Ногирон бахт
Остона ҳатлаб келган меҳмонларнинг ўзини бир оз ноқулай ва одоб билан тутаётганликларидан билдимки, яна совчилар. Ёшим ҳам йигирмадан ошаётгани сабабли анча кўникиб қолдим бу манзарага. Ҳар доимгидек, уларнинг кўзи тушмасиданоқ ўзимни ичкарига урдим. Биламан, орадан бир оз вақт ўтгач, ортимдан онам кириб келадилар. Менинг розилигимни сўраш ўрнига, нуқул келганларнинг оиласини мақтаганлари мақтаган. Рад жавобини эшитгач эса, қандай кириб келган бўлсалар, шу бўйи хонани тарк этадилар. Улардан эшитишимча, бу сафар икки ҳовли наридаги келишган, бўй-басти ҳавас қилса арзигулик йигитдан экан. Қишлоқ жой бўлгани учунми, ота-онам мени қийин-қистовга ола бошлади: “Ҳаммаям фарзандининг кўздан узоқ бўлишини хоҳламайди. Қиз боланинг уйи яқин бўлса, ота-онасининг “иссиқ-совуғи”дан хабар олиб туради. Сал фақирроқ оила бўлсаям, ахлоқи яхши. Биз отанг билан маслаҳатлашиб, бир қарорга келдик”, – деди ойим.
Эндиям қаршилик қилсам мени тингламасликларини билиб, тақдирга тан бердим. Югур-югур, чоп-чоплар бошланиб кетди. Тўй ташвишларига кўмилиб, кунлар қандай ўтиб кетганини ҳам билмай қолибман. Ҳатто кўнглимдаги қандайдир ғашликни ҳам ташвишу ғалвалар бир оз четлатгандек бўлди.
Куёв бўлмиш Нодирбекни яхши танийман. У билан тенгқурмиз. Мактабда бошқа-бошқа синфларда ўқиганимиз учун деярли гаплашмаганман, десам ҳам бўлади. Ўзиям одамови йигит-да. Ундан атиги бир ёшга кичик укаси — Абдукарим эса роса шўх. Қишлоқда у ҳазил тошини отмаган қиз қолмаган ҳисоб. Укасининг истараси иссиқ юзи кишини ўзига тортса, Нодирда вазмин йигитларга хос салобат ва жиддий нигоҳ кўзга ташланади. Шу сабабмикан, кўпгина қизлар ўз диққат-эътиборини акасига қаратишади. Билишимча, ён-атрофдагиларнинг мулоҳазаси, қизиқишлари Нодирни умуман қизиқтирмайди. Доим ўз ишини пишиқ-пухта бажариш пайида бўлади. Кўча-кўйда ким биландир гаплашиб турганини ҳеч кўрмаганман. Хоҳ таниш бўлсин, хоҳ нотаниш, бош ирғаб салом бериб ўтиб кетаверади. Дала ишларида ота-онасининг тиргаги. Тирикчилиги ер билан боғлиқ бўлгач, нимаям қилар эди. Ҳозир ишлаган тишлайдиган замон. Катта рўзғор тебратишнинг ўзи бўлмайди. Баъзида ойлаб сув келмайдиган шўрхок ерда деҳқончилик қилишнинг қандайлигини биздан сўранг. Катта шаҳарлардаги олийгоҳларда ўқишга ҳали йўл бўлсин. Шуни англаганим учунми, ўқишни давом эттириш тўғрисида оғиз ҳам очганим йўқ. Қолаверса, ота-онамга барча юмушларни ташлаб кета олмайман.
* * *
Ниҳоят, эртага тўй деган пайт ҳам етиб келди. Урфимизга биноан бугун бизникида қиз базми уюштирилади. Шу куни куёв ва келин пинҳона учрашув белгилаб, оз фурсатда тўй хусусида икки оғиз гаплашиб олишади. Шу пайтгача Нодир билан гаплашмаганим учун эзма дугоналарим “Намунча лақма бўлмасанг!” дея безор қилиб юборишди. Ҳаммалари менга бўлган ҳавасини яширмасди:
– Бу индамасни қандай илинтирдинг? Сенам балосан.
– Менимча, бу ерда бошқа бир гап бор. Улар олдиндан гаплашиб юришган. Ахир қўшни бўлишса... Буни ким билиб ўтирибди, дейсиз, – деб кулишарди.
Бу қизларнинг орасида гул-гул ёниб, шўху хандон ўтирмасликнинг иложи йўқ.
– Илоё, бахтингга кўз тегмасин, болам! Насиб қилган ёринг билан қўша қаригин, – дея дуо қилдилар қўлларини фотиҳага кўтараркан бувим.
“Омин”, деди бирваракайига дўсту ёр, қавму қариндош.
Ғалати бўлиб кетдим. Ён атрофим ғала-ғовур одам бўлсаям, ўзимни негадир ёлғиз ҳис қила бошладим. Ўйлаб қарасам, шу ёшимгача отамнинг жаҳлидан қўрқиб, ҳатто синфдош болаларгаям қўл бериб сўрашиб кўрмаган эканман. Энди эса дабдурустдан феълини яхши билмаган, синамаган одам билан турмуш қуриш...
Йўқ, Нодирни синаб ўтириш шарт эмас. Шундоғам яхши йигитлиги беш қўлдай маълум. Мана, ойим ҳам дадам билан биринчи бор гўшангада кўришганини айтиб берган эдилар. Шу кунгача аҳил-иноқ яшаб келишаяпти-ку! Қизиқ, улар ўзларини бахтли деб билармикинлар?
Кимдир туртди. Хаёлим бўлиниб, “ялт” этиб қарадим.
– Куёв билан маслаҳатга чиқдингми? – деди тиржайганча дўмбоққина холам.
– Йўғ-ей, – дедим хижолатдан юзимни четга буриб.
Тўғрисини айтсам, шу топда юрагим гупуриб, ҳар хил шубҳалар кўнглимда ўрмалай бошлади. Мен у билан учрашганимдан эмас, ҳанузгача дараги йўқлигидан уялаётганимни холам бечора қаерданам билсин. Қиз базми ҳам охирлаб бораяпти.
Вақт ярим кечадан ошганда ҳамма тарқади. Югуриб-елиб хизматда бўлган қариндошларим ўлгудай чарчаганидан оёқ узатса бўладиган жой топса, таппа ташлаб ухлаб қолишди.
Ҳарчанд ухлашга уринмай, кўзимга ҳеч уйқу келмасди. Хаёлимда яна ўша оғриқли саволлар: “Нега келмадийкин?! Йўл узоқ бўлса ҳам тушуниш мумкиндир, наҳот икки ҳовли наридан келиш шунчалик қийин бўлса?” Юрагим сиқилиб кетди. Сим каравотнинг ғичирлаши ҳам жонимга тегди. Шунда деразадан тушиб турган ой нури кўнглимни ёриштириб, ташқарига чиқдим.
Июнь ойининг тунлари ажойиб бўлади-да. Худди битмас-туганмас ҳодисотлару саргузаштларга тўладек. Шу билан бирга сокин ва нафис ҳисларга йўғрилган каби. Тўйиб-тўйиб тоза ҳаводан нафас олдим. Бироқ шубҳа-гумонлар яна ўз заптига олди ва кимдир қўлимни маҳкам сиқди. Қўрқиб кетиб, эндигина бақиришга оғиз жуфтловдим ҳамки, таниш овоз эшитилди:
– Вой-вой, қўрқоқ! Тўйга келганларнинг ўтакасини ёрмоқчимисиз? Ким айтади сизни эсли-ҳушли кап-катта қиз деб?! Шу бугун ухлолмаслигингизни билардим-а!
Абдукарим?! Нодирнинг укаси. Ўтган-кетганда атайлабми, ё ҳазиллашибми жиғимга теккани-теккан. Ёз кунлари, кўча тупроғидан чанг кўтарилмасин, деб ҳар куни сув сепаман. Бу кишим эса лойини кўчириб, иши бўлса-бўлмаса у ёқдан-бу ёққа бориб келаверади. Кўча эшигимиз олди шудгорланган даладай бўлгач, менга қараб кулиб салом ҳам бериб қўяди.
Шуларни эсимга олиб, жилмайиб дедим:
– Сенмидинг кўчабезори, нимага бу ерларда дайдиб юрибсан? Энди тундаям сенинг дастингдан бизга кун йўқ экан-да!
Абдукарим ҳам бўш келмади:
– Ундан кўра, “Аканг қани, нега ўзи келмади?” деб қўяқолмайсизми! Ана, ўтирибди сўппайиб. Ўзиям судраб олиб келдим-ей. “Бормайман”, дейди номард. Гапини қаранг, “Ўзинг бориб келақол”миш. Ҳали ўзим уйланиб ҳам қўяқоларман, дедим. Боплапманми?
– Боплапсан, – дедим кулиб.
Сал нарида турган Нодирни энди кўрдим. Миямга “Узр сўраш учун келибди-да”, деган фикр келди. Вужудимга хотиржамлик таралгандай бўлиб, олдига бордим.
– Салом, – дедим секингина.
Нодир энди “тилга кирди”:
– Саодат, мени кечир, сенинг бахтингни ўйлайман-у...
– Бўлди, бас! – деб гапини шарт бўлдим. Уни “бугунги қилмиши” учун кечирим сўраяпти деб ўйладим. – Мен хафа бўлганим йўқ, шунга араз қилади деб ўйлаяпсизми?
– Биламан, муҳаббатсиз турмуш қуряпмиз. Фақат мени... севиб қолма, хўп, кейин қийналасан, – деди у хўрсиниб.
– Нима қипти севиб қолсам? Ё бирон суйганингиз борми? Ундай бўлса, буни мендан яширманг, – овозим хиёл қалтираб жавоб бердим.
– Йўқ, йўқ, – деди у шошилиб. Чамаси, яна нимадир демоқчи бўлди-ю, мени хафа қилиб қўйишдан қўрқдими, бояги гапини бир оз бошқа томонга бурди.
– Мен ҳали ҳеч кимни яхши кўришга улгурмадим. Тўғри тушун, сениям алдай олмайман. Мен сени ҳурмат қиламан. Аммо бу ҳали муҳаббат дегани эмас. Тушунтира олдимми? Мен ёлғизман. Мен руҳан бутунлай ёлғизман. Зерикиб кетдим бир хил кечаётган ҳаётдан. Ҳар куним шундай ўтади: меҳнат қиламан, овқатланаман ва ухлайман.
– Меҳнат қилиш ёқмаяптими сизга?
– Йўқ, меҳнатни ҳамма қилади. Меҳнатдан одам ўлмайди. Мана, сен ҳам қиз бола бошинг билан мендан кам ишламаяпсан-ку.
– Бўлмаса нимага ношукрлик қиласиз? Аслида ўзингизни ўзингиз четлатасиз. Тенгдошларингизга қўшилсангиз, сизнинг кўксингиздан ҳеч ким итармайди-ку!
– Нима қиламан уларга қўшилиб? Зиёфатга бориб ўлгунимча ичиб ўзимни кўрсатаманми? Ҳар куни ишдан қайтгач, уйда ўтириб телевизор кўраман. Экрандагилар кўзимга бошқа сайёранинг одамларидай кўринади. Биз тенгилар кутубхоналарга боришади. Спорт клубларига қатнашиб, саёҳатларга чиқишади. Ўзинг инсоф билан айт, ҳеч бўлмаса туман марказидаги истироҳат боғига йилда бир марта боришни орзу қилмайсанми?
– Сабр қилсак, ҳаммаси бўлади.
– Сенингча мен сабрли эмасманми? Ўғил бола бўлсам ҳам ота-онам рухсатисиз ортиқча қадам ташлаб, кўчада бекорга сандирақлаганимни эслай олмайман. Ана, отам эски мотоцикли борлиги учун қишлоқда кўксини кериб юради. Ҳолбуки, ўғлининг кўнгил қатида нима борлиги билан қизиқмайди. Аксинча, онамга ҳар доим “Болаларни талтайтирма, ишласин, қийинчилик кўрсин”, деб таъкидлаганлари таъкидлаган.
– Ҳали ўзингиз ҳам болаларингизни шунақа...
– Ота-онам бериб улгурмаган қайсидир кемтик меҳр билан оила қуриб, бола боқиш... Хўш, эртага боламга нима бера оламан? На бирон жойда ўқимаган бўлсам, на унга яхши яшаш учун ҳамма шароитни яратиб беролмасам. Ҳали ўзим болаликка тўймадим. Анув куни қайсидир кўрсатувда бир опа чиқиб, “Фарзандининг жамиятда яхши яшаб, ўрнини топишига имкон яратиб беролмайдиган ота-она бахтиқаро гўдакни дунёга келтиришга ҳақли эмас”, деди.
– Гапираверишади-да. Ҳозир сиз айтган ўша норасидаларнинг баъзилари ота-онасидан кўп пул топишади. Майли, бу гапларни қўя турайлик, – дедим ўзимиз тушиб қолган қийин вазиятдан чиқиш йўлини ахтариб. – Айтгандай, Абдукарим роса шўх-да. Кап-катта йигит бўлиб қолибди. Биров уни укангиз демайди. Гавдасини қаранг. Ўзи эртага сенинг тўйинг бўлиши керак экан, дедим унга.
– Тўғри гапирдинг, асли эртага у куёв бўлиши керак. Мен аҳмоқ ўз укамнинг ўрнини эгалламоқчиман. Саодат, сендан бир илтимосим бор, – деди Нодир.
– Бажонидил.
– Абдукаримга тегиб қўя қолмайсанми?
Гангиб қолдим. Ҳазилга йўяй десам, ҳазилга ўхшамайди. Қолаверса, гап оҳангида қувноқликдан асар ҳам йўқ. Бечора йигит ҳазил қилишни ҳам эплолмас экан, деган ўй билан:
– Кеч бўлиб қолди, мен бориб ухлай, – дея ортимга қайтдим.
Нарироқда пойлоқчилик қилаётган Абдукарим яна гап отди:
– Ҳа, свидания тугадими дейман! Ҳали менгаям ўзингиздек ақлли, чиройли қиз топиб берасиз. Бошқачаси керакмас, сизга ўхшасин. Дабдабали, зўр тўй қиламиз.
– Ўйлаб кўраман, куёв бола, – деб кулиб жавоб қайтардим.
Секингина уйга кирдим. Руҳим енгил кўчиб, уйқуга ётдим.
* * *
Тўй ҳам ана-мана дегунча ўтди. Ночорроқ оила бўлишига қарамай, топганини қўшқўллаб орзу-ҳавасга совуришди. Абдукарим терлаб-пишиб хизмат қилди. Қизлар даврасига кириб, ўртада роса ўйнаганини айтмасам ҳам бўлади. Тавба, акасига кўринишидан ўхшагани билан, табиати тамомила акси.
Одамлар тарқалгач, вақт ярим кечадан ошди. Янгалар “куёв киришга уялмасин” деб, оёқ учида оҳиста чиқиб кетишди. Яна ўзим қолдим. Уйдан узоқлашмаган қиз бўлганим учун бегона жойда танҳо узоқ қололмайман. Ташқарига чиқай десам, ҳаё йўл бермайди. Ўз-ўзимга таскин бериш билан қўрқувни енгмоқчи бўлдим. “Ҳадемай куёв кириб келади, ана ўшанда бўлмағур хаёллар қушдай учиб кетади. Доим қанақадир инс-жинсларга ишониб юраман”, деб ўйладим. Шунда хаёлимга келган бошқа бир фикрдан чўчиб тушдим: “Ҳадемай кириб келади. Мени олдимга-я!”
Борлиғимни энди ўзгача қўрқув эгаллаб олди. Боя янгалар айтган гаплар... Бир сесканиб олдим. “Э, йўқ, яхшиси келмай қўяқолсин, дедим ичимда енгил титроқ билан. Шундай бўлса-да, кутдим, кутдим... кутавердим.
* * *
Чарчоқ ва зерикиш туфайлими, қачон ухлаб қолганимни билмайман.
...Қандайдир овоздан чўчиб уйғониб кетдим. Олдинига босинқирадим деб ўйлаб, ўрнимдан турдим. Тонг отибди, шекилли. Лекин овоз эшик томондан аёл кишининг йиғиси бўлиб миямга тошдай урилди: “Болам, болажоним-а, ўн гулидан бир гули очилмаган болам...”
Ҳайрон бўлиб ташқарига чиқишга интилганим ҳамоно эшик очилиб, янгам кириб келди.
– Саодат, ўтир қизим, ташқарига чиқма... – деди чайналиб, – ҳозир сенга бир гап айтаман, ўзингни босиб ол, хўпми, – деди у юпанч оҳангида.
Ташқарида эса йиғи товушига дод-фарёдлар қўшилиб, борган сари кучаярди. Таажжубим ҳадикка, ҳадик хавотирга айланди. Юрагим дукиллаб ура бошлади. Бу яхшилик аломати эмаслигини сезиб, ички бир қўрқув билан ҳозир эшитажак гапимга қулоқ тутдим.
– Эринг... э йўқ, нимайди, ҳалиги Нодир ўзини нобуд қилиб қўйибди.
Қотиб қолдим. Қанийди, шу онда киприкларим сон-саноқсиз найзага айланса-ю, юрагимга санчилса. Кўзларимга бир томчи ёш келмас, бахт деб кирган қасрим саробга айланган эди. “Энди нима бўлади? Энди ким деб аталаман мен?! Қиз бола бўла туриб, бева қолдимми?”
Саволларимнинг охири йўқ эди. Карахт ҳолимда секин пичирладим: “Чиқиб кетинг, илтимос, чиқиб кетинг!”
– Ҳеч қаерга чиқмайман, яна сен ҳам бир нимани бошлама. Менга ростини айт, ўзи орангларда нима бўлди. Ё... қўшилолмадингларми? – деди янгам қўлларини елкамга қўйиб.
– Йўқолинг дедим, кўзимга кўринма ҳеч биринг, – деб уни итариб, уриб ташладим.
Кўз олдим хиралашиб, бари бирдан айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Бор дунёим ўртаниб, орзуларим тилкаланиб ташлангандек, гўё. “Нега, нега ўзини бундай қилади, нега ўзини осади?”, деган аламли савол хаёлимдан кетмас, аммо шу тобда бунга жавоб қидириш ортиқча эди.
* * *
Уч кун ўтиб, ота-онам мени уйга олиб кетиш учун келибди. “Эл оғзида гап-сўз бўлмасин, қирқи ўтгач, ўзимиз рухсат берамиз”, – деб уларни жўнатиб юборди қайнанам. Сўнг олдимга кириб, пойгакда ўтирганича менга далда берди. “Ҳар иккимизнинг пешонамиз шўр, қисматимиз қора эканини қаерданам билибман, қизим”. Сўнг туриб ёнимга келди-да:
– Мен айбдорман барига. У уйланмоқчи эмас эди, – деди.
Кўзларим катта-катта очилиб кетди. Саволларга тўла нигоҳим билан қаттиқ тикилдим. Қайнанам ёнимга жойлашиб олиб, “Ўғлим касал эди. Буни олдинига отаси, кейин мен сезгандим. Ўзи ҳам ҳаётдан кетгиси келаётганини такрор-такрор айтганди. Халқ орасида бу касалликни “осма касал” дейишаркан. Бемор, яқинлари ҳаётини сақлаб қолишса ҳам, қайта-қайта ўзини ўлдиришга уриниб кўравераркан. У илгари ҳам ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Ҳар гал отаси билан пойлаб юриб, тўхтатиб қолдик. Гап-сўз кўпаймасин деб, дўхтиргаям олиб чиқмадик. Бир-икки қариялар унинг кўзи олдида бир мушукни осиб қўйсанглар ўтиб кетади, дейишганди. Бундай қилишни ўзимизга эп кўрмадик. Уйлантирсак, яхши бўп қолар деб ўйлабмиз. Ўғлим эса ҳали оила қуришга тайёрмаслигини айтиб, бир-икки йил сабр қилишимни сўраганди. “Жуда келин кўргингиз келса, Абдукаримни уйлантирақолинг”, деди ҳам. Сени эса кўз ўнгимда катта бўлганинг учун келинликка танлагандим. Билганимдан қолмай, тўйни бошлаб юбораверибман. Бир сафар унинг илтимосларидан зериккан укаси: “Бўпти, шуни хоҳлаган экансан, шундай бўлади. Мен-ку, у қизга уйланиш ниятим йўқ. Нима, Саодатда қасдинг борми? Фотиҳани бузмоқчимисан? Ҳаётга сал енгилроқ қарасанг бўлди. Ҳаммаси осон кўчаверади. Лекин билиб қўй, сен энди унаштирилдинг. Уйланмасанг, бировнинг қизини ёмон отлиқ қилган бўласан. Мен эса бунга йўл қўймайман. Сен олмасанг, мен оламан, хўпми, шунда қутуламанми?” – деб юборди. Мен бу гапларга парвоям қилмагандим. Келиб-келиб менинг ўғлим дардга чалинадими! Шўрлик, кўз тегди ўзи унга”, – деб йиғлаб юборди.
Қулоқларим том битиб, мудроқ ҳисларим ниманидир равшанлаштиргандек бўлди. Қайнанам шу гапларни менга айтмагани дуруст эди. Мен ҳаммасини тақдирдан деб билиб, ҳеч кимни айбламаётган эдим. Энди эса, била туриб икки ёшнинг қисматини қора қилган бу аёлни дажжол каби кўра бошладим.
Мен уни эшитмай қўйдим. Миямда ўша куни жавоби топилмаган саволларнинг ечимини топгандай бўлдим. Агар ота-онаси уни руҳшуносга олиб боришгандами, ёки бошини икки қилишга шошилмаганларида Нодирниям, мениям тақдирим бошқача бўлармиди. Демак, ўғилни тезроқ уйлаб қўйиш, қиз болани “вақтида эгасига топшириш” учун жон куйдириш ҳар доим ҳам ижобий натижа беравермас экан-да. Айниқса, ота-она руҳият, асаб билан боғлиқ касалнинг давоси уйланиш деб билса, тўйдан сўнг ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади, деб ўйласа.
Нодирни ҳам оқлай олмайман. Инсон истаса ўзи билганидан ҳам кўп нарсага қодир эканлигини англаб етмади. Мана Абдукарим ўзини масхарабоздай кўрсатиб, ҳазил-ҳузул билан ичидагини тўкиб-сочади. Шу билан одамлар кўнглига йўл ҳам топади. Ўзини вазмин тутадиганлар камдан-кам бировга “ёриладилар”. Оқибат, ҳеч кимга қўшила олмай, ўзларини яккаланиб қолган ҳис қилишади-ю, бундан чиқиб кетишнинг йўлини ўлимда деб билиб, ундан нажот топишга уринишади.
Нодир ҳаётида ўзгариш бўлишини хоҳлаганди. Ҳали турмуш қурса, зерикиш ва тушкунликдан буткул халос бўлишига, мен рафиқа сифатида унга бошқача бир дунёқараш сингдиришим мумкинлигига ўзини ишонтиролмади. Ачинолмадим ҳамки, шу зеҳни билан лоақал ўз ҳаётини сақлаб қолишни уддаламади. У азият чеккан дунёдан ҳеч биримиз ундан кам жабр кўрмаганмиз, ахир.
* * *
Етти, йигирма, қирқ оши берилди ҳамки... менга рухсат тегмади. Тўй ва дафн харажатларидан “чўкиб” қолган оила бир коса сув, тўрт бўлак қанд, иккита нон билан мени Абдукаримга никоҳлаб қўйишди. Эсимга ўшанда унинг севиниб айтган гаплари келди: “Менинг тўйим дабдабали бўлади!”
Ўзимни унинг соф орзуларини поймол қилаётган жодугардай ҳис қилдим. Ҳар ҳолда мен тўй кўрдим, у нима кўрди? Қайнукам мендан бешбаттар бахтсизлигини англаб етдим.
– Бахтингларни берсин, – деб фотиҳа қилди никоҳ ўқиган мулла. “Фақат ногирон қилиб бермасин”, дедим ичимда.
Ўша тунда мен куёв бўлмиш Нодирбекнинг кириб келишини ҳаяжон билан кутганим — хона эшиги очилиб... Абдукарим кириб келди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1