2-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА.
Саид бир яшик узумни велосипедининг орқа ўриндиғига ортиб ҳовлисига кириб келади. Хотини Гавҳар унга пешвоз чиқади. Тожикча лаҳжага тортадиган тарзда ўзбекча гапиради:
- Ассаломалайкум. Яхши келдизми?
- Волайкум. Яхши. Узумни киргиз. Ол.
Саид велосипедни ушлаб туради. Гавҳар узумни туширади. Ерга қўяди:
- Оғир экан...
- Ўзим киргизаман. Сен “жип”имни гаражига олиб бор.
Саид кулади. Гавҳар ҳам жилмайиб велосипедни етаклаб, тандирхонага олиб кириб кетади. Секин буриб, тандирнинг ёнига суяб қўяди.
* * *
Умар ҳориб-чарчаб ишдан қайтади. Дарвозадан кириши билан кўзи уйининг эшиклари очиқлигига тушади. Югуриб уйига киради. Хоналарга бирма-бир бош суқиб қарайди.
- Ифо-о-р! Ифор! Нисо-о-о! Усмон!
Умар бошқа хоналарни ҳам қарайди. Ҳеч ким йўқ. Шалвираб ўтириб қолади. Телефонини олиб “Ifor” деб сақланган рақамни теради. Телефон аппарати тилга киради:
- Сиз қўнғироқ қилмоқчи бўлган телефон аппарати ўчирилган!
Умар асабийлашади. Кейин телеграмга киради. Гулифорнинг профилига қарайди. “ALVIDO!” деган ёзувни кўради. Хўрсинади. Эшик олдига олдига хорғин чўкади. Қўлидан телефони ҳам сирғалиб полга тушади.
- Наҳот, энди йўлларимиз айро! Наҳот, мени ташлаб кетдинг? – алам билан пичирлайди Умар. – Ўша қора кун бўлмасайди, ўша эски девор бузилмасайди...
Умар чуқур уҳ тортади ва хотирага берилади.
* * *
Умарнинг хотираси.
Ҳовли этаги. Иккита уста йигит ғишт қуйиш билан овора. Умар усталарнинг ишини кузатиб турибди. Улар томонга Гулифор чойнакда совуқ чой олиб келяпти.
- Айтсанг, ўзим олиб келардим, - норози бўлади Умар.
- Ишдан қолдирмай дедим. Кейин... мана бу... – Гулифор қўшни ҳовли билан уларниг ҳовлиси ўртасида қаққайиб туриб қолган икки метрча чиқадиган, эски, нураган деворни кўрсатади. – Шу тарихий обидани ҳам бузиб берасизларда, йигитлар!
- Тарихий обида? – усталардан бири кулади.
Гулифор чойнакни Умарга бериб, эски девор ёнига боради.
- Ҳа, тарихий обидадан кам жойи йўқ. Ким билсин, буни ким қурган? Қурувчиси номаълум тарихий обида... Қаранг, бир туртса, қулайман деб турибди, - Гулифор деворни бир-икки итариб кўради. Девор қимирлагандек бўлади. Аёл айланиб, қўшни томонга ўтади. – Айтганча, бу қўшни билан бизнинг ҳовлини ажратиб турган Хитой деворими дейман? Вааай, тагидан сув ўтибди бунинг, тагидан нурабди...
Гулифор деворга яқин бориб, пастга синчиклаб қарайди. Шу пайт Умарнинг даҳшатли овози эшитилади:
- Қо-о-о-о-оч!
Гулифор ҳайрон бўлиб Умарга қарайди ва ўзининг устига қулаётган деворни кўрмайди.
- Гулифо-о-о-о-р! – Умар жон ҳолатда унинг ёнига югуриб келади.
Ҳеч нарсани англамаган, ерда, девор тагидан тупроққа қоришиб ётган аёлининг чаросдек кўзларида даҳшат мужассам. У Умарга қараб хазин овозда пичирлайди:
- Ўляпман...
* * *
Умар хотира таъсирида титрайди. Ерда ётган телефонини олиб яна суюкли аёлига телефон қилади. Телефон ўша гапни қайтаради:
- Сиз қўнғироқ қилмоқчи бўлган телефон аппарати ўчирилган!
Умар бошини чангаллайди. Дод солади:
- Нега бундай қилдинг, Ифооор?! Нега мени ташлаб кетдинг? Ифо-о-ор!
* * *
Ўзбекона уй. Хонтахта устида иссиқ чой дамланган, бир тарелка узум ювиб қўйилган, иккита нон турибди. Қоп-қора кишмиш узумнинг устидаги тиниқ сув томчилари ялтиллаб, товланиб иштаҳани очади. Гавҳар чойни қайтариб қуяди. Чойдан буғ кўтарилади. Саид нони олиб синдираркан, Гавҳардан сўрайди:
- Болалар қаерда?
- Бири молларни суғоргани кетди, бири ухлаяпти, бири китоб ўқияпти, бири бувисиникига кетди.
- Меҳрона китоб ўқиётгандир-да!
Гавҳар “ҳа” дегандек бош ирғайди, чой қуйиб, Саидга узатади. Саид чойни олдига қўяркан, узумдан бир дона олиб оғзига солади.
- Узумдан ол. Роса ширага ботган ўзиям. Асал!
Гавҳар бир шилгил синдириб олиб, ея бошлайди:
- Раис опадан сўраб олдингизми?
- Ўғирлаб олиб келармидим? Ўзи берди, у гапира олмай тараддудланиб қолади: - Анув... ҳалиги... опанинг катта укаси бор-ку... Хотини... хотини... ҳалиги.... хуллас... ўша укасига Меҳронани сўраяпти.
Гавҳар чайнаётган луқмасини тўхтатиб, эрига қараб қолади.
- Нега ола қарайсан? – кўзларини олиб қочади Саид.
Гавҳар зўрға ютинади:
- Бир яшик узумга Меҳронани бервордингизми?
- Жиннимисан? Совчи бўлиб бораман, деди. Бўлди, укасининг хотини кетибди, болаларини олиб. Опа айтдики, ўша уй-жой, ҳаммаси Меҳронаники бўларкан, ўзига хон, ўзига бек бўлиб яшайди, деди.
- Кетган бўлса, келиши мумкин. Оила қушнинг уясимидики, дарров бузилиб кетса. Қушнинг уясиям унча-мунчага бузилмайди!
- Опа нима деса, шу бўлади. Меҳрона ҳам кичкина қизмас. Йигирма тўққизга кирди. 40дан ошган эркаклар сўратяпти, деб йиғлаётгандинг-ку. Мана, опанинг укаси ўттиз бешгаям кирмаган ҳали. Кейин... унинг хотини... энди хотинлик қилмайди... Эшитгансан-ку!
- Эшитганман холос. Яхши билмайман, уларни. Қўшни қишлоқ бўлса...
- Яхшиям қўшни туман, қўшни вилоят эмаскан. Ваҳимакашсан-ей! Бўлди! Меҳрона Умарга тегади. Гулдай йигит, уй-жойи, машинаси бор. Яна нима керак сенга? Мен опага “йўқ” дермидим? Дея олармидим?
Гавҳар буғилиб, ерга қараб қолади. Кўзлари ёшга тўлади. Бурнини тортади. Эрига терс қараб ўтириб олади. Ўзига ўзи гапиради:
- Эй Худо, чаро ин хел шўй ҳа раво диди ту дар ман?!
(Таржимаси: Эй Худо, нега менга бунақа эр бергансан-а?)
Саид алам билан гапиради:
- Нималар деяпсан? Тушунмайди, дейсан-да, а? Нима дегингни билиб олсам-кууу! Ҳар доим шунақа қиласан, жаҳлинг чиқса, мени тожикчалаб сўкасан!
Гавҳар ёшли кўзлари билан Саидга қарайди. Аммо гапирмайди.
- Меҳронага ўзинг айтасан. Шу ёшида энди оқ кўйлак кияман, демас...
Гавҳарнинг баттар кўзлари катта-катта бўлади.
Саид сал юмшайди:
- Бас қил, ола қарашни! Опа ҳар доим бизни қўллаб келган. Қанақа қилиб, икки қиламан гапини. Кейин... бир томондан гапиям тўғри... Меҳронаям энди кичкина эмас...
* * *
Ҳовли. Супа. Супанинг атрофига гуллар экилган, сув сепилган. Ҳамид қассоб, икки ўғли, бир қизи дастурхон атрофида ўтирибди. Болалари 8-12-ёшлар атрофида. Қизи дастурхонга салат олиб келади.
Аёли Раъно катта лаганда чиройли сузилган палов олиб келади.
- Оҳ-оҳ, гўзаллигини қаранглар бунинг, ҳидини қаранглар бунинг. Умрингдан бир кунинг қолса ҳам, ош е, минг кунинг қолса ҳам ош е! Ўлдирсаям, ош ўлдирсин! Қани, болалар яқинроқ ўтиринг.
Ҳамма дастурхонга яқинроқ ўтиради. Ҳамид бошлайди.
- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Бошладим, қани, олинглар. Оҳ, оҳ... Раъно, ошни боплайсан-да! Гуручларинг ўрмалайман, дейди-я!
- Гулифордан ўрганганман-да! Шўрлик дугонам бугун кетди...
Ҳамид ҳайрон бўлиб қарайди.
- Қаёққа кетади?
- Умар иккинчисига уйланармиииш.
Ҳамид хушёр тортади.
- Опаси йўлини топибди-да, а? Э-э-э, яхши бўпти. Икки хотинли бойвучча бўларкан-да, Умар!
Раънонинг жаҳли чиқади. Қошини чимириб эрига ёмон қарайди.
- Ҳа, нима? Демак, аслида иккита хотин олишга рухсат боракан, - Ҳамиднинг кайфияти кўтарилгандек бўлади.
- Сиз дарров рухсат бор-йўқлигини ўйлаб кетдингизми? Мен “Гулифор кетди”, дедим. “Уйида кундоши билан яшаркан”, демадим.
- Умар яна уйланаётгани учун аразлаб кетган, яна қайтиб келади. Иккита боласи, кейин... бу аҳволида... отасиникига сиғармиди? Лекин барибир опа - зўр! Трактирини тариллатиб, ҳокимдан рухсат олиб келган бўлса керак-да!
Раънонинг баттар жаҳли чиқади:
- Мууунча? Рухсат, рухсат деб қолдиз? Боринг, сизгаям рухсат олиб беради.
- Бораманам!
Раъно ошни нари суради:
- Иштаҳамни ҳам бўғдииз.
- Меники очилди! – ҳиринглайди Ҳамид.
Кейин иштаҳа билан ош ея бошлайди. Раънонинг қовоқ тумшуғи осилади.
* * *
Гулифорнинг қизлик уйи. Гулифор паришон ўтирибди. Онаси Гулнор кириб келади.
- Зерикмаяпсанми, Гулифор?
Гулифор “йўқ” дегандек бош чайқайди.
Гулнор гапира олмай чайналади:
- Ҳалиги... Ифор... Умар келибди...
- Киритманг! – қатъий дейди Гулифор.
- Нега унақа дейсан, қизим?
- Кўришни истамайман!
- У сенга нима ёмонлик қилди? Салкам бир йилдирки, оқ ювиб, оқ таради сени. Мен қараган бўлсам, бор-йўғи бир ой қарай олдим. Менам бир умр сенинг уйингда яшолмайман-ку.
- Мендан кечди, у. Мен кечмайинми? – алам билан гапиради Гулифор.
- Қани сендан кечгани? Кечса, келармиди ортингдан? У ўлса ҳам кечмасди. Мажбур бўляпти, шунга. Раҳима хола олдимдан ўтди. Зор қақшаб йиғлади. “Гулифор ҳам тураверади, ўша уйда, рўзғорига аёл керак, барибир”, деди. Нима дей? Яшаб турсанг бўларди-ку, уйингда болаларинг учун! Муродга ҳам ҳайрониман. Жуда эркалатади сени. “Ҳа” деб телефон қилганингдан “Ма” деб сени уйга олиб келганини қара.
- Нима? Умар уйланса, ҳамманинг раҳм тўла кўзларига қараб, ўша ерда ўтиришим керакми, ойи? Бошқа йўли бордир? – Гулифор хўрлиги келиб йиғлаб юборади.
- Қани, ўша бошқа йўл? – Гулнор заҳарханда гапиради. – Йиғлаб юрагимни қон қилма!
- Ўзи сиз мени сира тушунмагансиз. Эсиз бувим. Бувим бўлганида тўғри йўл кўрсатарди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3