Ҳаётий ҳикоя.
Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди пайдо
Муҳаббатсиз кишидин қоч, Ҳувайдо...
Хўжаназар Ҳувайдо.
90-йилларнинг бошлари...
Олийгоҳнинг шарқшунослик факультетини битириш арафасида юрган чоғларим эди. Менинг диплом ишим «СССР даврида йўқ қилинган, мозийга ғарқ бўлган маънавий бойликларимизни ёритиш» мавзусида эди. Бошим ғувиллаб кетди. Имтиҳонлардан олдин шу нарса ҳозир ҳечам ёқмасди. На илож?
Шу бугун нима учундир трамвайга ўтирдиму, бувим яшайдиган Тошкентнинг қадимий гўшаларидан бўлмиш, Жар ёқасидаги эски «Тунукачилар» маҳалласига йўл олдим. Бувим билан чой ичиб гаплашиб ўтирар эканман, ўқишларимни суриштириб қолдилар. Мен эса диплом ишим ҳақида айтиб нолиган бўлдим. Ажабо! Бувимни эса кўзлари чақнаб кетди.
— Вооой, ўзимни журналист боламдан, вой ўзимни катта одам бўладиган боламдан, — дея эркалатиб кетдилар. — Эшон ойингни армонларини ушалтирадиган бўлдик, — дея ёш боладай қувондилар.
— Агар мени десанг, Эшон аянгни ҳикоясини албатта ёзасан!
Бечора бувим... курс ишини газетага ёзиб чиқишади деб ўйлаяптилар шекилли. Мийиғимда кулиб, «Эй, бувижон», — дея гапни бурдим.
— Ҳозир тонна-тонна пахта териб, 10 та туққан қаҳрамон оналар ҳақида газетага ёзадиган пайтлар ўтиб кетган.
Бувим эса бошини чайқатиб:
— Шунақа бўлиб кетганми, — дедилар. Қарасам жиддийлашаяптилар. Тўғриси, гапларига кўнишга мажбур бўлдим. Бувим эса «Қўқон дўқи»ни бир сонияда «борса-келмас»ларга жўнатиб юбордиларда, секин қўшниникига чиқиб кетдилар. Мен бувимнинг бу қилиқларига кулганча хонага разм солдим. Хаёлимда ҳозир бувим ўзларига ўхшаган «бир қоп ёнғоқ» кампирни бошлаб келадилар-да, тарихни эртакка айлантириб, роса сафсата сотишадигандек туюлиб кетди. Хаёлимдаги воқеа нашъа қилиб, ёйилиб жилмайдим. Шу пайт дарвозанинг шарақлаб очилгани эшитилди. Бувимнинг овози шундоқ келиб турарди. У нуқул тавозе билан «Қани-қани», – дея мен ўтирган хонага биринчи ўзи кирди. Ортидан эса... Йўқ, умуман бошқа одам кириб келди. Бувим билан тенгдош бўлса ҳам қадди букилмаган, жуссали, оппоқ юзига ҳўп ярашган қалин қошли, кўзларида қандайдир қувват бордай салобатли кампир кириб келди. Беихтиёр ўрнимдан туриб кетганимни билмай қолдим. Саломлашгач, ўтириб фотиҳа ўқилди. Эшон ая салобатига яраша қалин овози ила гап бошладилар. Суҳбат асносида олийгоҳимизда олган вазифамни батафсил тушунтирдим. Эшон ая ҳамма гапларимни сукут билан тинглагач, сўз бошладилар:
— Мен Тошкентга донғи кетган Шамсуддин Эшоннинг набираси, Тошкент девонида Қозикалон бўлиб ишлаган Нурмуҳаммадхоннинг қизлари бўламан. Мана шу маҳалланинг бошидаги кўчанинг ўрнида бизнинг ҳовли бўларди. Бир-бирида хушсуврат икки акам, онам ва дадам... яхши яшардик. Элас-элас эслайман. Акаларим Абдусамиъ қори, Абдулборий қори эл оғзидаги булбулқорилар эди. Дадам уларни Бухорои Шарифга ўқишга жўнатганида катта акам Абдусамиъ 8, кичик акам Абдулборий эса 6 ёшда эдилар. 7 йиллик таълимдан сўнг дадам уларни Тошкентга олиб келиб, халққа 3 кун ош берган эканлар. Акаларим мени аввал кўришмагани учунми, ёки биттаю битта қиз бўлганим учунми, жуда ҳам яхши кўришар эди. Гузарга ул-бул харид қилгани чиқишса, албатта, менга ҳам нимадир олиб келишар, доим кўнглимга қарашар эди. 8 ёшга тўлганимда акаларим менга Қуръондан дарс бера бошладилар. Абдусамиъ акамнинг кўзлари доим меҳрли бўлгани билан дарс пайтида қаттиққўл бўлар, жуда ҳам талабчан эдилар. Абдулборий акам эса акси. Нуқул «пошша ойи» деб эркалардилар. Дарсга ялқовлансам, қарашиб юборардилар. Ўзи алпқоматли йигит бўлса ҳам, меҳрибон эдилар.
Ўша фараҳбахш даврларимиз ҳуррият (революция)дан сўнг осмонга кўтарилган буғдек кўтарилиб кетди. Ўша кеча хотирамда бутун умрга муҳрланиб қолган. Кўкламга чиқиб тўй қилмоқчи эдик... Қишнинг совуқ тунларидан бири, онам акаларим билан алланималарни гаплашиб ўтирарди. Шундоққина ёнимиздаги Мўйи Муборак масжидида ҳуфтон намозига азон янгради. Акаларим кийиниб масжидга чиқиб кетишди. Эҳ, ўша пайт акаларимни охирги маротаба кўраётганимни билганимда эди...
Эшон аянинг ҳикояси шу ерга келганида нимчаларининг чўнтагидан ўртача катталикдаги қутича чиқардиларда, қалтироқ,
ажин босган қўллари билан менга узатдилар. Ичини очиб қарасам, сарғайиб кетган бўлса-да жуда яхши сақланган мактуб турарди. Очдим. Чиройли ҳуснихат билан эски ўзбек ёзувидаги нома эди бу... Шарқшунослик олийгоҳида ўқишим қўл келиб, ёзувни ўқишга киришдим.
«Менким, Қозикалоний Тошканди азим Нурмуҳаммад ўғли Абдусамиъ жондан азиз синглим Ойиша бибига узоқ ва яқин қўшни Афғон юртидан а.а.в.б., дея ғойибона пешонангиздан ўпаман. Оллоҳ ҳақ субҳана таъолога ҳамд, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га чексиз дуруду саловатлар бўлсин. Ўша биз жигарим, сафдошим Абдулборий билан чиқиб кетган ҳуфтон намози ҳақида сизга батафсил сўзласам. Ўша кеч биз масжидга кирган чоғ ҳуфтоннинг фарзи ўқилаётган эди. Биз имомга иқтидо қилиб сафга турдик. Масжид аҳли сийракроқ, чамаси 10 чоғлик киши эди. Намоздан сўнг такбир тушириб ўтираётган эдик, масжид эшиги фавқулотда қаттиқ очилди. Тўғрироқ айтсак тепилди... Ичкарига 2 нафар, ёшлари чамаси 40лардаги забардаст одамлар кириб келди. Бирининг камарига тўппонча қистирилган, иккинчиси эса қўшоғиз милтиқни бўйнига осиб олган эди. Бир зумда масжиддагиларнинг ранглари заъфарон бўлди. Улар амиркон этикларининг лойи билан масжидга кириб келдилар. Кўзлари ғазабга тўлиб кетган мўғулнусха киши бақириб кетди.
— Халқ душманлари, йиғилиб доҳийимизни ғийбат қилишга топган жойларингиз чакки эмас деб, — бирдан ҳамма ерни титиб кетди. Шериги бизнинг туркийлардан эмас шекилли, масжидда папирос тутатганча, заҳарли илжаярди. Жамоат сукутда ўтирарди. Мўғулнусха киши ҳамма ерни титиб, ҳеч нарса топа олмади. Илкис кўзи ёғоч устун юқорисида ўйиб очилган дарчадаги шишада турган «Мўйи Муҳаммад»га тушдию, ирғиди.
— Анавини ол буёққа, мулабачча, — дея имомга ўшқирди.
Имом нималар бўлаётганини тушуниб-тушунмай олиб берди. Мўғулнусха уни қўлига олдида, баттар жазавага тушди.
— Айтишганича бор экан, мана нимага сиғиняпсанлар, — дея идишни чарм халтасига солиб қўйди. Унга:
— Буни қаерга олиб кетасизлар? — дея ўшқириб юбордим. Мўғулнусха аста, лекин таҳдидли овозда:
— Ишинг бўлмасин, итвачча. Буни ёқиб юборамиз, балки ахлатга ташлармиз, — дея мазах қилди.
Расулуллоҳ с.а.в.нинг мўйлариния?! Ўлим тўшагида ҳам «Умматий, умматий» –дея ўтган, умматнинг фарзандлари учун ўз ўғилларидан кечган сарвари коинотнинг мўйи мубораклари шу жоҳилларнинг қўлида қолишини ўйлаб қалбим ларзага келди. Қўлидаги чарм халтани шартта юлқиб олдим. Мўғулнусха қалқиб кетди. Бошидаги телпаги юзларини беркитиб қўйди. Мўғулнусха сўкиниб устимга бостириб келдида мушт кўтарди. Чап бердимда, дадил кўтариб, оёқларини ердан узиб девор томонга улоқтириб юбордим. У боши билан деворга урилдию, шилқ этиб бўйни осилиб қолди. Ғайридин шериги оғзидаги папиросни туфлаб, милтиғини қўлига олиб мени мўлжалга олган эди, акангиз Абдулборий чунонам мушт туширдики, ғайридин ҳушини йўқотиб ерга йиқилди. Масжид ичидагилар даҳшатдан лол бўлиб қолишди. Биринчи бўлиб алпқомат акангиз ҳушига келдида:
— Расулуллоҳнинг мўйини ишончли қўлларга топшириш даркор. Бу буюм келажак авлоднинг биздаги омонати. Тезда кетайлик, — дея чарм халтани бўйнимга илдим. Иним Абдулборий иккимиз масжид эшигига яқин келганимизда ортимиздан бир йигит келиб,
— Масжид эшиги тагида отим турибди. Уни олинг. Магар отсиз узоққа етолмассиз.
Имом эса маҳзун оҳангда:
— Бутун мусулмонлар омонатини Аллоҳ розилиги учун асранг. Ўруснинг қўли етмаган фақат Афғон юрти қолди. Энди тез кетинг, Оллоҳ ёр бўлсин. Омин, — дея фотиҳа тортди.
Биз масжиддан чиқиб, маҳаллалар оралаб шаҳардан узоқлашдик. Оға-инилар ўлимни бўйнимизга олиб бир отга мингашиб сафарга бел боғлагандик. Чамаси 10 кунлар, кундуз хилватда дам олиб, тунлари йўл босдик.
Биласизми, Ойиша биби?! Энг қизиғи чарм халтадаги шишани ушласангиз, баданни қақшатаётган совуқ ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетарди. Қалбимизда қўрқувдан асар ҳам йўқ, намоз ўқиётгандек юрак ҳузу ҳушудан маст эди. Манзилга оз қолган кунларнинг бирида бир қишлоқда ҳордиқ чиқармоқчи эдик. Бизни жуда илиқ кутиб олишди. Лекин акангиз Абдулборий хавфсирайверди.
Тунга яқин қўноқ эгаси сариқ соқолли одам ўйноқи кўзлари ёниб, тунаб қолишни таклиф этди. Мен йўқ, йўлга чиқамиз, — дея рад этдим.
— Ундай бўлса кетмай туринг, мен ҳозир, — дея хонадан чиқиб кетди.
У чиқиб кетиши билан иним «Оға йўлга тушишимиз даркор» дея жўнаб қолдик. Бежиз эмас экан! афғон чегарасидаги Амударё бўйига яқин қолганимизда ортимиздан туёқ товушлари кела бошлади. Унинг ортида отга мингашиб борарканман, инимга маҳзун товушда
— Сенинг жонингни ҳам хатарга қўйдим. Асли ўзим кетсам ҳам бўлар эрди – дедим. У кулимсираб:
— Оға, сизнингча мен фақат қондошлик ваъжидан шу ердаманми? Йўқ, ундай ўйласангиз адашасиз. Мен Пайғамбаримизнинг мўйлари учун битта жоним экан-ку, агар мингта бўлса ҳам ҳамммасини берар эдим. Иншаоллоҳ, Ҳавзи Кавсар бўйида ноумид қайтармасалар дейман. Маним учун бу сафардан ягона истагим шудир.
17 ёшлик шеркелбат инимнинг сўзлари қалбимдаги нохушликни қувиб юборди. Дарахтлар орасидан кечув жойи ҳам кўриниб қолди, дея қувондим. Шу пайт укам сергакланди. Бу товушлар жуда яқин қолганини билдирарди. У жиддий қиёфада:
— Оға, от иккимизни манзилга етказа олмас, — деб қўрқаман. Сиз буни олингда, сўқмоқ оралаб кечув жойидан чиқинг. Ман уларни чалғитай. Сиз энг муҳими омонатни ишончли дўстларга етказинг. Иккимиз отдан тушдик.
Шундагина шу 17 ёшдаги ўспирин йигитнинг 10 кунда қанчалар улғайганини қарашларидан сездим. У мардонавор туриб энди хайрлашамиз, дея кўзида қалқишга тайёр турган ёшларни беркитиш учун мени маҳкам қучди. Мен ҳам акангизни сўнгги бор қучаётганимни сезиб йиғлаб юбордим.
— Энди йўлга, — дея отга минди. Мен ундан кўз узмай қараб турардим. У отга қамчи уриб жанубга бурилди. Бироз юрдида, ортга ўгирилди. Болаларча самимий оҳангда
— Ҳақимга тиловат қилиб туринг! — дея отни чоптириб кетди...
Дарёнинг кечувига яқинлашганимда ҳийла нарироқда отларнинг дупур-дупури эшитилди. Чамаси таъқибчилар. Юрагимда олов ёнар, лекин Расулуллоҳ с.а.в.га бўлган муҳаббатим кучлилик қилиб, кечувдан ўта бошладим. Сувнинг таги шиддат билан оқар, оёғим 3 та қадамдаёқ тола бошлаганди. Эй Оллоҳ, ўзингга таваккул дея сувга тушиб юра бошладим. Шу пайт узоқроқдан бирини-кетин ўқ товушлари эшитилди. Ичимда нимадир узилиб кетгандек бўлди. Акангиз шаҳид кетди, иншаоллоҳ! Сувнинг ўртасига келганимда бирдан оёғим толиб оқим пастга қарата оқиза бошлади. Қўлимдаги шишани тепага кўтарганча, иккинчи қўлим билан ниманидир ушлаб қолишга ҳаракат қилардим (бу ерда оқим жуда кучли бўлгани сабаб одам ўта олмас, шу боис қўриқланмасди), қўлим ҳеч нарсага илинмасди. Шу пайт сув тагидан нимадир қўзғалиб қўлтиқларим орасига кирди. Мен оқим билан курашавериб ҳолдан тойган эдим. Қарасам, улкан лаққа балиқ шиша кўтариб олган қўлимдан қирғоқ сари тортиб келарди. Қирғоққа чиқшим билан балиқ Амударёнинг лойқа сувига шўнғиб кетди. Қўлимдаги шишани маҳкам сиққанча, энг қаҳратон тунларнинг бирида кўчада, усти-бошим шалаббо ҳолда, бегона юртда мусофирликда қолиб кетдим. Лекин руҳим жуда ҳам енгил, иймоним роҳат ва омонда эди. Шу ҳолда қор устида осмонга қараб ухлаб қолибман...
Тонгда ўрнимдан туриб қарасам, маҳаллий балиқчилар уйида, бозиллаган сандал атрофида ётибман. Қўрқиб чўнтагимни титкиласам, Алҳамдулиллаҳ, бус-бутун! Яна жойига солиб ухлаб қолибман.
Ойиша биби, ўша куни кўрган тушим учун ота-онам фидо бўлсин. Тушимда Мадина шаҳрида фахри коинотни қидириб юрганмишман. Шу пайт Мусаб ибн Умайр менга йўлни кўрсатиб юборибдилар. Мен Расулуллоҳни шаҳар четида топдим. Не кўз билан қарайки, иним, сафдошим Абдулборий билан гаплашиб ўтиришарди. Расулуллоҳ с.а.в. менга таналари билан ўгирилиб кулимсираб турардилар.
Афғон юртида уйландим, фарзандлар орттирдим. Шу ерни Ватан қилдим. Бу хатни Маккаю-мунавварада ёзиб, ўзбекистонлик биродарларимдан омонат қилиб жўнатяпман. Сизларни Оллоҳга омонат топшираман."
Мен анчагача ҳикоя таъсиридан чиқолмай қолдим. Аввалига бу йигитларни бир дона мўй учун шунча жафо чекканларни тушуна олмадим. Қизиқиб Пайғамбаримиз ва уларнинг тарихларини ўргандиму, ҳаммаси ойдинлашди. Бундай зот учун ҳатто ота-онангни ҳам фидо қилса арзийди..Ҳа айтганча, ёзган диплом иши бир неча танловларда ғолиб бўлди.
Лекин мен учун энди бундай нарсаларнинг заррача қизиғи қолмаган эди. Мен ҳаётимдаги энг муҳим мусобақада ғолиб бўлган эдим.
Тамом.
Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1