(Ўтиш даври ҳақидаги ҳикоялардан)
Маърифат деярли югуриб кетарди. Уйидан мактабгача йўл анчагина. Шунчалик тез юрса ҳам қирқ дақиқада боради. Кўнгли сезибди. Текширувчи келибди! Юраги ҳовлиқиб, кўргазмали қуролларини ола бошлади. Аксига олгандек ўқувчиларнинг шовқини тинай демайди. Кап-катта қизлар бирортаси ёрдам беришни истамайди. У сарғайиб кетган лавҳани синф тахтасига илиб, эскилиги билиниб турган карточкаларини столи устига қўйди, кундалик режа, йиллик режасини кўздан кечираётганда текширувчилар ҳам дарсга кириб келди...
Иккинчи сменадаги дарслар тугагач, мажлис бошланди. Юраги пўкиллаб ўтираркан, ручка тутган қўллари қалтираётганини сезиб қолди...Директор важоҳат билан кириб келди-ю, ўтирмасдан ўшқириб кетди. Бир соатлик мажлис давомида барча ўқитувчилар дангаса, текинхўр, фақатгина раҳбарлар жон куйдириб ишлаши маълум бўлди. Гарчи ҳеч кимнинг исми айтилмай, умумий танбеҳ берилган бўлса-да, Маърифат тамом бўлган эди. Уйга борганда кеч тушган, иккита ўғли оч ўтирарди. Йўлдан сўнгги пулларига олгани иккита буханкани кўриб кичик ўғли "Нооон",-деб қўлига ёпишди.
Кеч бўлса ҳам гўштсиз макарон қовурди.Анчадан бери ишсиз юрган (бугун ҳам иш излаб кетганди) турмуш ўрғоғи келганда болаларини ухлатиб, идиш-товоқларини ювиб, бир дунё дафтарларни текшириб ўтирарди...
Овқати эрига ёқмади, емади. Авваллари яхши гапириб, кулдириб, мақтаб қалбига йўл топарди. Кундан кун ишлаш оғирлашиб боряпти. Турмуш ўртоғининг кўнглини олишга ҳам вақти йўқ...
Эрталаб болаларини боғчасига эшикдан киргизиб юборди, боғча опаси кўрса пул сўрайди. Ойлик эса ҳар доимгидек яна кечикяпти...
—Бугундан ҳар бирингизга кўп қаватли уйлар бўлиб берилади. Бориб подъездларини тозалаб келасизлар! Бу галги мажлис ҳаммасидан ошиб тушди. Бирорта ўқитувчи индамади. Нима ҳам дейиш мумкин, ахир ўтирганларнинг барчаси"текинхўр", "ишёқмас" бўлса!
Маърифат уйидан челак, латта-путталарни олгани кириб турмуш ўртоғининг ҳалиям йўқлигига ҳайрон бўлди, аммо буни ўйлашга вақти йўқ, дугонаси Нигора кутиб турибди.
Улар 4-қаватдан бошлаб аввал деворларни, сўнг зиналарни ювиб туша бошладилар. Биринчи қаватга етганларида иккинчи қаватдан эшик очилгани-ю аёл кишининг шодон кулгуси эшитилди, эшик шарақлаб ёпилиб, кимлардир пастга тушиб кела бошлади.
—Ҳорманглар! Ўзига жудаям таниш, қадрдон овоздан беихтиёр бошини кўтарган Маърифат қўлида кир суви оқаётган латта билан қотиб қолди. Зиналардан турмуш ўртоғи ўрта ёш бир аёлни қўлтиқлаб тушиб келарди...
Эркак ҳам етти ухлаб тушига кирмаган бу вазиятдан саросимага тушиб қолди, аммо ранги оқарган куйи ёнидаги аёлни қўйиб юбормай, шундоқ ёнгинасидан ўтиб кетди...
Маърифат қайтиб ишга бормади. Турмуш ўртоғини ҳам кечирмади. Ҳеч қачон кўз ёшини кўрсатмаган отасидан сармоя олиб, ўзини бозорга урди. Бор аламини ишдан олди. Жарақ-жарақ пул топди. Ўғилларини ёнига олди, дунё кезди. Ёши элликка кирмай, хожи она бўлди. Келинлари парвона, атрофида неваралари ўйнаб юрибди.
Эҳтимол, ўшанда зулм кўрмаганида ҳалиям шу аҳволда яшаб юрган бўлармиди? Нима дедингиз? Аммо мен, негадир, қаҳрамоним ҳалиям мактабни, ўқувчиларни соғинса керак деб ўйладим. Яна ким билади дейсиз!?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев