…Маҳалламиздан узатилган Машҳура исмли қизнинг турмуши ярим йилга бормай бузилиб кетди. Бунинг сабабини сўраганларга шўрлик ота-она нима деб жавоб қайтаришга ҳайрон. Уларнинг ялиниб-ёлворишлари ҳам, маҳалладаги баобрў одамларнинг ўртага тушишлари ҳам — ҳеч нарса ёрдам бермади. Охири келиннинг кўч-кўронини куёвникидан йиғиштириб келишди. Машҳуранинг ўзи ҳам ҳайрон, «Орамиздан ҳеч гап ўтмаганди, турмуш ўртоғим билан жуда аҳил эдик, ота-оналарини ҳам жуда ҳурмат қилардим», деб йиғлармиш, холос. Кейин суриштиришса, қайнона келинини ёқтирмай қолибди. Оиланинг эркакларига «Ё шу келин туради бу уйда, ё мен», деб кескин шарт қўйибди. Куёв бечора «Келинингизнинг айби нима ўзи?» деб сўраб балога қолибди. «Ё хотинни қўясан, ё сени оқ қиламан, бир умр рози бўлмайман», дебди она. Эри ҳам ҳайронмиш. «Ҳеч бўлмаса, нима гап ўтганини мен билиб қолай, ахир қудаларимизга бирор баҳона айтиш керак-ку!» деб сўраса, «Қўли эгри, денг, ёлғончи, денг, хуллас, бирор гап топинг. Агар у қоладиган бўлса, унда мен кетаман», деб қўрқитибди.
Хуллас, оила бузилиб кетди, ширингина турмуш барбод бўлди. Бу машмашаларнинг ҳаммасига қайнота шўрлик ўзи билмаган ҳолда «айбдор» бўлиб қолган экан. Хушрўйгина, доногина, эпчилгина келинни у оталарча меҳр билан яхши кўрган, «сиз-сиз»лаб эркалаган, юмуши кўпайиб кетса, хотинини турғизган. «Ахир, бировнинг боласи, янги келин, жуда зулм қилиб юбормайлик, сен ҳам мундай қарашвор», деб ёнини олган. Оила даврасида «Келиним саранжом-саришта, имога дик этиб югуради», деб мақтаган. Буларнинг ҳаммаси тошни тешган томчи каби аста-секин қайнонанинг асабини эговлай бошлаган.
Кейинчалик ҳасад ўти, қандайдир рашк балоси чирмай бошлаган. Бу оғриқлар чидаб бўлмас ҳолатга етиши билан ҳеч бир гуноҳсиз ёшгина келин унинг ёвуз душманига айланган. Ҳар жиҳатдан ҳимоясиз, содда келинчак шундай қилиб ана шу балонинг қурбони бўлган.
Ҳаётда бот-бот учраб турадиган бундай воқеалардан қайноталар ҳам, қайноналар ҳам, келин-куёвлар ҳам бараварига тўғри хулоса чиқариб олишлари керак, назаримда. Акс ҳолда, айбсиз айбдорлар кўпайиб, оилалар пароканда булиб колди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев