Кўзни очиб юмгунча бари,
Ўткинчидир, ҳаммаси рўё.
Нураб борса ҳамки ер шари,
Номардларга қолмасин дунё!
Учраса гар ҳаёт йўлимда,
Нокасларга нафрат кўнглимда.
Тушларимда, кўзу ўнгимда,
Номардларга қолмасин дунё!
Қалбин кўзин очолмай ётган,
Разолатнинг домига ботган,
Ватанини ёвларга сотган,
Номардларга қолмасин дунё!
Қадаса ҳам ишқ кўксига ўқ,
Тошбағирни эритолмас чўғ,
Юрагида бирор дарди йўқ,
Номардларга қолмасин дунё!
Отасининг ғамин ютмаган,
Онасига жонин тутмаган.
Меҳр синовидан ўтмаган,
Номардларга қолмасин дунё!
Хаё бўлгач юзлардан жудо,
Кўзлар боқар атрофга бежо,
Ўзинг асра, эй қодир худо,
Номардларга қолмасин дунё!
Эр йўқотса номусин, орин,
Хорлар этар ватанин, ёрин.
Ҳаволарга совурар борин ~
Номардларга қолмасин дунё!
Кўксим узра отилар нидо,
Яратганга қилсам илтижо,
Дуо айланг эй, яхши инсон:
Номардларга қолмасин дунё!!!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев