Худо урибди-ю, болам бизни! Шунақа ҳам ғафлат босадими одамни! – Каромат аянинг овозидаги даҳшат Низомни ҳам ўрнидан турғизиб юборди.
– Нима гап, буви? – Низом кўйлагини ҳам киймай ҳовлига югурди. Каромат ая қорайиб, сал шабададан ғирчиллаб овоз чиқарадиган бўлиб қолган эски сўрининг оёғини икки қўллаб қучоқлаб, «дод» соларди.
– Бувижон, турсангиз-чи, нима бўлди?
Каромат ая ярим ўгрилиб, қўли билан ерни кўрсатди. Қаради-ю, Низом ҳам қотиб қолди. Кечагина кўм-кўк бўлиб ўсиб турган, бувиси гулларини санаб суюнган помидор кўчатлари худди бошсиз чавондозга ўхшаб мунғайиб турарди. Низом югуриб ерга тушди. Битта, иккита эмас… ҳамма гуллари атайлаб юлингандек жўяклар аро сочилиб ётарди.
– Буни ким қилди? Нима бўлди ўзи?
Каромат ая қўли билан товуқ катакни кўрсатди.
– Хўрозларми? Касофат Рисолнинг хўрозларими? Сўяман ҳаммасини, кўчага чиқариб, итларга бераман! – Низом телбалардек товуқ катакка қараб югурди.
– Қўй, болам, қўй, жаҳлингни бос! Ўлганнинг устига тепган қилма! Улар ҳам бировнинг омонати! «Бировники, бировники!» Қачон қутилишада бу тавқи лаънатдан?! Ахир, ҳамманинг ўз нарсаси бор, нега Низом билан бувисининг ҳамма нарсаси бировники?! Ахир, тунда чала ёпилган катак эшигини очиб, гуллари очкўз маҳлуққа ем бўлган помидор кўчати ҳам бировники эди. Бувиси унинг ҳосили устидан эгасидан қарз кўтариб қўйган.
– Худо хоҳласа, помидорларимиз бехато бўлиб берса, кузга бориб қарзимиздан қутилиб, тўй ҳаракатларини ҳам бошлаб юборамиз, – деган эди бувиси. Мана… энди… Бувисига неча марта айтди:
– Рисол товуқларини олиб кетса бўлмайдими? Тухумигача эга чиқади. Ҳовлини саситгани қолади, – деб.
Бувиси:
– Қайнанасидан яширинча боқтириб қўйибди, болам. Бир кунимга ярар, деб. Қўявер, вақти-бевақт бир-иккита тухумини еб турибмиз-ку, – деб ҳар гал товуқларни қолдиришга кўндирарди. Мана, энди еганларини ўн баравар қилиб қустирадиган иш қилди бу лаънати товуқлар! Низом ичида сўкиниб-сўкиниб, бувисининг қўлтиғидан кўтарди.
– Туринг, буви, энди фойдаси йўқ, уйга киринг. Нимчангизни кийинг, салга шамоллайсиз-ку…
Буви судралиб ўрнидан турди.
– Энди нима қиламиз, болам? Низомнинг дилида ҳам бу савол аллақачон уйғонган эди. Жони жисмини сирқиратиб турарди. Дарҳақиқат, энди нима қилишади?! Буви, невара ҳаётларимизни ўнглайлик, деб нима иш бошлашса, бир ишкали чиқади. Эрта-индин бу кўчатларнинг эгаси келади. Келишилган ҳосилни сўрайди. Ишни унгача олиб бормай, узрини айтиб, пулни қайтариш керак.
Низом чой дамлаб бувисига ичирди.
– Буви, сиз хижолат бўлманг. Бир нарса қилармиз… Низом бувисини ишонтириш учун имкон қадар қатъийроқ овозда гапирарди. Аммо ичида: «Нима қиламан?» деб ўйларди.
– Рисолнинг товуқларини сотишни ўйлама, болам. У шўрликнинг ҳам ўғли суннатга яраяпти. Ниманидир режалаштираётгандир… Бизнинг аҳволимиз бу бўлса…
– Ҳе, товуқлари билан! – Низом хунук сўкинди.
* * *
– Мана, буви, олинг-да, тезроқ ўша помидор эгасига бериб қутилинг! Бошқа бунақа таваккал қилманг! Умуман мана шу ерингиз устидан қарз кўтарманг!
Каромат ая бир олдига қўйилган пулларга, бир пешанасида тер ялтираб турган неварасига қаради. «Қаердан олдинг?» Аммо саволи ичида қолди. Бўғзидан чиқмади. Низомнинг бундай саволга тоқати йўқ эканлиги юз-кўзларидан кўриниб турарди. У ўрнидан туриб, тиззасига шапатилади:
– Буви, эшитдингиз-а, тезда пулни олиб бориб беринг, ҳозироқ!
Каромат ая ўрнидан турди… Борди. Деҳқончиликка умид боғлаган одамдан анча қаттиқ-қуруқ гаплар эшитди. Узр-маъзурлар, таваллолардан сўнг уйига қайтар экан, кўксидаги юк заррача енгиллашмаётганини ҳис этарди. «Қутилдим, бу бир фалокат, ўтиб кетди, энди етти ўлчаб, бир кесиб иш қиламан», деса ҳам кўксидаги оғриқ шундайича турарди. Аслида бу оғриқ бугун тонгда эмас, анча илгарироқ бошланган эди. Каромат ая турмушларини ўнглаш учун ўзини ўтга-чўққа урар, эл қатори яшашни орзу қиларди. Бу ер машмашаси чиқмасидан аввал маҳалладаги аёлларга қўшилиб ҳафтада бир бор Қўқонга қатнай бошлади. Аёллар ўзларига доимий хизмат қиладиган «Дамас»га чиқишиб, ярим тунда Қўқон бозорга жўнашар, улгуржи бозордан ул, бул харид қилиб, ғира-ширада қишлоққа қайтишарди. Каромат ая ҳам Низомнинг кузда у фермерда ўн, бу фермерда ўн беш кун ишлаб топган беш-ўн сўмга пайпоқ, калиш, хуллас, қишлоқда сотиладиган буюмларни харид қилиб келарди. Иши юришаётганидан кўнгли кўтарилиб юрган кунлар эди. Ўзича қизидан ёдгор болаларига у қиламан, бу қиламан, деб режалаштираётган эди. Катта КамАЗ машинасида сочиқ сотилаётган экан, бир жуфтдан. «Қиз узатадиганлар олади», дея бир жуфтига пул берди. Олганидаёқ пакет қўлига салмоқлироқ тегди. Аммо «Дамас»га келгунча югуриб келди. Орқага ўтириб, секин пакетга қўл суқди. Иккита эмас, тўртта сочиқ… Қайта-қайта қўл юборди. «Олиб бориб бериш керак, улар ҳам ўзимга ўхшаб, тирикчилик кўйида юрган одамлар…» деди бир хаёли. Бошқа бир овоз эса: «Нима, ўзлари хато қилишди-ку, мен сўраб олдимми ё ўғирладимми?» деб уни изига қайтарди. Хуллас, иккинчи овоз устун келди-да, бир жуфт сочиқни олиб уйга қайтди. Олиб келган нарсаларини сотди, тузуккина фойда қилди. Низомнинг феъл-атворини билгани учун пулларини бир жойга қўймас, у ёқдан бу ёққа олиб, бекитиб юрарди. Янги калишчалардан бирини Рисолатнинг қизчасига асраб қўйганди. Пулларини шу калишнинг тумшуғига бекитган эди. Бирдан харидор топилиб қолди. Очкўзлик қилиб калишни сотди. Хаёл ўлгур … панд бериб… пул ичида кетибди. Чиққан эди ўзига тўқ қўшниси тан олмади:
– Адашгандирсиз, эсингизда йўқдир, бошқа жойга қўйгандирсиз… – деди. Каромат ая ичидан зил кетди. Низомга ҳам «чурқ» этиб оғиз очолмади. Шу билан Каромат аянинг «тижорат»чилик фаолияти ниҳоясига етган эди…
Каромат ая ҳозир Низом олиб келган пулни бериб қайтар экан, яна ўша воқеани эслади. «Наҳот, иккитагина сочиқ учун қайта-қайта тўлов тўлайверсам?! Наҳот, бугунги кўнгилсизлик ҳам шу икки сочиқнинг тўлови?!» Каромат ая бир алфозда судралиб, уйга кириб, энди ўзини сўрига ташлаган эди, эшик занжири шиқирлади. Юраги ҳаприқди.
– Ки-им?
– Мен, аяжон! … Нодира нима қилиб юрибди? Яна ниманидир ялиниб олиб чиққан бўлса керак…
– Нодирахон, бармоғингиз билан туртиб юборсангиз, очилади, айланай… Каромат аянинг юриб боришга ҳоли йўқ эди. Товуқлар «қо-қо»лади, оч қолишган, шекилли. Шит-шит қадам ташлаб, икки-уч ҳовли наридаги қўшниси Нодира кирди.
– Тинчликми, ая? Безовтароқмисиз?
– Йўғ-ей, сал этим увишиб турибди… Каромат аянинг бўлган воқеани айтгиси келмади.
– Ҳалиги, аяжон, бироз ноқулайроқ… иш билан келдим…
Унинг қўлини бўш кўргандаёқ юраги «шув» этган эди…
– Айтаверинг, Нодирахон, нима гап?
– Ҳалиги… кундузи жияним томдан йиқилиб, марказга шифохонага олиб кетгандик. Уйда Анваржон қолганди. Бола-да, ўйнаб чиқиб кетибди. Дарвозанинг занжирини ҳам солмабди. Шу…
Каромат аянинг юраги тез-тез ура бошлади:
– Хўш? Хўш?
– Низом… неварангизнинг пақир кўтариб ҳовлимизга кирганини уч-тўртта қўшни кўрган экан. Озгина жамғармамиз бор эди. Биласиз, укангиз велосипедда ҳув тоғ қишлоғига қатнаб ишлайди. Қишда қулоқларини совуқ олиб кетай, деди… Улов олмоқчийдик… Шифохонадан жиянимнинг йиртилган жойларини тикдириб қайтиб келсак… Шу пулнинг анчаси йўқ…
Каромат ая қисқа-қисқа нафас олди.
– Биламан, ая… Сизга бу гапни эшитиш, менга айтиш осонмас. Бир кўзда шу етим болани боқяпсиз… Аммо шундан бошқа ҳеч ким кирмабди…
– Нодира қизим, бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон экан-да. Бир пайтлар болалигида икки-уч тухум ўғирлаган бўлса, ўғрига чиқаргани уялмайсизми?
Каромат ая титраб борарди. Нодира бирпас жим қолди:
– Балки, ўзингизнинг арзандангиз олгандир, сўраб кўрдингизми? Ака-укаларингизнинг болалари уйингизни бозор қилиб юришади. Балки, ўшалар…
Нодира Каромат аянинг гапини кесди:
– Уйимизга Низомдан бошқа ҳеч ким кирган эмас. Қолаверса, бир пул сўраб кирганида укангиз унинг кўз ўнгида пул турадиган жойдан олиб берган экан. Мен яхшиликча…
– Э, қўйсангиз-чи! Яхшиликча бировнинг боласини ўғрига чиқармайдилар! Мелиса чақира қолинг, искович ит олиб келсин!
Каромат ая тобора жазавага тушиб борарди. Бу аслида ўзига қарши ўзининг исёни эди.
– Э, аяжон-ей, мен сизни билмайманми, мелиса неварангизни қамаса, «Бойларнинг дастидан дод. Кучи етим неварамга етди», деб маҳаллани бошингизга кўтарасиз. Қўйинг-ей, Сизни тупа-тузук аёл деб кирсам…
Нодира қандай кирган бўлса, шундай чиқиб кетди.
«Ҳа, мен шунақаман! Тақдир мени шунақа қилиб қўйган! Ҳаммага ўхшаб яшайман, дейман-у… яна бир балога гирифтор бўлавераман!»
Каромат ая ўзини ургудай бўларди?! Низом-ей, келиб-келиб шу қўшниларининг пулига қўл чўзибдими? Ахир, бир одам меҳр кўрсатса, бир одам уларни инсон ўрнида кўриб муомала қилса, у ҳам бўлса, шу Нодира эди-ку. Каромат ая билмасмиди? Биларди.
– Ошқовоқ бераркансиз, ая.
– Бир боғ супурги бераркансиз, ая!
Анваржон ўғлидан каттаси Аброржон ўғли шундай деб чиқарди. Қовоққа ҳам, супургига ҳам икки-уч баҳосини қилиб пул берарди. Аслида Нодира – серуруғ, ака-укалариникида ошқовоғу супурги сероб. У атайлаб шу аёлга бўлсин, дейди. Сутни айтмайсизми? Шу покиза аёл, болаларини чинни-чироқдай кийинтириб қўядиган дўхтир Нодира Каромат аянинг тирриқи сигирининг сутини ичармиди? Йўқ, у фақат сут челакка гуручми, унми тўлдириб қайтириш учун сут сўрайди.
Каромат ая оғир «уф»лаб юборди. Низом келиб-келиб ўша аёлнинг кўзига чўп солдими?
Аввал Низомни кутди. Келса, уришмоқни ўйлади. Аммо нима деб уришади? Қўлида ҳунари йўқ невараси шунча пулни ўзи ясамайди-ку! Бу ёқда сотадиганлари бўлса экан, сотиб тўласа!
* * *
Яна тонт ота бошлади. Нодиранинг деразаси чертилди.
– Нодира… қизим?
Ҳалиги йўқолган пулдан умидини узмаган, Анварни ғазабланмасин, деб эрига айтмай турган Нодиранинг юрагида «йилт», этиб умид шамчироғи ёнди, ташқарига чиқди. Каромат ая…
– Аяжон, келинг…
– Нодира қизим, туни билан мижжа қоқмадим. Суякларимгача қақшаб оғриди. Менга ишонмасангиз, Аллоҳнинг китобига ишонарсиз. Низом йигит боши билан роса йиғлади. Ўзимни ўлдираман, деб бошини сўрига урди. Мана, Қуръони карим… Ушлаб, қасам ичаман! Пулингизни биз олмадик!
Нодира даҳшат ичида аянинг қўлидаги мўъжаз яшил китобгача ёпишди.
– Қўйинг, ая. Ишондим. Қуриб кетсин шу пул! Қасам ичманг, Қуръон билан, айниқса…
Каромат ая йиғлаб юборди.
– Ишондингиз-а, қизим, ишондингиз-а...
– Ҳа, узр, бораверинг…
Каромат ая аста юриб узоқлашди. Унинг йиғлаб бораётгани елкаларидан сезиларди. Нодира оёғи жонсизланиб, деворга суяниб тураркан, бир пайтлар отаси иккови орасида ўтган суҳбатни эслади:
– Дадажон, нега баъзи одамларнинг косаси оқармайди. Ўзлари ёмон одамлар эмас, меҳнатниям қилади, аммо бир муаммодан чиқиб, иккинчисига ботаверади. Масалан, Каромат ая…
– Э, қизим-ей, бу дунёда яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам илдизи бўлади. Шу Кароматхоннинг бобосини қасам урган.
– Қасам? Қанақасига?
– Кечаси бўза ичиб, кайфида пахса ошиб, қўшнининг боғига тушган. Сўрида паридай қизи ухлаб ётган бўлган, номусига теккан… Бувиси бўлган ёнида… қўл-оёғини боғлаб, оғзига латта тиққан… У пайтлар дўхтир, онамиз, деган гаплар йўқ… Буви: «Шу Одилбойга ўхшатдим», деган эртаси. У тан олмаган, Қуръон ушлаб қасам ичган… Шу-шу ўзи қолиб, авлодиниям қасам уриб ётади…
– Ахир, буларда нима гуноҳ? Низом бир чиройли бола. Роса раҳмим келади, – деган эди Нодира.
– Э, болам, уларга Худонинг раҳми келсин, банданинг раҳм қилганининг фойдаси йўқ… «Худога шукр, Каромат ая қасам ичмади, бўлмаса яна бир фалокат бўлармиди…» Нодира оҳистагина уйига, болалари ёнига кирди.
Орадан уч кун ўтди…
* * *
– Йиғими? Худойим-ей, яна нима бўлибди?
– Нодирахон, Кароматхонга қийин бўлибди. Ёмон бўлсаям шу невараси ёнида тиргак эди. Шуни уйлантираман, невара кўраман, деб яшарди, шўрлик…
– Нима бўпти, опоқойи, қўшнижон, тушунтириб гапирсангиз-чи…
– Низом бор-ку, ўша ўзини осиб қўйибди…
– Вой, нега?
– Буви, невара орасида жанжал чиққанмиш. Сабабини биров билмайди. «Қуръон ушлатмай, қасам ичирмай мен ўлай», деб йиғлаяпти Каромат…
Нодира турган кўйи туриб қолди. «Демак, Каромат ая Низомга қасам ичдирган. Нодира опаникидан пул олмадим, деб қасам ичган. Шу билан бувисига, бечора бувининг виждон азобида ёнаётган кўнглига тасалли бермоқчи бўлган. Аммо бунинг охирини ўйламаган. Эҳ, одамлар-а, лафздан, ваъдадан, ҳатто, қасамдан қўрқмаган бандалар…»
– Нодирахон, рўмол-пўмол ўраб чиқинг, кириб кўнгил сўрайлик, – деди қўшниси.
Нодира ҳолсизгина бош силкитди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев