7-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Саида Азиз.
ФОТИМАНИНГ ҲИКОЯСИ
Ишлашимга рухсат берарди. Лекин ойда бир марта феъли тутиб, жанжал қилиб оларди. Ўринсиз рашкларидан тўйиб кетиб, қочиб ҳам кетганман. Аммо у бориб, ялиниб, ярашиб олардида.. яна бир ойдан кейин ўша қилиғини қиларди. Отамга бориб “Бу одам билан яшамайман”, деб нолисам, ортимдан гул кўтариб борарди. Дадамга яхши гапириб, яна қайтарарди. Кейин эса... эски тос, эски ҳаммом.
Аввалига дод деб юрган бўлсам, кейинчалик эътибор қилмай қўйдим. Лекин мен ҳам портлашни ўргандим. Йиғилиб кетгач, бир “портлаб” олардим. Иккимиз болалар олдида жанжаллашардик... вақт ўтиб, яна ҳеч нарса бўлмагандек ҳолатда давом этардик... Қизим ва ўғилларим уйдан қочишни одат қилишди. Бир куни қизим менга: “Мен ҳеч қачон сиздек яшашга кўнмайман! Ё қочиб кетаман, ё ўзимни ўлдираман!” деди.
Ўшанда муносабатларимиз болаларимизга қанчалик таъсир кўрсатаётганини сезиб қолдим.
Психолог излаб, устознинг ёнига бордим. Сиз билан ҳам ўша ерда танишгандик, Сабрияхон, - деди Фотима опа сўзлашдан тўхтаб. Психолог бош ирғади.
- Ўз устимда ишлашни бошладим. Ва англаганим шу бўлдики, эримнинг бу қадар аламзадалиги, рашкчилиги остида бошқа бир ҳақиқат бор экан.
- Нима экан? – қизиқсинди Сабрия Иброҳимовна.
- Балки айтишим ножоиздир. Балки керакдир... сиз жуда кўпчилик билан ишлайсиз.... – мужмал гапирди аёл. Психолог ажабланди.
- Опа, бемалол айтаверинг. Чиндан ҳам керак бўлар эҳтимол... Сиз ҳам устознинг анчагина сабоқларини олгансиз.
Фотима опа бироз жим турди. Стол устига қўйилган финжондаги қаҳвадан ҳўплади.
- Аслида рашкчи эркакларнинг ўзига нисбатан ишончи паст бўлади. Яъни у ўзини қадрлашни билмагани учун хотини ҳам уни қадрлайма кетиб қолишидан чўчийди. Доимий стрессда юради. Лекин бунинг яна бир томони бор эканки, билмадим... балки бу томон ҳаммага ҳам тегишли бўлмас. Рашк иймондан, дейилади. Лекин ўринсиз, ҳуда беҳудага қилинган рашк бу касаллик. Ва бу касалликнинг боши болаликка бориб тақалади.
- Яъни... – аниқлатирмоқчи бўлди мутахассис.
- Яъни... биласизми, азалдан эр ва хотиннинг тўшаги болаларникидан алоҳида бўлиши кераклиги тайинланади. Бу диний, аҳлоқий томонлама айтиб келинади. Асл сабаби эса... эр ва хотин нозик муносабатларда бўлаётган кезда уни болалар кўриб қолиши, боланинг психикасига қаттиқ таъсир кўрсатиши мумкинлигида экан. Бу ҳақда билганимдан сўнг умр йўлдошимдан болалигини сўраганман. Унинг айтишича, бешта фарзанд ва ота-она бир хонада ётишган. Энг ёмони эса... ўша ишни болалар қоронғуда бўлсада... билишган. Ўғил бола учун унинг онаси энг севимли инсони бўлади. У миттигина бўлсада, онага талпинади доим. Бироқ... онасига отаси эгалик қилаётганини онгсиз равишда кўриб туриб, ич-ичидан уни қизғаниш ҳисси пайдо бўларкан. У тушунмайди, англамайди. Лекин ўша ҳолат унга яхшигина жароҳат (травма) беради. Ва бу жароҳат энг қўрқинчлиси экан...
Афсуски... “травма” билан ишлаш учун эримни ҳеч бир психолог қабулига юборолмадим. – хўрсинди аёл.
- Тушундим... -деди Сабрия Иброҳимовна ҳам унга ҳамоҳанг хўрсиниб. Аёл қўлидаги пакетни узатаркан, кулимсиради:
- Аслида буни сизга илиниб олиб келгандим. Кичик қизим билан Туркияга бориб келдик. Луқум... сиз яхши кўрардингиз. Негадир ёдимга тушдингиз ўша ерда туриб... Сиз учун олдим. – деди Фотима опа. Сабрия Иброҳимовна пакет ичидаги қадоқланган луқумни олиб, миннатдорчилик билдирди:
- Раҳмат, опажоним. Ҳозир шу дамда Румийнинг бир гапи ёдимга тушди: “Кўкка сиғмадим, ерга сиғмадим. Инсон қалбига сиғдим!” Аллоҳ олис Туркияда мени қалбингизга солибди. Бу қалбингиздан жой эгаллаганим учундир балки... Беҳисоб шукр!
- Майли, мен борай... Энди тез-тез кўришиб турамиз, Сабрияхон, - деганча кетишга чоғланди аёл.
***
Фотима опани кузатган Сабрия Иброҳимовна яшил дафтарига ёзаркан, сўзлар қуйилиб кела бошлади: “Баъзан йиллар давомида яшаган кимсадан меҳр тиланиб яшайсан. Гоҳида эса бир мартагина танишган инсонинг қалбингни лиммо лим меҳрга тўлдиради. Қизиқ... Аллоҳ қалбни Ўзи истаган бандасига очарканда... Ҳар доим ҳам ҳар кимнинг ҳам кўнглида Азиз бўлолмайсан!”
***
КУНДАЛИКДАН
2014 йил... феврал
Аллоҳим, Ўзингга шукр!
Орадан бир зумда беш ой ўтиб кетибди.
Ўшанда орадан бир ой ўтиб, Даврон ака қўнғироқ қилди. “Тез уйга қайт!” деди буйруқомуз оҳангда. Мен эса қайтмаслигимни таъкидладим. У билан яшамаслигимни тушунтирдим. Эрим эса ишонмади. Яна осмондан келиб гапирди. Болаларни юборишимни тайинлади. Аввалига жаҳл қилдим. “Нега болаларни жўнатишим керак?”
Айниқса, Робиянинг гапи менга қаттиқ таъсир қилганди: “Ойи, дадам иккингиз уйга кириб кетсангиз, қалтираб ўтирардим. Яна жанжаллашишмасинда, деб... Афсуски, кўп ҳолларда жанжал овози эшитиларди!”
Қизимнинг митти юрагида шу қадар қўрқув бор экан. Биз иккимиз унинг қалбига мана шу қўрқувни солиб қўйибмиз...
Шунда қарорим ноўрин эмаслигини яна бир бор англадим. Дилбандларимнинг руҳиятига таъсир кўрсатишга ҳаққим йўқ. Уларнинг митти юрагига қўрқув эмас, муҳаббатни яшнатишим лозим, деб ўйладим.
Юбормадим. Фарзандларимнинг ўзлари ҳам боришни исташмади.
Лекин бир ойдан сўнг, фикрларимни йиғиб олгач, “Майли”, деб рози бўлдим. Қизлар ва эгизакларим отасини ва қайнонамни кўриб келишди.
“Жиннилик қилма, яшаймиз!” деди Даврон ака. Мен эса қаршилигимни билдирдим.
“Майли, агар биз учун шаҳар марказидан уй олсангиз, кейин чиқамиз!” дедим. У эса менинг шартим билан яшамаслигни айтди. “Ўзингиз биласиз”, деб телефонни ўчирдим.
Орқаваротдан эшитишимча, биз кетгандан кейин Даврон аканинг иши орқага кетаётганмиш... фоизга олган қарзлари кўпайиб кетибди. Яна бир марта чув тушибди. Менга эса унинг аҳволи умуман қизиқ эмасди. Энди менга ҳам фарқи йўқ эди.
Мен курсдошларимдан сўраб, лицейга ишга жойлашдим. Психолог бўлиб. гулбаҳорнинг ўзи ёрдам бериб туришини айтди. Тўғри, ойлиги паст. Аммо бошланишига бўлади.
Янги иш... ўн икки йилдан кейин иш бошлаш... қандайдир ҳаяжондаман. Эрталаб қизларни мактабга, эгизакларимни боғчага ташлаб, ўизм ишга бораман. Дадам уларни боғчадан мактабдан опкеладилар. Ишдан бориб улар билан суҳбатлашаман. Кечаси китоб титаман. Соҳадаги китобларни топиб беиршди. Ўқийман, керакли жойларни белгилайман. Яна шундай давом этарди...
Бугун Ҳасан Ҳусаним етти ёшга киришди. Мактабга боришади. Опалари шарлар ишириб, ярим тунда укаларин табриклашди.
Тўрт томонимда тўртталаси ухлаб ётишибди. Мен эса ёзиш билан овораман. Аллоҳим Ўзингга шукр! Муҳими, юрагим сокин урмоқда...
***
Сабрия Иброҳимовна ўзи бир вақтлар ишлаган лицей эшигидан чиқиб, ҳовли бўйлаб, кетиб бораркан, ортидан исмини айтиб чақиришгани эшитилди. Ўгирилиб қаради. Одмироқ кийинган, озғиндан келган, қорамағиз аёл ғамгин қарашли билан боқиб турарди.
-Узр, опа, йўлингиздан қолдирдим, - хижолатли оҳангда гапирди аёл.
-Бемалол.
-Ҳозир, залда қизларга ўтказган тренингизни кўрдим, эшитдим. Рости, росса ичим яйради. Қандайдир енгил бўлгандек туйдим ўзимни. – деди аёл шоиб.
-Раҳмат. Фойдаси текканидан хурсандман, -жилмайди психолог. Аёл ерга қараб, паст овозда сўзлади.
-Майлими, сиздан бир нарса сўрасам... Менга ҳам ёрдамингиз керак эди.
Сабрия Иброҳимовна соатига бир қур назар ташлади. Сўнг лицей ҳовлисининг четроғидаги ўриндиқ томон қадам босаркан, аёлга юзланди:
-Юринг... анави жойда ўтириб, гаплашамиз!
РОҲАТОЙНИНГ ҲИКОЯСИ
- Исмим Роҳатой. Ёшим 32 да. Оилада иккинчи қиз бўлганман. Оиламиз ўртаҳол эди. Онам мактабда фаррошлик қилар, уйда ул бул пишириб, ўша жойда сотиб келарди. Дадам эса чилангар (сваршик) эди. Биз эса уч қиз ва икки ўғил бўлиб, вояга етардик. Яширмайман, рўзғоримиз ҳар доим бут бўлмасди. Дадамнинг иши мавсумий бўлгани учун у ҳар доим ҳам яхши пул тополмасди. Лекин... оиламизда меҳр ва муҳаббат бор эди. Қаноат, шукр бор эди. Онам беш фарзандига ҳам чиройли тарбия беришга уринарди.
Ўн саккиз ёшимда ўзимиз қатори бир оила фарзандига узатишди. Ғайрат акам ёмон эмасди. Киракашлик қиларди. Қайнотам иккиси битта машинани навбати билан ҳайдаб, тирикчилик қилишарди. Мен катта келинман. Ғайрат акамдан кейин икки синглиси бўлиб, улар ҳали узатилмаганди. Баъзан қайнсингилларим билан жиқиллашиб қолишимизни ҳисобга олмаса, ҳаммаси тинч оққан дарёдек бир маромда давом этарди. Тўйимиздан сўнг уч ой ўтиб, ҳомиладор бўлдим. Ғайрат акамнинг қувончини кўриб, ўзим ҳам шодландим. Қизим соғ ва омон дунёга келди. Маржона деб исм қўйди, қайнонам. Қизим етти ойлик бўлганида яна ҳомиладор бўлиб қолдим.
РОҲАТОЙНИНГ ҲИКОЯСИ
Бу пайтда уйимизда тўй тайёргарлиги бошланганди. Катта қайнсинглимни узатиш учун ҳозирлик кўрилаётганди. Қайнонам “Қизингиз ҳали ёши, олдириб келинг болани!” деди. Эрим қаршилик билдирмади. Мен ҳам туғруқ столигача бордиму, аммо негадир фикримдан қайтдим.
Тўғриси, гуноҳидан қўрқдим. “Ўзи битта бола билан қийналяпсан! Эртага иккита бўлса, нима қиласан? Яхшиси, олдир... Қолаверса, шароитимиз ҳам ҳаминқадар бўлса... Тўйдан кейин Россияга ишлагани кетаман. Кўп пул ишлаб қайтсам, кейин туғаверасан!” деди кўндирмоқчи бўлган эрим.
Йиғладим, бу гуноҳлигини тушунтирдим. Аммо эрим мени яна болани олдиришга ундади. Иккинчи томондан қайнонам ҳам “узиб” олди. “Уйида чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир! Ҳали биттасини эплаб олинг. Шундоғам дўхтирма дўхтир чопганингиз чопган!” деди.
Яна гинеколог ёнига бордим. Навбат кутиб ўтирарканман, бир аёлнинг йиғламсираб ўтирганига кўзим тушди. Айтишича, саккиз йилдан буён болали бўлолмаётган эмиш. Ҳар гал ҳомиладор бўларкану, аммо... бола тўрт ёки беш ойлик бўлганида нобуд бўлармиш... Яна биридан айрилганини, бачадонни тозалатгани келганини айтди. Ичим ёнди. Қорнимни силадим. Туғилмаган болам олдида ўзимни айбдор ҳис қилдим. “Одамлар болага зор. Мен эса вужудимдагини тилка-пора қилишга келдимми?” деб яна аҳдимдан қайтдим. “Нима бўлса, бўлар, шу болани туғаман!” дедим. – кўз ёшларини артаркан, Роҳатой тин олди.
Сабрия Иброҳимовна унинг қўлларидан тутиб, меҳрибончилик қилди. Ёшли нигоҳларини психологга қадам, гапида давом этди.
- Уйга келиб, болани олдирдим, деб ҳаммани алдадим. Зора, қорним қаппайгунча улар инсофга келиб қолишар, деган умид ҳам йўқ эмасди.
Тўй ўтди. Барча расм-русумлар тугагач, Ғайрат акам Россияга ишлагани кетди. Бу орада қорним билина бошлади. Ҳаммадан аввал қайнонам илғади. “Болани олдирмаганмидингиз?” деди жаҳл билан. Жим туравердим. Росса жавради. Эрим ҳам хориждан қўнғироқ қилиб, бўралатиб сўкди. Яна индамадим. икки-уч гапириб, гапириб, кейин улар ҳам жим бўлишди. Лекин... – аёл бурнидан ва кўзларидан оқаётган сувларни артиш учун рўмолча излади. Тополмади.
Сабрия Иброҳимовна сумкасидан нам сочиқ олиб, узатди. Роҳатой юз кўзини артаркан, ўзини босолмай қолганди: - Лекин... вақтим соатим етиб... ўғил туғдим. Ўғлим... болам... ногирон туғилди! – елкалари силкиниб, ўксиниб йиғларди жувон.
Сабрия Иброҳимовна унинг елкасидан тутиб, силади.
-Чақалоғимнинг бир қўли туғма қийшиқ эди. Худди буралиб қолган спиралга ўхшарди. Иккинчи қўлининг эса бармоқлари йўқ.
Туғруқхонадагилар ҳам, ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Ўша ердаги ҳолатимни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Уни дарров реанимация бўлимига опчиқиб кетишди. Мен ҳамон шокдаман. Тўғри, кўп УТТ текширувига тушмадим. Ҳомиладорлигим рисоладагидек кечди. Нега бундай бўлганини билмайман... Ҳамма менга ғалати қараётгандек, назаримда. Боламни қўлга олиш, тугун кўришни ҳам истамаяпман. “Шу мени боламми?” деб сўрайман доядан. “Ҳа, ўзингиз кўрдингизку”, дейди. Йигирма ёшли аёлман. Аммо ўзим шунақа болани туғаман, деб сира ўйламаганман.
Энг даҳшати эса, қайнонам келганидан кейин бошланди.
РОХАТОЙНИНГ ҲИКОЯСИ
Энг даҳшати эса, қайнонам келганидан кейин бошланди. Ногирон бола туққанимни эшитиб, қиёматни қилди. “Сенга бошидан айтгандим. Болани олдир, дегандим. Худо дилимга солган экан. Наслида ногирон йўқ эди. Сен наслимни буздинг!” деб аюҳаннос солди. Яна нималардир айтди, қулоғимга кирмади. Ўзим ҳамон карахтман! Бу шунақанги ҳолатки... таърифлаш қийин. Агар нуқсон ичкарисида бўлганида ҳам билинмасди. Аммо мен туққан боланинг нуқсони эса... ташқарида эди!
Қайнонам бақир-чақир қилиб кетди. Сал ўтиб, эрим қўнғироқ қилди. “Мен сенга олдир дегандим. Олдирмадинг. Ўзинг боқ ногирон болангни... Мени бундай болам ҳам, хотиним ҳам йўқ!” деб ўшқирганча телефонни қўйди.
Ҳамма мени айбларди. Ва улар ҳақ эди. Балки ўшанда бу болани олдирганимда, бугун бу аҳволда қолмасмидим, деб ўйлардим.
Фақат... фақат онам мени овутди. “Қизим, ҳар қандай бола Аллоҳнинг инояти. Майли, ўксинма. Бунинг ҳам бир ҳикмати бордир”, деди. “Менинг айбим нима ойи? Нега бундай бола туғдим? Нега Худо менга бунақа бола берди?” деб йиғладим онамга. Лекин осмон узоқ, ер эса қаттиқ экан...
Онамдан бошқа ҳеч ким боламни хушламади. Ҳатто ўзим ҳам. Уни кўтаргим келмасди. Туғруқхонадан тўғри ота уйимга келдим. Қайнонам “Келмасин! Бизга ногирон боланинг кераги йўқ!” дебди. “Майли, ўзларига келиб олишсинчи, вақт керак уларга ҳам”, деганча онам уйга олиб кетди.
Ишонасизми, ўғлимни шу қадар ёмон кўрардимки, уни қўлимга олишга жирканардим. Назаримда, қандайдир маҳлуққа ўхшаб туйиларди. Бир ҳафта мана шундай аламли, изтиробли ҳолатда юрганман. Лекин онам, уни ювиб тарар, парваришларди. Сутимни соғиб берардим. Эмизгим келмасди.
Бир ҳафтадан сўнг, онам уйда йўқ пайтида, Шукруллойим (онам унга шундай исм қўйди) йиғлай бошлади. Аввалига эшитмаслик учун қулоқларимни беркитиб олдим. Кичик синглимга уни овутишни сўрадим. “Бола сизники, ўзингиз овутинг!” деб чиқиб кетди.
Кўнглимга оғир ботди. Шу дамда йиғлаётган болани оғзини ёстиқ билан тўсиб, ўлдириб қўйишни истадим.
Ёстиқ кўтарганча, унинг ёнига бордим. Ҳеч нарсани ўйламайман. Шу боладан қутулсам, барча таъна дашном ҳам барҳам топади, гўё. Оилам тикланади. Ҳаммаси ўз жойига тушади, деб ўйладим ўша лаҳзаларда...
Бордиму, боланинг оғзига ёстиқни тўсиш учун баланд кўтардим. Ишонасизми, бир ҳафталик чақалоқ мени кўрди-ю, табассум қилди. Қандайдир ичимдан фарёд отилиб келди. Аллоҳ мени яна бир қотилликдан асради. Ҳомилалик пайтида ҳам уни жаллодга топширмагандим. Туғилганида, ўзим ўлдираманми? Авайлаб қўлимга олдим. Ҳидини ҳидладим. Йиғлаяпман, у эса кулаяпти... Худонинг мўъжизасини қаранг. Кўкрагим ийиб кетди. Унга кўкрак тутдим. – аёлнинг сўзлари Сабрия Иброҳимовнанинг кўзларида ёш пайдо қилди.
-Бу болангизда ҳикмат бор, синглим, ҳали кўрасиз! – деди меҳр билан аёлга.
- Илохим, шундай бўлсин. Аммо охирги пайтда... бироз қийналяпман.
Ғайрат акам уни кўргани келмади ҳам. Биз ажрашдик. Мен икки болам билан отамникида яшай бошладим. Ҳеч қаерда ўқимаганим учун фаррошлик қиламан. Уч йилдан буён шу лицейда фаррош бўлиб ишлайман. Ота-онам ҳовли этагидан икки хонали уй солиб беришди. Рўзғорни амаллаб турибман. Лекин укамнинг хотини билан чиқишолмаймиз. Ўғиллари Шукруллойимни беҳурмат қилишади. Масхаралашади. Ўғлим ҳам тобора инжиқ бўлиб бораяпти. Махсус мактабга бергандим. Ўқишни истамади. Оддий мактабга олсам, болалар калака қилишибди. Кўп тортишиб қолаяпмиз. “Сиз мени шунақа қилиб туққансиз!” дейдиган бўлган. Илгари ундай эмасди. Меҳрибон, ширинсўз бола бўлганди. Бироқ улғайгани сари... мени айблайдиган бўлиб қолган. Ўзи кўйлагини кийиб ечолмайди. Мен кийинтириб, ювинтириб қўяман. Бир қўлининг ҳаракати чекланган. Бу йил ўн иккига кирди. Нима қилишга ҳайронман? Ёрдам беринг... – сўзини якунлади Роҳатой.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев