Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отамнинг қарзи хусусида бориб эшикни тақиллатдим. Бас, у зот: «Бу ким?» дедилар. «Менман!» дедим. У зот норози оҳангда: «Мен, мен...» дедилар».
( Бешовлари ривоят қилишган).
Шарҳ:
Мен, дейиш билан иш ойдинлашмайди.
Унинг ўрнига мен фалончиман, деб ўзини аниқ танитиш лозим.
Унда ўз исмини, кунясини ёки маълум сифатини айтилса, яхши бўлади.
#Ҳадис_1278
Абдурроҳман ал-Феҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайнда ҳозир бўлдим.
Шиддатли иссиқ қиздириб турганда юриб бориб, дарахт соясига тушдик.
Қуёш заволга кетганида жанг анжомларимни кийдим.
Отимга миниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зот ўз чодирларида экан. Бас, мен:«Ассалому алайка, эй Аллоҳнинг Расули, ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу. Жўнаш вақти бўлди», дедим.
«Шундоқ! Ҳозир!
Эй Билол! Тур! Эй Билол!» дедилар.У зот соялари худди қуш соясидек бўлиб, тезлаб дарахт остидан сапчиб турдилар.
Бас, у:«Лаббайка ва саъдайка! Ўзим фидойингиз бўлай!» деди.«Менга отни эгарла!» дедилар.У икки тарафи хурмо қовуғидан бўлган эгарни олиб чиқди. Буларда ҳойи ҳавас ҳам, мақтаниш ҳам йўқ эди.
Бас, у зот миндилар. Биз ҳам миндик».
(Имом Абу Довуд ривояти)
Шарҳ
Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эгарлари жуда ҳам содда бўлгани аён бўлади.
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Лаббайка ва саъдайка!» дейишлари эса, бу гапни улуғ кишилар хизматларига доим тайёрлик маъносини билдириш учун ишлатилганини кўрамиз.
#Ҳадис_1279
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши бошқа бир кишини мажлисидан турғазиб, сўнг ўзи унинг ўрнига ўтирмайди. Лекин силжинглар ва кенгайтиринглар», дедилар.
(Тўртовлари ривоят қилишган).
(Муслим ўз ривоятида):
«Ибн Умар биров ўрнидан туриб унга жой бўшатса, ўша ерга ўтирмас эди»ни зиёда қилган.
Шарҳ
Мажлисда ўтирган бир кишини турғазиб ўрнига бошқани ўтқазиш ҳаромдир.
Чунки бу ишда аввал келган кишини беҳурмат қилиш бор. Аммо кенгайиб жой очилса, яхши бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг биров ўрнидан туриб, унга жой бўшатса, ўша ерга ўтирмасликлари ўзларининг ўта камтарликларидандир.
Аслида, ўтирган одам бир кишини улуғлаб ва ҳурматлаб чин кўнгилдан жой бўшатиб берса, ўтирмоқ жоиз.
#Ҳадис_1281
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон бирингиз акса урса, «Алҳамдулиллаҳи» десин. Унга тилак билдирувчи «Ярҳамукаллоҳу» десин. У унга «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакаум» десин», дедилар».
(Термизий, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Шарҳ
Ушбу ҳадиси шарифда акса урганда айтилиши лозим бўлган гаплар тўлиқ келган.
Аввало, акса урувчи «Алҳамдулиллаҳи» — «Аллоҳга ҳамд бўлсин» дейди.
Уни эшитган одам «Ярҳамукаллоҳу» — «Аллоҳ сенга раҳм қилсин» дейди.
Акса урувчи эса, «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакаум —Аллоҳ сизни ҳидоят қилсин ва ҳолингизни яхшиласин» дейди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев