КАСОС
N_2
Муаллиф.. Раъноҳон Асқарова
— Бошлиқ, менга аниқ айтинг, — деди бирдан йиғидан тўхтаган Жасур. — Зудлик билан қотилларни топа оласизми? “Икром” деди, ифлослар. Ўша ўғриларнинг бошлиғи бўлиши керак.
— Икром денг, — ўйчан бош силкиди бошлиқ. — Уларни албатта жиноят устида ушлаймиз!
— Бўлмаса, менга қўйиб беринг, — унга қатъият ила тикилди йигит. — Нима бўлсам бўларман, аммо ўзим топиб одам ўлдириш қандай бўлишини уларга кўрсатиб қўяман!
— Гапим қулоғингизда бўлсинки, бундай ўзбошимчаликни хаёлингиздан бутунлай чиқариб ташланг, — қатъий деди капитан. — Қотиллик устига қотиллик бўлишига йўл қўйиб бера олмаймиз!
Ҳамширага кўмаклашган ходим жабрдийдани мажбур ётқизди. Жасур унга илтижоли боққанча илтимосини рад этмаслигини ёлворди.
— Биз ҳозироқ қидирувни бошлаймиз! Сизга келсак, қачондир ёрдамингиз зарур бўлганда ўзимиз чақиртирамиз. Ҳозир эса ҳаётингизни хавф остига қўя олмаймиз.
Оғир энтикиб нафас олаётган йигитни кўриб қўрқиб кетган ҳамшира докторни чақирди. Хонага югуриб кирган шифокор милиция капитанига аҳволи оғир бемор бугун сўроққа жавоб бера олмаслигини билдирди. Жабрдийда йигитга ачиниб кетган бошлиқ яна келишларини таъкидлаганча хонани тарк этди. Шифокор бу пайтда Жасурга ёрдам кўрсатиш билан банд эди.
* * *
(орадан бироз вақт ўтди)
Жасурнинг хонадони.
Икки оғайни стол атрофида ўтирибдилар. Юзларга фотиҳа тортилгандан сўнг Мурод маъюс ўтирган Жасурга юзланганча ишга кетишдан аввал ундан хабар олиш учун кирганини айтиб, яна бир бор сабр тилади. Мижжаларида ёш айланган мезбон йигит орадан шунча кун ўтса ҳамки, барча дўстлар ундан кўнгил сўраб, кунда хабар олишаётганидан миннатдор эканини билдирди. Ўзи ўтган савдоларга ҳеч кўника олмаётгани, гўдаккинасининг мурғак жасади кўз қароғига муҳрланганини айтиб, ичи эзилди. Мурод унга энди бошқа илож йўқлиги, ўзини қўлга олмаса бутунлай ҳориб қолишини таъкидларкан, аёли Солиҳанинг аҳволи ҳақида сўради.
— Бироз ўзига келди дегунча ўғлимизни эслаб дод-фарёд кўтаради, — оғир хўрсинди Жасур. — Кейин эса айрилиққа дош беролмаган кўйи яна эсини йўқотади. Ҳозир вақтинча онасиникида, улар қарашяпти.
Солиҳанинг тез кунлар ичида соғайиб кетишини тилаган Мурод оғайнисига тасалли берди. Бундан йигитнинг кўнгли кўтариларкан, дўстларнинг ўрни шундай пайтда билинишини бошидан ўтказганини таъкидлаб, уларнинг борига шукрона келтирди, яхшиликларини асло унутмаслигини айтди.
— Энди ўзингни қўлга ол, ўртоқ, — деди унинг елкасига қўл ташлаган жўра. — Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Аллоҳим яна ширин-шакар фарзандлар беради, кўрасан.
Жасур маҳзун бош ирғади. Мурод ундан фотиҳа қилишини сўради. Мезбон яна бироз ёнида қолиб, бир пиёла чой ичиб кетишини ўтинди.
— Яқин кунларда Солиҳа соғайгач, — деди зўраки жилмайиб оғайни, — аввалгидек қўлидан ош еймиз.
Энди бормаса ишдан кечикиши мумкинлигини таъкидлаган йигит дуога қўл очди. Фотиҳа ўқилгач, дўстлар эшик томон одимладилар...
Ички ишлар бўлими.
Милиция ходими хонага бесўнақай, шеркелбат кимсани олиб кирди.
У ёқ-бу ёққа аланглаган Икром капитанга юзланаркан, “буйруғингизга биноан иккинчи бора яна келдик, бошлиқ”, деди киноя аралаш. Унинг гапларидан энсаси қотган ходим хизматчилик эканини билдирди. Паст келишни истамаган гуруҳбоши далилсиз бу ишлари билан уни “маънан эзаётганлари”дан нолиган бўлди. Ўзини босишга интилган капитан унга рўпарасидаги стулни кўрсатиб, ўтиришга буйруқ берди. Икром тасодифий чақирувга бу гал жўялироқ сабаб топа олганларини сўради. Эркакка синовчан боққан бошлиқ унинг ўғрилар гуруҳи сардори эканидан хабар топганларини билдирди.
— Нима-а, далил-исботсиз-а? — буни кутмаган гуруҳбоши довдираб қолди. — Ўғирлик устида кимнидир қўлга туширдингизми?
— Ҳозирча йўқ, аммо тез фурсатда албатта ушлаймиз!
— Мен оддий фуқаро бўлиб, — ўзини ночор кўрсатишга уринди кўнгли жойига тушган Икром айёрлик билан, — бир столчада сақич сингари майда-чуйда сотиб, тирикчилик қилсам. Оиламни ҳаром луқма билан боқишга хазар қиламан, командир.
— Гапни кўпайтирмай, қулоқ солинг! — унга тикилди милиция капитани. — Қайси зона сизга қарашли экани энди аён. Огоҳлантириш учун чақирдим. Яхшиликча ўғриларингиз билан биргаликда айбингизни тан олиб келсангиз, енгиллик берилади.
— Сизга ҳозиргина қилар ишимни тушунтирдимми, начальник? —“олдин мушт кўтариш”га ўрганган Икром яна ҳаволанди. — Ноҳақ айбловингиз учун шикоят қиламан.
— Нима қилсангиз-қилинг, — деди бошлиқ бепарво. — Унгача шу ерда бугунгидек кеккаймай, мушук каби ялтоқланиб ўтирмасангиз эди. Сизга ҳозирча рухсат.
Саросимага тушганини яширишга уринган ўғрилар бошлиғи бир сўз демай тезлик билан хонани тарк этди...
Жасурнинг хонадони.
Уйга қайтган Жасур деворга суялганча мунғайиб ўтирган Солиҳани кўрди-ю, юраги сиқилган кўйи унинг ёнига келиб, паришон сочларини силамоққа чоғланди. Бундан чўчиб кетган рафиқа бурчакка биқинганча қичқириб юборди:
— Сиз кимсиз, ўғрими? Пулнинг борини бераман, аммо боламга тегманг, уни ўлдирма-анг!
— Солиҳа, бу мен, эрингман, — андуҳ ичра аёлига термулган йигитнинг юраги эзилди. — Ғам-аламдан бағримни кўтаролмай қолдим-ку, мен ҳам. Фарзанд доғи ёмон экан. Куйдиряпти, ёқяпти иккимизниям. Эй Худо, нима қилай, йўл кўрсат! — кўзларидан ёш қуйилган эр рафиқасини бағрига босди. Қўрқув ичра унга “ола-кула” термулган Солиҳа “Жасур ака, сизмисиз?” дея сўради. Йигит маҳзун бош ирғади.
— Шунчалар қўрқяпманки, — деди шивирлаб жувон, — ҳадик мени адаи-тамом қиляпти. Улар ҳар гал бостириб кирган чоғ яна ҳушимдан айриляпман, шекилли.
Эр ожизаси юзларини силаркан, доктор айтганидек албатта ўзига келиши, ҳаммаси изга тушишини таъкидлаб, кўнглини кўтарган бўлди.
— Сиз йўғингизда улар уйга бостириб кираверади, кираверади. Болагинамни босқинчиларга бермаслик учун ўзимни ҳар ёққа уриб ҳолдан тойдим, Жасур ака. Ёнингизда бироз ухлаб олайин, — Солиҳа турмуш ўртоғи тиззасига бошини қўйганча беҳол гиламга чўзилди. — Йўқса улар яна келиб...
Кўзларини юмган аёл бир онда уйқуга кетди. Ҳалолига ич-ичидан ачиниб кетган йигит унинг сочларини силади. Сўнг бошини тиззасидан олиб аста ёстиққа қўйди. Эшик ёнига бориб кесакисига пешонасини тираган жабрдийда ота бирдан муштини тукканча алам билан уни ура бошлади.
— Шу ердан кириб бегуноҳ болагинамнинг оғзини ёпдингми? Шу эшикдан кўзимнинг оқу-қораси бўлган ўғлим ўлигини кўтариб чиқдиларми? Шу эшик, эшик!..
Жасур деворга суялганча сирғалиб ўтириб қолди. Унинг кўзларидан оққан шашқатор ёшлар юзларини ювди. Бир муддатдан сўнг ўрнидан турган йигитнинг лаблари беун шивирлади:
— Бизларни шу кўйга солган аблаҳлардан қасос оламан! — эр рафиқаси томон қаради. — Солиҳа, дилбандимизнинг бошига етган қотилларни топмасам эркак эмасман!
Шу алфозда ташқари томон шошган йигитнинг телефони тўсатдан жиринглади. Сақланган ном кўрган Жасур уни ҳаяжонда кўтарди. Ходим унга зудлик билан ички ишлар бўлимига келишини тайинлади. Ҳаяжон ичра айтилган манзилга бир зумда етиб келган йигит ичкарига салом бериб кирди. У бошлиқ кўрсатган стулга аста ўтираркан, умид ила қандай янгилик борлигини сўради.
— Нима десам экан?! — жабрдийдага тикилди милиция капитани. — Хонадонингизга уюштирилган босқинчилик ва қотиллик бўйича олиб борган суриштирувларимизга кўра ўғрилар зоналарни ўзларича бўлиб олганликларини аниқладик. Буни қарангки, сиз яшайдиган ҳудуд ўғриларининг бошлиғи ўша Икром деган шеркелбат нусха экан. Уни топиб, кеча бу жойга олиб келишди.
— Демак, қотиллар ушланди, шундайми? — йигит ҳаяжондан титрарди.
— Йўқ ҳали. Ҳозирча далилларсиз пихини ёрган Икромнинг бўйнига айбловни қўя олмаймиз, аммо калаванинг учи қўлимизда. Гуруҳбоши таъқиб остида ва қисқа фурсатда босқинчилари билан биргаликда қўлга тушади!
Жасур чуқур “уф” тортаркан, сабри чидамаганча хаёлан деди:
“— Менга ўғлимнинг қотилларини қамоқда кўришим эмас, улардан интиқом олишим муҳим!”
Капитан ерга боққан кўйи жим қотган йигитга уларни албатта топишларини айтиб, ваъда берди. Қотилларнинг гавда тузилиши-ю, овозини эслаб қолганини ходимга қайта эслатган жабрдийда ота милицияга кўмаги тегиб қолиши мумкинлигини таъкидлади. Бошлиқ унга бироз сабр қилишини уқтирди.
Кўча.
Беҳзод исмли йигит Жасурга юзланаркан, нега йўқлагани, унга қандай хизмат борлигини сўради.
— Сенинг ҳар соҳада, турфа тоифадан танишларинг жуда кўп, — унга тикилди йигит. — Хуллас, мени ўғрилар гуруҳига қўшиб қўйишингни сўраб келдим.
— Нималар дея алжираяпсан, ўзи? — ҳайрон елка қисди оғайни. — Қанақа ўғриларга қўшилмоқчисан, сен бола? Ундайлар билан ишим йўқлигини билатуриб мени хафа қиляпсан, лекин-чи.
Жасур бошини “инкор” маъносида чайқаркан, сира бундай ўйламаслиги, хафа бўлишига ҳожат йўқ эканини таъкидлади.
— Демак, қасос олмоқчисан, — жўрага синовчан боқди Беҳзод. — Бу йўлингдан қайт-да, пайнетингдаги ишингни давом эттир. Сенга ҳалолликдан бошқаси ярашмайди. Топишинг ҳам бинойидек.
Оғир тин олган Жасур бош ирғаган кўйи Икром деган гуруҳбошига негадир “ихлос” қилганини айтиб, ўша билан таништириб қўйишини оғайнидан илтимос қилди.
— Унда майли, — деди бир он жим қотган йигит ноилож. — Ўзинг хитлангандек, сенлар яшайдиган ҳудудларинг ўғрибошиси Икром — яқин танишим. Айтаман, сени ўзига олади, аммо бу йўлга кириш бор-у, чиқиш йўқлигини билиб олганинг яхши эди.
— Мен шундоқ ҳам бир луқма ҳаром емайман, хотиржам бўл, ошна. Боламнинг қотилларини топиб, улар билан ҳисобимни қиламан-у, ўз дунёимга қайтаман.
Беҳзод”тасдиқ” маъносида бошини қимирлатди.
— Ҳатто, боя сен айтган севимли ишим бўлган пайнетни ҳам ташламайман, — йигит гапида давом этди. — Хонадоним кредитини тўлаб, оиламни боқиш учун ҳалол пул керак, ахир.
— Мен гуруҳ бошлиғи билан гаплашаман, — деди оғайни. — “Чапдаст, уддабурон, энг асосийси, ишончли йигит”, дея мақтайман. Агар олишга кўнса сен билан боғланаман. Кейин ҳузурига борасан-да, ўзларинг бафуржа гаплашиб оласанлар.
Севиниб кетган Жасур Беҳзоднинг узатган қўлини маҳкам қисганча қилган яхшилиги учун миннатдорчилик билдираркан, буни ҳеч ким, айниқса дўстлари пайқаб қолмаслигини илтимос қилди.
— Албатта, бу нарсани айтиб бўлмайди. Оғайнилар кўнглидан қолиб кетишдан ёмони бор эканми?!
Таниши билан хайрлашиб, ортига қайтаётган қасоскорнинг лаблари алам билан пичирлади:
— Энди мени кут, найнов ва барзанги!
* * * (тун)
Завод директори офиси.
Юзига ниқоб, қўлларига қўлқоп, танасига эса ёпишган қоп-қора кийим кийган икки йигит каттакон завод қоровулини усталик билан доғда қолдириб, директор офиси жойлашган коридорга ўғринча кирарканлар, йўлда учраган кузатув камераларидан паналанган кўйи олдинга босдилар. Улар ўзларига берилган калитда бироз қийинчилик билан белгиланган эшикни очдилар-да, ичкаридан яна қулфлаганча хонага аста “юриш” қилдилар. Ҳашамат акс этиб турган нимқоронғи кенг офис қимматбаҳо мебеллар, биллур қандиллар, антиқа дарпардалар билан жиҳозланган. Уларнинг ҳеч бирига назар ташлаб ҳам қўймаган ўғрилар суриладиган мебель ортига яширилган бошлиқнинг шахсий сейфини топиб, уни очишга киришдилар. Қанча уринишмасин, мослама очилай демасди.
Бир маҳалда коридордан оёқ товуши эшитилди. Бундан чўчиган йигитлар чаққонлик билан парда ортига яшириндилар. Бирининг оёғи ўша жойдаги нимадирга урилди-ю, тириқлаб кетган сасдан ташқаридаги овоз бирдан тинди. Бундан баттар таҳликага тушган ўғрилар жим қотдилар. Бир муддат вақт ўтгач яна эшитилган оёқ товуши офис томон яқинлаша бошлади ва шарпанинг эшикни сурган овози келди. Саросимадаги шериклар сергакликни ошираркан, нафас олмай турдилар, гўё. Эшик ёпиқлигига ишонч ҳосил қилган шарпа аста узоқлашиб кета бошлади. Садо тингандан кейингина йигитлар чуқур нафас олганча беркинган жойларидан чиқиб, ишларида давом этдилар. Улар яна анча урингач, ахийри бирдан сейф очилди. Бундан хурсанд бўлган “чақирилмаган меҳмонлар” унинг ичидаги уч пачка доллор ҳамда қандайдир ҳужжатларни шошганча сумкага жойладилар-да, қайта қулфлагач, хонани аста тарк этдилар.
Эҳтиёткорлик билан баланд девордан ошиб тушган йигитлар уларни панада кутиб турган “Нексия”га “лип” этиб чиқдилар. Авто бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Манзилга етгач машинадан тушган босқинчилар димиқтириб юборган ниқоб ва қўлқопларини ечиб олдилар. Улар одамлар кўзидан панада жойлашган, қурилиши якунига етмай қолиб кетган бинонинг ертўласига шошганча тушдилар. Ўртада бир қўпол стол, унинг юқори томонида эскирган бошлиқ креслоси ва икки ёнида тўрт-беш чоғли алмисоқдан қолган стуллардан бошқа ҳеч вақо бўлмаган кўримсиз хонада йигитларни гуруҳбоши Икром ва бир соқчи кутиб олди.
Қора сумкадаги пул ва ҳужжатларни стол устига ташлаган кўйи кўзи яшнаган гуруҳбоши кийимларини қийинчилик билан ечаётган ўғриларнинг елкасига қоқаркан:
— Молодцы мужики! — деди тамшаниб. — Ишни беш қилибсанлар-ку. Жасур, сени синовга қўйиб, қандай ишлашингни билиш учун бугуноқ топшириқ бергандим. Тезда ишончимга кирдинг, бола.
Қаққайиб турган соқчи йигит пулларга иштиёқ билан термулди. Тор кийимдан халос бўлган янги “ўғри” мақтов учун миннатдорлигини билдирди. Бир пачкадаги пулни кафтига урган Икром тиржайган кўйи ушбу қийин вазифани эплай олишларидан ҳадиксираган эканини айтиб, йигитларга қойил қолди.
— Энди сизнинг соянгизда шуни ҳам уддалай олмасак уят бўлар, — гапга қўшилди Шаҳриёр. — Ўша заводда ишлайдиган Толибдан ҳаммасини билиб олган сизсиз, аслида.
Бош ирғаган гуруҳбоши ақли етмаган қоғозларни нари-бери қилиб ўзича кўрган бўлди-ю, яна сумкага жойлади.
— Ўша воситачининг айтиши бўйича бу ҳужжатлар жуда муҳим бўлиб, манабу доллорлардан ҳам керакли эмиш, — энсаси қотган Икром хиринглади. — Биз учун бир тийинга қиммат бу қоғозларни устакор Толибнинг қўли билан порахўр директорнинг ўзига мўмайгинага пуллаймиз, ҳали.
Севинганидан оғзининг таноби қочган гуруҳбоши хандон отди. Қолганлар ҳам унга қўшилиб хиринглаб қўйдилар.
— “Операция” пайтида бизни кимдир ёмон қўрқитди-да, лекин, — гап ташлади Шаҳриёр. — Бир пайт келиб эшикни суриб кўрса бўладими. Яхшиям, шеригим миясига ичидан қулфлаш фикри кепқолган эди.
— Қоровул бўлиши керак, — деди Жасур. — У ҳам вазифасини бажариб юрган-да. Худо ёрлақаб, ҳарҳолда қутулиб қолдик.
— Агар киргандаям бор-у, қўлга илинган нарса билан миясининг қатиғини чиқариб, асфаласофилинга равона қилардик, — тиржайди ҳамроҳ. — Худо уни асради, аслида.
— Шукур қилишни билмас экансан, ука, — эътироз билдирди иймонли йигит. — Мен қўлга тушиб қолган тақдиримда ҳам ҳеч қачон одам ўлдирмайман. Жонини оғритиб яраламайман, ҳатто.
Икром жиддий оҳангда Жасурнинг тўғри гапираётганини таъкидларкан, унинг анчайин ақлли бола чиқиб қолганидан қувонди. Янги “шогирд” елкасига қоқиб қўйган хўжайин энди Шахриёрга юзланди:
— Пул ўмариш учун одам ўлдириш яхшиликка олиб келмайди. Мақсадимиз ўғирликми, шунигина силлиққина уддалаганимиз етади, бизга. Қачонки, у ёққа тушиб қолсанг ҳам айб битта ва бироз енгилроқ бўлади, аҳмоқ бола.
Жасур бошлиққа зимдан қараркан, хаёлан деди:
“— Ўғрилар қироли бўлган шеркелбат Икром ушбу фалсафаси билан юракни “жиз” эттиради, чоғи”.
Одам ўлдиришни ҳеч қачон хаёлига келтирмаслигини айтган Шаҳриёр ҳазил тариқасида кулишиб қўйганини таъкидлади. Йигитларни ўтиришга чорлаган гуруҳбоши янада жиддий қиёфага кирди.
— Боллар, ҳозир улушларингни олгандан сўнг бу ердан ҳамма тездан даф бўлади. Негаки, кимдир ис олган бўлса хону-монумиз куяди, лекин.
Икки йигит Икромнинг рўпарасига ўтирди.
— Бу жойда йигирма беш минг экан, — деди пулларни қўлида ўйнатган ўғрилар бошлиғи. — Беш мингини икковинг бўлиб оласанлар. Қолгани тақсимланади. Юқорида ҳам улуш олиб турадиган паноҳ акахонлар бор, яхши биласанлар.
— Офис эшигини очиш учун бир нима қилиб бўлсаям калит тайёрлаб бергани, сейфи қаерда жойлашганини тушунтириб, йўл кўрсатгани учун Толиб ҳам тузуккина соққа сўрашини биз ҳам биламиз, хўжайин, — деди Шаҳриёр. — Ҳижолат тортманг.
— Ҳа, ўлма! — кўнгли кўтарилган гуруҳбоши илжайди. — Мени биладиганлар ҳам бор экан-ку. Завод директори уйидан ошган ортиқча пулларинигина офиси сейфига қўйишини шу уддабурон Толиб билиб бермаганида биз қаердан буларга эга бўлардик.
Шу тариқа улушлар тақсимлангач, машина икки йигитни ранг-баранг чироқлар ёритиб турган шаҳар марказидаги йўл четида қолдириб кетди. Шериклар ҳеч нима бўлмагандек пиёдалар йўлагига ўтдилар.
— Ака, бугун хўжайинни мўмай даромад билан янада бойитганимиз учун у биздан беҳад миннатдор бўлди, — гап бошлади Шаҳриёр. — Аслида, унинг жаҳлдорлигидан ёнига йўлолмас эдилар.
Ўйчан бораётган Жасур бошини “тасдиқ” маъносида бош силкиркан, деди:
— Ука, алам ўтида бу йўлга кириб қолиб бекор қилдимми, дейман-да. Ўша қотилларнинг қилмиши туфайли болам ўлмаганида эди, мен ҳаётда ўғирлик сари қадам босмаган бўлар эдим.
— Ҳа-а, кеча бизни шерик қилишган пайтда танишганимиздаёқ софдиллик билан бошингиздан кечирганларингизни сўзлаган эдингиз. Қасд олиш мақсадидагина бу йўлга кирганингиз сабабини менга ишониб айтганингиздан кейин қилаётганим ишимга бўлган нафратим баттар кучайди.
— Қандай инсон эканингни бир кўришдаёқ фаҳмлаганман. Шунинг учун ҳам ёрилгандим. Сендан сўрашни эса мавриди бўлмади. Хўш ўзинг-чи, бу қора дунёда нечун кезяпсан, укам?
— Мен бахт нелигини билмай ўсдим, — оғир хўрсинган Шаҳриёр ҳикоясини бошлади. — Бир ишнинг бошини тутмаган отам ҳар куни уйга маст ҳолда келиб, бегуноҳ волидамни тинимсиз калтаклар эди. Оқибат, тузалмас дардга чалинган онам шўрлик вафот этганини кўтаролмай ғам-аламдан жуда қийналдим.
— Наҳотки, вафот этганмилар? — сўради унга ачинган Жасур.
Кўзлари ёшланган йигит бошини “тасдиқ” маъносида қимирлатди.
— Баттарроқ ваҳшийлашиб бораётган отам пул талаб қилиб, энди мени калтаклашга ўтган эди. Уйни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Кўчада тентирай-тентирай, йўқчиликдан шу йўлга кириб қолганман, ака.
Раҳми келиб кетган йигит шериги елкасига қўлини ташларкан, афсус билан деди:
— Сенинг аҳволинг ҳам меникидан кам эмас экан. Хўш, бу пулни энди нимага сарфламоқчисан?
Чўнтагини пайпаслаб қўйган Шаҳриёр оғир тин олди.
— Менинг биргина опам бор. Ўтган йили ишлаш учун кетган поччамнинг Россиядан ўлиги келган. Опам бечора икки фарзанди билан ёлғиз қолди. Ҳозирда уларга ҳамроҳ бўлиб, бирга турибман, — чуқур “уф” тортди йигит. — Энг ёмони, “ишлаб топдим” дея опамни алдаб, пулларни ҳаражатлар учун сарфлаб келяпман. Ҳалол оила олдида алдоқчи ҳам эканим юрагимни эзади.
— Аллоҳ ўзи кечирсин, ука. Балки бояги директор сингари одамларни қақшатаётган порахўр, қаллоб, оғуфуруш каби кимсаларнинг топган ҳаром пули оддий халқники ҳисобланиб, Яратганнинг ўзи ҳалол қилса ажабмас.
Бу гапдан кейин кўнгли ёришган Шаҳриёр деди:
— Илоҳим, айтганингиз келсин. Ўзингиз-чи, ўзингиз нима қиласиз?
— Менинг ишлаб топган ҳалол пулим оиламга етарди. Биз жуда бахтиёр эдик, — Жасурнинг мижжаларида ёш айланди. — Буларнинг мисқолини ҳам рўзғоримга ишлатмайман. Аллоҳдан ҳалол қилишини сўраб илтижо қиламан-да, бева-бечораларга тарқатаман.
Бу гапдан Шаҳриёрнинг кўнгли бузиларкан, иккилари ҳам тез фурсатда ушбу чиркин йўлдан бирга чиқиб кетишларини таъкидлади. У қотил-ўғриларни тезроқ топа олишганида улардан бирликда қасд олгач, ўғирлик ботқоғини бутунлай тарк этишларига умид боғлади.
— Тўғри айтасан, — бошини қимирлатди ака. — Қотиллар шу гуруҳдан эканлиги аниқ.
— У номардларни осонлик билан топа олишингизга кўзим етмайди-ёв. Чунки, бошлиқ ўғриларни бир-бирига кўпам рўпара қилмайди.
— Ҳа-а, — деди оғир тин олган Жасур, — аммо ишонаманки, гуруҳнинг ичига чуқур кириб бўлсаям тез кунда уларни топаман!
— Ниятингизга етинг, Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлади, — далда берди Шаҳриёр. — Ака, энди ҳеч ким хитланмас, такси тўхтатсам ҳам бўлар а?
— Майли, мен эса метрода кета қоламан.
Кўнгиллари кўтарилган йигитлар қўл бериб хайрлашдилар.
Давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев