ЕТТИ НАРСА (КЕЛИШИДАН ОЛДИН) ЯХШИ АМАЛЛАРНИ ҚИЛИБ ҚОЛИШГА ШОШИЛИНГЛАР.
----------
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етти нарса (келишидан олдин) яхши амалларни қилиб қолишга шошилинглар. Бунда сизлар қуйидаги нарсаларни кутасизлар, холос:
1. Камбағаллик – ҳамма нарсани унуттириб юборади.
2. Бойлик – туғёнга кетишга сабабчи.
3. Беморлик – барча нарсани фасод қилади.
4. Қарилик – ҳамма нарсани хотирдан чиқариб юборади.
5. Ўлим – тамом қилиб тезлатувчи.
6. Дажжол – кутилаётган ғойиб нарсаларнинг энг ёмони.
7. Қиёмат – ўша қиёмат фалокатларнинг энг оғири ва аччиғидир», - дедилар. (яъни, инсон шу етти ҳодиса юз бермасидан олдин вақт ғаниматида охират учун тайёргарлигини қилиб қўймоғи лозим).
Имом Термизий ривоятлари.
ЎТАЁТГАН ҲАР БИР ВАҚТИМИЗ ҲИСОБ-КИТОБЛИДИР.
Вақтга эътиборли булиш муҳимлиги баён этилар экан, ўртача етмиш беш йиллик умр таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, асосий вақт нималарга сарфланиши яққол намоён бўлади:
1. Ўн беш йил атрофидаги вақт болалик ва ўсмирлик билан ўтади;
2. Қолган олтмиш йилда агар бир суткада саккиз соатдан ухласа, йигирма йил умр уйқу билан ўтади;
3. Агар бир суткада саккиз соат касб-кор билан машғул бўлса, йигирма йил умр ишлашга сарфланган бўлади;
4. Агар бир суткада уч маҳал овқатланса, ҳар овқатланишига ярим соатдан вақт сарфласа, уч йилу тўққиз ой умр овқатланишга кетади;
5. Қолган ўн олти йил умр ибодат, оила ва шу каби ҳамманинг ўзи яхши кўрган машғулотларига сарфланади.
Мазкур ишларнинг барчаси шаръий ният туфайли ибодатга айланиши мумкин. Бу эса, мусулмон киши бутун умрини дақиқа-ю сонияларигача тўлиқ ибодатга айлантириб олиш имкониятига эга деганидир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ўтаётган кунида қанча фарз ва вожиб, суннату мустаҳаб амалларни, ота-она, қариндошлар, қўни-кўшни, юрт-ватан ҳақларини ва ҳоказо шариат талаб қилган амаларни ният билан бажараётганини ҳар доим сарҳисоб қилиб бориши лозим. Зеро, ўтаётган ҳар бир вақт ҳисоб-китоблидир.
“Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев