ДЎСТ
Бир киши газдан катта қарз бўлиб қолди. Текширувчилар келиб “уч кун ичида тўламасангиз ўчириб кетамиз, ҳам жарима тўлайсиз” деб таҳдид қилиб, билдиришнома ташлаб кетишди. Чуқур ўйга ботди, қўлида пул йўқ. Аксига олиб мижозлардан ҳам эшик-ромга буюртма тушмаяпти. Ҳаво совуқ. Газ ўчирилса уй совиб кетади. Ўзи билан аёли-ку майли, чидашар, лекин икки норасида фарзанди нима қилади!? Яқиндагина бирининг шамоллашини тузатиш учун дориларга анча пули кетганди. Пулдан ҳам аввал игна таъсирида чирқираб йиғлайдиган боласига ачинди. Шуларни ўйлаб, боши қотганча синфдош дўстининг олдига боришга қарор қилди. Ўртоғи анча ўзини тутиб олган, топарман йигитлардан эди. “Ҳали ҳеч сўрамаганман-у, йўқ демас” деган умидда эшигини қоқди.
- Ие, ўзингмисан ўртоқ!? Саломатмисан? Қандай шамол учирди!? Бир йўқлаб келибсан-да, раҳмат. Қани юр уйга, бир отамлашамиз-деди.
-Йўқ, раҳмат дўстим, бошқа сафар. Олдингга бир юмуш билан келдим.
- Ҳа, ҳа, майли. Нима гап?
Дўстининг сўзларидан қувониб, бор дардини айтди. У эса бунга бир оз тикилиб турди-да: -Пулим йўқ, хафа бўлмайсан-деди қисқа қилиб.
Устидан муздек сув қўйиб юборилгандек бўлди, хайр-маъзурни ҳам насия қилиб ортга қайтди. Ўртоғининг ҳай-ҳайлашига ҳам қулоқ солмади. Қаттиқ дили оғриди. Кечгача томоғидан ҳеч нарса ўтмади. Ахир кечагина шу дўсти билан мактабдан қочиб канал бўйида чўмилишган, тўп тепиб катта бўлишганди. Бегона болалар билан жанжаллашиб қолишса жуссаси кичиклигига қарамасдан, мағрурлигидан тилини бермасди. Қорни оч қолса ҳам шу ғурури туфайли мактаб ошхонасида биров унга егулик олиб беришларига йўл қўймасди. Айни пайтда эса, ўша энг яқин ўртоғи томонидан қадри топталгандек ҳис этди ўзини.
Эртасига синиқ кайфиятда “газ идораси”га йўл олди. Бор топгани бир ярим миллион сўм катта пул бўлса-да, қарзига етмасди. “Газдагилар ҳам одам-ку ахир, тўғрисини айтиб илтимос қилсам, тушуниб, бирор ой муҳлат беришар, қочиб кетмаяпман-ку” деб ўзини овутса-да, гўдакларининг қиш қаҳратонидан соғ-омон олиб чиқишни ўйлаб, эзиларди. Идорага бориб ҳисоб-китоб бўлимига кирди. Ходимларга қарзи борлигини, уни тўлагани келганини айтди. Дастурдан текшириб “Сизни қарзингиз йўқ” деган жавобни эшитиб, “яхшилаб текширсангиз, узсак жарима ҳам тўлайсиз дейишган” деди. “Ака, қарзингиз йўқ” деган қатъий гапни эшитгач, музлаб қолай деди. Бу англашилмовчиликка ақли етмайин идорадан ичига сиғмай, бениҳоя ҳурсанд ҳолда пулни қучоқлаб ташқарига чиқди. Йўл-йўлакай Аллоҳ мушкулини даф қилгани учун шукрлар айтиб борди. “Эҳтимол дуоларимнинг натижасидир” деб қувониб борарди. Маҳалласига етиб, хасис синфдошининг уйи олдидан ўтаётганда яна уни кўриб қолди. Сўрашиш учун чўзган қўлини ҳам ғазабдан жавобсиз қолдирди. Кўчага қарата мағрур ҳайқирди: -“Бошингга мушкул иш тушганда дўст кимлигини биларкансан! Мана, газдан қарзим йўқ! Англашилмовчилик сабаб бўлиб ким эканлигини билиб олдим! Лекин, шундай пайтда ишонган дўстинг синовдан ўта олмагани алам қиларкан! Баҳонада кимлигини билиб олдим!” деб бақирди. Бунинг шовқинидан бир неча қўшнилар кўчага чиқишди. Ичидаги бор аламларини нафрат билан баралла бақириб айтгач, енгил тортиб йўлида давом этди... Хасис дўсти эса... Хасис дўсти эса унинг ортидан бироз тикилиб турди-да, уйига кирди. Йўлакда кўзлари ёшланган аёли: -“Дадаси, тўғрисини айтсангиз нима бўларди? Қаранг, шунча маломат остида қолдингиз! Нега бундай қилдингиз ахир!?” деб йиғларди.
-“Қўявер, атай шундай қилдим. Дўстимга пул берсам менга қарзини қайтариш учун чираниб меҳнат қилиб қийналган бўларди. Шу сабаб унга билдирмай, қарзини тўлаб келдим. Унга пулни бериб, шундай ҳадя ҳам қилолмасдим. Олмасди у! Унинг ғурурини биламан!”- деди маюс...
Салим АЙЮБИЙ
Fikrlashingizni 180° ga o'zgartirib yuboradigan telegram kanalimizga obuna bo‘ling: https://t.me/muxtar_media ФАРРОШ БЎЛОЛМАГАН БИЗНЕСМЕН
Бир киши “Microsoft” компаниясига фаррош бўлиб ишлаш учун келибди. Кадрлар бўлимида у бир нечта тестлардан, суҳбатдан ўтибди ва унга дейишибди:
— Табриклаймиз, сизни ишга қабул қиламиз. Бизга ўз e-mail’ингизни қолдиринг, иш жадвали ҳақида маълум қиламиз.
— Кечирасиз, менинг компьютерим йўқ, – дебди бояги киши, – электрон почтам ҳам йўқ.
— Афсуски, у ҳолда сизни ишга қабул қилолмаймиз. “Microsoft”нинг барча ходимлари билан e-mail орқали алоқа қиламиз ва ишимизнинг асосий қисми компьютерлар билан боғлиқ. Шунинг учун, сизни ишга ололмаймиз.
Бечора киши ташқарига йўл олибди ва компьютер учун қандай қилиб пул топишни ўйлай бошлабди. Чўнтагида атиги 30 доллар пули бор экан. Қараса, нарироқда бир фермер боғидан териб келган олмаларини сотаётган экан. У 10 кило олма сотиб олибди ва гавжум кўчалардан бирига бориб олма сота бошлабди. Икки соатда унинг пули икки баробар, олти соатдан кейин эса 10 баробарга кўпайибди. У “Microsoft”га ишга кирмасдан ҳам яшаш мумкинлигини тушунибди.
Бир қанча вақтдан кейин эркак автомобиль сотиб олибди, аввалига кичик дўкон, кейинроқ магазин очибди. Беш йилдан кейин супермаркетлар тармоғини ташкил қилибди. Шундан сўнг у бизнесини суғурта қилдирмоқчи бўлибди, суғурта агенти эса ундан электрон почтасини қолдиришни сўрабди. Бизнесмен худди бир неча йил олдинги сингари унда e-mail ҳам, компьютер ҳам йўқлигини айтибди.
– Қойил! – дебди суғурта агенти, – компьютерингиз йўқ бўла туриб шундай бизнесга эга экансиз! Агар комьютерингиз бўлганида ким бўлардингиз?!
Бизнесмен унга жилмайиб жавоб қайтарибди:
– У ҳолда “Microsoft”да фаррош бўлардим.
P.S.: Бундан иккита хулоса қилишимиз мумкин. Бири, қандайдир буюмлар муваффақиятга сабабчи бўлмайди. Иккиничиси, доимо бировларнинг қўлига қараб қолмайдиган ишнинг пайида бўлиш даркор. Зеро, кўпчилик одамларда 3 йил ичида ўз бизнесини қуриш учун сабр етишмайди, аммо 40 йил ишга бориш учун уларнинг сабри етадi
Fikrlashingizni 180° ga o'zgartirib yuboradigan telegram kanalimizga obuna bo‘ling: https://t.me/muxtar_media
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев