Мен бедаво дардга чалинган аёлман. Бироқ бу ҳақда зорланиб оғиз очишга ҳақим йўқ. Қилган гуноҳларимга яраша жазолаётганимни яхши биламан.
Бўй етган қизларнинг ҳаммаси вақти-соати етганда узатилади. Мен ҳам отамнинг розилиги билан турмушга чиқдим. Эрим билан икки-уч ой яхши яшадик. Кейинчалик менга қоронғу бўлган турмушнинг сирлари очилди. Эрим ёшликдан ичкиликка берилган экан, ота-онаси уни бу йўлдан қайтаролмаган. Бунинг устига биздан бу одатини сир тутишган. Эрим ичиб келиб, мени сабабсиз калтакларди. Отамнинг уйига доим юз-кўзларим кўкариб борардим. Чунки калтак емаган кунларим оз бўларди. Сўнгги марта уйдагиларни кўргани борганимда отам эримнинг уйига қайтиб жўнатмади. Мен бир ойча дадамникида юрдим. Бир кун уйдагилар йўқлигида эрим келди. «Ичмайман, уйга қайт!» дея Худонинг зорини қилди. Шунда кутилмаганда отам ва акаларим келиб қолиб, эримни роса калтаклаб уйига жўнатишди. Пиёниста эрим юрак ютиб бошқа қайтиб келмади. Мен уйга қайтиб боролмасдим, қайтишни ҳам истамасдим. Ахир у ерда беш ой яшаб, уч ойида калтак едим ва ҳомиламдан айрилдим. Шу сабаб мен учун ортга йўл йўқ эди.
Орадан икки йил ўтди. Уйимизга тағин совчилар кела бошлади. Отам мени хотини вафот этган одамга узатишга қарор қилди. Унинг бир ўғил ва бир қизи бор эди. Катталарнинг қистови қатъий бўлмаса-да, ўша одамга турмушга чиқдим. Бу оилага кўникишим осон кечмади, лекин иккинчи умр йўлдошим оқкўнгил одам эди. Ҳаммаси изига тушиб кетганига қарамай, мен болаларга меҳр беролмадим. Уларни ўзимга ёт тутардим. Ўзимни гўё бу уйга фақат шу икки болага қарашга олиб келинган энагадай ҳис қилардим. Отаси йўқ пайтларда улардан аламимни олардим. Ҳеч қачон етимларга ширин гапирмаганман. Мен келганимга икки ой бўлмасидан болаларни холалари олиб кетиш тараддудига тушишди. Бу гапни эшитиб қувондим. Эрим томон норози бўлди, бироқ болаларнинг холаси ўгай қизим Барнони олиб кетди. Шавкат эса биз билан қолди. Опаси кетганидан кейин бола ўзгарди. Гапирсам, гапимга жавоб қайтармас, иш буюрсам, шумшайиб турарди. Унинг бу қилиғидан жаҳлим чиқиб бечорани аёвсиз калтаклардим. Баъзан нон тугул сув ҳам бермасдим. Кўп ўтмай ўзим кетма-кет фарзандли бўлдим. Эсимда, учинчи фарзандимнинг чилласи чиқадиган куни онам келинлари билан бизникига меҳмонга келадиган бўлди. Ўша кун дастурхонни роса безадим. Бир айланиб келиб, меҳмонхонага мўраласам, ширинликларга кимдир тегинган экан. Албатта, бу ишда Шавкатнинг қўли бордай туюлди менга. Уни ўғрига чиқариб, роса урдим. Ўз болам акасини аёвсиз калтаклаганимни кўриб, ширинликларни ўзи еганини айтди. Шунда ҳам тинчимадим, барибир, уни жазоладим. Шавкат бирор марта отасига ё холаларига зорланиб, менинг урганим ҳақида оғиз очмаган. Ўгай бўлиб ўгайлигимни кўрсатганимни ҳеч қачон бошқаларга билдирмаган. У шундай мард бола эди. Бечора калтакларнинг дастидан оёқ-қўллари қалтираб, таёққа маҳкам ёпишиб олар, кўзларидан шашқатор ёш оқарди. Мўлтираб турган нигоҳи «Онажон, мени урманг. Менга раҳм қилинг», дегандай бўлаверар, доим товуш чиқармай йиғларди. Менинг эса унга сира раҳмим келмаган.
Қайси йили ёдимда йўғ-у, лекин отаси иш юзасидан Янги йилда узоқ сафарга кетадиган бўлди. Ишхонадан ҳамкасби келиб, уйга бозорлик билан болаларга совғалар ташлаб кетди. Ичида эримнинг номидан менга хат ҳам бор экан. У ҳаммамизни байрам билан табриклаб Шавкатга аталган совғани бериб қўйишимни сўраган экан. Мен эса очкўзлик қилиб, унга аталганини тутқазмадим. Ўгай боламдан яшириб, ўз болаларим билан бўлишдим.
Шавкат еттинчи синфда ўқиб юрган кезлар эди. Кутилмаганда касал бўлиб қолди. Чунки бечора болагинамнинг қорни нонга тўймасди. Мен эса уни аямасдим. Хуллас, Шавкат қаттиқ шамоллаб қолди. Бу ҳақда эшитган холаси Шавкатни олиб кетди. Шу билан болам бизникига қайтмади. Аҳён-аҳёнда отасини кўргани келиб турарди. Бир куни ўқитувчиси табелга қўл қўйдиргани уйимизга келди. Мен ўшанда илк марта ўгай ўғлимнинг мактабда жисмоний тарбияни айтмаганда ҳамма фандан аълога ўқишидан хабар топдим. Ўқитувчисидан раҳмат эшитдим. Ўшанда ҳам виждоним қийналмаган.«Мен ҳам онаманми?» деб ўйламаганман......
Бу орада Шавкат бизникига умуман келмай қўйди. Унинг ҳарбий билим юртига ўқишга тайёргарлик кўраётганини отасидан эшитдим. Ўғлим ўқиди, ишлади, лавозими кўтарилди. Ўзи уйланди, уй қурди. Ҳа, мана шундай эпчил чиқди бу бола. Шавкат менинг ёнимда яшаганида бир оғиз ширин сўзимни аяганман, лекин ўғлим ёмонликларимга яхшилик билан жавоб қайтарди. Шавкат укасини ўгай, деб айирмади. Уни ўзига эргаштирди. Ўқишга киришига кўмаклашди. Ишга жойлашишида ҳам ёрдамини аямади ва ҳозир ҳам қўллаб туради.
Мен ҳозир касалман. Бугун бир норасида етимни уриб-тепкилаган қўл-оёқларим дағ-дағ титрайди. Бу ўгай боламни қон қақшатганим эвазига берилган жазо! Мен унинг кўкрагидан итаргандим, у эса онам, деб мен билан отасига ҳаж сафарини адо этишимизга шароит яратишга тутинди. Мазам йўқлиги учун боролмадим, отаси эса бориб келди. Кўпинча кўрпа-тўшак қилиб ётганим учун Шавкатжон докторларга ўзи олиб бориб кўрсатди. Хуллас, ёрдамини аямаяпти. Мен эса уяламан. «Ахир бу болага не кунларни кўрсатмаганман, нега у мени аяйди?» дейман. Одам ҳам шунчалар оқибатли бўладими?
Бир кун туш кўрдим. Тушимга онам кирибди. Онамнинг оламдан ўтганига анча бўлганди. Уни кўриб, қувонганимдан қучмоқчи бўлдим. Бироқ онам мени итариб, яқинлашишга қўймади. «Сен менинг болам эмассан. Гуноҳларинг қилган савоб ишларингдан кўп. Кимга озор берганингни ўзинг яхши биласан. Унинг олдига бор-да, шу қалтироқ қўлларинг билан бошини сила. Бағрингга бос. Шундай йиғлагинки, кўзларингдан оққан шашқатор ёшлар тинмасин. Худо де, ўша жабрдийда сени кечирсин. Гуноҳларингни Худо кечирсин. Айтганимни қил, бўлмаса, менинг ёнимга келма. Агар гапимга қулоқ солмасанг, менинг сендай болам йўқ!» деди-да, кетиб қолди. Бу тушдан эсанкираб қолдим. Наҳот мени Худо кечирмаса?! Наҳот Тангри мендан юз ўгирган бўлса?! Болажоним, Шавкатжон, мени кечир! Кўзлари сўқир онангни кечир! Сенга оналик қилолмаган онангни кечир!..
Ҳурматли таҳририят ходимлари, бу гапларни ёзишимдан мақсад менга ўхшаган етимларга она бўлганларнинг кўзлари очилсин, дейман. Улар ўзига тўғри хулоса чиқариб олса яхши бўларди. Мен қилган ишларимдан минг-минг пушаймонман. Бахт, аслида, ҳаммага кўнглингни очиб, сендан меҳр кутадиганларга меҳр улашиш экан…
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6
Баттар бол.
Ана шу булган вокеага ёзган коментларингиз ва эьтиборларингиз учун ташаккур.
Сизларга АЛЛОХнинг рахматлари ёгилсин.