Бурунги оналар
Кенжа қизи Гулхумор қўнғироқ қилди, сўнг салом-аликсиз йиғламсираган овозда гап бошлади
—Қайнонам кун бермаяпди. Ҳамма гапида заҳар бор, чақиб оляпди. Кеча қолган овқатни музлаткичга жойлаш эсимдан чиққан экан, шунга эрталабдан бўкириб кетди. Гапириб-гапириб, бир тонна иш буюриб, ўзи бозорга кетворди. Қизи энди баралла йиғлай бошлади.
Салтанат уни бироз тинглаган бўлди, кейин
—Бўлдингми?-деди.
—Нима, бирор ёққа шошяпсизми?-сўради қизи ҳиқиллаб.
—Ҳа, чинданам шошяпман, деб гап бошлади онаси. Ўзинг қиз бола пайтинг ҳам ғирт шалтоқ эдинг. Пешингача ухлаб, эрталабки чой билан тушликни битта қилардинг. Шунча гапирсам ҳам идиш-товоқларни ювмасдинг. Ман қайнонангни ўрнида бўлганимда бунақа ивирсиқ келинни бир кун ҳам уйда ушлаб қолмасдим, бир тепиб уйдан хайдаб чиқарардим. Баттар бўл! Уйга қайтиб келишни хаёлингга келтирма! Энди менга қўнғироқ қилма, амманг йиғин қиляпди, кетяпман. Кайфиятимни бузма!
Салтанат гўшакни қўйганда қалтираётган эди. Қизини олгунча остонасига ётиб олган қудасини ёмон кўриб кетди. Ҳозир ҳам оғироёқ қизига раҳми келди, бориб қарашиб юборишни хоҳлади, аммо ночор эди.
Ҳеч кимга билдирмай дори қутидан икки дона валерианка олди...
Шом ораси қизи яна қўнғироқ қилди.
Юраги тўкилиб гўшакни олди.
—Ҳа, болам?!
—Яхши бориб келдингизми? Ажаб, қизининг овозида шодумонлик бор эди.
—Ойижон манга зўр кўйлак олиб келибдилар. Ўзлари келиб ҳамма ишимга қарашиб юбордилар. Икра ёпдик... Ҳозир ўйлаб кўрсам, улар сиздан минг марта яхши эканлар. Озиб-ёзиб бир дардимни айтсам, шуниям эшитмай аммамникига кетвордиз-а?
Салтанатнинг юзига майин шамол келиб урилгандек бўлди.
"Хайрият!"-деди ичида. Сиртида эса яна ясама дўқ урди.
—Ўша қайнонанг билан ёпишиб қол, билдингми? Сенга она керакмас ўзи...
Феруза Салходжаева
П/С: Азизлар, ҳозирги оналар қандай? Жавобларингизни изоҳларда кутаман.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1