@Savollar_kanal
540-савол
Таҳорат ҳақида
Ассалому алайкум! Мeн шом намозини ўқимоқлик учун таҳорат олдим ва намозимни ўқидим. Намоздан кeйин овқатландим, лeкин ҳало жойга бормадим. Хуфтон пайти киргач ўша таҳоратим билан хуфтонни ўқийвeрсам бўладими ёки таҳоратимни янгилашим кeракми? Агар янгилаш кeрак бўлса ҳало жойга кирмаган бўлсам авратларимни ювмай қолган аъзоларимни ювсам кифоя бўладими? Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин
ЖАВОБ:
- Ва алайкум ассалом! Таомланиш таҳоратни синдирмайди.
عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم صَلَّى الصَّلَوَاتِ يَوْمَ الْفَتْحِ بِوُضُوءٍ وَاحِدٍ وَمَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ فَقَالَ لَهُ عُمَرُ: لَقَدْ صَنَعْتَ الْيَوْمَ شَيْئًا لَمْ تَكُنْ تَصْنَعُهُ قَالَ: عَمْدًا صَنَعْتُهُ يَا عُمَرُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ
Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади, у ўз отасидан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни намозларни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар. Бас, Умар у кишига:
«Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қасддан қилдим, эй Умар», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳи билан яқиндан танишиб олайлик:
Сулаймон ибн Бурайда ибн Ҳусайн Асламий ал-Марвирузий Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида таваллуд топдилар. Жуда ишончли ҳадис тўпловчи машҳур тобеъинлардан бўлганлар. Аввалига Марвирузида, сўнг Марвда қозилик қилганлар.
Ҳадисларни оталари Бурайда, Имрон ибн Ҳусайн, Оиша онамиз, Яҳё ибн Яъмурлардан ривоят қиладилар.
Бу кишидан эса Алқама ибн Марсад, Муҳозиб ибн Дассор, Абдуллоҳ ибн Ато, Қосим ибн Муҳайрама ва бошқалар ривоят қилганлар.
Сулаймон ибн Бурайда ҳижратнинг 150-санасида 90 ёшларида Марвнинг Баслайн номли қишлоғида вафот этдилар.
Бу ҳадиси шарифда Маккаи Мукаррама фат¬ҳига чиққан саҳобалар Аллоҳнинг ёрдами ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Маккага музаффар ҳолда кириб борган кунлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга янги таҳорат қилмасдан, ҳамма намозларни бир таҳорат билан ўқиганлари ва маҳсиларига масҳ тортганлари ҳақида сўз бормоқда.
Бундай одатдан ташқари ишни кўрган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. Яъни, бир таҳорат билан ҳамма намозларни ўқимас эдингиз, бугун бир таҳорат билан ҳамма намозларни ўқидингиз, деди.
Бу ерда «маҳсингизга масҳ тортмас эдингиз, бугун тортдингиз», деган маъно умуман йўқ. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо маҳсиларига масҳ тортар эдилар. Буни келгуси ҳадисларда муфассал ўрганамиз.
Аввалги ҳадисларда ўрганганимиздек, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар намозга янги таҳорат қилиш одатлари бор эди. Ҳазрати Умар ўша одатни кўзда тутиб савол бердилар.
Бу саволга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қасддан қилдим, эй Умар!» деб жавоб бердилар. Яъни, вақт зиқлиги, шароит ноқулайлиги ёки бошқа сабаблардан эмас, таҳорат кетмаса, ҳар намозга янги таҳорат қилиш лозим эмаслигини кишиларга билдириб қўйиш учун қилдим, демоқчилар.
Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиз билан биз – умматларига ишни осонлаштиришга ҳаракат қилишларининг бир кўриниши.
Дарҳақиқат, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни, кўпчилик гувоҳлигида бу ишни қилмаганларида, «қасддан қилдим», деб айтмаганларида, ҳар намозга янги таҳорат қилиш лозим бўлиб қолар эди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Бир таҳорат билан бир неча намоз ўқиш мумкинлиги.
2. Таҳорат кетмагунча, янги таҳорат қилиш вожиб эмаслиги.
3. Маҳсига масҳ тортиш шариат амри эканлиги.
4. Бошлиқ, муқтадо кишилар одатдагидан бош¬қача иш қилсалар, сабабини сўраш жоизлиги.
5. Кишиларга енгиллик тарафини олиш кераклиги.
6. Баъзи нарсаларни одамлар билиши учун қасддан қилиб, кўрсатиб қўйиш кераклиги.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев