Биринчи стадия — бу психик мослашиш, бунда одам чеккиси келаверади ва борган сари кўпроқ сигарет чекади. Бу стадия 1—5 йил давом этади.
Иккинчи стадия — соматик белгилар намоён бўла бошлайди, чекувчида бронхит касаллигининг ҳосил бўлиши, ошқозон, юрак ва бошқа аъзоларда оғриқ, ноқулай ҳолатлар рўй беради. Нерв системасида ўзгариш содир бўлади. Чекувчида таъсирчанлик, бош оғриш ҳолатлари содир бўлади. Бу стадия 5—15 йил давом этади.
Учинчи стадия — чекиш автоматик бўлиб қолади. Доимий бош оғриғи, хотиранинг сусайиши, жуда таъсирчан бўлиб қолиши, доимий йўтал пайдо бўлади.
Тамаки чекишнинг соғлиққа зарари. Тамаки чекиш одам организмига таъсир қиладими? Сўзсиз таъсир қилади. Одам сигарет чекканда тамаки тутуни билан нафас олади, ўпкага кислород ўрнига C02 (карбонат ангидрид) гази бориб қонга ўтади, организмдаги моддалар алмашинувини бузади, бундай ҳолат ўз навбатида организмнинг кислород танқислигига сабаб бўлади. Тамаки таркибидаги аммиак намлик иштирокида ўпка алвеолалари (ҳужайраларида) ишқор — нашатир спиртига айланади. Бу ишқор ўпканинг шиллиқ қаватини таъсирлаб чекувчида бронхит касаллигини келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида ўпканинг турли юқумли касалликларга чидамлилиги камаяди. Олимларнинг маълумотича, сил касаллигига дучор бўлганларнинг 90 фоизи чекувчилардир. Тамаки таркибидаги кансероген моддалар чекувчиларда саратон (рак) касаллигини келтириб чиқаради. Тамаки таркибидаги никотин кучли заҳар. Никотиннинг 0,1 грами одамни ўлдиради. Бу доза 20 дона сигаретда сақланади. Агарда чекувчи ҳар куни 20 дона сигарет чекса, 30 йил мобайнида 200 минг дона сигарет чекади, бу (160 кг.) тамаки дегани. Бундай миқдордаги сигарет таркибида 800 г. никотин бўлади. Чекувчи бир кунда одамни ўлдирадиган миқдордаги никотинни ютади. Лекин бу никотин оз-оз миқдорда организмга киради. Никотин биринчи навбатда асаб тизимини заҳарлайди. Узоқ муддат сигарет чеккан одамларнинқ қўллари қалтирайди, нафас олиши қийинлашади, ўқтин-ўқтин йўталадилар, кўнгли айнийди. Никотин симпатик ва парасимпатик асаб тизимига таъсир этади. Беморда дастлаб юрак тез-тез қисқаради, қон босими ортади, периферик қон томирларида спазма, юракнинг тож томирларида кенгайиш ҳоллари содир бўлади. Қонда никотин моддасининг кўпайиши туфайли беморда инфаркт касаллиги келиб чиқади. Тамаки тутуни бронхларни кескин торайтириб, сўнг кенгайтириб юборади. Чекиш туфайли одамнинг хотираси сусаяди, озиб кетади. Ёш ўсмирларнинг чекиши туфайли бола ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади, уруғ ҳужайраларида ўзгаришлар содир бўлади, жинсий ожизлик келиб чиқади.
Тамаки чекувчиларда аскарбин кислота, фуросемид, гепарин эстерогенларнинг таъсир этиш кучи камайиб кетади. Шунинг учун, чекувчиларда қон босими, қандли диабет, юрак ишемияси, ошқозон яраси касаллиги, нафас касалликларини даволашни қийинлаштиради. Николин буйрак усти бези функсиясига жуда салбий таъсир этади. Бундан ташқари, никотин атеросклероз касаллигининг зўрайиб кетишига сабаб бўлади.
Сурункали чекиш орқа тния функсияларига салбий таъсир этади. Бу жинсий ожизликка сабаб бўлади.
Айниқса, ёш қизларнинг сигарет чекиши барча аъзоларига зарарли таъсир этади. Чекувчи қизлар ривожланишдан орқада қолади, тез-тез касалланадилар, ҳайз кўриши бузилади. Сурункали чекиш қиз бола ҳуснини бузади, эрта балоғатга етади. Чекувчи аёллар тез қарийдилар, юзларига ажин тушади, юз терисининг ранги ўзгаради. Чекувчи аёлларнинг 30 фоизида Базедов касаллиги тараққий этади. Шуни айтиш керакки, чекмайдиганлар чекувчилар ёнида туриши туфайли чекувчилардаги касалликлар чекмайдиганларда ҳам ҳосил бўлиши мумкин, чунки чекмайдиганлар пассив чекувчилар ҳисобланади. Кўп текширишлардан маълум бўлишича, чекиш қон ивиши жараёнини тезлаштириб юборади. Периферик томирларда артеросклерознинг кучайиши натижасида оёқ қон томирлари касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлади. Бемор оёқ бўғинларида оғриқ сезади, кейинчалик юролмай қолади. Никотин ошқозон ширасининг ажралиши ва унинг кислоталигини издан чиқаради, чекиш жараёнида ошқозон томирлари тораяди, ошқозоннинг шиллиқ қавати яллиғланади. Чекувчиларда сезиш органларининг фаолияти издан чиқади. Аста-секин ранг ажратиш қобилияти пасая боради, у дастлаб яшил, сўнг қизил ва сариқ рангларни ажратолмай қолади. Кўпгина чекувчиларда эшитиш сезгирлиги камаяди. Чекиш туфайли қулоқда ноғора парда қалинлашади, эшитиш суякчаларининг ҳажми кичиклашади.
Ҳозирги вақтда кўпгина чекувчиларнинг ёши 20-30 да бўлиб ёш оила қурганлардир. Шунинг учун, чекувчи ота-оналар биринчи навбатда ўз боласига зарар етказади. Чекувчи онанинг кўкрак сутида никотин бўлгани учун у қўланса ҳидли, бироз тахир бўлади. Шунинг учун, баъзи болалар онасини эммай қўяди. Чекувчи онанинг боласи ҳам пассив чекувчи бўлиб қолади. Англиянинг шимолида яшовчи 16 мингта болалар ўртасида сўровнома ўтказилганда ота-онаси чекадиган болаларнинг 48 фоизи тез йўталишини айтган.
Ўсмирлар катталардан беркитиб чекканда сигарет тутуни билан кўпроқ зарарли моддалар ўпкага ўтар экан. Сигаретни тез чекканда ўпкага икки марта никотин ўтиши исботланган. Чекувчи ўсмирлар организми жисмоний ва психик ривожланишдан орқада қолади, Мактаб болаларининг сигарет, нос чекиши ҳеч қандай одоб, ахлоқ нормаларига тўғри келмайди. Бола қанча ёш чекишга уринса, унинг сигарет, носни чекишни ташлаши шунчалик қийин бўлади. Чекувчи одамларда ишчанлик қобилияти паст бўлади. Чекувчилар атроф-муҳитнинг мусаффолигини бузадилар, ҳавони заҳарлайдилар.
Нет комментариев