. . ! ! !
1.
˗ Борасан, хар бир эркак умрида
еттита қабр кавлаши керак! ˗ деди
отам жахл билан.
˗ Қўрқаман, деб юрсанг,
юраверасан-да. Нимасидан
қўрқасан? Ўра кавлагансан-ку?
Қабр хам ўранинг ўзи, тур,
кетмонни ол-да, жўна! Фаттохқул
бирга боради, ўргатади хаммасини.
Ноилож, кетмонни олиб, йўлга
тушдим. Ўзи қаерда ёзилган экан
“Еттита қабр кавлаш шарт”, деб?
Духтурхонанинг ёнида Фаттохқул
ака, Умарқул ака ва амакимнинг
ўғли Азаматлар мени кутиб
туришибди экан. Иккаламизнинг
хам кўзимизда бир хил маънони
уқиш мумкин эди: “Сен хам
келдингми?”
Фаттохқул ака Қуръон тиловат
қилгач, қабрнинг ўрнини
белгилади. Бўйига икки метр, энига
икки метр жойни қадамлаб, тўртта
кесакни қўйди.
˗ Ана шу ерни елкаларинггача
чуқурликда кавланглар!
Бизнинг анграйиб турганимизни
кўрган Умарқул ака кетмонни олиб,
кавлашни бошлади. Мен хам
қўлимга кетмонни олдим. Икки
соатларда мўлжалланган чуқурни
кавладик.
˗ Бўлади, айвони битди.
Бахтиларингга Мулла бобонинг
қабри юмшоқ чиқди. Бир
хилларнинг қабрини кирка-ю,
мисран билан кавлаганмиз, ˗ деди
Фаттохқул ака. ˗ Юринглар, чой
ичиб, бироз дам оласизлар, кейин
лахадни кавлашни бошлаймиз.
Ўликхонадан келтириб беришган
чойнак ва тугунни кўтариб,
қабристондан ташқарига чиқдик.
˗ Қабристонда овқат еб бўлмайди,
˗ деди менинг нега ташқарига
чиққанимизга тушунмай, савол
назари билан қараганимни
тушунган Фаттохқул ака. ˗ Мулла
бобо шунақа дерди.
Қўлларимизни ювиб, овқатланишга
ўтирдик.
˗ Мулла бобо яхши одам эди, ˗
деди Умарқул ака. ˗ Жойи
жаннатда бўлсин!
˗ Ха, “Ким бу дунёда бир
масжиднинг қурилишида иштирок
этса-ю, қалдирғочнинг уясидек
жойига қўли тегса, Аллох унга
жаннатда ўша масжид катталигида
бир қасрни бино қилиб қўяр экан”,
деган хадисни кўп айтардилар
мулла бобо. Ўзлари бутун бошли
бир масжидни тикка қилдилар.
Иншааллох, жаннати бўлдилар!
Ишнинг қийини лахадни кавлаш
экан. Олдин Умарқул ака айвоннинг
қиблага қараган девори тубининг
ўртасидан бир одам кира оладиган
қилиб, доира шаклида чуқур
кавлади. Кейин ўша чуқурга
Фаттохқул ака тушди ва дастаси
калта кетмонча билан бир одам
бемалол ётадиган узунликда,
эгилиброқ ўтира оладиган
баландликда лахадни кавлай
бошлади. Умарқул ака Фаттохқул
ака кавлаган тупроқни айвонга
тортиб олар, мен ташқарига отар
эдим. Азамат мен отган
тупроқларни бир текис қилиб
ёярди.
˗ Бир гапни айтсам,
ишонмайсизлар, ˗ деди ташқарига
чиққан Фаттохқул ака. ˗ Лахаднинг
ичи ёришиб кетди.
Энг биринчи бўлиб Умарқул ака
сакраб тушиб, лахаднинг ичига
қаради.
˗ Э-э-э! Юзталар қабр
кавлагандирман, бунақа ёруғ
лахадни кўрмаганман, ˗ деди
Умарқул ака ва хайратдан
хайқириб юборди: ˗ Аллоху акбар!
˗ Аллоху акбар! ˗ қайтарди
Фаттохқул ака хам.
Азамат иккаламиз хам тушиб,
лахаднинг ичига қарадик.
Лахаднинг ичи ташқаридек ёруғ,
худди шахардаги кечаси сутдек
ёниб турадиган чироқ ёқиб
қўйилгандек эди.
Жаноза намози пешин намозидан
кейин ўқилади. Қабрни кавлаб,
тайёр қилганимизда хали
Пешингача бир соат бор эди.
˗ Биттанг бориб, бобойларга хабар
қил! ˗ деди Фаттохқул ака. ˗ Бу
ерда бўлган воқеани одамлар
билсин!
Қишлоққа мен бориб,
кўрганларимни отамга айтдим-у,
ортимга қайтдим. Хадемай
қабристонни одам босиб кетди.
Эшитган борки, келиб, бир марта
чароғон лахадни томоша қиларди.
Майитни хам олиб келишди. Мулла
бобони чароғон лахадга қўйишди.
“Таборак” тиловат қилингач, одат
бўйича кимдир баланд овозда
сўради:
˗ Биродарлар! Мулла бобомиз
қандай одам эди?
˗ Яхши одам эди, жаннати одам
эди, ˗ деган овозлар эшитилди.
Қабристондан чиқаётиб, отамнинг
йиғлаётганини кўрдим. Отамга етиб
олдим. Анча вақт индамай борган
отам елкамга қўлини қўйди:
˗ Сен бўлсанг қабр кавлашдан
қўрқаман, дейсан.
2.
Қори бобо ўлганда қабр
кавламоқчи бўлганлар талашиб,
уришиб кетаёзди.
˗ Ражаб билан Азамат боради.
Улар биттадан қабр кавлашди, яна
олтита қабр кавлашлари керак.
Катталардан Фаттохқул билан
Рахмонқул боради, ˗ деди отам
узил-кесил қилиб. ˗ Аммо
талабгорлар ва қароридан норози
бўлиб турганларнинг кўплигини
кўриб, қўшиб қўйди. ˗ Тўхтанинг
ўғли, жанжал қилма, сенам
борақол!
Доимгидек тўрт киши эмас, бу гал
беш киши бўлиб, қабристонга
жўнадик.
Қабр кавлаш бекорга талаш
бўлмаган экан. Бугунги кўрган
мўжизамиз олдингисидан хам зиёда
бўлди. Лахаднинг ичи бу гал ўз-
ўзидан ёруғ бўлмади, иккита аниқ
ёритгич қабрни ёритиб турди. Қабр
тайёр бўлганда хар биримиз тушиб,
бу икки чироқни роса томоша
қилдик. Чироқ хам деб бўлмасди
уларни, иккита нуқта десак тўғри
бўларди. Ана шу икки нуқта
лахаднинг у бошидан бошига ўтиб,
бир-бири билан жой алмашиб
ўйнар, лахад ичини
прожекторчаларга ўхшатиб
ёритарди.
Рахмонқул ака мулла одам эди, кўп
йиғлади. “Қори бобо олим одам
эди, одамларга Қуръонни ўргатар
эди, Хадисни ўргатар эди. Қуръон
ва Хадис иккиси икки нур бўлиб,
Қори бобомдан олдин келиб, у
кишини кутиб олаяпти”, деб
йиғлади.
Қори бобонинг гўрига Қори
бободан олдин Жаласойнинг
эркаги биттаси хам қолмай кириб
чиқди. Кирган одам бу мўъжизани
кўриб, йиғлаб чиқар эди. Отам хам
йиғлаб чиқди. Чиқиб, баланд
овозда такбир айтди ва
қишлоқдошларга мурожаат қилди:
˗ Ўв, биродарлар! Қайсинг ўлмай
туриб, жаннатилигингни билай
десанг, қайсинг гўрим ёруғ бўлсин
десанг, қайсинг гўримда нур
ўйнасин десанг, Қори бобом қилган
ишни қил! Намозингни қолдирма!
Қуръон ўқи, Хадис ўқи!
Қори бобонинг жанозасидан кейин
масжидимизга одам сиғмай
қоладиган, айвонда, ховлида хам
намоз ўқиладиган бўлди.
3.
Қори бобо ўлгандан олти ой ўтиб,
еттита қабр кавлашим лозимлиги
эсимдан хам чиқиб кетаёзганда,
Толиб ўртоғимнинг отаси Равшан
ака ўлди. Фаттохқул ака “Мен
бормайман, оналаб сўкан мени”,
дебди. Абдували ака хам
бормайман, деган эди отамнинг
жахли чиқиб кетди.
˗ Равшан қайсимизни сўкмаган? ˗
деди отам қизишиб. ˗ “Сўкарди”,
деб ювмасак, кўммасак, буни
болалари уйида олиб ўтирсинми?
Борасан! Болаларга кўрсатиб
турсанг бўлди, ўзлари кавлайди.
Равшан нима бўлсаям Жаласойнинг
одами, ўлиги кўчада қолмайди.
Бормасанг, ўзим бораман.
Абдували ака борадиган бўлди.
Суннат ака хам бизга қўшилди.
Қиш яқинлашиб қолганиданми,
хаво совуқлигиданми, ишқилиб,
қабр кавланадиган ер қаттиқ
чиқди. Бошқа ердан кавлаб кўрдик,
фойдаси бўлмади. Айвонини
кавлашга кирка ишлатдик.
Лахадини кавлашда калта мисран
ишлатдик. Ана шунда Фаттохқул
аканинг биринчи қабр кавлашга
борганимда айтган гапи эсимга
тушди: “Бир хилларнинг қабрини
кирка-ю, мисран билан кавлар
эдик”. Мархумни олиб келишганда
хам хали лахад тайёр эмасди.
Тобутни кўтариб келганлар бирор
соатча қабристонда туриб
қолишди. Иложи бўлмаса биз хам
нима қилайлик, ичкаридан
тошларни бўлаклаб
чиқараётганимизни кўриб турган
катталар хам бир сўз айтмай кутиб
туришди.
˗ Жуда хаялладиларинг, ўғлим, ˗
деди айвон тепасига келган отам.
Мен лахад кавлаётган эдим,
бошимни чиқариб, отамни имладим.
Отам тушиб, лахадга бош суқди-ю,
“Астағфируллох” деб юборди.
Кейин секин қулоғимга шивирлади:
“Бировга айтманглар!” Қоп-қоронғу
лахаднинг ичи чидаб бўлмайдиган
даражада бадбўй эди.
Одатда, қабр кавлаганлар
қабристондан энг охирида чиқиб
кетишади. Кирка-ю, мисранларни
йиғиштириб қўйиб, кетмоқчи
бўлаётгандим, янги қабр олдида
тиз чўкиб турган Толибга кўзим
тушди. Ёнига бордим.
˗ Хаммасини эшитдим, Азамат
айтди, жўра, ˗ деди Толиб хафа
бўлиб. ˗ Отамнинг ўзи, ... ёмон
сўкар эди. Хаммамизни сўкар эди. Э-
э, нима деб сўкканларини бировга
айтиб бўлмайди. Онамни
“Қизингни ...”, деб сўкарди. Мулла
бобониям сўкканди. Мулла бобо
“Сўкманг, Равшанбой, Худонинг
қахри келади”, деганда “Э,
Худонгниям...”, деб сўкканди-да.
˗ Астағфируллох! ˗ деб юбордим
мен хам.
4.
Рустамнинг ўлигини Россиядан
темир тобутда олиб келишди.
“Отанинг қарғиши ўқ”, деб бежизга
айтишмас экан. “Ўлигинг келсин!”
деб қарғаган экан, Боймат чол.
Боймат чол юзи қораликни кўтара
олмай ўтган йили ўлиб кетган эди.
Юзи қораликки, устма-уст. Юзи
қораликки, бировга айтсанг,
ишонмайди. Юзи қораликки,
бировга айтиб бўлмайди. Боймат
чолнинг уйдаги қизи уйда
ўтириб, ... туғиб қўйди. Таёқдан
ўлса шу уйда ўтирган қиз Барчин
ўларди. “Боламнинг отаси
молбоқар Хайрулла”, дебди
отасига. Хайрулла мол боққани
билан “закунчи” экан, “экспиртиз”
қиламиз”, деб туриб олди.
Экспертиза дегани хаммасини аниқ-
равшан қилиб берди ˗ боланинг
отаси ... Рустам экан. Тафсилотини
кўпам билмайман, аммо Боймат чол
Рустамни ўшанда оқ қилган экан.
Ўзи Рустам олдин хам бир-икки
марта бузуқ аёллар билан гап-сўз
бўлувди. Боймат чол энам аймоқчи,
“Барчиннинг боласини бўйнига
осиб”, уйидан хайдаб юборди.
Шармандаликка чидай олмаган
Рустам Россияга кетиб қолган эди.
Мана, ...
Катталарнинг гапи билан темир
тобутни очмасдан кўмадиган
бўлишди. Катталар боришмади
қабр кавлашга. “Бирга икки қилиб,
картошкага ўра кавлагандай қилиб
кавлайсизлар, бўлади, ўзларинг
кавлаб қўяверинглар”, деди отам.
Бўйи икки, эни бир метрлик, одам
бўйи ўрани Азамат икковимиз бир
соатда кавлаб қўйдик. Бизга чой
олиб келган Шавкат бир дунё гап
топиб келди. Акаси телефон қилиб,
Рустамни ким ўлдирганини, қандай
ўлдирганини айтибди. Рустамни
молдаванлар ўзларининг
миллатидан бўлган қиз билан
ушлаб олишиб, ўлдиришган экан.
Қандай ўлдиришганини хам
батафсил айтаётувди, Азамат уни
хайдаб юборди.
˗ Уялмайсанми, ўлганлар хақида
шунақа гапларни айтгани, тур,
йўқол! Немис хам қилмайди унақа
ишни.
Хуллас, картошка ўрадай қилиб
кавланган қабрга темир тобути
очилмай жаноза ўқилган мурдани
олиб келишиб, тобут билан
кўмишди.
˗ Қандай одам эди? ˗ демади хеч
ким.
Одамлар чиқиб кетишаётганди, мен
асбобларни йиғиштираётган эдим.
Рустамнинг қабридан “Гуп” этган
буғиқ овоз эшитилди. Хамма
ўгирилиб қаради. Ичкарида бир
нима портлади, деб ўйладим.
“Тобутнинг ичига бобма қўйиб
жўнатишган экан”, деган ўй келди
калламга. Хамма қайтиб келди.
Темир тобут устига ташланган
тупроқ ташқарига сочилиб кетган,
тобут “ташқарига чиқолмай”,
қийшайиб турарди. Шивир-шивир
бошланди.
˗ Ер оқпадарни қабул қилмади!
˗ Қабр хазар қилди ундан!
˗ Қарияларнинг гапи рост экан,
қарғиш ургандан қабр хам безор
экан.
˗ Бас қилинглар! Ёмон деб жарга
ташлаб кетмаймиз-ку? Шу ёмон
хам ... ўзимизнинг ёмонимиз, ˗ деди
отам жахл билан. ˗ Ундан кўра
энди нима қиламиз, шундан
гапиринглар!
Тобутни очиб, рисоладагидек
кўмишга қарор қилишди. Бошқалар
теша, болта топиб келишиб, темир
тобутни очишга киришди, биз яна
қабр кавлашга тушдик. Бошқа
йигитлар хам ёрдам бериб,
бирпасда қабрни тайёр қилдик.
˗ Катталар қолсин, ёшлар
четроққа ўтиб турсин! ˗ деди отам
тобутнинг қопқоғини
очишаётганда.
Азамат иккаламиз қабрни
тайёрлаётган бўлиб, тобут ичига
мўраладик. Мўраламасак яхшироқ
бўларкан. Жасаднинг ахволи ...
Эрталаб Шавкат айтган гаплар рост
экан. Азамат айтган немислар хам
одамни бунча хорламагандир.
Кўзлари ўйилган, қулоқ бурунлари
ва ...яна айрим аъзолари кесиб
олинган эди. Жасад одеялога ўраб,
жаноза ўқилди. Шундай қилиб,
Рустамни икки марта дафн қилдик.
Эртасига отам бир гапни айтиб
қолди:
˗ Ёввойи итлар жасадни кавлаб
олиб, суякларини хам кемириб
ташлашибди. Итлардан қолган-
қутган суякларини териб олиб,
кўмиб келишибди. Бир йигитни уч
марта кўмишди-я, астағфируллох!
5.
Махмуджон хожи бобони хамма
Хожи дада дейди. Бутун бошли
Ўзбекистондан икки-уч киши
Хажга борадиган, унинг хам
биттаси КГБ ходими бўладиган
шўро замонида хожи бўлган
эканлар-да. “Туманда ягона хожи
бизнинг қишлоқдан”, деб
керилардик ўша йиллари. Хозир,
Худога шукур, қишлоғимизнинг
ўзида қирққа яқин хожи бор.
Хожи дада Маккадан бир жомадон
мушки анбар олиб келган эканлар.
Зиёратига келган барчани хушбўй
мушк билан сийлаган эканлар.
Кейин хам Жума намозларига
келган кишиларнинг қўлларига
мушк суртиш одатлари бўлиб
қолди. Рамазон ойларида хар куни
Таробех намозига келган каттаю-
кичикнинг қўлига мушк суртар,
бобойлар бу ўта хушбўй атирни
соқолларига, биз, ёшлар эса
юзларимизга суртар эдик. Уйга
қайтганимзда уйдагилар “Хожи
дадамни кўрибсиз-да”, дейишарди.
Биздан хам хушбўй мушк хиди
таралиб турарди-да. “Хожи
дадамнинг мушки анбарлари
тугамайдими?”, деб хайрон
бўлардим. Кейин билсам, Хажга
кетаётганларга пул бериб юборар,
хожилар Хожи дадага мушк олиб
келишар экан.
Ана шундай гўзал одат сохиби
бўлган, халимликда тенгсиз Хожи
даданинг қабрини кавлаш бизга
насиб бўлди. Аллох хамманинг
ниятига яраша, амалига яраша
мукофот беришига яна бир бор
амин бўлдим. Лахадни кавлаётиб,
хушимдан кетишимга озгина қолди.
Мени мушки анбарнинг хиди маст
қилган эди. Лахаддан чиқаётган бу
мушкнинг хиди дунёда бор бўлган
бирор хидга ўхшамас эди. Дунёдаги
энг қиммат атир бу хиднинг олдида
ўзининг атирлигини йўқотар эди.
Лахадга бирма-бир бош суқиб
чиққан хожилар ўзларининг
қилган ишларидан афсус қилдилар.
Улар ўзларида бўлган барча
қиммат мушкларни олиб келиб,
жаноза намозидан кейин Хожи
даданинг тобути устидан сепишган
экан.
˗ Бизлар сепган мушкнинг
мушклиги қолмади, ˗ деди
Олимхон хожи кўзларидан ёш
оқизиб. ˗ Хақиқий мушк бу ерда
экан. Биз сепган мушклар
қишлоқдан қабргача Хожи
дадамнинг рухларини хушнуд
қилди, холос. Мана бу мушки анбар
эса Хожи дадамни Қиёматгача
хушнуд этади, инша Аллох!
Ишонаманки, бу муаттар анбар
жаннати наиймдан келаяпти,
валлохи алам!
6.
“Хар бир кавлаган қабрингда бир
мўжиза бор экан-да, бирор айри
аломати бўлмаган қабр хам
кавладингми?” деб сўрамоқчи
бўлиб турибсиз-а? Сўранг!
Кавладим. Дунёда борлиги хам
билинмаган, дунёдан ўтгани хам
билинмаган инсонлар Жаласойда
хам бор. Ана шундай инсонларга
кавлаган қабрларимиз хақида сиз
хам билмай қўя қолинг. Қолаверса,
кавлашга мен юборилмаган
қабрлар хам, мен сафарларда
бўлганимда кавланган қабрлар хам
бўлди. Мен аллақачон еттита қабр
кавлаб бўлгандим. “Эркак киши
еттита қабр кавлаши шарт”, деган
нақлнинг хақиқатини хам
аллақачон тушуниб етган эдим.
Энди ўзим хам шу гапни тўғри деб
хисоблайман. Еттита қабр кавлаган
эркак саккизинчисигаям,
саксонинчисигаям индамай
кетаверар экан. “Бу бизнинг
бурчимиз, бурчимни бажараяпман,
савоб олаяпман”, деган ишонч
билан кетаверар экан, кетмонини
елкага ташлаб. Еттита қабр
кавлаган одамнинг димоғидаги
қуртлар ўша қабрларга тушиб
қолар экан. Калондимоғ одамга
еттита қабр кавлатинг, кейин
кўрасиз, ўзимиз қатори бўлади,
қўяди. Мен кавлаган қабрларим
ичида айри аломати
борларинигина айтаяпман, холос.
Долим “парасан”нинг қабридан
илон чиқди. Бизда судхур
дейишмайди.
Лахаддангина эмас, қабрнинг
айвонидан хам отилиб чиқиб
кетдим.
˗ Мен кавламайман, қўрқаман, ˗
дедим лабим пирпираб.
˗ Қўрқма, ˗ деди индамай лахадга
кириб кетаётган Фаттохқул ака. ˗
Хали кўрмагансан-да. Ана шу
Долим парасаннинг отасига гўр
кавлаганимда хам илон чиққан эди.
Бу илондан хали яна беш-олтита
чиқса керак. Уларнинг сен билан
иши бўлмайди. Улар ўзларига
керакли одамни кутиб, бетоқат
бўлишаяпти.
Хақиқатдан хам лахадни тайёр
қилгунча Фаттохқул аканинг “Бор,
жонивор, хали вақтли, хали у одам
келгани йўқ”, дегани ичкаридан
кўп бор эшитилиб турди.
Лахаддан хорғин чиққан Фаттохқул
ака чим устига ўтиргач, тайинлади:
˗ Лахад ичида ўн иккита тешик
бор, хар қайсида иккитадан,
йигирма тўртта кўз ялтираб,
ўлжасини пойлаб турибди. Бировга
айтиб ётманглар!
7.
Эндигисини эшитган бўлсангиз
керак? Жаннатмакон Эшон
бобомнинг қабрлари хақида
эшитмаган одам йўқдир?
Қишлоғимизда эшонлар кўп,
хаммасининг отини қўшиб,
Фалончи эшон, деб чақиришади.
Эшон бобом битта. Фақат у
кишинигина хамма Эшон бобом
дейди. Оталари кўп улуғ олим,
Нақшбандийлик тариқатининг
пирларидан эдилар. Хамма
Хазратим деб атайдиган бу зот
сохиби каромат эдилар.
Ўтганларидан кейин маълум
бўлдики, Хазратимиз авлиёлик
даражасига етган эканлар.
Хазратимдан кейин улусга халол-
харомни ажратиб бериш Эшон
бобомнинг зиммаларида эди. Эшон
бобомдан дарс олмаган одам
қишлоғимизда йўқ эди. Эшон
бобомни йўқлаб, бутун Ўрта
Осиёдан зиёратчилар келишарди.
Аммо Эшон бобом камтар ва
камсуқум инсон эдилар. Тўй-хашам,
маракаларда одамлар берган
эхсонларни бошқаларга тарқатиб
кетар эдилар. У кишига қўйилган
тўнларни олиб, маракадан чиқиб
кетишда дарвозада қатор турган
одамларнинг ичидаги уст-боши
юпунроқ бирор кишининг елкасига
ташлаб, ўтиб кетар эдилар. Эшон
бобомнинг дарвозаси қишин-ёзин,
кечаю-кундуз ёпилмас эди. Эшон
бобомни йўқлаб борган одам ё
шогирдларига дарс
бераётганларига ёки намозда
ўтирадиган холда ўтириб, Қурон
ўқиётганларига гувох бўларди.
“Эшон бобомникига бордим,
ухлаётган эканлар”, деган одамни
кўрмаганман.
˗ Хатто биз бахслашиб, Эшон
аямдан хам сўраганмиз, ˗
дегандилар бир сафар отам. ˗
“Эшон бобомнинг ухлаганларини
сиз кўрганмисиз?”, деб.
“Ухлайдилар, аммо биз хам
кўрмаймиз”, дегандилар Эшон аям.
Эшон бобомгача хам, Эшон
бобомдан кейин хам қабр кавлашга
ўн киши бормаган. Юзта
талабгорнинг ичидан танлаб
олинган ўша ўн киши навбат билан
тушиб, қабр кавлаган. Айвони
тайёр бўлиб, энди лахадни
кавлашни бошлаган эдикки, айвон
деворларида “Бисмиллахир
Рохманир Рохийм” деган ёзувлар
пайдо бўлди. Бу пайтда бизнинг
қанчалик хайратланганимиз,
яшириб нима қилдим, вахимага
тушганимизни тасаввур
қилолмайсиз. Қибла тарафдаги
девордан ташқари учала деворда
хам ёзувлар пайдо бўлди.
Иккита йигитни қишлоққа
чоптирдик.
Лахад тайёр бўлгунча халиги
ёзувларнинг устидан бир неча
“Аллоху акбар” деган ёзувлар
чиқди.
˗ Ёшим элликка кириб, бунақа
синоатни кўрмагандим, ˗ деди
Фаттохқул ака. ˗ Эшон бобомнинг
биз билмаган бошқа хислатлари
хам бор экан-да.
Қишлоқдан одамлар етиб келганда
олдинги икки ёзувларнинг устидан
учинчи ёзувлар пайдо бўлиб
улгурган эди: “Ла илаха иллаллох,
Мухаммадур росулиллох”.
Тумонат одам йиғилди. Хамма бу
синоатдан лолу-хайрон эди.
Келганлар ёнларидаги
телефонларида бу ёзувларни
тасвирга ола бошлашди. Биз
вахимада қолиб, шу ишни эртароқ
қилмаганимизга афсус қилдим.
Сабаби, ёзувлар уч қават бўлиб
кетганидан энди улар бир ўқишда
равон ўқилмайдиган бўлиб қолган,
айримлар “Булар аниқ ёзувлар
эмас, узуқ-юлуқ харфлар
йиғиндиси”, дейишгача хам
боришган эди.
˗ Ўзларинг ёзиб чиқмадиларингми?
˗ деб сўради хокимиятдан келган
киши.
У кишининг қўлига бир чўпни
бердим:
˗ Битта харф ёзиб кўринг-чи!
Халиги одам бирор харф ёзолмади.
Айвон деворининг тупроқлари
шувиллаб тўкилиб кетаверди.
˗ Олимларни чақириш керак! ˗
деди кимдир.
˗ Газетадан, телевидениедан одам
чақириш керак, ˗ деди яна кимдир.
Анча давом этган бахс, мунозарага
Эшон бобомнинг укалари нуқта
қўйдилар:
˗ Бу Эшон бобомнинг жаннати
эканликларига бир аломат.
Қолаверса, қолганларга, яъни сизу-
бизларга бир ибрат. Бу ерда
олимлар қиладиган иш хам йўқ,
телевизордан кўрсатадиган нарса
хам йўқ. Юринглар, жанозани
ўқийлик! Эшитмаганмисиз,
“Мархумни кутдирманглар, тез
кўминглар”, мазмунидаги хадисни.
Эшон бобом хам, Эшон бобомга хам
махтал бўлиб қолдилар . .
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев