Трамп шифокорлар танқидига учради, Тожикистонда шубҳали ўлим ҳолатлари
АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони 50 мингдан ошиб кетди, мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 900 мингдан ошган. Қўшма Штатлар дунёда энг кўп қурбон берган давлат, аммо бу давлат аҳолиси ҳам (330 миллион киши) Европада коронавирусдан энг кўп жабрланган Италия ва Испания аҳолисидан сезиларли даражада кўпдир.
Бугун Дональд Трамп коронавирусни нур ва дезинфекция воситалари билан даволашни таклиф қилиб, америкалик шифокорлар ғазабини қўзитди. Дунёдаги мусулмонлар Рамазон ойини карантин шароитида бошлашди, Швециядаги олимлар эса ўлим ҳолатлари ўса бошлагач, мамлакатнинг бош эпидемиологи истеъфосини талаб қилишмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари сони 2,8 миллиондан ошди, 196 мингга яқин киши вафот этди, 778,3 мингдан ортиқ киши тузалди.
BBC коронавирус пандемияси тўғрисидаги сўнгги янгиликларни келтиради.
АҚШдаги тиббиётчилар Дональд Трампнинг коронавирус инфекциясини даволаш бўйича маслаҳатларини хавфли деб аташмоқда. Оқ уйдаги ҳар кунги брифинг вақтида АҚШ президенти Covid-19 билан касалланган беморларга дезинфекциялаш воситалари билан уколлар қилиш, шунингдек, беморларни иссиқ кунларда қуёш нури орқали даволаш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилган. Трампнинг сўзларига кўра, тадқиқотлар, оддий хлор 5 дақиқа ичида вирусни йўқ қилиши мумкинлигини кўрсатган.
Шундан сўнг кўплаб шифокорлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва ОАВ орқали америкаликларни Трампга қулоқ солмасликка чақириб, унинг қуёш ва дезинфекциялаш воситалари билан даволаниш ҳақидаги таклифлари мантиққа тўғри келмаслиги, қуёш нурида даволанишга уриниш куйиш, тери саратони ёки бошқа салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришди. Бу танқидларга жавобан Оқ уй вакили журналистлар Трампнинг сўзларини контекстдан юлиб олиб хабар тайёрлашганини айтиб, давлат раҳбари ўз чиқишларида ҳамиша шифокорларнинг тавсияларига амал қилишга чақириб келаётганини таъкидлади.
Бу вақтда АҚШ президентлиги учун демократлар партияси номзоди Жо Байден Дональд Трамп пандемиядан фойдаланиб, ноябрь ойидаги президентлик сайловларини қолдиришга уриниши мумкинлиги ҳақида гапирди.
Россияда сўнгги бир кунда яна 5 849 кишида коронавирусдан зарарланиш ҳолати тасдиқланди, бу эса бир кун аввалгидан қарийб мингтага кўпдир. Эпидемия Россиянинг ўнлаб регионларини қамраган, энг оғир вазият Москвада кузатилмоқда.
Айни вақтда Россияда умумий зарарланиш ҳолатлари сони 68 622тага етган, беморларнинг 615 нафари вафот этган.
Британияда оммавий тест қилиш кечикмоқда
Британияда жума куни ҳукумат янги сайтни ишга туширди, у орқали муҳим соҳалар ишчилари ва уларнинг оила аъзолари коронавирусга тест учун мурожаат қилиши мумкин. Айни вақтда мамлакатда энг муҳим соҳалар таркибига Миллий соғлиқни сақлаш тизими (NHS) ва барча шошилинч хизматлар киради, бу соҳаларда ишловчиларнинг умумий сони 10 млн атрофида.
Британияда кунлик тест ўтказиш ҳажмини 100 мингтага чиқариш мақсад қилинган GETTY IMAGES
Буюк Британия ҳукумати апрель ойи охиригача кунлик тестлар сонини 100 мингтага чиқаришни мўлжаллаган. Лекин айни вақтда бу эҳтимолдан йироқ кўринмоқда, ҳар куни 20 мингга яқин киши тест қилинмоқда. Аммо шу кунларда Борис Жонсон ўрнига ҳукуматни бошқариб турган Ташқи ишлар вазири Доминик Рааб ҳукумат бу мақсадга эришиш учун бор кучини йўналтиришини маълум қилди.
Жума кунги маълумотларга кўра, Британияда Covid-19дан зарарланиш ҳолатлари сони 144,6 мингдан ошган, 19559 киши вафот этган.
Европада яна нималар бўлмоқда?
Ирландия ҳукумати мамлакатда коронавирус қурбонларининг 50 фоизидан ортиғи - қариялар уйларида яшовчилар бўлгани муносабати билан ташвишга тушмоқда . Эпидемия бошланганидан буён Ирландияда Covid-19 ташхиси қўйилган 1014 киши вафот этди ва уларнинг ярмидан кўп қисми махсус муассасалар қарамоғида бўлишган. Ҳукумат бу муассасаларда изоляция ва гигиена чораларига нечоғлиқ амал қилинганини текширмоқчи.
ЕИ давлатлари етакчилари коронавирус пандемиясига қарши кураш учун умумий жамғармаси 1 триллион евродан иборат бўладиган фонд тузишга келишишди. Шундан 540 млрд евро 1 июнь кунидан энг кўп жабр кўрганлар (ишини йўқотганлар, инқирозга учраган бизнеслар ва бошқалар) учун тақсимланиши бошланади, қолган қисми эса кейинроқ ЕИнинг вирус туфайли оғир аҳволда қолган аъзолари учун сарфланиши режалаштирилган. Европа Иттифоқи раҳбарлари 6 май куни навбатдаги саммитда ушбу режа тафсилотларини муҳокама қилишади.
Швециянинг бош эпидемиологи Андерс Тегнелл мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий этмасликка қарор қилган ҳукумат ёнини олиб чиқди. Сўнгги вақтларда ҳукуматнинг бу қарори кескин танқидларга учрамоқда, Швеция Скандинавияда коронавирусдан зарарланиш ва ўлим кўрсаткичлари бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этмоқда. Мамлакатда шу вақтгача 17 567 кишида Covid-19 аниқланган, 2 152 бемор вафот этган. Таққослаш учун - Норвегияда 7444 ҳолат ва 199 ўлим, Данияда - 8210 ҳолат ва 402 ўлим, Финляндияда - 4395 ҳолат ва 177 ўлим қайд этилган.
Европада пандемия авжига чиққанида Швеция аҳолиси кафелар ва хиёбонларда ўтирарди GETTY IMAGES
Аммо Тегнелл шведларнинг статистикасини қўрқинчли деб билмаяпти ва карантин эълон қилмасликдан мақсад соғлиқни сақлаш тизимига керагидан ортиқ юк туширмаслик бўлганини айтмоқда. Бундан ташқари, унинг фикрича, «пода иммунитети» ҳосил қилиш орқали, мамлакат Covid-19 эпидемиясининг эҳтимолий иккинчи тўлқинига яхши тайёр бўлади. Швециядаги етакчи мутахассислар Тегнеллнинг истеъфосини талаб қилишмоқда.
Чехияда бугундан мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланишга қўйилган тақиқ бекор қилинди. Чехлар 24 апрель кунидан уйдан истаган вақти чиқиши мумкин бўлади. Ҳатто жамоат жойларида ўн кишигача бўлган гуруҳлар тўпланишига тўсқинлик қилинмайди (бундан аввал фақат 2 киши тўпланиши мумкин бўлган). Шу билан биргаликда, жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш ва ижтимоий масофа тартибига риоя этиш ҳамон мажбурий бўлиб қолмоқда.
Ҳукумат ўз фуқароларига 24 апрелдан чет элга чиқишга (арзирли сабаб билан), шу жумладан бошқа мамлакатларга дам олиш учун боришга рухсат берди. Шунингдек, Чехиядаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабаларга, хизмат сафари билан келувчи тадбиркорларга мамлакатга киришга рухсат берилади.
Чехия ва чет эл фуқаролари мамлакатга кираётганда коронавирусга тест салбий чиққанини кўрсатувчи таҳлилни тақдим этиши ёки 14 кун карантинда ўтириши керак. Бунда тақдим этилаётган тест топширилганига 4 кундан ошмаган бўлиши лозим.
Мамлакатда 16 март куни қатъий карантин жорий этилганди.
Карантиндаги Рамазон
Жума куни бутун дунёдаги мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи бошланди. Ҳозирда деярли бутун араб дунёсида ва бошқа мусулмон давлатларда карантин эълон қилинган ёки оммавий йиғилишларга қатъий чекловлар ўрнатилган. Бу давлатлар ҳукуматлари аҳолидан ибодатни уйда қилишни сўрамоқда. Аммо айрим давлатлар, хусусан, Миср, Сурия ва БАА чекловларни юмшатишга қарор қилган - бу давлатларда дўконлар очилган, одамлар кўчада истаганча вақт ўтказиши мумкин.
Аввалроқ Покистондаги уламолар ўз ташаббуслари билан масжидларни жамоавий ибодат учун очишлари, бунда барча санитар қоидаларга риоя этишлари ҳақида маълум қилишганди.
Индонезияда ҳам кўплаб масжидлар очилган, фақатгина айрим чекловлар амал қилади. Масжидларга келувчиларнинг аксари юзига тиббий ниқоб таққан.
Жаҳондаги вазият
Март ойи ўрталаридан буён биринчи марта Жанубий Кореяда коронавирусдан кунлик ўлим ҳолати қайд этилмади. Сўнгги 24 соатда мамлакатда жами 6та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди. Эпидемия бошланганидан буён мамлакатда жами зарарланиш ҳолатлари сони 10 708тага етган, 240 бемор вафот этган.
Филиппин президенти Родриго Дутерте Лусон арихипелагида ва мамлакатдаги йирик шаҳарларда карантин яна икки ҳафтага узайтирилишини маълум қилди. Аввалроқ жорий этилган карантин муддати бугун тугаши керак эди.
Венесуэладаги бир неча штатларда карантинга қарши намойишлар бошланди. Юзлаб кишилар кўчаларга чиққан, одамлар озиқ-овқат ва бензин танқислигидан норозилик билдиришмоқда. Боливар штатида оломон супермаркетга бостириб кирган, полиция билан тўқнашув давомида бир киши ҳалок бўлиб, яна бир неча киши жароҳатланган.
Кўплаб венесуэлаликлар озиқ-овқат ва дори-дармон излаб қўшни давлатларга йўл олмоқда AFP
Жума куни Тожикистон пойтахти Душанбеда пневмониядан 4 киши вафот этди. Бу маълумотни беморлар ётқизилган шифохона бош шифокори тасдиқлади. Марҳумларнинг барчаси - 60 ёшдан катта эркаклар бўлган. Бош шифокорнинг сўзларига кўра, улар коронавирус учун тест топширишган, аммо натижалар салбий чиққанди. Тожикистондаги медиасидаги манба маълум қилишича, айни вақтда ушбу шифохонада пневмония ташхиси қўйилган 100га яқин бемор бор, улардан уч нафари оғир аҳволда.
Тожикистонда расман коронавирус йўқ. Аммо бу ерда ҳам пандемияни ҳис қилишмоқда
Тожикистон ҳукумати мамлакат ҳудудида коронавирус қайд этилмаганини таъкидлашда давом этмоқда, нафас олиш йўлларида муаммолар пайдо бўлган беморлар сони ортиши эса ноқулай об-ҳаво билан изоҳланмоқда.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев