Туғилганимиздан бери
нечанчиси бу? Эсимизни таниганимиздан
бери-чи? Янги йилни байрам сифатида
тушунганимиздан кейин-чи? Хуллас, 2013
эшик қоқиб келди. 2012-йилга у 365
кунни қувиб етди. Ундан сўнг яна янги
йил старт олади...Янги Йил - янги
тақдирлар, янги воқеалар, янги синовлар
демак. 2013 – янги рақамлар, янги
бойлар, янги бизнеслар, янги яна
нималардир... Дунё тамаддунини 2013-
йил қанчалар ўзгартира оларкин?
Қайсидир нуқталардаги урушларга
барҳам бериб, янги тинчлик шукуҳини
улашишига умид берармикан?
Қизиқ, янги йил ўзига жо қилган
рақамлар ўша-ўша: 365. Оғизда айтиш
осон. Уларни кечиб ўтиш-чи? Ҳар бир
куннинг ўз қувончу ташвишлари бор.
Соатлар, дақиқалар, лаҳзалар
даражасидаги ботиний ва зоҳирий, ички
ва ташқи дунё ўзгаришларини
айтмайсизми? Айтолмайсиз. Фолбин
эмассиз. Ҳаммаси сирли. Биз фақат
битилганига гувоҳ бўламиз. Йил
фасллари умр фаслллари билан
уйғунлашиб боради. Эски йилу Янгиси –
ўзига керагини олади...Юзингизга ҳеч
бўлмаса, битта ажин тушибдими, демак,
бир йилнинг изи, умрингиз ҳисобидан
365 кун кетди.... Яхшилаб
термуламиз. ...Олти, етти, саккиз...Бундан
365 кунлардан қанчасини йўқотибмиз.
Ҳар 31-декабр тугашида Янги туюлиб,
кейинги яна шу онларда эскига айланиб,
қадрин йўқотган йил... Янги эски
таърифига ўрин бўшатади. Худди,
туғилиш ва ўлим цикли каби...
Янги йил удумларга бой. Арча безатамиз,
Қорбобо ва Қорқиз ташрифига хаёлан
ишонамиз, қадаҳлар кўтарилади тинмай...
Хулосалар қилиш мавриди эмасдек гўё.
Удумларга берилиб ё алданиб йиллик
ҳисоботни унутамиз. Қайси
мақсадларимизга етдик, қайси
кунларимизни бекор ўтказдик, қай
бирларини ҳаддан зиёд шўх... Яхшилаб
ўйласак, ҳаммаси ўлчоғлиқ. Ҳаммаси
ҳисобланган. Вақт ўлчами ҳайратли: ...
мингйиллик, аср, йил, ой, кун, соат,
дақиқа, сония, миллисония...Ҳар бирининг
ўз вазифаси бордек. Ҳар бир ўлчовда
нималардир содир бўлади. Вулқон
отилишидан цунамигача... Сонияда фикр
ўзгаради, бироқ, бино қуриб бўлмайди,
асрлар улкан тарих яратади, бироқ, битта
инсон бир неча юз йиллар гувоҳ
бўлолмайди...
Янги Йил – янги вақтимиз. Эзгу
ниятларимизни амалга оширишга,
руҳиятимиздаги нуқсонлардан холи
бўлишга, тафаккурни бойитишга, ёмон
феъллар ботқоғидан қутулишга берилган
янги имконият улушидир. Шу ҳиссадан
фойдаланиш ҳам ё беҳудага исроф
қилиш ҳам ўзимизга боғлиқ. Наздимда,
онги жойида одам Янги Йил унумидан
манфаатдор бўлади.
Бир марта яшаймиз. Бахтли бўлиш эса
Янги Йилларнинг сони билан ўлчанмайди.
Бир йилда қанча эзгу ишлар қилдик-у,
ўзимизга ва ўзгаларга қанчалар
ёрдамимиз тегди?
Янги Йил муборак! Янги йилда мазмунли
яшаш бахти ҳар биримизга насиб этсин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев