КАСОС
N_4
Раъноҳон Асқарова
— Мана бу бойликларни қарагин-а. Уларнинг барини Икромга топшириб қўйиш ниятим йўқ, агар билсанг!
Йигитнинг овозини эшитган Жасур сергак тортди. У вужудини жони тарк этгандек шалвираб қоларкан, хаёлан деди:
“— Демак, янглишмабман, бунинг найнов экани аниқ!”
—Сен қовоқкалланинг эсинг қачон киради-я, — деди жаҳл билан найновнинг гапидан асабийлашган биринчи ўғри. — Икромни алдаб бўлмаслигини, йўқса асфаласофилинга равона бўлишингни билмайсанми, анқов? Сен орзу қилганни мен ҳам ҳоҳламасмидим?!
—Бундай пайтда вайсаш мумкин эмаслиги ёдларингдан чиқдими, довдирлар, — овозини пасайтирганча гапга аралашди ўғрибоши. — Ўзи шефнинг катта ови учунгина киядиган манабу матоҳ жонимга тегиб турибди. Ҳозироқ ўчмасаларинг, бор-у, бир нима қилиб қўяман, лекин. Қани бўлақолларинг, шошилиш керак!
Бу овозни ҳам таниган Жасур устидан муздек сув қуйилгандек бирдан сесканиб кетди. У ғазаб билан ўғрибоши томон қараркан, лаблари беун шивирлади:
—Мана буниси эса барзанги!
Интиқом ўтида ёнган йигитнинг вужуди жунбушга келди. У бирдан қўлидагиларни ҳар ён сочиб юборди-ю, қотиллардан ўч олишга шайланди. Жасур борасолиб гуруҳбоши барзангининг бўйнидан бўғиб олди.
Вазиятни англаган Шаҳриёр дўстига юзланганча шошиб сўради:
— Ака, иккинчиси ҳам шу ердами, қайси бири?
Жасур “ёнингдаги” дея қичқирди. Шаҳриёр бирдан иккинчи ўғри найновни калтаклай кетди. Бу ҳолдан “ҳамкор” томон лол эди. Саросимага тушиб қолган ўғрибоши ғазаб ўтида ёнган йигитнинг чангалидан чиқа олмаганча хириллаган кўйи базўр сўради:
—Ошна, н-нима қ-қиляпсан, ахир? С-сенга нима қилди-им?
—Нима қилди-инг?! Сен қонхўр қотиллар боламни ўлдирдиларинг! Эшитяпсанми, ёлғизгина дилбандимдан айирди-инг... — алам ичра ўкирган йигит барзангининг юз-кўзи демай мушт тушира кетди. —Бир ожиз гўдаккинага қилганларинг ёдингдан чиқиб кетдими, очкўз маҳлуқ?! Мана, мана сенга, мана! Энди навбат меники. Ўлдираман, иккингни ҳам, ҳаммангни ўлдираман! Ҳаромдан топган бойликларингга ўт қўяман!
Ҳеч нарсани тушунмаган “биринчи” ўғрибошига ёрдамга шошди. У келасолиб Жасурнинг бошига мушт туширди. Бундан баттар ғазаби қайнаган йигит бир қўли билан гумаштанинг юзидаги ниқобини юлиб олди-да, куч билан нари итарди. Бундан фойдаланган барзанги жонҳолатда Жасурни суриб юборди ва тепишга чоғланди. Икки рақиб солишиб кетдилар. Шаҳриёр билан олишаётган найнов ҳам бўш келмаётган эди.
Икки томондаги рақиблар жангидан фойдаланган “биринчи” улар томон қўл силтади-да, сочилиб кетган бойликларни қопга сола бошлади. Аламзада Жасурга кучи етмаслигини билган барзанги кўча томон чекинди. У югурганча дарвозадан чиқаркан, қоқилиб, йиқилди. Ортидан етиб борган қасоскор эпчиллик билан унинг қорнига ўтириб олганча яна томоғидан бўғди. Босқинчи бўш қўли билан “форма”си ичидаги ҳар эҳтимол учун ўзи билан олиб юрадиган пистолетни базўр олди-да, ётган жойида рақибига тўғрилади. Жасур бор кучи билан унинг қурол тутган қўлини қайириб, миясига олиб борди.
— Кунинг битди, муттаҳам қотил! — бор овози билан бўкирди йигит. — Аввал сени ўз қўлинг билан, сўнг гумаштангни ўлдириб хуморимдан чиқмасам, одам эмасман!
Бу пайтда уй ичкарисига қочиб қолган найнов ортидан кириб ўтирмаган кўйи дўстига ёрдамга шошган Шаҳриёр кўчадаги ҳолатни кўриб даҳшатга тушди. У акани мағлубдан ажратишга ҳарчанд уринмасин, уддасидан чиқа олмади. Бу вақтда пайтдан фойдаланган биринчи ўғри бойлик тўла қопни орқалаганча дарвозадан чиқиб, дуч келган томонга туртиниб-суртиниб қоча бошлаган эди.
Ғазаб ўтида ёнган Жасур барзангининг пистолет қўндоғини тутган бармоғини маҳкам қисаркан, қурол отилишига бир баҳя қолганда унинг икки билаги куч билан ушланиб, юқорига тортилди. Мақсадига етолмаган аламзада ота шашти қайтарилганига чидолмаган кўйи овозининг борича ўкириб юборди:
— Уҳ-ҳ! Қасос олишимга қўйиб берлари-инг!
— Аҳмоқлик қила кўрма, бола! — деди икки ходим томонидан нари тортилган қасоскорга юзланган милиция капитани. — Таъқиқлаганимизга қарамай ўз билганингдан қолмаганинг — катта хатоинг бўлган. Қотилларни излаётган милиция ушбу босқинчиликдан хабар топиб, вақтида етиб келмаганида ўзинг ҳам қотиллик содир этишинг муқаррар эди.
Атрофга аланглаган Жасур нарига тўхтаган милиция машиналари, ундан тушган ходимлар ҳамда дарвоза ёнида тўпланган қўшниларни энди кўрди. Ички ишлар томонидан тўртовлон қўлга олиндилар. Қароқчи биринчи ўғрини эса узоққа кетолмай туриб, ушлаб келинди. Икки ходим зудлик билан хонадон ичкарисини тўлиқ кўздан кечираркан, найновни қўли орқасига қайрилган ҳолда олиб чиқдилар. Қопга солинган барча бойликлар автога юкланиб, ортидан беш босқинчи чиқарилди. Шу онда етиб келган “тез ёрдам” машинасига эса чилвирдан бўшатилган хонадон қоровулини инграган ҳолида олдилар.
* * *
Шаҳар ички ишлар бўлими.
Бошлиқ ҳузурида жиноий гуруҳ аъзолари ҳурпайиб ўтирибдилар. Милиция капитани хонага кирган Жасурга юзланиб деди:
— Фарзандинг қотиллари — ўғри-жиноятчиларни топишга интилганингни биламан, аммо шошма-шошарлик билан ҳаётингни хавфда қолдирган ҳолда бундай ўзбошимчаликка йўл қўйишингни сенга таъқиқлаган эдим. Биз босқинчилик белгиланган жойга вақтида етиб бормаганимизда кеч бўларкан!
Ерга боққан йигит ўзини айбдор ҳис этганча бош қимирлатган бўлди. Капитан бундай ҳолат қайта такрорланмаслигини қатъий уқтираркан, у билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб боришларини таъкидлади. Сўнг ўтирганларга ишора қилганча деди:
— Хуллас, жиноятчилар қанча инкор этишга ҳаракат қилишмасин, оқибат барибир ўз айбларини тан олдилар.
Босқинчилар томон нафрат билан тикилган Жасур бор овозда бақириб юборди:
— Қилар ишни қилгандан кейин бўйнига олмай қаёққа ҳам борарди?! Бу қотилларнинг юрган-тургани, совуқ қараши, беўхшов овози ўша мудҳиш кундан буён кўз ўнгимда, қулоғим остида миллион марта такрорланарди. Қасос ўтида қандай яшаётганимни, нафас олаётганимни билмадим, ҳозиргача!
Йигитнинг елкасига қўлини қўйган бошлиқ унга далда берди:
— Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Бу қотиллар энг оғир жазога лойиқ! Қани, энди уйингга бор-да, аёлинг кўнглини кўтар, тинчлантир. Уни яна ҳаётга қайтар, Жасур. Сени чақиртирган пайтимиз вақтида етиб келишни унутма!
— Шаҳриёр ҳам кетадими? — сўради йигит. — У яхши инсон, командир!
— Ҳалоллиги ҳақида билдик, — бош ирғади капитан, — аммо Шаҳриёр бу йўлни ўзи танлаган!
— У йўқчиликдан нима қиларини билмай ўша каззобларга аралашиб қолган, ахир, — дўстини оқлашга чоғланди йигит.
— Ҳамма ҳам йўқчилик экан, дея жиноят содир қилаверса бу қандай жамият бўлади? — деди бошлиқ. — Барчасига аниқлик киритгач, қонун доирасида иш тутамиз. Албатта енгиллик бўлишига ишонч бор.
Капитан ходимларга юзланганча буйруқ қиларкан, Жасурни озодликка, Шаҳриёрни эса вақтинчалик камерага кузатиб қўйишларини буюрди. Мижжалари қизарган ака укасидек қадрдон бўлиб қолган йигитни маҳкам бағрига босиб, унинг маъюс кўзларига боққан кўйи деди:
— Албатта, ҳаммаси яхши бўлади, мана мени айтди, дейсан. Ўша ботқоқдан чиққанинг муборак бўлсин, укам. Шуни билки, ҳамиша ёнингдаман.
Кўзларига ёш тўлган Шаҳриёр опаси ва жиянларидан хабардор бўлиб туришини сўради. Жасур сўз берди. Ходим уларни олиб чиқди.
Бироз вақт ўтгач хонага олиб кирилган Икромни ўғриларнинг рўпарасига ўтқаздилар. Гуруҳбоши қўл остидаги гумашталарига бир ўқрайди-ю, танимасликка олган бўлиб тездан нигоҳини олди. Ўзини бамайлихотир кўрсатишга уринган эркак беписанд “нега булар нуқул вақтимни олиб чақиртиргани-чақиртирган-а”, дея ғўлдираган бўлди.
— Бу сафар найрангларингиз ўтмади, — деди унга нафрат билан тикилган капитан. — Терговчи ҳузурида тўполон кўтариб бўйнингизга олмасликка, ўтган галгидек сувдан “қуруқ” чиқиб кетишга роса чиранибсиз. Афсуски, қўлингизга ўргатган манабу ўғрибаччаларингиз аллақачон сизни сотишди!
Бу гапни эшитган Икром сапчиб ўрнидан турди-ю, рўпарасида ўтирган ўғрибоши барзангининг юзига туфлаб юборди.
— Тфу, сендек нонкўрларга! Латталаниб қўлга тушиб қолганларинг етмагандек, мени ҳам сотибсанлар-да, ҳезалаклар! Ҳе сенларни ўша...
Алами келган барзанги қичқирди:
— Бизлар эмас, сиз ишонган ўша Жасурингиз бузди ҳамма ишни, мана, аҳволимга қаранг! — У қонталаш бўлган юз-кўзларини кўрсатди.
— Хафа бўлмайсиз, шеф, — бамайлихотир гап қўшди иккинчи ўғри — найнов. — Аввало, айтмаганимизга қўйишмас эди. Иккинчидан эса нима, меҳнат қилиб оз-оз еган бизлар қамоқда чирийлиг-у, буйруқ бериб ўтириб, ўлжанинг каттасини жиғилдонга урган — сиз омон қолишингиз адолатдан бўлармиди?!
— Тилларинг чиқиб қолибдими, сен боқимандаларнинг? — ўдағайлади ғазаб отига минган гуруҳбоши. — Қани ўша янги келган бола, нима сабаб иш кўрсатади у?
— Ўзингизни қўлга олиб, жойингизга ўтиринг! — Икромга юзланган капитан буйруқ берди. — Жасур билан эса энди сизнинг ишингиз бўлмасин. Биз барча қилмишларингиздан воқиф бўлдик. Неча ўғрининг бошида турганингиз-у, ҳозиргача кимларни тўнаганингиз ҳақидаги маълумотлар энди қўлимизда.
— Мен фақат ўз зонамдагиларга бошчилик қилганман. Мана шу уч-тўртта овсарлар, холос.
Овозини кўтарган бошлиқ қолганларни ҳозир тутиб келишларини таъкидлади. Ўғриларга ғазаб-ла ўқрайган Икром кишанли қўлларини мушт тугди.
— Уҳ-ҳ, сендек субутсиз, хоин хунасалар билан ҳам ишлайманми-я?! Ўзим аҳмоқман, э Худо!
Капитан унга тикилди.
— Ҳозиргача кимларнинг хонадонини “шип-шийдон” қилганингиз ҳақида ҳам санаб ўтайми?
— У ҳақда ўзим айтаман! — деди бирдан гуруҳбоши. — Тўғри, манабулар каби думбул ўғриларга бош бўлганман, аммо кунини зўрға кўрадиган, ҳокисор оилаларга ҳеч қачон тегмаганмиз.
— Хўш?
— Мен асосан ҳаромдан пул топадиган, — чорасиз қолган Икром ёрила бошлади, — бойлик уйига оқиб кирадиган “казо-казо”ларни мўлжалга олиб, мавриди келишини пойлардим ва уларни яхшигина шилар эдим. Биз эга бўлган ҳар қанча ўлжа бойларнинг денгизидан томчи, аслида. Нима, ўша билан давлати камайиб қолибдими?!
— Гапни қисқа қилинг!
— Хўп бўлади. Асли, манабу аҳмоқлар миридан-сиригача айтиб бермаганида бу ёпилиб кетадиган нарса эди, — сўзида давом этди гуруҳбоши. — Чунки, айби очилиб қолишидан чўчиган ўша порахўр-каззоблар ўғирлик ҳақида асло сизларга хабар бермаслигига кафилман.
— Ўша бойларнинг барчаси ҳам ҳаромдан кун кўрмайди-ку, — гапни кесди бошлиқ. — Тадбиркорлик, ҳалол меҳнат билан шуғулланиб, орттирган бойлигидан элга эҳсон тариқасида мунтазам кўмак бериб турадиганлари қанча.
— Мен фақат текинхўрларини овлаганман!
— Тўналган шахсларни ҳам чақиртириб, бунча бойлик нима ҳисобига орттирилганини шундоқ ҳам аниқлаймиз, ҳали. Аммо манабу икки гумаштангиз шу ҳаром луқма илинжида Жасурнинг уйига арзимаган пул учун ўғирликка кирган ва унинг ёлғизгина норасидаси ўлимига сабабкор бўлган! — Ғазабланган капитан столни муштлаб юборди. — Буни қандай оқлайсан энди, ўғрибоши?
— Нима-а? — ўрнидан туриб кетган Икром жаҳл билан барзанги ва найнов томон ўқраяркан, унининг борича бўкирди. — Ҳали сенлар пул учун одам ўлдиришгача бордиларингми, қотиллар?! Нималаринг етмаётган эди, айт! Менсиз бирор ишга қўл уриб қўймаларинг, деганманми доимо? Сенларни ўз қўлларим билан бўғиб ўлдираман, уҳ-ҳ!
Капитан гуруҳбошига баланд овозда ўтиришни буюрди. Ходимдан чўчиган Икром яна жойига чўкди.
— Бу машъум ҳодисадан хабар топган милиция жиноятчиларни қидираётган эди, — жаҳл билан тафсилотни баён қила бошлади бошлиқ. — Аламда ёнган Жасурга фарзанд кўйида телба бўлган аёлининг аҳволи қўшимча зарба бўлди. Жабрдийда ота қотилларни топиш илинжида таъқиқлашимизга қарамай сенларга қўшилган экан. Босқинчиликдан огоҳ бўлган оператив гуруҳ тунда хонадонга етиб борганида манабу ўғрибошинг қасоскорнинг чангалида эди.
— Демак, ўтган тундаги ўғирликда Жасур қотилларни таниган, —жаҳлини базўр жиловлаган Икром барзангига ўқраяркан, афсус билан бош чайқади. — Уни бошқа болларга қўшишим учун роса ишончимга кирган экан, ўткир. Ҳамиша тоза ишлаб келган йигитларим бу галги овда нега панд бердилар десам, гап бу ёқда экан-да, эҳ!..
— Шундай, — деди капитан. — Мана энди бу иш ортидан барчангиз чувалашиб чиқиб келмоқдасиз. Етган жойларинг шу бўлди, ўғрилар сардори!
Афсус ила бошини эгган Икром аста тўнғиллади:
— Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бошқа зоналардаги гуруҳбошилар билан алоқам бор, албатта. Сизларга савоб учун барчасини тутиб берганим бўлсин! — У бирдан овозини кўтарди. — Нима, мен ичкарида ўтирай-у, қолганлар яна “ялло”сини қилиб юрсинми?!
— Ана энди ўзингга келдинг. Сайрамаганингга ҳам қўймасдик, асли. Ходимлар, уни яна терговчи ҳузурига олиб чиқинг!
Милиция ходимлари боши эгик Икромни ташқари томон етакладилар.
— Биз-чи, командир? — гап ташлади энди тилга кирди ўғрибоши. — Бир жойда эрталабдан буён сўроқ беравериб, эзилиб кетдик-ку.
Ёнида ўтирган найнов уни “жим” дегандек елкаси билан туртиб қўйди.
— Сенлар ҳали шошмаларинг! — жиддий оҳангда деди энсаси қотган капитан. — Бир фуқаро ўлимида айбланаётган уч қотилни ҳамкасбларимиз излашмоқда эди. Ҳозир уларни кутяпмиз. Ўша машъум қотиллик ҳам сенлар томонингдан уюштирилган бўлса, ажабланмайман.
— Бизлар ўғирлик қиламиз, қотиллик эмас, — ғўлдиради барзанги. — Овоз чиқармаслиги учунгина оғизни оддийгина қуролимиз бўлган скоч билан ёпишга мажбурмиз. Ўша болакай чидолмаган бўлса бизда нима айб? Бошқа жойда ундай ҳолат бўлмаган.
Жаҳли чиққан капитан овозини кўтарган кўйи буни далиллар ҳал қилишини таъкидлади. Шу пайт хонага милиция майори ва бир ходим кириб келди. Ўзаро саломлашилгач, бошлиқ ўтирганларга зимдан тикиларкан, деди:
— Ўртоқ капитан, биз қидираётган жиноятчилар — манашулар!
Бу гапдан барча тек қотди. Хонадаги бир онлик сукунатни бузган капитан ишончи комил эканини сўради. Қўлда далиллар билан келганларини маълум қилган майор барзангига тикилди.
— Хўш, сенинг исминг Сарвар, тўғри топдимми?
Устидан муздек сув қуйилган каби шалвираб қолган ўғрибоши “Сарвар бўлса нима қилибди?” дея дудуқланди. Учар босқинчи тезда ўзини қўлга оларкан, сўроқ қилганлардан исмини билиб олиб, қаёқдаги жиноятларни тиқиштирмоқчи эканларини ғўлдиради.
— Ўзингдан кетма! — унга овозини кўтарди капитан. — Далил бор, дейилди-ку.
Бамайлихотир бошлиқ энди найновга юзланди:
— Сеники Аброр, ёнингдаги гумаштанг исми эса — Одил.
Йигитлар бир сўз демаганча бошларини янада эгдилар. Ўткир нигоҳини Сарварга қадаган майор деди:
— Бундан роппа-роса беш кун аввал мўлжалларингдаги уйнинг тўртинчи қаватидаги хонадонга бостириб кириб, у жойда яшайдиган рус миллатига мансуб кекса чол-кампирни тўнагансанлар.
Ҳайратланган каби ролга кирган барзанги ундай жойга ўғирликка тушмаганларини таъкидлади.
— Буни қара-я, — унга синовчан тикилди майор. — Хўш, тафсилотни ўзинг айтасанми ёки?..
Ўғрибоши безрайганча “сир-бой” бермасликка интиларди:
— Қилган жиноятларимга иқрор бўлдим. Бошқаси менга тегишли эмаслиги учун ҳам энди ҳеч нарса айтмайман!
— Демак, гапиришни истамайсан, — йигитдан кўзларини узмасди бошлиқ. — Унда ўзим айтақоламан. Босқинчилик, ўғирликларинг учун алоҳида жавоб берасанлар.
Ўғрибоши далил-исботсиз айблов қўйиб бўлмаслигини яна ғўлдиради.
— Сенга исбот керакми? — ўзини босишга уринаётган майорнинг сабр косаси тўларкан, бақириб юборди. — Ҳозир аниқ далилларни бирма-бир эшитасан. Хуллас, беш кун аввал хонадонга осонгина бостириб киргач, бетоб ётган кекса чолнинг оғзига скоч ёпиштириб, кампирни қўрқитгансанлар. Ўғирланган пул ва молларингдан ташқари чолнинг ҳаётига зомин бўлганларингни билармидиларинг, қотиллар?
— Уларга кўп озор етказмаган эдик, — титраб кетди Сарвар. — Чиқиб кетаётиб унинг оғзини тезроқ бўшатишини аёлига тайинлаганман.
— Демак, босқинчиликни тан олдинг, — жаҳл билан деди бошлиқ. — Энди буёғини эшит! Ўша ожиза, кекса кампир эрининг ёнига кирганда у ўлиб бўлган экан.
Барзанги бошини чангаллади. Гумашталари ҳам анграйганча бир сўз демай ўтирардилар.
— Қариянинг оғзига скочни сен ёпиштиргансан, — алам билан гапида давом этди майор. — Астма касали билан оғриган чол бечора бирозгина чидаб ётибди-ю, бўғилган кўйи қийналганча жон таслим қилибди...
— Бу гапларни ўша лаънати кампир айтдими? Менга ўғирликдан бошқа айб қўя олмайсиз, командир. Ҳеч қандай скоч-пкочни билмайман, — таҳликадаги Сарвар бошқа йўлга ўтди. — Далилингиз йўқ!
Асабийлашган бошлиқ қотиллардан кўз узмаган кўйи у ёқ-бу ёққа қадам ташларкан, тафсилотни баён қила бошлади:
— Яна далил керак дегин, эшит унда! Афсуски, жабрдийда онахон сенларнинг пўписаларингдан қўрқиб, бизга ҳеч нимани айтмади. У кўзлари очиқ ҳолда жон таслим қилган жуфтини кўриб, қаттиқ қўрқувдан ўша заҳоти ҳушини йўқотган. Орадан бирқанча вақт ўтгандан сўнггина қия очиқ қолган эшикни кўргач, кўнгли ғашланиб кирган қўшни аёл воқеадан огоҳ бўлиб, милицияга хабар берган. Кампир зудлик билан касалхонага олиб кетилган.
Ўзини оқлаш илинжида тағин нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ўғрибошига жаҳлланган капитан гап қўшмай эшитишини буюрди.
— Чолнинг дафн маросими ўтиб, онахон бироз ўзига келганда уни сўроққа тутишга мажбур бўлдик, — гапида давом этди ўзини босишга уринган майор. — Жабрланувчи ётоқхона бурчагининг юқори қисмига ишора қилди-ю, бошқа бир сўз айтмади. Текширувга кўра, ўша девор юқорисидаги ҳаво алмаштиргич ичига усталик билан яширин кузатув камераси ўрнатилган экан. Қўшни аёлнинг айтишича, уни чол-кампир пенсия пулларидан мисқоллаб тўплаган жамғармаларига яқингинада сотиб олган эканлар. Ожиз қариялар сенлар каби текинтомоқларнинг босқинчилигидан ўзларича ҳимояланиш, кирган ўғри муҳрланиши учун базўр камера ўрнатишибди-ю, пасткашликларинг туфайли уларнинг бири барибир аянчли ўлим топибди. Хуллас, ўша ёзувлардаги юз тузилишларингга қараб, ким эканликларингни аниқладик.
Буни эшитган гуруҳ аъзолари бошларини тенгдан эгдилар. Уларга бу фожеа қандай таъсир этди, ҳеч ким англай олмади. Қайси бири ўзини ўйлаб, қилган кечирилмас қотилликлари жазоси ҳақида қайғурди, қайсиси чол-кампирнинг қисматида ўзини айблади, ёлғиз Аллоҳга аён эди.
Ғазабдан юзлари қизариб кетган майор ортиқ чидай олмаган кўйи буюрди:
— Буларни олиб чиқинг. Қотиллар суд залида қилган барча жиноятига яраша ўз жазосини олади!
Ходимлар босқинчиларнинг кишанли билакларидан тутганча хонадан олиб чиқдилар. Бошини “сарак-сарак” қилган капитан бошлиққа юзланиб деди:
— Демак, бу ўғрилар кечириб бўлмас жиноят — икки ўлим сабабкори ҳам эканлар-да.
— Шундай. Босқинчилик ортидан қотилликка ҳам сабабчи бўлган ўғрилар гуруҳи батамом барҳам топди!
ТАМОМ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев