______________
➖Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Бир хотин икки қизи билан менинг олдимга тиланиб кирди. Мен битта хурмодан бошқа ҳеч нарса топмадим. Хурмони аёлга берган эдим, уни олиб, иккига бўлди-да, икки қизига берди, ўзи ундан тотиб ҳам қўймади. Сўнгра туриб чиқиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужрамга кирганларида бўлган воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга қиз фарзандлар берилган бўлса, у уларни чиройли тарбия қилса, улар унга жаҳаннамдан парда бўлишади», дедилар.
➖Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким икки қизни вояга етгунча яхшилаб тарбияласа, қиёмат куни мен билан бирга туради», деб бармоқларини бир-бирига бирлаштирдилар.
Шарҳ
Қиз бола заифа бўлиб, ўзи мустақил ҳаётини қуриб кетишга қодир бўлмай, доим уни паноҳига оладиган кишига муҳтож бўлади. Қизларни паст санаб, камситиш жоҳилият аломатларидан бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиз болаларни чиройли тарбиялашга ва яхши муомала қилишга тарғиб қилдилар ва бунинг учун катта мукофотларни ваъда қилдилар.
фойда
Қарамоғидаги қизларни Ислом асосида гўзал тарбия қилиш кишининг жаннатга киришига сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларга яхши муомалада бўлишга тарғиб қилдилар.
____________________________________________________________________________________________________
. Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-Расулуллоҳ...
➖Ушбу калима билан исломга кириб, шариатга мувофиқ ҳаёт кечирган ва бу дунёдан кетар чоғида ҳам ҳаёти мана шу калима – Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-Расулуллоҳ – билан хотима топган шахс энг бахтли кишидир. Аммо ҳаёти ушбу муборак калима билан якун топмай, балки, бу калиманинг зидди бўлган ҳар-хил калималар билан тугалланган шахс эса, энг бахтсиз кимсадир. У то рўзи қиёмат ётадиган жойи – қабрдаги зулматларни ёритувчи нурафшон чироқ – “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-Расулуллоҳ” калимасидан маҳрумдир.
“Унинг олдига “Мункар ва Накир”, деб номланган икки фаришта келиб, ундан: “Раббинг ким”? — деб, сўрайдилар. Унинг эса, тили калимага келмай: “Ҳооҳ, ҳооҳ билмайман”— дейишдан нарига ўта олмайди. Улар: “Дининг нима?”—дейишади унга. У: “Ҳооҳ, ҳооҳ билмайман”— дейди. Улар: “Сизларнинг ораларингизга пайғамбар қилиб юборилган киши ҳақида нима дейсан?”— дейдилар. У, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини билолмайди. Унга, у зотнинг исмлари Муҳаммад — деб айтиб ҳам берилади. У эса: “Ҳооҳ, ҳооҳ билмадим, одамлар шундай дейишганини эшитгандим”— дейди. Пайғамбар саллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Билмадинг, ўқимадинг!”— дейилади унга. Шунда осмон тарафидан бир нидо қилгувчи шундай нидо қилади: “У, (Аллоҳни, динини ва Расулини) инкор қилди, унга оловдан жой тўшанглар ва (қабридан) унинг учун дўзах томонга бир дарча очинглар; унга дўзахнинг иссиғи, гармселларидан келиб туради” ва қабрини торайтирилади, натижада қовурғалари бир-бирига киришиб кетади...” (Абу Довуд ривоят қилган узун ҳадиснинг бир бўлаги)
➖Мана шу савол-жавобдан кейин у ўзининг дўзахдан олажак жойидан ўзга ҳеч нарсани кўрмайди, ҳасрат-надоматлар билан дод-фарёдлар қилади. Унинг фарёдларини инс ва жинлардан бошқа барча жондорлар эшитадилар.
➖Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимнинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга дохил бўлгай” (Имом Ҳоким ривояти)
➖Умрининг охирги лаҳзаларида ушбу муборак калимани нутқ этиш эса, ҳаёти давомида мана шу калима билан яшаган, унинг талабларига биноан амал қилган, бировни яхши кўрса мана шу калима учун яхши кўрган, ёмон кўрса ҳам ўша учун ёмон кўрган – бир сўз билан айтганда мўъмин-мусулмон бўлиб ҳаёт кечирган кишигагина насиб этади. Аммо бу муборак калимадан юз ўгирган ва бу дунёнинг зеб-зинатларига машғул бўлган ва бу дунёда яшашдан мақсади фақатгина еб-ичиш, ўйин-кулги ва жонининг роҳатидан иборат бўлган кимса эса, ўз ихтиёри билан юз ўгиргани “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини бу дунёдан кетар чоғида асло нутқ қила олмайди.
Ҳа, азизлар! Юқорида айтиб ўтганларимизни яхши тааммул қилиб кўрсангиз, албатта, гўр деб аталмиш жой зулмат қоплаб олган мудҳиш бир ўрин эканлиги ва ўша даҳшатли қоронғи-зулматни тарқатиб юбориб, қабрингизни нурга тулдиргучи нурли чироқ “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-Расулуллоҳ” калимаси эканлигин яхши англаб етгайсиз.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев