Уни касалхонага оғир ахволда олиб келишди.
Кучли зарбалардан ички аъзолари ҳам ёрилиб кетган эди. Тезкор гуруҳ чақирилмагунга қадар бу ишни ким қилганини шифокорлар била олмади. Боланинг тепасида иззиллаб йиғлаётган она кўксига муштлар, аммо ниманидир яшираётгани кўзларидан маълум эди.
Терговчи бола бечора катта одамнинг тепкиси туфайли шу ахволга тушганини аниқлаганида, у сунъий нафас аппаратига уланган бўлиб жони қил устида эди. Шундагина аёл , эрининг ишлари юришмай, аламини ичкиликдан олаётганини айтиб, кўзида ёш билан илтижо қилди:
- Ичиб келганларида ошхонада эдим. Одилжон йўлакда ўйнаётган экан. Ёш болада, дадасининг қай ахволда келганини билмай музқаймоққа пул сўрабди. .. Кўрганимда шу иш бўлмасди.
Афсус, унинг аҳволи ёмонлашди. Қўлларидан келган чораларни кўриб, етқазилган жароҳатлар ҳаёт билан зид эканидан иложсиз қолган шифокорлар онаизорни унинг олдига киргизишди.
Кома холатида ётган болакай юз- қўллаларини ўпиб йиғлаётган онасининг овозидан ўзига келиб кўзларини очди. Оғзига тиркалган сунъий нафас олиш аппаратини олиб ташлаб гапиришга чоғланди:
- Ойижон мен музқаймоққа эмас, дори учун пул сўраган эдим. Юрагингиз санчаётганини айтган эдингиз. Шунга....
У оғир нафас ола бошлади. Аммо шошиб қолган докторларни тўхтатиб, гапларини айтиб олмоқчи эканини ишора билан тушунтирди.
- Ойижон, йиғламанг! Дадам энди ичмайди.
- Эй, ичмай ўлсин! Сени шу аҳволга солгандан кўра оёқлари синса бўлмасмиди?
-Ойижон қарғаманг! Оёқлари синса, юра олмайдиларку.
У эшикка умидвор термилди. Агар хозир отаси кириб келса, бағрига отилиб, маҳкам қучоқлашга тайёр эди. Икки соат аввал кўзи қонга тўлиб, ваҳшийларча дўппослаган малъунни эмас , бир вақтлар елкасида кўтариб, у билан ўйнаган, дўконга етаклаб чиқиб машиначалар олиб берган меҳрибонини сўнги бор кўргиси келди. Умиди сўнгач, бир чеккада турган терговчини ёнига чақирди.
- Милиса тоға, илтимос, дадамни қамаманг. Улар жуда яхши инсон. Мана кўрасиз, яна аввалгидай яхши дада бўлади. Чунки мен фариштага айланиб, уни ҳар доим дуо қилиб тураман.
Турли жиноятларни кўравериб кўзи пишиб кетган тажрибалили орган ходими ўзини тўхтата олмади. Кўзларидан шашқатор ёш қуйилиб, болага ваъда бергачгина унинг жони узилди...
Аммо , Қонун, ҳар қандай ваъдадан устивор эди. Оиласи ва бошқа болалари борлиги инобатга олиниб, енгилроқ жазо тайинланди. Ота бу гуноҳни кўтара олмай, қамоқдаёқ жонига бир неча марта қасд қилди, ўла олмади. Панжара ортидаги хўжайинлар эса, махкум атайин шу гуноҳ билан яшаш учун уни жазоламадилар....
Мижжаларига қалқиган ёш билан воқеани ҳикоя қилиб берган онаизорга юзландим:
- Эрингиз қамоқдан чиқибди. Энди ичмай қўйдими?
У чуқур хўрсинди. Қўлида беш ёшлардаги ширингина ўғлининг жилмайиб турган суратини кўрсатар экан овози титраб жавоб қайтарди.
-Ха, инсоф берди. Аммо, катталарнинг ақли кириши учун, шундай фаришталарнинг кўпайиши шартмикан? У дадасининг тушига кирганида ҳам фақат дуо қилaди...
Муаззам ИБРОҲИМОВА
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев