Зўр қилгин, зўрга зор бўлмасин,
Йўқликдан ризқи тор бўлмасин...
Олар ҳам берар ҳам ўзингсан,
Аллоҳим эркак ҳор бўлмасин.
Дардлари томоққа тиқилиб,
Юрмасин юраги сиқилиб...
Синовда синмасин йиқилиб,
Дунёда эркак ҳор бўлмасин.
Яқини тошини отса ҳам,
Дўстлари дўстим деб сотса ҳам.
Ҳиёнат аччиғин тотса ҳам,
Ҳеч қачон эркак ҳор бўлмасин.
Бошига тушганда ташвишлар,
Кетаркан юз буриб танишлар...
Ҳаётда бўлмайди не ишлар,
Аллоҳим эркак ҳор бўлмасин.
Беришиб қурт босган олмасин,
Сўнг тилло деб юзга солмасин...
Бировга ҳеч куни қолмасин,
Ҳеч қачон эркак ҳор бўлмасин.
Оилам деб жонин кул қилар,
Шер ўлса суюнар тулкилар.
Душманга бўлмасин кулгулар,
Ҳеч қачон эркак ҳор бўлмасин.
Рўзғор дер юрса ҳам қаёқда,
Гоҳ уйда, гоҳ уйдан узоқда...
Худойим қолдирма тузоқда,
Ҳеч қачон эркак ҳор бўлмасин.
Сир қолар минг жабр жонида,
Асрагин адашган онида...
Шайтон бор қонида, ёнида,
Дунёда эркак ҳор бўлмасин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев