгач, Маҳфуза Гулифорга қарайди:
- Мана, буйруқ бериб, ўтирибсан-ку, жоним, гўзалим... Мендан хафа бўлма. Ўша гапимни унут... Мен қизни ота-онасини яхши билганим учун келин қилдим. Сизларга зиёни тегмаслигини билардим.
Маҳфуза Гулифорни қучоқлайди. Гулифор елкалари силкиниб йиғлай бошлайди.
* * *
Орадан вақт ўтган. Умарнинг ишхонаси. Компюьтери ёнида ишлаб ўтирибди. Хўрсиниб қўяди.
Ёнидаги ҳамкасби сўрайди:
- Аёлингиз билан гаплашдингизми?
- Йўқ. Негадир ёнига киришга журъатим йўқ.
- Нега?
- Ким билсин, уйланганим учун виждоним қийналадими? Ё... касал ҳолида шу қисматни раво кўраганимга юзим чидамайдими... Хуллас, ёнига кира олмаяпман, - дардини ёради Умар.
- Балки кириб гаплашиб олишингиз керакдир?
- Кўзларига қандай қарайман? Келган куни кирмаганимга пушаймонман. Шунча вақт ўтиб, энди кириш... Билмадим...
- Барибир у ҳам аёлингиз...
- Қани эди у мени аввалигидек кўрса... – хўрсинади Умар. - Гулифор қанчалар шўх, қанчалар очиқкўнгил бўлмасин, гинаси шунчалар қаттиқ. Мени кечирмайди, биламан...
- Нега? – Умарнинг ҳамкасби ҳайрон бўлади. – Аввал қаттиқ уришганмисизлар?
- Уришмаганмиз. Ўзининг бир қариндоши - холасининг ўғли шаҳарда ишлаб, бир аёлга илакишиб қолди. Хотинига севиб уйланганди. Гулифор мана шу хиёнати учун холаваччаси билан гаплашмай қўйганди. У хиёнатни кечира олмайди.
- Вой вууу, холаваччаларини хотинига қилган хиёнати учун гаплашмай кетган бўлса... сизнинг юзигизга ҳам қарамаскан-да...
- Ҳа... мана шунинг учун унинг ёнига киришга юрагим йўқ. Ёнига кирсам-у, “Кўзимга кўринманг”, деса адо бўламан. Ундан кўра ўша нафратли юзини кўрмай ва сўзини эшитмай юрганим афзал, - уҳ тортади Умар.
* * *
Умарнинг уйи. Орадан анча вақт ўтган. Гулифор ётган хонанинг эшик-деразаларни очиб Меҳрона супуради, чангларини артади. Гулифорнинг ҳам, Меҳронанинг ҳам кайфияти чоғ.
- Йиғиб бўлганимдан кейин тушликка овқат қиламан. Нима пишириб берай, опа?
- Овқатинг жуда бемаза эканлигини биласанми, Меҳрона? – кўзларини қисиб қувлик билан сўрайди Гулифор.
Меҳрона ялт этиб Гулифорга қарайди.
- Нима? Вой тавба! Шу пайтгача мақтаб еётган ким эди?
- Мақтаганим йўқ.
- Нисо “ойим бирам ширин овқат бўлибдики-и-и”, деб айтди дерди-ку!
- Кесатардим! Нисо пичингни тушунармиди? Сенга чиқиб айтиши тушимга кирибдими?
- Тавба, мен сизни яхши аёл деб юрибман-а!
Гулифор кулади:
- Қайтариб олақол, гапингни.
- Менга овқат қилишни ўргатинг, - чин дилдан сўрайди Меҳрона. - Мен уйда фақат тозалаш ишларини қилардим, кейин китоб ўқирдим, ҳечам овқат қилмаганман. Ойим қиларди.
- Тозалаш ишларингга гап йўқ. Лекин овқатинг...
- Бўлди, ўргатасиз, - эркалангандек дейди Меҳрона.
- Хўп. Китоб ўқишни яхши кўрасанми?
- Жудаям.
- Мен олти ёшимда қўғирчоқларимга кўйлак тикиб берардим. Ўн ёшимдан овқат қилишни бошлаганман, - кўзлари ёниб гапиради Гулифор.
- Мен беш ёшимдан китоб ўқишни бошлаганман.
- Дадам раҳматли менга ўзининг бир дунё китобини берганди, “Ўқи, ўқитаман”, деганди. Мен ўқишга қизиқмадим.
- Мени эса дадам ўқитмади.
- Сенга ўша дадам менга берган китобларни совға қилайми?
Меҳрона хурсанд бўлиб кетади:
- Совға қиласизми, ростдан?
- Ҳа, истасанг совға қиламан. Акамга қўнғироқ қиламан, машинасига ортиб олиб келади.
Меҳрона югуриб бориб Гулифорни қучоқлаб олади.
* * *
Кундуз. Қассобхона. Ҳамид қассоб сариёғдек эриб ўтирибди.
- Бир кўрмаган бўлсангиз ҳам бирам эркалатасиз, Ҳамид акооо!
- Акооо, деган тилларингиздан, гўзалим.
- Гўзаллигимни қаердан билдингиз?
- Ошиқ кўнглим сезяпти. Битта расм юборинг, асалим, - ялинчоқ овозда дейди Ҳамид.
- Бир ойдан буён ялинасиз. Майли, сазангиз ўлмасин, ташладим.
- Йўғе-ее-! Ҳозир телеграмга кирай-чи... Кейин қўнғироқ қиламан.
Ҳамид шошиб, ҳаяжонланиб телеграмга киради. Расмни очади. Расмда 27-28 ёшлардаги лўппигина, жувоннинг расми туради. Ҳамиднинг кўзлари чақнаб кетади.
- Алдамабди. Чиндан ўзи айтгандек йигирма етти ёшга ўхшайди. Дўмбоқлиги учун совчиси кам бўлиб, эрга теголмаганмиш. Мана мен совчи қўяманда, сизга дўмбоққинам! Раънодан беш ёш кичкина. Ёш, ёшда барибир...
* * *
Гулифорнинг қизлик уйи. Онаси Гулнор опа дарвоза олдида турибди. Юзида хавотир бор. Мурод уйдан китоб олиб чиқиб машинасига жойлаяпти.
- Мурод, сен билан менам бирга бориб келсаммикан? – дейди охири бетоқатланиб Гулнор опа.
- Майли ойи, бирга борамиз. Гулифорни кўргингиз келяптими? – сўрайди Мурод.
- Кўргим ҳам келяпти, кундошига китоб сўраганига хавотир ҳам оляпман.
- Нега хавотир оласиз?
- Менимча, Гулифор эзилиб, йиғлаб ўтиргандир? Шу китобларни ҳойнаҳой Умар сўратган. Гулифорнинг кундоши Умарни роса авраганми дейман-да.
Мурод кулади.
- Ойи, қизиқсиз-а? Гулифор эзилиб, йиғлаб ўтирган бўлса, китобларни олиб келинг, дермиди?
Гулнор опа баттар ваҳимага тушади.
- Умар зуғум қилганда... – яна тахминларини айта бошлайди. – Гулифорни ўқигани қўймаган одам, бунисини ўқитишга рози бўлибди-ку. Ким билсин, китобларни келтирмасанг, уйингга ҳайдайман деганми?
- Йўғ-е, ойи, Ваҳима қилманг. Яхши ўтиришибди-ку қачондан буён.
- Кўнглим ғашда.
- Борсангиз, биласиз унда. Чиқинг машинага, - дейди охирги китобни жойлаган Мурод.
Гулнор опа шартта машинанинг олд ўрин диғига ўтириб олади. Мурод ҳам рулга ўтиради.
- Дўкон олдида тўхтаб ўт, қуруқ бормайлик, - дейди Гулнор опа.
- Хўп.
Улар йўлга тушади.
* * *
Ҳамид қассобнинг уйи. Раъно сомса пишириш учун гўшт тўғраш билан овора. Ўз ўйлари билан банд.
- Рўзғор ишидан ортолмай қолдим. Гулифордан бир хабар олишим керак. У анув “Касов келин”ни жааа ўзига дўст тутиб юборяпти. Кундошдан дўст чиқармикан, ҳеч замонда. Сал пишиқлаб келмасам бўлмайди, Гулифорни. Бечора ноилож ҳам-да. Юролмаса, яхши гапиришга мажбур-да, шўрлик. Ҳеч кимнинг бошига солмасин...
Раъно уф тортиб қўяди.
* * *
Умарнинг уйи. Гулифорнинг ёнига дастурхон ёзилган. Гулнор опа ва Мурод ўтирибди.
- Ойим, сени анув келин билан тинимсиз юлишади деб ўйлайди, - кулади Мурод:
Гулифор хўрсинади:
- Қизиқсиз-а, ойи? Юлишадиган аҳволдаманми?
- Лекин жанжаллашсаларинг, сен ютиб чиқасан, - яна ҳазил қилади Мурод. Кейин ўрнидан туради: - Ойи, сиз ўтириб туринг. Мен Нисо билан Усмонни дўконга олиб бориб, айлантириб келай.
- Майли, - дейди Гулнор опа.
Дастурхондаги ширинликлардан тотиниб ўтирган болакайлар қийқириб юборади. Муродга эргашиб, чопқиллаб чиқиб кетишади.
- Тувагингни ким тўкяпти, - қизига қарамасликка тиришиб сўрайди, Гулнор. – Шуни ўйлаб ҳам роса сиқилдим.
- Сиқилманг, ойи. Ўйланманг. Нисо бор-ку, катта бўлиб қолди. Усмон ҳам тушунади, “Чиқиб тур болам”, десам чопқиллаб чиқиб, эшик орқасида туради. Кейин Нисо дарров туваакни олиб чиқиб кетяпти. Ўзи... уй шиптир сасиб кетмаганми? Сийғоқ боласи бор уйдек бўлиб ётгани йўқми?
- Йўқ, йўқ, - ўзим ҳам кирганимдан шунга аҳамият бердим. – Ҳид-пид йўқ. Шунга сал хотиржам бўлдим. Ҳалиги... келинни кўрдингми? Сенга зуғум қилмаяптими?
- Зуғум қиладиган қизмас...
- Мен бир қарай-чи? Ўзи у нималар қиляпти экан, уйингда? – Гулнор секин ўрнидан туради.
* * *
Умарнинг уйи. Меҳрона Гулифорнинг акаси ва онаси келгани учун ош қилмоқчи. Ошхонага шошиб сабзи тўғраяпти. Эшикдан аста мўралаб Гулнор опа кириб келади. Меҳрона уни пайқамайди. Гулнор опа томоқ қиради.
- Вой, келинг хола, келинг... – бироз шошиб, ҳаяжонланиб қолади Меҳрона.
- Келдим... Сен... куёвимни нима деб авраяпсан? Гулифорга қарши қайраяпсанми? – дабдурустдан дейди Гулнор опа.
- Йўқ, - қўрқиб кетади Меҳрона.
- Билмайди, деб ўйлама. Қизим мени қийналмасин, деб шу ерга кеволди. Унга зуғум қилишингга жим қараб турмайман. Бир томчи кўзидан ёш оқса, сени қон йиғлатаман, тушундинг?
- Хўп... – елкалари қисилади Меҳронанинг.
Гулнор опа ошхонага бир қур кўз югуртиради. Кейин яна паст овозда вишиллаб гапиради:
- Бу рўзғорни ўзимники деб ўйлама! Ҳали қизим тузалади! Тузалсин, сени Умар бир дақиқа ҳам ушлаб турмайди. Афтингни қара!
Гулнор опа чиқиб кета бошлайди. Эшикка етганида ортига қарайди:
- Гапларимни Умарга ҳам, Гулифорга ҳам етказмагин!
Меҳрона унга ёш тўла кўзлари билан қараб қолади.
* * *
Кўча. Раъно секин дарвозасидан чиқади. Қассобхона томонга бир қараб олади. Кўчада одам йўқ ҳисоби. У секингина қассобхона томон юради. Йўл четидан Ҳамидни кўзи тушмайдиган томондан секин боради ва қассобхонанинг ёнида туриб қулоқ тутган бўлади. Ичкаридан қассобнинг овози эшитилади.
- Яна озгина гаплашайлик. Зерикиб ўтирибманда, мен. Қассобхонадаман дедим-ку. Меники бўлсангиз, еганингиз гўшт бўлади. Ҳеч нарсадан камингиз бўлмайди. Менга қаранг, камерани ёқиб, бир-биримизни кўриб гаплашайлик... Уялманг энди, уялманг...
Раъно ортиқ чидаб тура олмайди. Шартта қассобхонага кириб боради. Ҳамид ҳам чаққонлик билан телефонини ўчиради.
- Ҳа, ким у сиздан уялаётган?
- Ким? Нима? – довдирайди қассоб.
- Дадаси, мен билан ўйнашманг! Агар ўша мегажин кимлигини билсам, нақ сиз билан гаплашган тилларини узиб оламан-а?
- Раъно, қизиқмисан? Ким билан гаплашаман? – тинмай гапиради Ҳамид: - Синфдошларга овозли хабар юбордим. Чойхонага боришга уялманглар деб. Сен ўзи нега келдинг? Гўшт керакми?
Раъно унга ғазаб билан бироз қараб туради. Кейин ўзини босиб дейди:
- Дадаси, кўзингизга қараб юринг. Лекин ушлаб олсам, ёмон қиламан.
- Нега мени тергаб қолдинг? Ундан кўра, уйга бориб овқатингни қил!
- Лаҳм гўшт беринг, манти қиламан дегандим.
- Ана, бор экансан-ку, Раъно. Асабни бузмай, шунақа гаплардан гапир. Ма, ўзим сенга гўштнинг асал жойидан бераман, - у гўштнинг лаҳм жойидан кесиб, Раънонинг қўлига тутқазади. Раъно жаҳл қилиб чиқиб кетади. Ҳамид қассоб енгил нафас олади.
Давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев