Савол. Ўғил болага Муҳаммад деб исм қўйса бўладими? Болага оғир бўлади, деган гап юради. Шу тўғрими?
Жавоб. Албатта, инсон ўз фарзандига чиройли исм қўйиши ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчларидан биридир. Фарзандлар келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак, унинг ўзидан ҳам, исмидан ҳам яхшилик келиб турмоғи, яъни, унинг исмидан унинг яхши одам эканлиги билиниб турмоғи лозим. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай буюрганлар:
تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَ أَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَائَكُمْ
“Қиёмат кунида ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақиралисизлар. Шунинг учун исмларингизни чиройли қўйингиз!” (Абу Довуд, 4/4950; Доримий, 2/2750; Байҳақий, 9/19091; Аҳмад, 5/21739).
Муҳаммад каби исмлар болага оғирлик қилади, деган гап асло тўғри эмас. Ахир, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган – “раҳматан лил-оламин” бўлган Зотнинг исми ҳам оғир бўладими, номуборак бўладими?! Чунки, бу исм муборак ва баракотли исмдир. Ушбу исм ҳурматига уйда, оилада баракот бўлиши, ўша исмли йигит ана шу исми сабабидан баракотларга кўмилиб яшаши аниқ. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи бундай деган эканлар:
سَمِعْت أَهْلَ الْمَدِينَةِ يَقُولُونَ مَا مِنْ أَهْلِ بَيْتٍ فِيهِمْ اسْمُ مُحَمَّدٍ إلَّا رُزِقُوا رِزْقَ خَيْرٍ
“Мен Мадина аҳлидан: “Қайси хонадонда Муҳаммад исми қўйилган бўлса, ўша хонадон хайрли ризқлар билан ризқланади”, дейишганини эшитганман” (“Туҳфат ал-муҳтож”, 41/194; “Ҳавоший аш-Ширвоний”, 9/373; “Муғний ал-муҳтож”, 18/160; “ал-Фуруъ ли-Ибн Муфлиҳ”, 6/183” “ал-Фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳу”, 4/290).
Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзлари мазкур исмни фарзандларга қўйишни тавсия қилганлар. “Саҳиҳи Бухорий”нинг учта жойида келган саҳиҳ ҳадисда: سَمُّوا بِاسْمِي وَلَا تَكَنَّوْا بِكُنْيَتِي – “Менинг исмим билан (Муҳаммад деб) номланглар, куниям билан (Абулқосим деб) номламанглар!”, дейилган (Бухорий, 3/2120; 4/3114-3115).
“Муснад ал-Ҳорис” ва “Мўъжам ат-Табароний”да келтирилган ривоятга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳатто бундай деганлар:
مَنْ وُلِدَ لَهُ ثَلَاثَةُ أَوْلَادٍ فَلَمْ يُسَمِّ أَحَدَهُمْ مُحَمَّدًا فَقَدْ جَهِلَ
“Кимнинг уч нафар фарзанди бўла туриб, улардан бирини Муҳаммад деб номламаган бўлса, у нодон экан!” (“Муснад ал-Ҳорис”, 2/802; “Мўъжам ат-Табароний”, 11/11077).
Муҳаммад деб қўйилган айрим исмли болаларнинг ёшлигида касал бўлиб қолганлигидан бу исмни оғир деб ўйлашади. Асл ақл билан ўйлаб кўрилса, бундай қараш нотўғрилиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Чунки, дунёда Муҳаммад деган қанча-қанча одамлар бор, мусулмонлар бор. Ҳаммаси ҳам касал бўлиб қолаётганлари йўқ. Европада, ҳатто Америкада ҳам энг кўп қўйилган номлар рўйхатида Муҳаммад деган исм туради. Уларнинг ҳаммасига ҳам Муҳаммад исми оғирлик қилаётгани йўқ!
Тарихда қанчадан-қанча Муҳаммад исми билан танилган буюк олимлар, алломалар яшаб ўтганлар. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имоми Аъзамнинг буюк шогирди Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний, ҳатто Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз кабиларнинг асли исмлари Муҳаммаддир.
Ўзининг ҳам, отасининг ҳам исми Муҳаммад бўлган зотлар ҳам бўлишган. Улар қаторида, Абу Мансур Мотуридий, Насируддин Тусий, Садрул Ислом Паздавий, Хожа Муҳаммад Порсо каби олимларнинг ўзларининг исмлари ҳам, оталарининг исмлари ҳам Муҳаммад бўлган.
Ўзининг ҳам, отасининг ҳам, ҳатто бобосининг ҳам исми Муҳаммад бўлган зотлар ҳам бўлишган. Улар қаторида, Имом Ғаззолий, Фахриддин Розий, Шамсиддин Жазарий, Разийуддин Сарахсий, Бурҳониддин Насафий каби олимларнинг ўзларининг ҳам, оталарининг ҳам, ҳатто боболарининг ҳам исмлари Муҳаммад бўлган.
Ислом дини тарихида севимли пайғамбаримиз, ҳабибимиз, севганимиз Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини ўзларига шараф деб билган мусулмонлардан бир оила сулоласи ўн тўрт аждод-авлод силсиласини Муҳаммад деб номлаганлар. Сулола аждодлари тунислик бўлишган. Сулоланинг ўрта вакиллари Қоҳирада яшашган. Сулоланинг охирги вакиллари эса Мадинада ҳаёт кечирган. Мазкур баракотли авлоднинг энг сўнги вакили Мадинаи мунавварада 734 ҳ./1333 м. йилда вафот этган шоирдир. Унинг тўлиқ исми шарифини, мукаммал силсиласини ўқиб кўринг:
Абул Баракот Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммаддир.
Яъни, роппа-роса ўн тўрт аждод-авлод силсиласи Муҳаммад деб номланган.
Аасрлар давомида ана шундай табаррук номлар ислом оламини ва мусулмон дунёсини безаб келмоқда. Демак, Муҳаммад исмини қўйиш мусулмонларнинг диний анъаналаридан, миллий қадриятларидан биридир.
“Шарҳ Ширъат ал-ислом” китобида агар бирор киши ўзининг ҳомиладор хотинининг қорнига қўлини қўйиб, “Бисмиллоҳ, ал-Аҳад ас-Сомад, аллазий лам йалид ва лам йулад! Ё, Аллоҳ! Бу қориндаги боланинг отини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исми билан номладим” деса, албатта, ўғил фарзанд дунёга келади, дейилган (Саййид Ализода. Шарҳ Ширъат ал-ислом. – Истанбул: Усмония, 1899. – Б. 449).
Агар инсон ўз ўғлига Муҳаммад деб исм қўйган бўлса, севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурматидан уни урмаслик, унга қўполлик қилмаслик, уни ҳақорат этмаслик тавсия қилинган. Шунинг учун, “Ширъат ал-ислом”да бундай дейилган:
وَ إِذَا سُمِّىَ الْوَلَدُ بِأَسْمَاءِ الْأَنْبِيَاءِ وَ الْمَلَائِكَةِ لَمْ يَجُزْ أَنْ يَلْعَنَهُ أَوْ يُشْتِمَهُ أَوْ يُصَغِّرَهُ
“Агар болани пайғамбарлар ва фаришталарнинг исми билан номланса, уни лаънатлаш, уни сўкиш ёки кичиктирма (қисқартма) ном билан аташ жоиз бўлмайди” (Саййид Ализода. Шарҳ Ширъат ал-ислом. – Истанбул: Усмония, 1899. – Б. 458).
Демак, Муҳаммадни “Мат”, “Маммат”, “Момми”, “Маҳмадона”, “Маҳмад” кабилар билан атаб ва чақириб бўлмайди.
Муҳаммад исми ҳурмат қилиниши, унга эҳтиром билан муомалада бўлиниши керак. Чунки, бу борада битта ҳадиси шариф ҳам ривоят қилинган. Уни ровийлар сабабидан заиф дейилган бўлса-да, лекин уммати муҳаммадия унга амал қилиб келишган:
إذا سَمَّيْتُمُ الوَلَدَ مُحمَّداً فأكْرِمُوهُ وأوْسِعُوا لَهُ في المَجْلِسِ ولا تُقَبِّحُوا لَهُ وَجْهاً
“Агар болага Муҳаммад деб ном қўйсангиз, уни икром қилинг, унга мажлисларда кенглик қилинг, унинг юзига қабиҳлик қилманг!” (“ал-Жомеъ ас-сағир”, 1/706; “ал-Фатҳ ал-кабир”, 1/1172; “Канз ал-уммол”, 26/45198; “Файз ал-Қадир”, 1/705).
Муҳаддислардан Баззор раҳимаҳуллоҳ ривоятидаги ҳадисда эса бундай дейилади:
إِذَا سَمَّيْتُمْ مُحَمَّدًا فَلا تَضْرِبُوهُ وَلاَ تَحْرِمُوهُ
“Агар Муҳаммад деб от қўядиган бўлсангиз, уни урманглар ва уни маҳрум этманглар!” (Баззор, 2/3883).
Бир неча манбаларда келишича, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Язид деган кишини биров лаънатлаб урушаётганини эшитиб қолиб, “Сени Расулуллоҳ сўкканмидилар?! Уни Муҳаммад деб чақирма”, деганлар. Кейин эса бутун Кўфа аҳлига “Муҳаммад деб исм қўядиган бўлсангиз, ушбу исмни эҳтиром қилинг!”, деб мактуб йўллаган эканлар.
Хулласи калом, муборак ва баракотли исм бўлмиш Муҳаммад исмини фарзандларга қўйишимиз, ушбу исмни оммалаштириб, кенг ишлатилишини йўлга қўйишимиз даркор. Муҳаммад – бизнинг кўзимиз нури ва қалбимиз суруридир!
Ҳамидуллоҳ Беруний.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев