Чамаси бир ой бурун велосипедим багажига кетмонни узунасига қистириб буғдойга сув қўйиб юрган пайтим ариқнинг тепа томонида бакалашка йиғиб сотадиган қўшни қишлоқлик бир одамнинг ҳаётига ҳавас қилгандим.
Нега мен шу одамнинг ўрнида бакалашка тўпламайман? - дея армон қилгандим.
Уни танийман. Қўшни қишлоқлик. Мендан бир-икки ёш кичик. Бўйи пастак, гавдаси озғин. Оғзида битта ҳам тиши йўқ. Нос туфлаётганда лабларини одатдан ташқари узунроқ чўччайтириши қизиқ. Бети озғин. Иккала бети ичкарига тортилиб жағининг орасига қисилиб қолганган ўхшайди.
Оёғида ўсмир қизлар киядиган рангли резина этик. Таҳминимча оёғидаги пушти ранг этикни бакалашка йиғиб юрган пайти ариқданми, бошқа жойданми топиб олиб кийб олган. Бошидаги кепкаси ҳам кўчадан топиб олингандир.
Минган велосипеди ўзидан хароб: қаноти йўқ, ғилдираклари лапанглайди.
Қурғурни танийман, лекин исмини билмайман. Исми ҳам ўзи каби камтар бўлса керак. Ёки уни ҳеч ким исми билан чақирмас...Лақаби бордир.
Хотини ё бор ёки йўқ.
Фарзанди ҳам ё бор ёки йўқ.
Балки ўз вақтида уйлангандир, фарзандлар кўргандир, ҳозир эса ёлғиз яшар.
У анчайин камгап. Ҳеч ким билан иши йўқ. Бирор марта биров билан гурунглашганини кўрмаганман. Гап сўрасангиз ё ҳа ёки йўқ дейди, гапни чўзмайди.
Бир марта ундан:
- Бакалашкаларни қанчадан сотасиз? - деб сўраганимда:
- Килоси иккиюзсўмдан,- деганди.
- Бир кунда йигирмаминг ишлайсизми?
- Ҳа,- деб жавоб берганди.
Унинг ташвишсиз ҳаётига ҳавас қилгандим.
Бир кунда бакалашка тўплаб топган пулининг минг сўмига нос, олтти минг сўмига иккита нон олади. Баъзан ўн минг сўмга сомса ҳам ептурар.
Шу инсонга ҳавас қилгандим. Дунё ва инсонлар билан иши йўқ. Ҳатто қайси аср, қайси мамлакатда яшаётганини, қайси дин, қайси миллатга мансублигини ҳам унутиб юборгандир.
Оламда нима гап деб хабарлар оқимини кузатмайди. Фарзандлар ташвиши йўқ. Хотини жавраб асабига тегмайди. Биров билан мулк талашмайди. Пулни кўпайтириб уйларни таъмирлайман деган нияти йўқ. У, умуман, сиз ва мен яшаётган ҳаётда йўқ.
Бакалашка йиғади, йигирма мингга сотади. Топган пулига нос ва нон сотиб олиб уйига кириб кетади. Бир кун ўтиб эрта тонг яна бакалашка тўплашга чиқади.
Унинг кўнглида ўлим ташвиши ҳам бўлмаса керак.
Ўлим мулкдорларга ташвиш, қушдай яшайдиганлар кўнглида ўлим ваҳимаси бўлмайди.
Уни охирги марта ариқ тепасида кўрганимда:
- Мени шогирдликка олинг, - дегандим.
У: - Ҳўп, деганди, бошқа сўз айтмаганди.
Шу одам менга ўлмайдигандек бўлиб туюлади, ҳатто атом бомбаси портласа унга тасир қилмас. Охиратда ҳам унинг савол-жавоби енгил бўлар.
Менинг эса тинчим йўқ, ичим қайнайди, ҳеч қаерга сиғмайман, вулқон бўлиб отилгим, шамол каби белгисиз ёққа кетгим келади, ҳаётдаги ноқисликлар, адолатсизликлар азоблайди, ўй ўйлаб тафаккурим изтироб чекади, кўнглимда мол-мулк ҳаваси бисёр, хуллас, нотинчман, оромим йўқ.
Бакалашка йиғадиган кимса ором оғушида яшайди, ўлимни ҳам ўйламайди, ҳатто туғилганини ҳам идрок этмас.
Ҳаётингга ҳавас қиляпман, эй пачоқ бакалашкалар сардори!
Оромингдан бер менга, изтироб
чекаётган тафаккуримга, яра қалбимга малҳам қилай.
Ўзинг ҳам оёқ остида эзилган бакалашкага ўхшайсан!
Мен эса бутун бакалашкаман, лекин ичига заҳар тўлдирилган бакалашкаман.
Muxtor Mirzaqulov asos solgan telegram kanallarga obuna bo‘ling:
@muxtor_mirzaqulov_official
@xazinalar_oroli
@bilishdan_baxtiyormiz
@muxtar_media
@retro_trend
@tabriklar_va_qutlovlar_radio
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев