4-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
-Сен бу қадар ҳунарвонлиқни қайдин ўргангансен? Ростиға кўчсам менинг ёнимдағи энг сара алплардин ҳам чаққонроқ экансен?!
Ойиша ўзини бепарво тутишга ҳаракат қилиб сокин овозда жавоб қайтарди:
-Шунчаки, бир вақтлар отамнинг кичикроқ от уюри бор эди. Ўша вақтлар кўп машқ қилганман мен.
Музаффар Али унга жавобан кулимсиради:
- Хайринисо онам бу ҳақда хабардор эрканлар-да, шул сабаб мени огоҳлантирмишлар. Демак, менинг дўстим нафақат илмда беназир табиба, балки моҳир чавандоз ҳамда уста камонкаш ҳам эркан.
Сен билан фахрланамен, Ойиша...
Кечга томон йўлга тушар олдидан Музаффар Али қизни ҳоли жойда топиб кўнглидаги саволни беихтиёр тилига чиқариб юборди:
- Қайтгунимча мени кутасенми, Ойиша?
Ойиша самимий кўзларини йигитга тикди:
- Сизни кўпчилик бўлиб кутамиз, Али... Яқинларингиз, Хайринисо онам, Нурижаҳон... Улар орасида мен ҳам албатта борман.
- Раҳмат...- овози товланди йигитнинг,- бу сўзларинг менга қанчалик қанот бағишлаганини билсанг эди...
🔳 🔳 🔳
Клавдий рўпарасида турган оёқлари жимжимадор столни бор кучи билан тепди, стол устидаги бор ашқол-дашқоллари ила ер билан битта бўлиб сочилди:
- Лаънати! -деди у тиш остидан ғижиниб,- шунча вақтдан буён кўз тиккан режам барбод бўлиш арафасида! Бу қизга керагидан ортиқ ишониб қўйган эканман! У бўлса ҳукмдор ҳарамига кирди-ю, қумга қуйилган сув каби изсиз йўқолди!
- Ўзингни бос, Клавдий! - хона бурчагида оёқларини чалиштириб ўтирган Адель хоним Клавдийни тинчлантиришга урина бошлади,- Вероника тегирмонга тушса бутун чиқадиган қиз! Мен умрим давомида бундай иқтидорли шогирд кўрмаганман. Ҳадемай ундан хушхабар келиб қолади, мана кўрасан!
-Мана кўрасан?! -заҳарханда кулди Клавдий,- кўрадиган яна нимамиз қолди ўзи!?
Бу ерда тож-у тахт учун кураш ўйинларида оҳирги илинжимиз шу қиз эди. Агар бу ўйинни бой берсак, сен ва менинг ўринларимиз осонликча бошқа бировларга тортиқ қилиб юборилади. Буни ўзинг ҳам яхши биласан. Жойимизга кўз тикканлар қанча?! Шундоқ ҳам тақдиримиз қил устида турибди.
- Ҳаа, афсус-ки бу борада ҳақ эканлигингни тан олмай иложим йўқ,- деди ўйчан қиёфада Адель хоним
- Вероникадан хабар топиш мақсадида Самарқандга икки бора ҳуфя жўнатдим. Уларнинг бири фақатгина Марья, унинг ҳукмдор саройида заҳарланиб оламдан ўтгани ҳақида хабар олиб қайтди. Иккинчиси эса деярли янгилик олиб келгани йўқ. Энг ёмони нима биласанми? Бизни қиз билан боғлаши керак бўлган одамимиз, неча йиллар аввал саройга киритган яна бир айғоқчимиз Маркоснинг тўсатдан ғойиб бўлиб қолгани...Ўйлашимча бу ерда қандайдир сир бор.
- Афсуски, ўша қандайдир сирдан хабаримиз йўқ-да бизнинг,- Адель хоним ўрнидан туриб хона бўйлаб бир-бир юра бошлади,- шунга кўра энди нима қилмоқчисан?
-Нима қилардим?! Самарқандга яна бир бор одам юбораман! Балки бу сафар элчилар гуруҳини жўнатармиз. Улар ичида Вероникани яхши танийдиган бирор одамимизни қўшиб юборсам дегандим.
- Стефан!? Тўғри топдимми? -кўзлари чақнади Адель хонимнинг,- "Вероникани яхши танийдиган" дейишинг билан хаёлимга биринчи келгани шу йигит бўлди.
- Албатта- у! Бошқа ким ҳам бўлиши мумкин? Стефан оҳирги бир йил ичида яна ҳам пишди.
-Танловинг зўрку-я, аммо энг сара йигитларимизни бирма-бир бошқа мамлакатларга чиқариб юбораверсак, ўзимиз қўл-оёғи кесилган нотавондек бирор ишга яроқсиз бўлиб қолмаймизми?
🔳 🔳 🔳
Ойиша Музаффар Алини сафарга кузатиб қўйгач, ўзини юраги ҳувиллаб қолгандек сезди.
"Али илгари мен учратган бошқа йигитларга ўхшамайди,- ўйлади у хаёлларига эрк берганча, - у ўзини қадрига ўзи ета оладиган йигит. Бундай йигитлар ўзгаларнинг ҳам ҳурматини жойига қўйиши тайин. Дунёда шундай инсонлар бўлади-ки, уларга бемалол ишонишинг, улар билан ҳеч қандай таъмаларсиз дўст бўла олишинг мумкин. Садоқат, вафо бундай инсонлар учун энг олий меъзон.
Али ҳам шундай. Мен бугун унинг кўзларида ўзимга нисбатан "йилт" этган муҳаббат учқунларини кўрдим. Бироқ шунга қарамай Али ҳамма вақт ҳурматимни жойига қўйиб муомалада бўлиб келган.Аммо менинг юрагим яна бир севги таклифи олишга ҳали шай эмас. Шунга қарамай Музаффар Алидан ҳам бутунлай воз кеча олишим қийин масала, сабаби юрагим бундай олийжаноб инсон ҳар қадамда учрайвермаслигини яхши билади чоғи.
-Он-наа!
Ойиша ҳаррир пардалар билан чиройли безатилган ётоғида ширин жилмайиб ўтирган Нурижаҳонга қараб титраб кетди.
- Ооон-наа! - такрорлади Нурижаҳон қўлчаларини Ойиша томонга чўзиб...
-Нурижаҳон...- аста шивирлади Ойиша ва қизни қўлига олиб авайлаб бағрига босди,- қизим...
Ойиша айни топда томоғига нимадир тиқилиб қолганини ҳис қилди. Нафас ола олмай энтикди. Бу таърифига тил ожиз бўлган оғриқли ҳамда айни дамда ҳузурбахш ҳам бўлган ажиб туйғу эди.
Айнан шу лаҳзаларда қиз Музаффар Алидан нега бутунлай воз кеча олмаслик сабабини англагандек бўлган эди. Ахир ҳар иккисининг ўрталарида Ойиша салкам тўққиз ойдан буён бир парча этдан катта қилган ва юрагининг бир бўлагига айланиб улгурган Нурижаҳон бор эди!
Ойиша бундан салкам бир ярим йил илгари ( Вероника эди у пайтлар) Конрад билан аҳд-у паймон қилганида ўзларини орасини боғлаган нарса икковларининг азобларга бой берилган болаликлари эди.
Бу сафар ҳам Ойиша ҳамда Музаффар Алининг ораларини ислоҳ қилган туйғу айнан болаликка тегишли эди, тўғрироғи масъума гўдакга.
- Музаффар Али фатҳ сафаридин қайтса Яҳё Мирзо уни уйлонтириш пайиға тушмоғи аниқ...
Ойиша Хайринисо онанинг сўзларини эшитиб ортига ўгирилди.
Хайринисо она қизнинг ҳайрон нигоҳини фаҳмламаган каби сўзида жиддий давом этди:
- Эшитишим бўйича Моҳижаҳон Бегимнинг ўлимидин сўнг Музаффар Али ҳеч бир аёл зотиға қиё боқмаб эрмиш. Ҳаттоки биринчи никоҳидаги Ҳумайро хонумға ҳам. Бу ҳолат фарзанд тақдирини ўйлағон ҳар бир ота-онанинг юрагини тилкаламай қўймас. Аёл сифатида Ҳумайро хонумнинг ҳам. Шу сабаб хонум ўз аёллик ҳаққини талаб қилуб жанжал қилғон экан, Али унга "Чидасанг шу, чидамасанг талоғингни беришим мумкун" деғон эрмиш. Албатта Хумайро хонум ҳаммадин ҳам ана шу нарсани истамаслиғи тайин. Шу билан у қайтиб эриға қарши бирон сўз айтмамиш. Бироқ биласенки, энг хавфли илон бу- жароҳот олғон илондур.
- Онаа...- беҳол шивирлади Ойиша
-"Бу қаруб эсини еб қўйғон хотун нима учун бу сўзларни айтиб, бошимни қотирмуш!?" дея ҳайрон бўлаётғон чиқарсан. Мен эрса бу сўзларимни мағзини сенға чақиб берурман. Хуллас, Музаффар Али ўзини у ерға, бу ерға ташлоғони билан кун келиб Яҳё Мирзо сўзини ўтқазмай қолмас.
Ота амри-вожиб!
Албатта Музаффар Али шу туришда қайтиб Хумайро хонумға ҳам қиё боқмаслиги аниқ. Агар Хумайро хонумда гарддек фаросат ва ақл бўлғонда эрди, рашк азобинда минг тўлғонмасун эрининг ёнида кундошиға ҳусуматини яширғон бўлурди. Аҳир Моҳижаҳон Бегимнинг юраги ҳасталиғи ҳар кимға маълум эрди, жумладин кундошиға ҳам. Оқибат не бўлди? Моҳижаҳон Бегим шундоғ ҳам ўз ажали билан ўлду, бироқ икки ўртада Хумайро хонум яна эрининг муҳаббатидин мосуво бўлду.
Бу деғони Хумайро хонум ўз бошиға яна кундошлиғ балосини сотиб олди деғони. Албатта келадиғон кундош ундин ёш ва гўзал бўлмоғи тайин.
Ойиша... Ана эмди масаланинг сенға тегишли жойи келди. Сенға айтмакчи бўлғоним, эрта бирси кун Музаффар Алининг боши икки бўлса Нурижаҳон ўз отаси бирлан яшамакка кетадур. Шул сабаб уни ўзингға бунча ўргатма, бундин ҳар иккингиз бирдек азоб тортмоғингиз тайин...
- Онааа...- Нурижаҳонни маҳкам бағрига босди Ойиша,- мен Нурижаҳонсиз яшай олмайман. Илтимос, қизалоқни мендан айирмасинлар. Тўғри уни дунёга келтирмадим, она сути билан боқмадим, бироқ ҳамиша ҳам туққан онагина она бўлиб қолмайди. Меҳр берган ҳам туққан онадан кам эмас. Буни ўзингиз ҳам мендан яхши биласиз. Ўтинаман, онааа... Бир чорасини топинг...- Ойиша Нурижаҳонни жамалак сочларини силар экан, оҳирги сўзлари бўғзидан олов бўлиб отилиб чиқди,- Нурижаҳон ҳозиргина мени "Она" деб атади. Ҳудди мен сизни чин дилимдан "Она" деганим каби...
- Ҳаа барини кўрдум,- изтироб билан сўзини давом эттирди Хайринисо она,- нафақат кўрдум, балки эшитдум ҳам...
Фарзанддин айрилиш азоби қандай бўлушини мендин сўра... Шул сабаб буларни айтиш менға қанчалиқ оғир бўлмасун сени огоҳлантириб қўймакдамен. Кейичалиқ айтмаб эдингиз деб мендин ўпкалама...
- Бир чора топиб беринг, она...-мажолсиз шивирлади Ойиша,- билсангиз мен бу гўдак билан қайта дунёга келдим. Отам, онам, синглим, укам ва бўлажак турмуш ўртоғимдан айрилиш азобини бироз унуттирган эди у менга. Мен яна қайта яшай бошлаган эдим. Ҳаётимдаги ожизгина илинжим эди бу қиз...-Ойиша Нурижаҳоннинг ипакдек сочларига лаб босди, унинг кўзларидан марвариддек икки томчи ёш узилиб қизалоқнинг сочларига томди,- майли Али уйлансинлар, мен эса қизалоқларига энага бўлиб ёнларида қолай.Шунга руҳсат бериб турсинлар. Кейинчалик нима бўлса пешонамдан кўрарман.
- Бунинг асло иложи йўқ,- Хайринисо она "афсус" деган каби надомат билан бош чайқади,- ўз танангға бир ўйлаб кўр-чи, қизим, мен "Ойиша ва қизалоқ бир-бириға жуда ўрганиб қолғон, шул сабаб у Нурижаҳоннинг ёнида қолсун" дея кимдин изн сўраймен? Музаффар Алидинми ёки Яҳё Мирзодин? Ким жигарпорасининг меҳрини бошқа етти ёт бегона инсон билан бўлишишни истайдур?
Аммо... Дунёда ҳар мушкул бор-ки, унинг чораси ҳам албатта топилғай. Сенинг мисолинда ҳам бир чора бор. Фақат бунға сен кўнурмисен, йўқ-му, ана шу томони менға қоронғу...
Ойиша оғир ютунди:
- Қулоғим сизда, она... Айтинг...
- Нурижаҳондин ажралмасликнинг бир иложи бор, у ҳам бўлса сенинг Музаффар Алининг никоҳига кирмагингдир. Ана ўшанда Нурижаҳон сенинг қизалоғинг бўладур. Агар Музаффар Али бирлан кейинчалик муросанг келишмаса ёинки у яна бошқа қизға уйланган тақдирда ҳам аҳвол ўша-ўша қоладур, яъни Нурижаҳон бирлан сени бир-бирингиздан ажратишға ҳеч кимсанинг ҳадди сиғмас...
- Мен бундай қила олмайман,- изтироб билан шивирлади Осиё...
- Нимани қилолмайсен? Тушунтириброқ гапиргин?
- Она! Али мени ўзига дўст деб билади. Мен қизалоқни жудаям суяман, шу билан бирга ўз манфаатим деб дўстимни кўзига чўп суқолмайман, аҳир?! Йўқ, мен уни алдай олмайман...
- Иккидин бириға кўнғин-да, аҳир?! Фақат шу иккидин бири! Бошқа йўли йўқ! Яхшилаб, бафуржа ўйлаб кўр, қизим... Бунинг учун эрса ҳали анча вақтинг бор...
Хайринисо она оҳиста қадамлар билан хонани тарк этди...
Ойиша Нурижаҳонни бағрига босганча маҳзун ўйга толиб қолганди...
🔳 🔳 🔳
Андроний бошчилигидаги элчилар гуруҳида Константинополдан йўлга тушгандан буён Верониканинг хаёлини бир нарса банд этган эди:
Вероникани муҳофаза қилиш мақсадида гуруҳга қўшилган тўққиз нафар қизнинг тақдири кейинчалик нима бўлади?
Қандай йўл тутса қизларининг ҳаётига азият етказилмас экан?
Вероника билан ҳарамга қайси қизни қўшиб киритишлари мумкин?
Бир қиз ўзи билан ҳарамга киритилса қолган саккиз нафар қизнинг ҳаётидан уйга қайтишда катта эҳтимол билан воз кечилиши аниқ.
Қизларнинг Самарқандга беталофот, зиён-заҳматсиз етиб келишлари учун қанчалар жон куйдирилиши кафтдек равшан бўлса, келажакдаги тақдирлари шунчалар мавҳум...
Андроний кўринишидан саҳоватли, меҳрибон инсон бўлиб кўрингани билан унинг кўнглида нималар борлиги ёлғиз Парвардигорга аён. Аҳир озмунча оқ-қорани таниб қолдим деб ўйлаган Вероника ҳам шунча йиллар ўзига яқин дўст, устоз, раҳбар деб билган Клавдий билан Адель хонимнинг асл башарасидан тасодиф билангина хабардор бўлиб қолмадими?
Ҳар ким ҳам бир гала қиз учун заҳмат кечиб жонини қийнамаса керак, айниқса уларнинг тақдирини ўзи истаган тарзда ҳал қилишга изн берилган бўлса...
Вероника сафар йўлининг ярмида ўзи билан ҳарамга ҳадя қилинадиган қизнинг таҳмин қилганидек Марья эканлигидан хабар топиб у қадар ажабланмади. Сабаби Марья хамроҳ қизлар ичида энг ёши, беғубори ва гўзали эди. Қолган қизлар Вероника билан тенгдош ёинки ундан икки-уч ёш катта эдилар. Вероника "Балки бу қизлар қисман бўлса-да, мен сингари маҳсус ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлишлари мумкиндир" дея уларни зимдан синади ва шу нарсага амин бўлди-ки, улар жисмонан соғлом ва лекин ҳарбий тарафдан ҳеч қандай тайёргарликка эга эмас эканлар...
"Мен сабаб Конраднинг ҳаётига нуқта қўйилгани етар,-изтироб билан ўйларди Вероника,-яна саккиз нафар қизнинг бевақт хазон бўлишига жим қараб тура олмайман"
Вероника сафар давомида қизларни қутқариш борасида турли режалар тузиб борди, токи энг маъқул режанинг ўзи қаршисидан чиққунига қадар.
Ўшанда Дашти Қипчоқ чўлларида иккинчи йигитни "Қора бева" қорақурти чақиб олганда, дод солиб думалаётган йигитга шошилган Верониканинг ёнига қизлар орасидан Анна исмли қиз чопиб келди. Унинг йигит учун куйиб-пишаётгани шундоққина юз-кўзидан маълум эди. Қиз ярадор йигитни бошини қучоғига олди-ю, паст овозда шивирлаб уни юпата бошлвди.
Верониканинг зийрак нигоҳлари кизнинг нигоҳининг жиққа ёшга тўлганини илғаб қолди. Йигит Вероника қилган муолажаа натижасида тинчланиб кўзлари уйқуга кетгач унинг атрофида кечгача парвона бўлган қиз пайдо бўлди.
- Кел, Анна...- шивирлади Вероника таваккал қилиб қизнинг кўнглига қўл солишни ният қилиб,- ҳавотир олма севгилинг ҳадемай кўрмагандек бўлиб кетади.
Анна жароҳат олган йигит Александрнинг бош тарафига оҳиста ўтириб унинг бир текис нафас олишига қулоқ тутиб кўнгли тинчиди шекилли Вероникага оҳиста жавоб қайтарди:
- У менинг севгилим эмас...
- Севгилинг эмас!? - ҳайрон бўлди Вероника
- Ҳа, - чўзиқ ҳўрсинди Анна,- Александр менинг укам. Бизга бу сафар учун анча тилла ваъда қилишганди. Бу тиллаларнинг бир қисми сафар олдидан тўланди ҳам... Аммо қолган қисмини олиш пешанамизга ёзилган бўлсагина насиб қилишини англаб турибмиз.
- Етиммисизлар?! - Вероника ўзини қизиқтирган саволларни жавобини олишга қизиқарди
- Йўқ... Кекса отамиз ва яна икки нафар синглимиз бор. Сафардан ишлаган пулларга ҳаётимизни қайта қурмоқчи эдик,- Анна шундай деб Вероникага илтижоли тикилди,- илтимос, укам иккимизни сиримизни сотиб қўйманг. Бизни сафар учун ёллаган Себастьянга бу ҳақда ҳеч кимга айтмаслик ҳақида сўз берганмиз.
- Яхши... - ўйланганча жавоб қайтарди Вероника,- фақат айт-чи бу сирдан мен тўртинчи бўлиб воқиф бўлдим шундайми, яъни сен, уканг, Себастьян ва мен.
Анна ерга қараб "йўқ" деган каби бош чайқади:
- Карвонда бизнинг қишлоқдан яна икки қиз кетмоқда, аммо улар ҳам оғзига маҳкам...
Вероника Аннанинг сўнгги сўзларидан қувониб кетди. Демак, ишониши мумкин бўлган одамлари сони яна иккитага кўпайар экан...
Ўзини яхши ҳис қила бошлаганинг иккинчи куни Александр Верониканинг ёнига яқинлашди.
-Сизга катта раҳмат, Вероника. Энди сиздан бир жон қарздорман.
Вероника Александрга маъноли тикилиб кулимсиради:
- Бир эмас, икки жон қарздорсан мендан.
-Тушунмадим?! -ҳайратини яширмади йигит,- қанақасига?!
- Қанақасига бўларди? -ҳотиржам жавоб қайтарди Вероника,- Аннани назарда тутяпман мен. Агар сенга бирор нарса бўлса ундан кўнглинг тўқ ҳолда тинчгина оламдан ўта олармидинг? Опанг ёш, гўзал...Кўпда ана шу гўзаллик инсон умрига зомин бўлиши ачинарли ҳолат агар билсанг..
- Анна кўнгилчанглик қилиб сиримизни очиб қўйгани чатоқ бўлибди, кутилмаган фалокат олдида ожиз қолибди. Биз бу сирдан уйга қайтгунча ҳеч кимни воқиф қилмаймиз деб келишгандик. Афсус...-надомат билан бош чайқади Александр.
- Баъзан бизга ёмонлик бўлиб кўринган воқеликлар ортида кутилмаган нажотимиз яширинган бўлиши мумкин.
- Шундай қилиб сиздан икки жон қарздормиз денг? Майли талабингизни айтишингиз мумкин, фақат бир шарт билан, сиримизни сиз ҳам маҳфий тутасиз...-қўлларини иложсиз ёйди Александр
-Яхши келишдик, - деди Вероника пайсалга солиб ўтирмай,- менга икки ишда ёрдам берасиз. Улардан бири айнан ўзингизни фойдангиз учун муҳимдир.
- Қўлимдан келса бажонидил,- йигитнинг самимийлигини унинг беғубор қарашларидан ҳам англаса бўлар эди.
-Унда яхшилаб эшит! -Вероника ўзи тақдири учун қайғураётган қизлар масаласини Александрга батафсил тушунтирди,- сен,-деди у гапининг оҳирида,- сўзларимга ишонмай барини Андронийга бориб етказишинг мумкин. Аммо шуни яхши бил-ки, Андроний мен ҳақимда биронта ҳам мустақил қарор чиқара олмайди, демакким мен бемалол Самарқандга етказилиб бораман ва ҳукмдор саройига киритиламан. Аммо сен ўзинг билишинг керак бўлмаган сирга эга чиққанинг учун бошингдан бевақт жудо этилишинг ҳеч гапмас.
- Нима учун мен сизга ишонишим керак? Нима мақсадда бизга ёрдам беришингиз керак? Шу масалага ҳеч тушуна олмаяпман?!
- Бунинг икки сабаби бор,- бамайлиҳотир жавоб қайтарди Вероника, - биринчидан сизга ёрдам берганим эвазига иккинчи тилагим, яъни ёрдамни айнан сиздан сўрамоқчиман.
Иккинчидан эса гулдек қизларнинг мен сабаб бевақт хазон бўлишларига шунчаки томошабин бўлиб туролмайман.
- Хўп яхши,- бироз ўйланиб жавоб қайтарди Александр,- мен нима иш қилишим керак?
Вероника чуқур тин олди:
- Бу ишни бир ўзинг эплашинг даргумон. Сен ўзингга яна бир ишончли шерик топишинг керак. Агар уч киши бўлсаларинг янада яхши бўларди. Хуллас, қизларга қандай ҳукм чиқаришмасин бу ишни шаҳарда амалга оширишмайди. Энг қулай йўли одамзоддан ҳоли бирон бир жой. Сен шерикларинг билан карвон эгалари ана шундай ҳоли жойга етиб боргунча қизларни улар қўлидан озод қилиб яшириб улгуришингиз керак. Бунинг учун балки ўзингизни гумондан ҳоли қилиш мақсадида қизларни қароқчилар ўғирлаб кетган қилиб кўрсатишингиз керак бўлар. Орадан маълум вақт ўтгач эса ўзингиз учун ҳам ана шундай томоша уюштириб кўздан ғойиб бўлишингиз мумкин.
- Шунақа томоша қўйиб ўтирмай қизларни олиб бир йўла жуфтакни ростласак нима бўлади? - кўзларидан ўт чақнади Александрнинг
- Нима бўлади?! Эшит унда?! Агар сиз бу ерда қизлар билан тинчгина, зим-зиё кўздан ғойиб бўлсангиз, Андроний ва Себастьянларнинг кўнглида шубҳа уйғотасиз. Шунда улар сизларни излаш, қўлга тушуриш чорасини кўришлари мумкин. Элчилик мавқеидан фойдаланиб бу ҳақда Самарқанд ҳукмдорининг ўзи ёки ишончли вакилларидан ҳам ёрдам сўрашлари мумкин. Ҳар икки ишни қилмаган тақдирларида ҳам ватанга қайтишгач оила аъзоларингиздан ўч олиб аламдан чиқишлари эса тайин масала.
Хуллас, бу ишни яхшилаб ўйлаб кўриб, пишириб, умумий бир қарорга келиб олишимиз учун вақт ҳали етарли.
- Қизларни олиб кетишга кетамиз-ку, аммо уларни таъминлаш учун етарли маблағни қаердан оламиз?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 10