2-ҚИСМ
Мавжудани туман милициясининг совуқ камерасига олиб боришиб қамаб қўйишди. Тамаки ҳиди уриб кетган хона ва унинг деворларидаги ўйиб ёзилган ёзувлар, бурчаклардаги ўргимчак ислари Мавжудани кўнглини айнитди, камера жуда хира эди, дастлаб кирган одам бу ерда биров борми йўқми кўрмас, кўзлари токи бу хираликка мослашгандагина хонани тўлиқ кўриши мумкин эди. Бу ерда кимдир борга ўхшади, бурчакда тўлачадан келган бир аёл ўтирибди. У Мавжудага кирган заҳотиёқ назар ташлаб уни бу ерларга биринчи бор қадам қўяётганини фахмлаб улгурган эди.
- Ўтир, худди ўликни устида тургандек тик турмай, - деб сўз қотди аёл.
- Ассалому алайкум, йўқ туравераман, - деди Мавжуда секин ва хазин овозда.
- Салом, салом, қачонгача турасан, бу ерда тик турмай ўтир, мени исмим Рисолат, - деб ўзини таништириб ўрнидан турган аёл Мавжудага эскириб кетган газета узатди. - Ма шуни тўшаб ўтир, бу ер вақтинча жой, ётадиган жой йўқ, санкция олишгач, турмага ўтказишади, ҳозирча эса мана шу тахта ўриндиққа ўтира турасан қизгина, - деб ўзи сигарет тутатди.
Мавжуда шаҳарлик қиз бўлсада бу ёшдаги ёши катта аёлни сигарет чекканини авваллари ҳеч ҳам кўрмаган эди.
- Сизни нега бу ерга олиб келишди хола? - деди Мавжуда негадир "нега қамашди" дея олмай.
- Меними, ҳаа, бу ерлар нима бўлибди, қамоқ умуман мени уйим деса ҳам бўлади, ўрганиб кетганман, бу ўтиришим тўртинчиси бўлади, - деб аёл фахрланиб қўйди. - Ўзингчи, нега бу ерга тушдинг, ёшгина келинчак экансан, нима қилаяпсан бу қарғиш теккан жойларда? - деган аёл мириқиб ҳавога тутун чиқарди.
- Мен, мен эримни ўлдириб қўйдим, - деб Мавжуда йиғлаб юборди.
- Воо, зўрсанку, нега ўлдирдинг, қандай ўлдирдинг? - Мавжудага яқинроқ келиб жойлашиб олди аёл.
- Болта билан чопиб ташладим, ухлаб ётган жойида, - деди Мавжуда тутун ҳиди ёқмай оғиз-бурнини кафти билан беркитиб.
Рисолат эса бунга парво ҳам қилмай, сигаретини хумор билан чекар эди.
- Нега, сен аҳмоқми, эрниям ўлдирадими, мазза қилиб яшамайсанми, эҳ ёшлигим қайтса эди ҳозир, эркакни қадри бирам билинад-ей бу ерларда, ҳали сен буни тушунмайсанда қизгина, - деб афсусланиб қўйди Рисолат.
- Менга бундай эрниям, бундай ҳаётниям кераги йўқ, керакмас, ҳар куни ичиб келадиган, калтаклайдиган, зада бўлиб кетдим, охири чидолмадим, хўрлигим келиб ухлаб ётган жойида ўлдирдим, ўзимниям ўлдирмоқчи эдим, ушлаб қолишди, - деди Мавжуда.
- Ҳали сен қилиб қўйган ишингдан пушаймон ҳам эмасмисан, мен сени билмай ўлдириб қўйган ҳозир пушаймонда деб ўтирибман, - деди Рисолат кўзларини беўхшов катта-катта қилиб очиб.
- Йўқ, пушаймон эмасман, ҳеч қачон пушаймон эмасман, - яна йиғлади Мавжуда.
- Эй бўлди қил, йиғлайверма юракни сиқиб, менга қара тағин терговда ё судда бу гапларингни айтма кўп "срок" бериб юборишади, йиғлаб, пушаймонман дегин, ўзингни жабрдийда бечорадек тутгин, "герой"лик қилма, ёш умрингни кўпини бу ерда ўтказишинга тўғри келади агар, - деб тушунтириш берди бу ерларни ҳамма паст-баландини яхши биладиган Рисолат.
Шу пайтда камеранинг ўртасида жойлашган туйнук шарақ этиб очилди-да, "обедь" деган овоз эшитилди. Рисолат семизлигига қарамай сакраб турди-да лапанглаб бориб, туйнукка бош урди.
- Икки киши, икки кишимиз, яхшилаб сол, - деди овқат тарқатаётган йигитга қараб. - Командир акаси, чекиш қолмади, асалим битта-иккита чекишдан қарашинг, "мужик"ларга айтинг "манашка"ларга чекиш керак деб, беришади, Рисолат сўради денг, - деб унинг ёнида турган милиция ходимига гапирди у.
Рисолат икки мис идишда, "обедь" деб аталмиш қайнатилган сўли бўтқасини ва икки бўлак бўхонка нонни олиб, темир столга қўйдида, столнинг бурчагига қистирилган газета парчасига ўралган тузни олиб очиб, овқатга сепиб аралаштирди.
- Ке, кемайсанми, еб ол, шу билан кечгача оч ўтирасан, - деди Рисолат нонни ҳам яна иккига бўлиб.
Мавжуда столга яқин келди, у бироз овқатга термулиб турди-да, "иштаҳам йўқ" деб яна жойига бориб ўтириб олди.
- Ҳе, иштаҳам йўқмиш, ҳали бу овқатларни кўзинга суриб ейсан, бу ер сенга отангни уйимас қўй ёғи қўй гўштига ош дамлаб беришмайди, бори шу буни "баланда" дейишади, емасанг оч қоласан, - деб танаввулни бошлаб юборди Рисолат.
- Қошиқ беришмайдими? - деб столга яна яқин келиб ўтирди Мавжуда.
- Йўқ, бўхонкани четини ажратиб олда шу билан қўшиб еявер, бу ерда қошиқ беришмайди ўзини ўлдиради деб ўйлашади сенга ўхшаган биринчи келганларни, а бизга ўхшаганлар эса буни жабрини тортамиз мана, - деб Рисолат қўли билан бўтқани паққос туширишда давом этди. - Қошиқ ва қолган бошқа нарсаларни ҳей турма ва зонада беришади, энди бу ерда узоғи уч кун ушлашади вақтинчага холос, - деб идишни ва қолган нонни Мавжудани олдига суриб қўйди у.
Мавжуда бўхонка нонни синдирди, бу нон бўхонка нон бўлгани билан кўчадаги нондан ранги ва таъми ҳам анча фарқ қилишини фахмлаган Мавжуда уни бўтқага ботирди ва оғзига солди. Ғалати таъм, бу мазани у тасаввур ҳам қилиб кўрмаган, оғзидаги луқма зўрма-зўраки ўтди унинг жиғилдонидан.
- Тузи жуда кам, ма ол мана бу туздан қўшсанг таъм киради, - деб тузни узатди Рисолат ўзини овқатини еб бўлиб.
Шу пайт бояги туйнук яна очилиб, битта қўл ичкарига кирдида, кафтидаги тўрт дона сигаретни узатди, Рисолат бояги чаққонликдан ҳам серҳаракатлик билан "қўл"дан узатмани олдида, "добро мужики" деб туйнукка қараб бақирди.
Унинг овози каридор бўйлаб тарқалди ва бошқа камераларда ўтирган эркакларга етиб борди. Бу ерда ўзи нари борса саккиз камера бўлиб, шулардан бирига аёллар яна бирига вояга етмаганлар, қолганларига эса эркаклар бор эди.
Мавжуда бўтқадан бир-икки еган бўлди-да, овқатни газета билан ёпиб қўйди, кейин уларга рангсиз чой беришди, "ундан кўра сув берса бўларкан" деб қўйди ичида Мавжуда.
Бугун кечгача Мавжудани ҳеч ким безовта қилмади, мана қоронғу ҳам тушди, камеранинг панжарали кичкинагина деразасидан буни англаш мумкин эди, у ердан ташқари умуман кўринмаса-да, ундан тушаётган хира ёруғлик тушмай қўйдими демак қоронғу бўлганини билиш мумкин эди.
Ҳаммаёқ жим-жит, бу ерда ғалати сокинлик ҳукм сурар эди, негадир ғалати, худди бир тўфон олдидан бўлиб турган жимликка ўхшар эди бу. Бирданига қандайдир бақир-чақирлар эшитила бошланди, кимдир вой дейди кимдир дод дейди, кимларнидир олиб чиқиб ҳам кетишмоқда.
Мавжуда ўрнидан туриб кетди, у нима бўлаётганини тушунмас эди.
- Рисолат опааа, - деди у йиғламсираб. - Нима у, нималар бўлаяпти опа? - деб аёлга яқинлашди у.
Рисолат тахта ўриндиққа жойлашиб ётиб олган экан, "вой белим-ей" деб у туриб ўтирди ва яна сигарет ёқди.
- Эътибор берма, бу ерда шунақа, "мужик"ларга "давления" қилишаяпти, қўшимча ишларини очишади, айбини бўйнига олмаганларни бўйнига қўйишади, камерада "лохмачи"лар тепада эса "опер"лар ишлашади шундай, - деб у эшикка яқин бориб қулоғини тутди у.
- "Лохмачи" ким опа? - деб сўради ҳамон қўрқувда турган Мавжуда.
- Уларми, улар "козёллар", ўзлариям қамалган аммо "мент"ларга ёрдам беришади, шундай кун кўришади, ўзимиздаям бор шундай аёллар, сенам бўйнинга олмасанг чақирашади, - деб хиринглади Рисолат. - Ҳазиллашдим, сен қўрқма, сени "делонг" аниқку, ҳаммаси равшан, менимча сенга "давления" қилишмайди, бизга ўхшаган ўғриларга қилишади, наркоманларга қилишади кўпроқ, тушундингми? - деб қайтиб жойига ўтирди Рисолат.
- Сиз ўғирлик билан қамалгансизми опа? - деб сўради Мавжуда.
- Ҳа, шу ўғирлик деб мана тўртинчи марта яна судланишимга тўғри келаяпти, "зона"даги дугоналаримни соғиндим, шу баҳонада бир кўриб келаман-да, - деб яна хиринглади Рисолат.
Мавжуда аввал эътибор бермаган экан, Рисолатнинг тишлари сарғайган, юзи тунд, дағал, худди эркакларни юзига ўхшар экан, гўё бу аёл қамоқда ўтиравериб эркакка айланиб кетгандек эди, ҳархолда Мавжуда шундай тушунди.
Бу ерда хожатхона ҳам алоҳида экан, эрталаб соат айни олтиларда навбатчи ходимлар навбатма-навбат камераларни шарақа-шурқ қилиб очишдида, ҳамма сақланаётганларни бирма-бир ҳожатга ва юз-қўлни ювишга олиб чиқишди. Бу ерда бир кеча бўлган одам ҳидланиб кетар экан, Мавжуда ўзини ўзи ҳидлаб жирканиб кетди, унга ҳам бу зах босган камеранинг ҳиди ўрнашиб қолган эди, бунда Рисолат тутатган тамакининг ҳам хизмати беқиёс эди. Ундан кейин нонушта деб яна кечагига ўхшаш бўтқа билан нон беришаётган пайтда, навбатчи ходимлардан бири келиб, "Насруллаева Мавжуда чиқинг", деб камера эшигини очди. Мавжуда милиция ходимининг буйруғи билан коридорга чиқди ва яна буйруққа кўра қўлини ортига қилиб, ойнасига "навбатчилик қисми" деб ёзиб қўйилган жойгача юриб борди. У ердан уни фуқаролик кийимидаги бир одам қўлини олдига қилиб кишанладида, билагидан ушлаб, тепа қаватга олиб чиқиб кетди.
Бу одам ўзини жиноят қидирув бўлими ходими капитан Ашрапов деб таништирди. У Мавжудани стулга ўтқаздида, қўлларини ечди.
- Хўш Насруллаева тун яхши ўтдими, энди гаплашсак сиз билан, нега бундай қилдингиз, нима мажбур қилди, хуллас ҳаммаси ҳақида гапириб, ёзиб берасиз, бунинг номи дастлабки тергов-суриштирув дейилади, кейин сизни прокурорга санкцияга олиб борамиз ва прокуратура терговчисига топширамиз, - деди Ашрапов Мавжудани олдига уч-тўртта оқ қоғоз ва ручка қўйиб.
- Мен билмадим, нега бундай бўлди, эрим келди ичган шекилли яна, ҳар хил баҳоналар қилиб ура кетди, доим шу ҳол такрорланар эди, охири чидолмадим, шу ишга қўл уриб қўйдим, - деди Мавжуда. У аслида бу гапларни йиғлаб айтмоқчи эди аммо кўз ёши келмади.
- Бошқа сабаб йўқми, уйга яна бировлар келганмиди, ё эрингиз ёлғиз келдими? - сўради капитан Ашрапов.
- Ўзи келди, ҳа ёлғиз ўзи, уни уйга одам олиб келадиган одати йўқ эди, бу эр-хотин ўртасидаги жанжал, шундай якун топди, - деб ёлғон гапирди Мавжуда.
- Баданингизда кўкарган, шилинган жойлар борми, буни ҳали экспертиза ҳам қиламиз, - деди Ашрапов.
- Ҳа бор, эрим қилди буни, баданимда соғ жой қолмаган, кўкариб шилиниб кетган, - энди йиғлади Мавжуда.
- Тушунарли, йиғламанг, ҳали ўтириб олиб йиғлашга вақтингиз кўп бўлади, бу ерда саволларга жавоб беринг, шу қоғозларга ҳаммасини ёзиб беринг, - деб ўрнидан турган Ашрапов шу ерда турган чойнакдан чой қуйиб ичди.
Мавжуда ўзининг ор-номусини ўйлаб бу ерда ёлғон ишлатди, у қиморбозлар ҳақида умуман оғиз очмади, "эрим урди, ундан олдин тўшакда бирга бўлдик, кейин яна урди ва ухлаб қолди, тўйиб кетганимдан уни шундай ўлдирдим" деб ёзиб берди.
Ашрапов уни прокурор ҳузурига олиб борди ва прокурор Мавжудани икки ой ҳибсда сақлаш ҳақида санкция бергач, прокуратура терговчиси жиноят кодексининг одам ўлдириш моддаси билан жиноий иш қўзғатди ҳамда биринчи навбатда Мавжудани руҳий ҳолатини текшириш учун уни руҳий касалликлар шифохонасига экспертизага жўнатди, уч кунда у ердан Мавжудани "мутлоқо соғлом" деб хулоса беришгач, терговчи терговни олиб борди, воқеа жойига чиқилди, айбланувчи сифатида Мавжуда жиноят қандай содир этганини кўрсатиб берди.
Икки ой ичида терговчи тергов ишини якунлаб, жиноий ишни жиноят ишлари бўйича судга оширди, суд Мавжудани қотилликда айбдор деб топди, унинг ҳаракати ҳимояланиши мумкин бўлмаган одамни ожизлигидан фойдаланиб, ўта шавқатсизлик билан одам ўлдириш деб малакаланди ва суд Мавжудани ўн олти йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Суд ҳукми 1988 йил 23 ноябрда ўқилди.
Давоми бор...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев