------
Халифа Умар ибн Абдул-Азиз: фитналарни тириклайин кўмган зот....
Ислом тарихи шунчаки ўткинчи тарихий ҳодисалар сифатида ўрганилмайди. Аксинча, у ибрат олиш учун ўрганилади. Шунда мусулмонлар ишига бошчи бўладиган одам Исломни татбиқ этиш ва ҳукмларнинг воқеда қўлланиши кайфиятини билиб олишда ундан фойдаланади ҳамда олдингиларнинг тажрибаларидан – улар ижодкор ақл ва қобилият эгалари бўлганлари учун – фойдаланади ва уларнинг Исломни гўзал татбиқ этганларидан сабоқ олади, айни пайтда улар йўл қўйган хатолардан эҳтиёт бўлишга муваффақ бўлади. Натижада уларнинг ўша хатоларга қандай муносабатда бўлганларини ва қандай енгиб ўтганларини, уларнинг хатарларга учраб, уларни ҳам енгиб ўтганларини билиб олади. Айниқса ҳеч бир уммат Ислом Умматичалик тарихий ва ҳазорий меросга эга эмас экан, шундай иш тутиш лозим.
Масалан, Умавийларнинг Али каррамаллоҳу важҳаҳу авлоди ва уларга қўшилганлар (шиалар) билан бўлган фитнасини олайлик. Хўш, тўғри йўлдаги Умавий халифа Умар ибн Абдул-Азиз ўзининг икки йилу беш ойдан ҳам ошмаган халифалик даврида бу фитнани йўқ қилишга қандай муваффақ бўлди? Қандай қилиб, дарё бўлиб оққан қонлар ҳали қуримасдан туриб фитнани тинчитиб, ҳаммага суюкли бўла олди? Бану Умайянинг фуқарога қилган зулмини қандай бартараф этди? Хаворижларни Умавийлар билан жанг қилишдан қандай қилиб тўхтата олди?
Биз шу кунларда Америка Ироқ ва бошқа жойларда шиалар билан суннийлар ўртасига сочаётган фитна ўтини ўчира оламизми? Хилофат барпо бўлиб қолса, (Оллоҳнинг изни ила бу ишга жуда оз қолди) биз ҳам халифа Умар ибн Абдул-Азиздек мусулмонлар ўртасидаги бу тўсиқни олиб ташлай оламизми? Ҳа, Умар фитна ўтини ўчириб, дилларни бирлаштирган эди. Ҳатто Аббосий халифа Муҳтадий «Мен Марвон болалари орасида Умар ибн Абдул-Азиз бўлгани ҳолда Аббос болалари орасида – улар Пайғамбарнинг авлодлари бўла туриб, унга (яъни, Умарга) ўхшагани бўлмаганидан уяламан» , деб юборганди. Хаворижлар унинг хулқи ва шикоятларни қандай ҳал этишидан бохабар бўлганларидан кейин бир жойга тўпланиб «Бизнинг бу одам билан жанг қилишимиз дуруст эмас» , дейишганди. Ривоят қилинишича, имом Жаъфар Содиқ ибн Муҳаммад Боқир шундай дейди: «Абу Ҳафс Умар ибн Абдул-Азиз солиҳ банда эди. Бизга асал солинадиган мешларда дирҳамлар ва динорлар ҳадя қиларди» . Ҳусайн ибн Алининг қизи Фотима уни мақтаб бундай дейди: «Агар бизга Умар ибн Абдул-Азиз қолганида, ҳеч кимга муҳтож бўлмаган бўлардик» . Хўш, Умар шундай буюк ишларни амалга оширгулик қандай сифатларга эга бўлган?
Биринчидан: Хушхул қ ва ҳ аққ а риоя
қилувчи бўлган
У фуқаронинг аҳволи роий (раҳбар)нинг аҳволига қараб бўлади, деб билиб, «волий худди мато олиб келинадиган бозорга ўхшайди, агар у яхши бўлса, одамлар унга яхшиликларини, агар ёмон бўлса, одамлар ёмонликларини олиб келадилар» , дерди. У фуқаронинг иш тутиши раҳбарига қараб бўлишини англагани учун барча эзгуликларда ҳамма фуқародан устун тура билди. Ҳамма унга ўхшашга интиларди. Халифа бўлганининг биринчи куниданоқ Бану Умайяда мавжуд бўлган ҳокимият дабдабасини тарк этди. Хилофат уловига минишдан бош тортиб, менга ўзимнинг хачиримни келтиринглар, деди. Уловнинг эгалари келиб, унинг еми, ходимларининг нафақаси нима бўлади, деб сўрашганида, уни сотиб, пулини байтулмолга топширишни буюрди.
Хотини Абдулмалик ибн Марвон қизи Фотимага тегишли мол-дунё, зеб-зийнат, тилла-жавоҳирларни байтулмолга қайтариб: «Шу нарсалар бу уйда бор экан, мен билан сен бирга бўла олмаймиз», деди. Бу гапни эшитган хотини нарсаларини байтулмолга топширди» . Пули тугаб қолганида ҳам омманинг молидан ўзини шу қадар тортдики, ҳатто бир марта узум егиси келиб, хотини Фотимадан: «Ўзингдаги бир дирҳамга менга узум сотиб олиб бер», деб сўради. Шунда хотини: «Йўқ, сен мўминлар амири бўла туриб, бир дирҳамлик узум сотиб ололмайсанми», деди. Бунга жавобан Умар: «Шу нарса бизга эртага жаҳаннамда кишанбанд бўлишдан кўра енгилроқ» , деб жавоб берди. Унинг кунлик нафақаси икки дирҳамни ташкил қиларди.
Тақвоси шу даражада кучли эдики, халифа бўлган соатидан бошлаб, дунёю унинг лаззатларидан юз ўгирди. Абу Ҳозим ривоят қилади: «Умар ибн Абдул-Азиз халифа бўлганида унинг олдига келдим. У менга қараб, мени таниди, мен эса уни таний олмадим. У яқинроқ кел, деди. Мен яқинроқ бориб, амирул-мўмининмисиз? – дедим. У, ҳа, деб жавоб берди. Мен, бизда Мадинада амир бўлиб турганингизда, уловингиз учқир, кийимингиз тоза, юзингиз ярқираган, таомингиз мазали, ходимларингиз кўп бўларди-ку, нега бунчалар ўзгариб кетдингиз, эй мўминлар амири? – дедим. Шунда у йиғлаб юборди ва шундай деди: Қандай ҳам шу аҳволга тушмай, эй Абу Ҳозим. Уч кундан кейин қабр ичига кирганимда, кўзларим ёноқларимга оқиб тушганида, тилларим қуриб, қорним ёрилганида ва баданимда қуртлар ўрмалаб юрганида мени бундан ҳам бадтарроқ танимай қоласан-ку» .
Иккинчидан: Ҳ атто ў з қ ариндошлари б ў лса ҳ ам золимларни тийиб қў йган
Бу ишлар қуйидагича содир бўлган:
1. Олдингиларнинг, хусусан Бану Умайянинг ишларини – адолатсизликларини қайтадан кўриб чиққан.
Халифа бўлиб тайинлангач, ўз аҳли бўлмиш Бану Умайяга берилган нарсаларни (имтиёзларни) олиб қўйган ва уларни ишларидан бўшатган. Улардаги нарсаларни (мансаблар ва имтиёзларни) адолатсизлик, деб номлаган. Ҳамма омилларига шундай мактуб йўллаган: «Аммо баъд… Ниятлари кўп ҳам ҳақиқатни қарор топтириш ва одамларга меҳрибонлик қилиш бўлмаган ёмон омиллар тутган ёмон йўллар туфайли одамлар балою офатларга дучор бўлдилар. Уларга нисбатан Оллоҳнинг ҳукмлари борасида жабр қилинди… – Бану Ҳошимга Хумсни берди, Фадакни эса қайтариб олди. Муовия уни Марвонга берганди» .
2. Нарсаларни мусулмонларга Бану Умайя билан баб-баробар бериш.
Умайя ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Усмон ибн Аффон ривоят қилади: «Ғазот қилиб юрган пайтимда Соифага бориб, Умар ибн Абдул-Азизнинг олдига кирдим. У мени яхши кутиб олиб:
– Йўл бўлсин, эй Абу Усмон, – деди.
– Худо хоҳласа, ғазотга.
– Ота-боболарингга, энг сара салафларга ўхшай дебсан-да. Сен каби ғозийлар учун ажратиб қўйганимиз бор.
Ровий сўзида давом этади: Мен ўша ажратиб қўйилган нарсани олдим. У эллик динор эди. Қайтаётиб ҳам учраган эдим, яна ўша гапни айтди. Шунда мен:
– Эй мўминлар амири, бу менинг мавқеимга яраша эмас-ку, дедим.
– Ҳеч кимга шундан ортиқ берилмайди. Байтулмолдан шундан бошқа нарса беришнинг бирор йўли бўлганида, сенга берган бўлардим.
– Менинг ўғлим бор.
– Бу сенинг ҳаққинг. Омилингга хат ёзамиз. Кимнинг ғазотда юрган мусулмонларни таъминлашга кучи етса, уларнинг оилаларини боқиши ҳам керак.
– Бўйнимда қарзим ҳам бор. Ўшани ҳам тўлаб қўйсангиз.
– Бу ҳам сенинг ҳаққинг. Омилингга хат ёзамиз. Мол-давлатингни сотиб, қарзингни тўлаб қўяди. Мол-давлатинг етмаса, қолганини байтулмолдан беради.
– Оллоҳга қасамки, олдингизга мол-давлатимни сотиб, мени ҳеч нарсасиз қолдириб қўйишингиз учун келмагандим.
– Оллоҳга қасамки, шундан бошқа иш бўлмайди» .
3. Шикоятларни зудлик билан кўриб чиқиш. Адолатсизлик юз берганининг тўғрилигини исботлаш учун қатъий далилларни кутиб ўтирмаслик.
«Сулаймонни дафн қилганидан кейин дорул Хилофат (халифалик саройи)га кириб, пардалар ва гиламларни олиб ташлашга, сўнг сотиб, пулларини байтулмолга топширишга буюрди. Кейин қайлула (бироз ухлаб олиш) учун хонасига кетди. Шунда ўғли Абдулмалик келиб:
– Отажон, нима қилмоқчисиз? – деди.
– Ўғлим, бироз ухлаб олай.
– Шикоятларни кўриб чиқиш ўрнига ухлайсизми?
– Ўғлим, амакинг Сулаймоннинг иши билан бўлиб, кечани бедор ўтказдим. Шикоятларни пешиндан кейин кўриб чиқаман.
– Эй мўминлар амири, пешингача яшай олишингизни қаёқдан биласиз?
Бу гапни эшитган ота ўғлига, яқинроқ кел, деди. У олдига келгач, пешонасидан ўпиб, менинг пушти камаримдан менга ўз диним борасида ёрдам берадиган зурриётни чиқариб берган Оллоҳга ҳамдлар бўлсин, деб қайлула ҳам қилмасдан жарчига, кимнинг шикояти бўлса, келаверсин, деб жар солишни буюрди» .
«Унинг олдига кўфалик бир аёл келиб, эй мўминлар амири, мўминлар амири тақсим қилган нарсадан менга ҳам, қизларимга ҳам ҳеч нарса тегмади, деди. Умар аёлга: Менга кечки пайт учранг, деди-да, ортидан: Шошманг, кечгача боролмай қолсам-чи, Абдулмаликнинг қизи Фотиманинг олдига киринг, деди. Ҳалиги аёл айтади: Кейин мени чақириб, бир хат ёзиб берди» .
Раҳматли Умар қўлидан келган ишни ортга сурмасдан вақтида бажарарди. «Ака-укалари:
– Эй мўминлар амири, от миниб, айланиб келсангиз бўлармиди? – дейишди.
– Мен айлангани кетган куннинг ишини ким қилади?
– Эртасига қиларсиз.
– Бир куннинг иши оғирлик қиляптию, икки куннинг иши тўпланиб қолса, қандоқ бўларкин?» .
Абу Занод айтади: «Умар ибн Абдул-Азиз волийларнинг олдин ҳам адолатсиз бўлганларини билгани учун шикоят қилиб келган одамдан қатъий ҳужжатлар талаб қилмасди. Бирозгина ҳужжати бўлса, ўшанинг ўзи билан кифояланарди. Бир сафар ҳатто Ироқдаги байтулмол шикоятларни ҳал этишга сарфланиб, тугаб қолиб, унга мол Шомдан олиб келинганди» .
«Раҳматли Умар шикоятчига йўл харажатларини ҳам берарди. Бир шикоятчининг ишини ҳал қилиб бергач, ундан:
– Менинг олдимга келиш учун қанча сарфладинг? – деб сўради.
– Эй мўминлар амири, менга юз мингдан ҳам ортиқ турадиган еримни қайтариб бера туриб, яна қанча сарфлаганимни ҳам сўрайсизми?
– Мен сенга ўз ҳаққингни қайтардим. Хўш, айт, қанча сарфладинг?
– Билмайман.
– Тахминан қанча?
– Олтмиш дирҳам.
Шунда Умар унга ўша пулни беришни буюрди. Ҳалиги одам ортига қайтиб кетаётганида уни яна чақирди. У қайтиб келганида, менинг (шахсий) молимдан мана бу беш дирҳамни олгин-да, гўшт олиб егин, токи, иншоаллоҳ, оилангга (соғ-саломат) қайтиб боргайсан» , деди.
4. Бирон бир зулмда, хусусан, Бану Умайянинг зулмида иштирок этган ёки шу зулмни кўриб туриб, индамаган кимсадан ёрдам сўрамаслик.
Авзоий ривоят қилади: «Умар ибн Абдул-Азиз ўз уйида Бану Умайянинг казо-казолари билан ўтирган пайтида:
– Ҳар бирингизни бир қўшинга бошчи қилишимни хоҳлайсизларми? – деди.
– Нима учун қилмайдиган ишингни бизга айтяпсан? – деди улардан бири.
– Мана бу уй анжомларимни кўряпсизларми? Яхши биламанки, улар яқинда эскириб, йўқ бўлиб кетади. Шунда ҳам мен уни оёқларинг билан босиб кир қилишларингни истамайман. Бас, қандай қилиб, сизларни ўз динимга, мусулмонларнинг ор-номусларига бошчи қилиб қўяй. Ҳайҳот!
– Биз қариндош эмасмизми? Бизнинг ҳаққимиз йўқми?
– Мен учун бу тўғрида сизлар ҳам, энг чеккадаги бир мусулмон ҳам баб-баробар» .
Бир куни Анбасанинг Ҳажжож икки мусулмонни ўлдирганини кўриб туриб, эътироз билдирмаганидан хабар топиб қолди. Шунда ўзининг эшик оғасига: «Анбаса фақат бир юмуш билан келсагина киришга рухсат бер» , деб тайинлади. Олдинлари у Умарнинг олдига истаган пайтида кираверарди.
5. Адолатсизлик қилгани исботланган ҳар қандай одамни ишдан четлатиш.
Умар ибн Абдул-Азиз бир кишини амалдор қилиб тайинлаган эди. Унинг Ҳажжож даврида ҳам амалдор бўлганини эшитиб, ишдан олиб ташлади. Унчалик ёмон иш қилмаган эдим-ку, деб узр сўраб келган эди, унга шундай деди: «Ёмон ва ёвуз кимса билан бир кун ёки ундан ҳам оз фурсат ҳамроҳ бўлишингнинг ўзи кифоядир» . Умар халифа бўлгач, Холид ибн Райён соқчилик қилди. Олдинлари у Валид ва Абдулмаликка ҳам соқчилик қилганди. Умар унга қараб туриб: «Эй Холид, бу қилични топшир», деди. Кейин Амр ибн Муҳожир Ансорийни чақириб: «Эй Амр, бу қилични ол, мен сени соқчи этиб тайинладим» , деди.
Умар ибн Абдул-Азиз Жароҳ ибн Абдуллоҳ Ҳакамийни Хуросон амирлигидан бўшатди. Чунки у мусулмон бўлган кофирлардан ҳам «Сизлар жизя беришдан қочиб мусулмон бўлдинглар», деб жизя олганди. Шундан сўнг улар яна Исломдан юз ўгириб, ўз динларида қолиб, жизя беришганди. Унга Умар бир нома юборди. Унда шундай дейилганди: «Оллоҳ Муҳаммад с.а.в ни ўлпон йиғувчи қилиб эмас, даъватчи қилиб юборган» .
Авзоий ривоят қилади: «Абу Муслим мусулмонлар гуруҳи орасида жангга чиққан пайтида Умар ибн Абдул-Азиз уни Добиқдан қайтариб, «Мусулмонларнинг душманлар билан бўладиган жангида унга ўхшаганлардан ёрдам олинмайди», деди. Унинг ойлиги икки минг динор эди. Умар уни ўттиз динор қилиб қўйди. Шу билан у Добиқдан Тароблисга қайтди. Негаки, сақифлик бу одам Ҳажжожнинг жаллоди бўлганди» . «Миср хирожини йиғиш ишига раҳбар қилиб тайинланган Усома ибн Зайд Таннухийни ҳам адолатсизлик қилгани учун ишдан бўшатган. Язид ибн Абу Муслим ҳам ёмон амалдор бўлганлиги туфайли уни Африка ҳокимлигидан озод этган» .
Учинчидан: Мазлумларга ҳ урмат к ў рсатиш ва уларнинг ҳ ақ ларини олиб бериш
Умар ибн Абдул-Азиз Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибнинг ўғилларидан бирига шундай деди: «Менинг эшигим олдида бир фурсат ҳам кутиб турманг. Менинг ўтирганимни билганингиз заҳоти сизга киришга рухсат этилади. Зеро, мен Пайғамбар с.а.в нинг оиласидан бўлган кишининг эшигим олдида рухсат кутиб туриб қолишидан Улуғ ва Буюк Оллоҳдан уяламан» . Улардан яна бирига бундай деди: «Оллоҳ сизларни мукаррам айлагани боис мен сендан юз ўгириб, сени дунё билан кир қилиб қўйишдан Оллоҳдан уяламан». У яна шундай деганди: «Биз амакиваччаларимиз Бану Ҳошим билан урушиб юрардик. Гоҳида биз ғолиб келсак, гоҳида улар ғолиб бўлишарди. Улар ҳам биздан ёрдам сўрашарди, биз ҳам улардан ёрдам сўрардик. Рисолат қуёши чиққач, мунофиқлик бозорини касодга учратди, ҳар бир мунофиқни тилдан қолдирди, ҳар қандай сўзамолни ҳам гапиртирмай қўйди» . Умар (разияллоҳу анҳу) яна шундай деганди: «Агар Ҳусайннинг қотиллари орасида бўлсам ва менинг жаннатга киришим ҳақида фармон берилганда ҳам, менга Пайғамбар с.а.в нинг кўзлари тушиб қолишидан уялиб бу ишни қилмаган бўлардим» .
Умар ибн Абдул-Азиз Зайд ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб р.а нинг ҳаққи хусусида ўз омилига мана бундай мактуб йўллаган: «Аммо баъд. У Бану Ҳошимнинг улуғи, улуш эгаси. Унга Пайғамбар с.а.в нинг садақаларини бер. Агар у ёрдам сўраса, икки қулоғинг билан эшитиб олки, унга албатта ёрдам қил» .
Тўртинчидан: Тўғри ишларни ҳам ишларни ғамхў рлик билан бош қ ариш ма ъ носида яна қ айта к ў риб чиқиш
У ўзининг ҳар бир фуқароси учун ўзини жавобгар, деб биларди. У маълум бир гуруҳ учунгина эмас, ҳамма мусулмонлар учун масъуллигини ҳис қиларди. Хотини Фотима мана бундай ривоят қилади: Бир куни унинг олдига кирсам, жойнамозида чаккасини қўлига тираб, йиғлаб ўтирган экан. Кўз ёшлари ёноқларига оқиб тушарди. Ундан, сизга нима бўлди, деб сўраган эдим, у шундай жавоб берди: «Эй Фотима, шу Уммат ишига бошлиқ этиб тайинландим. Тайинланганим заҳоти ернинг турли тарафларидаги, диёрларидаги оч қолган камбағаллар, нотавон касаллар, қийналган яланғочлар, ҳоли забун етимлар, ёлғиз қолган бевалар, зулм кўрган мазлумлар, ғариблар, асирлар, ёши ўтиб қолган кексалар, молу дунёси озу бола-чақаси кўплар каби одамлар ҳақида ўйлаб, уларнинг барчаси ҳақида Улуғ ва Буюк Парвардигорим Қиёмат кунида мендан ҳисоб олажагини билдим. Ўшанда менинг даъвогарим Муҳаммад с.а.в бўладилар. У киши даъво қилган пайтларида биронта ҳужжатим исботланмай қолишидан қўрқиб, ўз жонимга раҳм қилиб йиғлаяпман» . Бир озод қилган қули уни ғамгин ҳолда кўриб, сабабини сўраган эди, у шундай жавоб қилди: «Муҳаммад с.а.в нинг машриқу мағрибдаги ҳар бир Умматига ўзи сўрамасдан туриб ҳаққини беришни истайман» . Амр ибн Муҳожир айтади: Менга Умар ибн Абдул-Азиз мана бундай деганди: «Эй Амр, агар менинг ҳақиқатдан оғишаётганимни кўрсанг, ёқамдан тутиб, бир силкигин-да, нима қиляпсан, дегин» .
Умар ибн Абдул-Азиз Ироқдаги Абдулҳамид ибн Абдурраҳмонга мактуб йўллаб, одамларга ҳақларини беришни буюрди. Абдулҳамид: «Одамларга ҳақларини бердим, байтулмолда мол ортиб қолди», деб нома йўллади. Унга Умар: «Қара, ким исрофгарчиликка йўл қўймагани ҳолда қарздор бўлган бўлса, унинг қарзини узиб қўй», деб хат юборди. Абдулҳамид: «Қарзларни тўлаб қўйдим, байтулмолда яна мол ортиб қолди», деб ёзди. Унга Умар: «Қара, уйланмоқчи, аммо пули йўқ бўйдоқлар бўлса, уларни уйлантириб қўй», деб нома юборди. Абдулҳамид: «Шундай одамлардан топганларимнинг ҳаммасини уйлантирдим, байтулмолда яна мол ортиб қолди», деб мактуб юборди. Унга Умар: «Қара, агар жизя тўлашга қурби етмаётганлар бўлса, ўз ерида ишлашига ёрдам бўлиши учун уларга олдиндан қарз бериб тур. Зеро, улар бизга бир ёки икки йил учунгина керак эмас» , деди.
Биз ҳам мусулмонлар ўртасидаги тўсиқларни олиб ташламоқчи ва тоифачиликка чек қўймоқчи бўлсак, мана шундай ишларни қилишимиз лозим. Яъни:
1. Асосий эътиборни сунний ва шиалар, хусусан, жаъфарий ва зайдийлар фиқҳий мазҳаблар бўлиб, улар орасидаги ихтилофлар шариат рухсат берган фиқҳий ихтилофлар, деб қараш лозимлигини мусулмонларнинг мияларига қуйишга қаратиш;
2. Исломий ҳаракатлар ўзларига одам қабул қилишда уларнинг шиа ёки суннийлигига қарамасликлари лозим;
3. Хилофатни ҳамма мусулмонлар орқали вужудга келтиришга ҳаракат қилиш лозим. Чунки у худди Абу Бакр ва Умар хилофатларидек, Пайғамбар с.а.в давлатидек ҳамма мусулмонлар учун бўлади. Зотан, Пайғамбар с.а.в:
« … ﺛُﻢَّ ﺗَﻜُﻮﻥُ ﺧِﻼﻓَﺔٌ ﻋَﻠﻰ ﻣِﻨْﻬﺎﺝِ ﺍﻟﻨَّﺒُﻮَّﺓِ »
«… Сўнгра пайғамбарлик минҳожи асосида Халифалик бўлади»,
деганлар.
4. Хилофат барпо бўлганидан кейин мусулмонлар мазҳаблари ёки тоифаларига қараб эмас, шариатни қанчалик маҳкам ушлашлари билан фарқланадилар. Кимлардир кимларнингдир елкасига миндириб қўйилмайди. Ҳамма одамлар баб-баробар бўладилар. Фақат Парвардигорлари наздидаги тақво билан бир-бирларидан афзал бўладилар.
Сўзимнинг охирида Оллоҳдан бизга адолатни ўрнатадиган, сунъий чегараларни олиб ташлайдиган, Умматнинг улуғворлигини, фаровонлигини қайта тиклайдиган Хилофатни тезроқ ато этишини сўраб, дуою илтижо қилиб қоламан.
1. «Шазоротуз-Заҳаб» 2-жилд, 132-саҳифа.
2. «Симтун-нужумил Аволий» 3-ж, 317-с.
3. «Симтун-нужумил Аволий» 3-ж, 323-с.
4. «Ал-Комил фит-Тарих» 4-ж, 330-с.
5. «Тарихи Бағдод» 10-ж, 215-с.
6. «Симтун-нужумил Аволий» 3-ж, 312-с.
7. «Тарихул Хулафо» 1-ж, 234-с.
8. «Ал-Мунтазам» 4-ж, 43-с.
9. «Тарихул Яъқубий» 2-ж, 305-с.
10. «Бақийятут-талаб фий тарихи Халаб»
4-ж, 2027-с.
1. «Симтун-нужумил Аволий» 3-ж, 316-364-с.
2. «Сийрату Умар ибн Абдул-Азиз»1-ж,43,44-с.
3. «Сийрату Умар ибн Абдул-Азиз» 1-ж, 55-с.
4. «Сийрату Умар ибн Абдул-Азиз» 1-ж, 111-с.
5. «Сийрату Умар ибн Абдул-Азиз» 1-ж, 129-с.
6. «Симтун-нужумил Аволий» 3-ж, 319-с.
7. «Симтун-нужумил Аволий» 3-ж, 297-с.
8. «Тарихи мадинати Дамашқ» 68-ж, 197-с.
9. «Бақийятут-талаб…» 7-ж, 3029-с.
10. «Ал-Бидоя ван-Ниҳоя» 9-ж, 188-с.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев