Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилни кўргани борди. Келини эшик олдида ўтирган экан.
–Исмоил қаерда? – деб сўради.
–Овга кетган! – тўнғиллади хотин.
–Қачон келади?
–Мунча тагини суриштирмасанг, сенинг ишинг нима?
– Бўлмаса эринг келса, шундай-шундай одам келди, сенга салом айтди. Яна эшигинг яроқсиз экан, уни алмаштирсин, деб тайинлади деб қўй.
Исмоил овдан қайтганида хотини бўлган воқеани айтиб беради.
– Келган одам отам эди. Сен унинг ҳурматини жойига қўймабсан, – дейди Исмоил. – Эшигингни алмаштир деб сени назарда тутган. Энди сенинг бошинг очиқ.
Бир йил ўтиб, Исмоил обрўли бир хонадоннинг одобли қизига уйланган эди. Иброҳим алайҳиссалом яна ўғлини кўргани келди.
–Исмоил уйдами? – деб сўради.
– Овга кетган эди, ҳадемай келиб қолса керак. Унгача уйга кириб ҳордиғингизни чиқаринг, мен овқатга уннай, – деди келини хушмуомалалик билан.
– Раҳмат, лекин мен туядан тушолмайман. Ичишга бирор нарсанг борми?
Келин айрон олиб чиқди. Иброҳим алайҳиссалом уни ичиб, ҳақига дуо қилди ва деди:
– Исмоил келса, шундай-шундай одам келди, сенга салом айтди ва тағин эшигингни маҳкам тутишингни тайинлади, деб қўй.
Исмоил келгач, хотини бўлиб ўтган воқеани айтиб берди.
– У менинг отам эди, – дебди Исмоил. – Эшикни маҳкам тутгин дегани яхши хотинга учрабди, энди уни эҳтиёт қилсин дегани бўлади.
"Шарқ ҳикоят ва ривоятлари" китобидан https://t.me/joinchat/AAAAAETNGn5yK9B5Td9TtA
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев