Кўкрак тўла орзую ташвиш
Пайкалда ҳам ҳосилимиз мўл.
Яшаяпмиз бизлар ёзу қиш
Юмушлардан бўшамайди қўл.
Ношукрман нолисам, бироқ,
Ҳеч кимсадан камим йўқ ахир,
Фақат сени соғиниб гоҳ-гоҳ
Йиғлаб мени қон қилар кампир.
Тушунолмай қолдим қандайдир
Тошмеҳрроқ чиқдинг ўзинг ҳам.
Бизни эслаб ҳар замонда бир
Хат ёзиб ҳам қўймайсан, бўтам...
Шаҳар ёқдан ким келса, бари
Тўтидек бир сўзни қайтарар:
Кўришмадик, ўғлингиз балки
Келиб қолар, дейди занғарлар.
Яхши бўлди келганинг аммо
Зап вақтида келдинг бу сафар,
Маҳаллада ялла авжида,
Айни тўйлар бошланган маҳал.
Мана кеча, оти нимайди
Салтанатнинг кенжа қизини.
Эсим қурсин, ёдда турмайди,
Бор эдию сочи узуни —
Биз куёвга узатдик шуни...
Тўйи тўкин ўтдию, лекин
Куёвига қизгина тушкур
Кўнгилсизроқ эканми, қайдам,
Кўп йиғлади, деб келди кампир.
Ким билади, балки шундайдир,
Янглишгандир балки кампирим,
Бари келин йиғлайди, ахир,
Йиғламасдан эрга теккан ким?
Бу гапларни қўя турай, кел,
Бўталоғим, ўзингдан гапир.
Зилзилалар унут бўлиб, эл,
Шаҳар энди тинчиб қолгандир?
...Меҳр тўла нигоҳи билан,
Бобом мендан жим кутар жавоб.
Билса экан, тушунса экан,
Невараси не кўйда шу тоб!
Билмайди, эҳ бобом билмайди,
Мен, мен, ахир севардим уни!
Салтанатнинг оти нимайди,
Ўша сочи узун қизини...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8