(Ҳаётий воқеа. 1-қисм)
Абдураҳмон аср намозидан сўнг қўшниларидан бирини ахлат идишга қўлини солиб, бир нималар олиб, уйига кириб кетаётганини кўрди. Қўшнисининг бу ҳолатидан даҳшатга тушиб, ўзига-ўзи “Унинг бир нарсага муҳтожлиги борки, бундай қиляпти. Мен эса қўшниси бўла туриб, буни билмасам…” дея ўзини-ўзи койиди. Эртасига унинг уйига бориб, ҳолидан хабар олишга, қўлидан келганча ёрдам беришга қарор қилди...
Эртасига қўшнисиникига борди. Қўшниси уни жуда яхши кутиб олди. Буни қарангки, унинг уй шароитлари ҳаммаси жойида, бой инсонлиги кўриниб турарди. Во ажабо!
Гар шундай экан, у ҳайрон қолиб куни кеча гувоҳи бўлган воқеа ҳақида қўшнисидан сўради. Қўшниси: “Ахлат идишда ейиш учун яроқли овқатни кўриб қолдим, ваҳоланки кимдир уни қадрига етмай исроф қилиб ташлаб юборган. Менга эса бу ёқмади, мен егуликка нисбатан бундай қилинса қаттиқ хафа бўламан. Ҳалиги ахлат идишдан яроқли қолганларини ажратиб териб олдим ва бу таомни ўзи лойиқ бўлмаган таҳқир жойдан олиб қўйдим”, деди.
Сўнг сўзида давом этди...
-Бундан анча йиллар олдин мен билан айнан мана шу егуликка зор бўлган ҳолимда, очлик мусибати етганда мудҳиш воқеа юз берган. Сабаби, мен ўзимда очликка қарши куч-қувват топа олмаганман, сабр қилиш ўрнига, ўлимдан қўрққанман. Шундан сўнг ҳар қандай егулик бўлмасин, уни қадрига етишга ўргандим, исроф қилиб қўймасликка Роббимга дуо қилардим. - Қўшним бироз жим бўлиб қолди… - Эшитинг, биродар, сизга қалбимнинг туб-тубида ётган ўша мудҳиш кунларимни айтиб берай, - деди-да, гап бошлади:
-Бундан бир неча йиллар олдин, Маккада яшаган вақтимда бошимга ўта қашшоқлик мусибати етди. Ўшанда қўлимда на ҳунарим, на ишим бор эди.
Аёлим ва ёлғиз қизим билан яшар эдик. Эрталаб чиқиб кетар эдим, кимдир менга ишми, ул-бул юмушми таклиф қилармикин, деб кўча кезардим, аммо ундай инсон учрамагач, яна қуруқ қўл билан қайтардим.
Уйда эса аёлим ва қизчам мени бирор егулик олиб келармикин, деб интизор бўлиб кутишарди. Аммо, доим акси бўлиб чиқарди. Шу тарзда уч кун ўтди.
Шу уч кун давомида ошқозонга ҳеч нима кирмади. Очлик оғир мусибат экан.
Бундай яшаб бўлмайди, ўйлай, фикрлай бошладим. Бирдан, хаёлимга соғлом одамнинг ақлига сиғмайдиган бир “ечим” келди. Бундай вақтда миям яхши
билан ёмонни фарқига бормайдиган бўлиб қолган эди. Секин аёлимга бу ҳақда сўз оча бошладим: “Агар бу тарзда ўтираверсак, очдан ўлиб кетамиз-ку! Бизку бунга чидармиз, аммо қизимизни қара, у ҳали ёш, бунга сабри етмайди, уни бу кетишда ўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Менда бир фикр бор, агар сен уни чиройли қилиб кийинтирсанг, сочларини силлиқ қилиб тарасанг, мен уни қул бозорига олиб бориб, сотиб келардим. Қарабсанки, қўлимизга пул келади, егулик сотиб оламиз. Қизинг ҳам янги хўжайинникида оч қолмайди. Баҳонада ҳаммамиз тирик қолиб, очлик балосидан ва бизга хавф солиб турган ўлимдан қутиламиз”,- дедим.
Аёлим нафаси бўғзига келиб, табиийки, бунга қаттиқ қаршилик кўрсата бошлади, рад этди, Аллоҳ номи билан мени қўрқитди. Мен эса у рози бўлмагунча у билан тортишиб жанжаллашар, кўндиришга ҳаракат қилар эдим. Ва ниҳоят қизимизни тайёрлади, уни қул бозорига олиб кетдим. Ёнимиздан бир бадавий киши ўтиб қолди. У қизимни кўриб ёқтириб қолди, аммо ёш бўлгани учунми, жуда арзон нарх айтди. Мен эса озгина савдолашгандай бўлиб, охири кумуш тангада 12 риёлга келишдик.
Пулни олишим билан тезда бозорга бордим ва очликдан қутилиш учун бир сават хурмо сотиб олдим. Очликнинг зўрлигидан оёқда зўрға турардим, ҳатто қўлим шу саватни ҳам кўтаргиси келмасди. Пулим бор-ку, деб бозордан бир ҳаммол ёлладим. Сўнг олдинга тушиб уйим томон кета бошладим. Уйга етиб келгач ортимга қарасам, ҳалиги ҳаммол йўқ.
Тушунмадим, қани у? Қаерга ғойиб бўлди? Кўздан йўқолди, бўлиши мумкин эмас, тушунмай қолдим.
Тезда ортимга қайтиб, уни қидира бошладим. Минг афсуски, топа олмадим. Эссиз, эссиз! (Давоми бор)
Дўстларингизга ҳам улашинг.
@Etiqoduz га уланиш: https://telegram.me/joinchat/AAAAAExQUBqU2phXMrYeKA
https://www.youtube.com/channel/UCiC6u8R0m0vLMwr-pKCFG5g
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев