Якуний қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Учинчи марта келганида Севара ўрнида йўқ эди. Аббоснинг ичига олов тушди. Яхшиям, дўконини ёпиб келган экан. Қўлига кофе оволди-ю, секин хўплаб, ўша атрофда айланиб юраверди. Ҳар бир ўтаётган сония, ҳар бир ўтаётган дақиқа Аббоснинг умрини емираётгандек ҳолсизланиб бораётганди. Икки соат ўтди ҳамки, Севарадан дарак йўқ. Ниҳоят кун кеч бўлай деганида у югургилаб етиб келди. Аббос бирдан унинг ёнига бора олмади. Бироз узоқроқдан кузатиб турди. Кейин гўёки, ҳеч нарсадан хабари йўқдек унинг ёнига келди.
- Қорбобо? – унга ҳайрон бўлиб қарайди Севара. Кайфияти зўрлиги юзидан яққол сезилиб турарди: – Мазангиз йўқми? Рангингизда ранг йўқ.
- Ҳа, - деди Аббос Севарага диққат билан қараркан. – Сал мазам йўқроқ. Шунга уйга кетамизми, деб келгандим...
- Сиз бораверинг, мен озроқ савдо қилай. Ўзи бугун савдо бўлмади, - деди Севара осилган кийимларига қараркан.
Аббос ўгирилиб турган Севаранинг орқа сочлари нам эканлигини кўрди. Юзлари ҳам пардозсиз, ювилгани учун ўчиб кетганди.
- Эрталаб ярим соат пардоз қилганди, - деди Аббос ичида. – Қани ўша бўёқлар? Ювинган... Ҳа, ювинмаса соч қаёқдан нам бўлади... Демак...
Аббос хиёнат ҳақида ўйлашга ҳам қўрқаётганди. Бўғзига тиқилган аламни зўрға ютаркан Севарага деди:
- Кетдик уйга! Яхшилаб гаплашиб олишимиз керак...
Севара унга қараб гезариб қолди.
🍃
Ойниса холага бугун шифохонадан жавоб берадиган бўлишди. Уни олиб кетгани Малик келди.
- Мунча кеч қолиб кетдинг, болам, - деди хола Маликни кўриши билан.
- Дарсимиз чўзилиб кетди. Кейин сиз яхши кўрадиган хурмодан қидирдим. Уйда ейсиз деб.
- Мен нарсаларимни йиғиб, тайёр бўлиб ўтирибман.
- Кетдик бўлмаса... – Малик онасининг елкасидан қучди.
- Ўғлим... – деди Ойниса хола эшикдан чиқаётиб. – Дўхтир билан гаплашдингми?
- Гаплашдим, ойи.
- Нима деди? Жароҳат олган кўзим кўриб кетар эканми?
- Ҳа, кўриб кетар экан, - деди Малик ичидан зил кетса-да, сездирмасликка уриниб. – Сиз хавотир олманг.
Шифокор Ойниса холанинг ғишт теккан кўзини аввал бошданоқ кўрмайди, деганди. Аммо буни Малик онасига айта олармиди? Онасининг яна умид билан сўраётганидан юраги эзилди. Опасига бўлган нафрати янада алангаланди.
🍃
Аббос то уйларига етиб келгунча миқ этмади. Севаранинг ичи ғимирлаб қолди:
“Наҳот, Аббос хиёнатини сезди? Йўўўқ, сезмаган. Сезса, ўша пайтнинг ўзида бир нима қилиб қўйган бўларди...”
Севара ўзини хотиржам қилишга уринди. Барибир юрагидаги ғашлик тарқамади. У ўзини овутиш учун телефонига қаради. Боя “учрашув”да олган видеосини Ҳилолага юборди-ю, телефонидан ўчириб ташлади. Ҳарқалай, тозалаб қўйгани маъқул. Кейин телеграмга кириб, турли каналларга кириб-чиқа бошлади. Бехос шундай ёзувга кўзи тушди:
“Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган:
“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).
Оятда “зино қилманглар” дейилмаган, балки “зинога яқинлашманглар” дейилмоқда. Бу дегани, “зино қилманглар”, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин, мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим...”
Севаранинг давомини ўқишга тоқати етмади. Шартта ўша каналдан чиқиб кетди.
Аббос эса бу ёғига нима қилиш ҳақида ўйлаб борарди. Демак, шу пайтгача ҳам Севаранинг жазмани бўлган. Аббоснинг хаёлига ўшанда уйда қолган камар, Рита хола ҳақидаги ёлғон келди. Аввалдан уни алдаб юрган. Демак, у Севара ва жазманининг учрашувига ҳалал беряпти. Агар у уйда бўлмаса, ўша одам келиши мумкин. Шу йўл билангина уларни қўлга тушира олади. Аббос ўзича нималарнидир режа қилди, нималарнидир ўйлади.
- Гаплашиб оламиз дегандингиз? – деди Севара уйга келгач, безларча.
- Ҳалиги... – деди Аббос гап топа олмай. Хиёнат ҳақида гаплашса, Севарани чўчитиб қўйиши мумкинлигини, режаси амалга ошмай қолишини ўйлаб, гапни бурди: - Мен икки кундан кейин товарга кетаман. Икки кеча уйда бўлмайман. Шунга... отангларникига бориб турасанми?
- Отамларникига? – Севаранинг авзойи бузилди. Кейин бепарвогина деди: – Бирор нима қиларман...
Аббос эса диванга ётганча, яна режаси ҳақида бош қотира бошлади.
🍃
- Худога шукр, анча ўзингга келиб қолдинг... – Матлубага ҳавас билан қаради Нигора. – Мижозларинг меникидан ҳам кўп. Болаларингни иши зўр. Яқинда иккимиз ҳам буви бўламиз. Сендан бахтли одам йўқ аслида.
- Худога шукр. Тўғри айтасан. Менам ўйлаб кўрдим. Ўйлаб қарасам, энг бахтли мен эканман. Ҳамма нарсам бор. Болаларим ҳам бахтли. Инжиқ, мижғов Гулюз ҳам ниятига етиб Америкага кетяпти. Эркинман, минғирлайдиган, жеркийдиган Аббос ҳам йўқ, - кулди Матлуба.
- Ана энди ўзингга келяпсан, - Матлубанинг қўлтиғидан олиб, бошига бошини суяди Нигора. – Лекин менинг сени хафа қиладиган хабарим бор.
Матлуба шарт ўгирилиб Нигорага қаради:
- Тавба-а-а, бахтимни кўролмайсан-а? Дарров бахтимга чанг солишинг керак-а? Ким айтади сени дўст деб?
- Шуни айт, - кулди Нигора. – Ичиқораман шекилли.
- Айт дардингни? Бахтсиз қилсанг, қил! – кулди Матлуба ҳам.
- Шу десанг... Сен мижозларинг билан менинг офисимга сиғмаяпсан. Шунга сенга бошқа жойдан офис оч демоқчиман!
Матлубанинг кўзлари катта-катта бўлиб Нигорага тикилиб қолди.
🍃
Аббоснинг молга кетишини Севара ҳам Зоир ҳам интиқ кутди. Зоир алоҳида тайёргарлик кўрди. Аллақандай видеоларни кўрсатиб, йиғлаб-қақшаган Ҳилолага ҳам парво қилмади. Қиммат маст қилувчи ичкиликлар, ширинлигу егуликлар олди. Севаранинг ёнига тўлиб-тошиб келди.
- Вой намунча, - деди эшикни очган Севара унинг қўлидаги пакетларга қараб.
- Байрам байрамдек бўлсин-да... – Зоир унинг лабларига лаб босиб, остона ҳатлади. – Кетдими, чол?
- Кетди!
- Йўқ бўлиб кетса эди, - кулди Зоир.
- Унақа деманг, у менга ҳали уй олиб бериши керак, - ҳиринглади Севара.
Иккаласи ошхонага ўтиб алоҳида тайёргарлик билан дастурхон безашди. Ўтириб ейишди, бўккунича ичишди. Сўнг бир-бирига суйкалиб, ётоқхона томон йўл олишди...
🍃
Машинасини уйдан сал узоқроққа қўйган Аббос ўтган-кетганга диққат билан тикилиб ўтирганди. У қўлида пакетлар билан подъездга кириб кетаётган Зоирни биттада таниди. Бу ўша Севара билан ҳиринглашиб турган ва аёли уни “долларчи” деб атаган эркак эди. Аббос ичидан тошиб келаётган рашк, ғазаб, аламни зўрға босиб ўтирди.
Токи ётоқхонасининг чироғи ўчгунича қимир этмади. Чироқ ўчганидан кейин ҳам ярим соатча ичи ёниб, юраги қинидан чиққудек уриб ўтирди. Кейин секин машинадан тушиб уйи томон кетди.
Аббос уйга сассиз кириб борганида Зоир ва Севара ярим яланғоч ҳолда ичкилик таъсирида ўликдек қотиб ухлаб ётарди. Аббос уларга бироз қараб турди. Унинг кўз ўнгидан бутун ҳаёти, Матлубанинг йиғлаб ялинганлари, Умиднинг зардалари, қизларининг армонли боқишлари ҳамма-ҳаммаси ўтди. Дод дегиси келди. Наҳот, гулдек оиласини шу фоҳишага алишди?
Аббос алами ва ғазабини боса олмай қолди. Югуриб бориб машинасидан бензин олиб чиқди. Ётоқхонага обдон сепди. Гугурт чақди-ю, ётоқхона эшигини қулфлади.
Эшикнинг “қарс” этиб ёпилганию калитнинг “ширқ” қилиб буралгани ширакайф бўлса-да, Севарани уйғотиб юборди. Кўзларини зўрға очган жувон эшик олди гуриллаб ёнатганини кўрди, аммо уйқу зўрлик қилди. Хуши ёки туши эканлигини фарқлай олмади. Ухлашда давом этди. Қанча ухлади, билмайди, бир маҳал оёғи куйганидан, латта ёнганининг қўлангса ҳиди ва тутундан бўғилиб уйғонди. Олов ётоқ каравотини ҳам қамраб олган, аммо Зоир ҳамон уйқуда.
- Олов, олов, - жон ҳолатда бақирди Севара. – Ёнғин!
Шундан сўнг Зоир ҳам сакраб ўрнидан турди. Бир зум ўзини йўқотиб, нима қиларини билмади.
- Ёнаяпмиз, ёнаяпмиз... – саросимага тушиб қолган Севара ўзини эшикка урмоқчи бўлди.
- Эрингиз ёққан бизни! – ғазаб билан деди Зоир.
Олов шу қадар кучли эдики, эшик томонга ўтишнинг асло имкони йўқ. Зоир жон ҳолатда деразага ўзини урди. Деразадан кирган ҳаво оловга янада куч берди. Гуриллаб ёна бошлади. Оловнинг қайноқ тили бутун хонани ямлай бошлади. Бундан ваҳимага тушган Зоир ўзини деразадан отди. Севара девонадек бориб, эшикни очмоқчи бўлганди, қизиб турган эшик тутқичи унинг кафтларини елимдек ўзига ёпиштирди, жувон олов домида қолди. Жон ҳолатда қўлларини тортиб, олов қоплаган хонада зир югура бошлади.
🍃
Матлуба болалари билан нонушта қиларкан, ўғли Умиднинг ўзига тез-тез қараб олаётганини сезди.
- Ҳа, болам, менда гапинг борми? – деди у охири.
- Ойи, ёмон сезгирсиз-а? – кулди Умид.
- Ойим ҳозир шаҳардаги энг кучли психолог, - деди Гулранг мақтаниб.
- Мен шу кучли психологнинг ўзига офис очиб бермоқчиман, - деди Умид онасига ғурур билан қараркан.
Матлуба ўғлига маънои қаради. Сўнг киноя билан деди:
- Менинг ўғлим қачондан буён Нигора холаси билан тил бириктиряпти?
- А-а-анчадан буён! – кулди Умид ҳам.
- Ҳозирча шошма. Икки кундан кейин Гулюз Америкага учади, бу пул дегани! Бир ойдан кейин катта опанг чақалоқ қилади, буям – пул. Ундан кейин энг кичкина опангнинг фотиҳасини қилишимиз мумкин. Бу жуда катта пул дегани ўғлим!
- Ойи, сиз уларни ўйламанг! Сизнинг офисингизнинг ҳаражатларини ўзингиз топаётган пул тўла қоплай олади. Чунки, ёнингизга камида учта психолог оласиз.
- Нима? Сен менга бутун бошли марказ очиб бермоқчимисан? – қўрқиб кетди Матлуба.
- Ҳа, ойи. Нигора холам айтдики, сизни сўраб келаётганлар бутун бошли марказга ҳам сиғмасмуш! – тушунтира кетди Умид. - Ҳозир сизга навбатга ёзилганлар уч ой кутишига тўғри келармуш. Айниқса, операция бўлиб соғайганингиздан кейин сиздан мотивация олишни истовчилар кескин ошибди! Шунга... офис қидиришни бошлайми, демоқчи эдим!
Матлуба кўзлари ёшга тўлиб йиғлаб юборади.
- Наҳот, менинг ўзимнинг марказим бўлади...
🍃
Севаранинг жизғанак бўлиб кетган жасади ўликхонада бир ҳафта қолиб кетди. Уни на ота-онаси, на Аббос олиб кўмишни истамади. Ҳар икки томон ҳам “Ундан кечганман” деди.
Охири ўликхонадагилар билганларича амаллаб ўзларига тегишли қабристонга кўмишди.
Бўлиб ўтган воқеалар таъсирида девонадек бўлиб машинасида яшаб юрган Аббос охири тақдирга тан берди. Ўзи ички ишлар бўлимига бориб, айбига иқрор бўлди.
Ўша машъум тунда тепа қаватдан сакраган Зоирнинг бели, оёқлари синиб кетгани боис узоқ вақт шифохонада даволанди. Аммо соғайиб кетмади. Ногиронлар аравачасига ўтириб қолди.
- Дуоларим Худога етиб борди! Нолаларимни эшитди, Худо! – ҳар куни бир жавраб олади Ҳилола унга қараб.
Зоир эса ҳеч нарса дея олмайди. Бошини эгганича жим ўтиради.
🍃
- Ойи, ойи, опачамлар чақалоққа Фотима деб исм қўйишибди. Энди бизнинг Америкада Фотимамиз бор, - деди Гулранг онасига қараб.
- Эшитдим Гулранг, - деди Матлуба шошиб уйдан чиқиб кетаркан. – Америкадагиларни қўй. Ўзингни ўйла. Ҳадемай тўйинг, лекин сен ҳали оқ куйлагингни танламадинг.
- Опам бирга бораман танлаймиз, деди-ку.
- Гулҳаёми? Унинг чақалоғига ким қараркан? – ҳайрон бўлди Матлуба.
- Чақалоқни ҳам оволамиз. Катта бўлиб қолди-ку. Поччам “Сизлар кўйлак танлаётганларингда мен ўзи боламни кўтариб тураман”, дебди, - деди тўлқинланиб Гулранг.
- Қандай аҳил-иноқ оиламиз-а, кўз тегмасин. Вақт деган қимматбаҳо неъмат етишмайдиган бахтли оила. Менам тўйингга кўйлак олишим керак, аммо ишга бормасам бўлмайди. Бўпти...
Матлуба шундай деб чиқиб кетди. Гулранг эса ўтириб Маликка смс ёзди:
“Оқ кўйлак танлашга, опам, поччам ва жиянчам билан бораман...”
Кейин жилмайди.
Севаранинг ўлими ва икки оиланинг бир-бирини яқиндан танимаслиги Малик ва Гулрангнинг муҳаббати йўлидаги тўсиқларни парчалаб ташлаганди...
ТАМОМ
Эътиборингиз ва қимматли вақтингизни ажратганингиз учун ташаккур!
#usanboyeva
Азизларим, қадрликларим, мана "Кундошлар" асарини ҳам якунлаб олдик. Баъзан куйдингиз, баъзан кулдингиз, гоҳида асабийлашдингиз. Матлуба, Аббос ва Севара билан бирга яшадингиз.
Асардаги камчликлар, сизни куттирганларим ва бошқа ноқулайликлар учун узр сўрайман.
Биласиз, асар прототиплари ҳаётда бор, биз билан бир замонда яшамоқда.
Матлуба узоқ оғриқли ва синовли кунларни ортда қолдириб, ниҳоят хотиржам яшамоқда.
У ҳозир ўзини анча тутиб олган, севимли иши, офиси ва қўл остида ишчилари бор. Шукрки, ҳозир ҳавас қилгулик ҳаёт кечирмоқда.
Биз эса сиз билан энди Гули ва Али ҳаётига шўнғиймиз. Янги асар ўқишга тайёрмисиз?
Чексиз меҳри ила Наргиза Усанбоева
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 20