(хаётий вокеа)
Тақдир! У борми ўзи? Пешанага ёзилгани-чи? Ундан қочиб қутила олмаслигимиз ростми? Мен бугунги ҳикоям қаҳрамонлари билан танишганимда тақдирнинг ҳақлигига ишонганман. Бир қарашда, уларнинг ҳаётида қандайдир кемтиклар бордек, умр йўллари бир текисмасдек... Балки, кимлардадир ачиниш ҳиссини ҳам уйғотар. Аммо мен чин маънода уларга ҳавас қилганман. Иродаларига, ер юзидаги фаришталар эканлигига...
Рисолат опанинг ёши элликдан ошган. Ўртанча қизи билан опам бирга ўқишган. Уйимизга келиб-кетиб юрадиган бу қиз ҳаммамизга бирдек ёқарди. Кейин унинг онаси опам билан танишган. Шу тариқа икки дугона сабаб оилаларимиз ўртасида борди-келди йўлга қўйилган. Рисолат опа камсуқим, самимий аёл. Ҳар меҳмонга келганида қимтинибгина ўтиради. Ойим ўн гапирса, зўрға бир жавоб беради. Аммо тилининг учида турган сўзни доим айтолмайди. У кетгач, «Нимадир дарди бор-да шу аёлнинг», дея ойим бош чайқаб қоларди. Бир йиллик борди-келдимиздан кейин Рисолат опанинг дарди маълум бўлди. Неча йилдирки, онасини изларкан. Ҳайрон қолдик, тўғриси. Унинг маҳзун ҳикоясини тинглаб эса кўзимизга ёш олдик.
«Онам шаҳарлик. Мен ёлғиз қизман. Бешикдалигимдаёқ ота-онам ажрашиб кетишган. Яшириб нима қилдим, тўғрироғи, онам отамни ташлаб кетган. Нима учун, билмадим... Кейин аммаларим мажбурлаб аямга уйлантириб қўйишган. Мен ҳам ақлимни танигач, у кишининг ўгайлигини билганман. Барака топгур, бирор марта ўгайлик қилмаган. Асли туғмасмиди, ё отамнинг «Ўзи болали бўлгач, қизимни бегона қилади, бирор болага зор аёл бўлсагина, уйланаман, бўлмаса, йўқ» деган қатъий қароридан кейин фарзанд кўрмаганми, буниси менга номаълум. Мени оқ ювиб, оқ тараб улғайтирди. Мана, отамдан кейин ҳам бош бўлиб ўтирибди. Ўз онамни эса бир мартагина кўрганман. Эслай олганим шу. Айтишларича, боғчага келиб, узоқдан мени кўриб кетаркан. Тўйим олди ўгай онам сизларнинг қишлоққа олиб келган ва бир аёл билан таништирган. Ўшанда бир оғиз ҳам гапира олмаганман. Онам эса мени қучиб йиғлаган. Бир этак болалари бор эди. Кейин кўришмадик. Кўришишга журъат қилмадик, шекилли... Ёши етмишдан ошиб қолган, кўп тушимга кираяпти. Аммо менда манзиллари йўқ. Шу кунгача излашга аямдан ийманганман. Гўёки улар билан топишиб олсам, мени ўз боласидек кўрган аёлга хиёнат қиладигандек туюлаеварди... Яна мендан, эридан юз ўгирган одамга нисбатан ичимда қандайдир алам бор эди... Йиллар ўтиб, бу алам тарқадими, билмадим... Ёки тақдир менинг кўзларимни очди...
Рамз ака билан ишда танишганман. У киши ҳисобчи эди. Чекка тумандан марказга қатнаб ишларди. Қисмат экан, бир-биримизга кўнгил қўйдик. Отам ёлғиз қизимни кимга узатаяпман дея, куёв билан кўришган ҳам. У замонларда бунақа гаплар йўқ эди-да. Қаранг-ки, бир суҳбатлашишгандаёқ дадамга маъқул бўлиб, ҳаётимиз боғланди. Тўй ҳам ўтди. Бахтли келинчак эдим... Токи... йўқ бу ҳодиса аслида мени янада бахтли қилган. Ҳа, энди шунга амин бўлаяпман. Чилламиз чиққач, қайнонам уйимизга (алоҳида ҳовлига келин қилишганди мени) бир болакайни етаклаб келди. Уч-тўрт ёшлардаги кўзмунчоқдек кичкинтойни жиянларимиздан бири деб ўйлабман. Аммо кечки таомдан сўнг ҳаммаси маълум бўлди. Рамз ака олдин уйланган, хотини эса эри ва ўғлини ташлаб, ким биландир қочиб кетган экан...
Ўша тун ҳеч ким ухламади. Фақат ўз туққан онаси воз кечган, яна бир аёл унинг борлигидан даҳшатга тушган гўдакдан бошқа...
Уришдим, ёрим дея ишонганимнинг кўксига муштлаб йиғладим... Қарғадим... ва эрталаб тўғри уйимга отландим. Рамз аканинг ялиниб-ялворишларига қулоқ солмадим. Кела солиб аямнинг бағрига ўзимни отдим. У ҳам менга қўшилиб йиғлади. «Воҳ, қизим, бу тақдир. Сенгинани бир синай деяпти-да» деган. Унинг бағрига бош қўйиб йиғлаб, онамнинг тафтини илк бор дилдан туйдим. Ҳа, ўшанда биринчи бор, бу аёл менинг ҳақиқий онам эканлигини ҳис қилдим. Ва кўзларим очилди. Бундан йигирма икки йил олдин, мен ҳали тўққиз ойлик чақалоқлигимда шу аёл мени бағрига олган ва кўз қорачиғидек асраб катта қилган. Худо бугун мени синаяпти... Бир пайтлари менга она бериб сийлаганди, энди фарзанд бериб синаяпти... Мен... шу аёлнинг, ҳаётнинг олдида жуда катта қарздорман. Энди... энди бир гўдакни болам деб қарзимни узмоғим керак... Ахир у бола ҳам мендек бегуноҳ... Бу дунёнинг кўнгилхушлигининг қурбони...
Ана шу ўйлар билан оиламга қайтдим. Мана, Зуфар ўғлим ўттизга кирди. Мен унга ўгайлик қилдимми-йўқми, билмадим, аммо у менга чин фарзандлик қилди. Тўнғичим, суянганим. «Онангизни излайлик, она. Учрашинг, кечиринг» деган ҳам шу! Аммо ўз онасини кўрмади. У хотин бошқа юртларга кетиб қолган. Шунга мени кўпроқ тушунса керак-да, армон бўлишмасин бир-бирига дейди-да... Мана, энди, сизларнинг кўмакларингиз билан онам билан учрашмоқчиман. Юрагида оғриқ билан ўтиб кетмасин, деяпман. Ахир болаларимиз адашса, йўл кўрсатиб, уларни кечириб яшаймиз-ку...»
Зуфар аканинг Рисолат опанинг ўз боласи эмаслигига, тўғриси, киши ишонмайди. Катта ўғил бўлса-да, онаси билан ҳовлида қолган, уч жигарига жуда меҳрибон, волидасини ҳар йили икки-уч марталаб дам олишга жўнатадиган, ҳурматини жойига қўядиган ўғил. Рамз ака йигирма йилча олдин жигар хасталигидан оламдан ўтган. Зуфар ака рўзғор бошига тушгач, институтдаги ўқишини ташлаб, боғида ишлаган экан. Бир укаси, икки синглисини олий маълумотли қилган ҳам ўзи. Рисолат опанинг ҳақиқий тиргаги!
Рисолат опа онаси билан учрашди. Ҳозир ҳам болалари билан бирга у кишининг ҳолидан хабар олиб туради. Аммо ҳар келганда юраги эзилиб кетади. Етмишдан ошган кампирнинг ердан кўз юзмасдан йиғлаб ўтиришидан куяди. Аммо энди вақтни ортга қайтариб, ниманидир ўзгартириб бўлмайди-ку...
Мен бу воқеани шунчаки икки аёлнинг боласидан кечиб, кимгадир эргашиб кетгани ҳақида нафратга тўлиб, ёзсам ҳам бўларди. Ахир бу даҳшат-ку! Аммо мени тақдирнинг ишлари кўпроқ ҳайратлантирди. Рисолат опанинг аясининг меҳри, бир бегона болани болам деган аёлнинг дарё қалби илҳомлантирди! Бу дунёда яхши одамлар, асл муҳаббат, инсоний туйғулар борлиги ҳақида ёзгим келди. Кимгадир ачиниш, ундан нафратланиш эмас, шундай инсонларнинг юрагига чиндан ҳавас қилиб яшаш керак, ахир.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев