Тавба, чарчоғи чиқмабди. Кеча қайнопалари келганди, кўнглини олай деб роса ҳаракат қилди; тандирда сомса, патир ёпди, духовкага пишириқ жойлади, қозонларга суюқ-қуюқ овқатлар солди. Улар келгунча тозалаган уй-жойларини кетишгач бошқатдан йиғиштирди. Опалари хурсанд бўлиб, дуо қилиб, тарқалдилар...Кеча билинмаганди, чарчабди-ми, ўрнидан тургиси келмади.
Қайнонаси эшиги тагида нималарнидир тарақлатиб у ёқдан бу ёққа ўта бошлагач, "Энди турмасам бўлмайди',-деб ўйлади, У ўн беш йиллик келин, аммо кўчани ҳали ҳам ҳаммадан олдин сув сепиб, супуриб олади, кейин ҳовлисини тозалайди сўнг рўзғорнинг битмас-туганмас юмушларига уннаб кетади...
Нонушта қилади-ю ишга отланади. Пешингача тугайди иши, келиб яна тинмайди. Кечки таом, кир-чир...
Меҳнатдан қочмайди, ўрганиб кетган. Қилса ўзи учун, фарзандлари учун қилади. Аммо аёл ҳам инсон. У ҳам ўзини эътироф этишларини истайди. Меҳнатларининг мукофотланишини истайди.
Баъзида қайнонаси синглисининг келинини мақтаб қолади. Меҳрибонлиги, овсинларига ғамхўрлиги, қайнбўйнисини ҳурмат қилишини айтиб чарчамайди. Келин ўксийди, ўзини солиштиради. Қайнонасининг ўзидан кўнгли тўлмайди деб ҳисоблайди.
Ота уйига бормаганига ҳам бир ой бўлди. Шу бугун рухсат олди, сингиллари ҳам келган экан, анча қолиб кетди. Кечикканига қўрқиб уйига келди. Дарвозадан қайнонасининг овози эшитилиб турарди
—Келиним жудаям пазанда, озода, сарамжон-саришта, ҳамма ишни уддалайди, сал кеч қолса, уйларим ҳувиллаб қолгандек бўлади.Тўртта боласи бўлсаям кўрганлар қиз бола деб ўйлайди. Тайёрлаган овқатлари оғзизда эрийди. Худога шукур битта бўлсаям ўнтага татийдиган келиним бор...
—Тўғри айтасиз, келинларимизнинг борига шукур...
Икки аёл суҳбатлашарди-ю ўн беш йиллик келин тасодифан эшитиб қолгани бу суҳбатдан лол, қулоқларига ишонмас эди..
—Ассалому алайкум! — остонадан салом бериб кирди у
—Нимага кеч қолдингиз?Тавба, қайнонасининг бу галги саволи ҳар сафаргидек юрагини ўртаб, тимдалаб ўтмади, шунданми беихтиёр табассум қилиб тураверди...
Феруза Салходжаева.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3