Ифор
1-қисм
Ифор ҳикояси
Қиш кунлари бир тутам. "Қиш—мўминнинг баҳори", —дейдилар бувим. Бу гапни ҳар йили такрорласалар ҳам мен унчалик тушунмасдим. Бу йил сўрадим..
" Қиш кунлари намозлар ораси яқин, тунлари ибодат учун узун, рўзғор ғами учун югуриб юрадиган, аммо ибодатини унутмайдиган мўмин одамлар учун қулай фурсат, Ифорхон! " дейдилар синиқ жилмайиб.
Қош қорая бошлади, мен бўлса ҳалиям қозонга овқат солганим йўқ. Уй ҳам музлаб кетди. Ўрнимдан туриб, печканинг устидаги ҳалқаларидан бирини кўтардим. Хайрият, озгина чўғ бор экан. Кўмир солсам, олишиб кетади. Ташқарига чиқсам, қор гупиллаб ёғяпди. Бирам чиройли-ки! Уйдан кўмирхонагача юз қадам. Ўзим санаганман. Кўмир челакни тўлдириб, ортимга қайтдим, қор куралмаган ердан сирғана-сирғана уйга кириб олдим.
Печка устидаги ҳалқаларни оташкурак билан бир четга сурдим-да, челакдаги кўмирни ағдардим. Кейин ташқарига чиқиб, қўлларимни ювиб, човгумни тўлдириб қайтдим. Печка устига қўйдим.
Сўнг бувим ётган уйга кирдим.
—Келдингми, Ифорхон. Қўлларимга сув тайёрла, чой дамла, мана бу плитага ширқовоқни қўйиб, исит, болам. Яхшиям борсан. Аллоҳим меҳрибон, менга сендек қизни дастёр қилиб жўнатган.
Бувим ўтирган куйи қўлларини ювди. Сочиқ тутдим. Обдаста билан тоғорачани четроққа қўйиб, сут, овқат тўкилавериб, четлари сарғайиб кетган токли плита устига, бағрига қўзиқорин тасвири туширилган кастрюлкани жойладим. Боя тушликка ширқовоқ тайёрлагандим. Бувимга илиқроқ қилиб сузиб бердим. Ҳар қошиқни ичгач, дуо қиладилар.
—Қўлинг дард кўрмасин. Бахтинг балағингдан ошиб кетсин.
"Балағ нима дегани экан?" Бувимнинг дуоларида ҳамиша такрорланадиган шу сўзга ҳеч тушунмайман, билганим —бувим менга бахт тилаяпдилар!
Очиғи, бувим қандай касал эканини билмайман. Шуниси аниқки, битта пиёла ҳам, оғирроқ қошиқ ҳам кўтара олмайдилар, аммо жудаям меҳрибон инсонлар. Бу оламдаги ягона меҳрибоним шу—бувижоним.
Онам мени туғибоқ оламдан ўтган эканлар. Исмимни Ёдгора қўймоқчи бўлганларида мана шу меҳрибонгина, ҳокисоргина, касалманд бувим "Йўқ, онасининг исмида қолсин. Ифорхон яхши жувон эди",-дептилар.
Отам яна турмуш қурганлар. Учта укам бор. Ҳозир опам билан (ўгай онамни шундай атайман) уч кунга дам олгани кетишган. Мен Мушарраф ойим билан қолдим. Бувимни шундай атайман.
— Гуланорхон, Ифорни ола кетинг, мен овсинингизникига бориб тураман дегандилар опамнинг афти буришиб кетди. Ўзимнинг ҳам нафасим ичимга тушиб, индамай қолдим.
—Шунча ишни ким қилади. Уйга ҳам битта қоровул керак-ку! Сигир бор, уни ким соғади, озиб-ёзиб бир ёққа бораман десам, ҳамма нарсага аралашасиз-а, ойи!
Мушарраф ойим индамайдилар.
Дадам — ювошгина одам. Назаримда, ойимдан қўрқадилар.
Дадам индамаган сари ойим ҳаддидан ошади.
Хуллас, мана уч кун бўлди, бугун оиламиз яна жам бўлади, улар қайтадилар!
—Ойи, дадам опамдан қўрқадилар-а, сиз ҳам қўрқасиз. Нега? —сўрайман бувимнинг оппоққина, рангпар юзига термулиб.
Бувим оппоққина, сийрак қошлари энлик, қиррабурун, бодомқовоқ, аёл. Юзида ажинлари сезилмайди, аммо ёши катталиги билинади. Бошига доим рўмол ташлаб ўтирадилар. Томоқлари очиқ, баъзида рўмолини катта қулоқларини орқасига ўтказиб оладилар Гапирганда кўзини юмиб сўзлайдилар. Юмшоқ феъли, майин овозли Мушарраф ойимни жудаям яхши кўраман.
Мактабни битирганимга икки йил бўлди. Дугоналаримнинг айримлари ўқишга кирди, баъзилари турмушга чиқди. Хуллас, уйдан эшикка чиқмайман. Ўртоғим ҳам йўқ
2-қисм
Сигир соғиб, сутни сирли челакка сузиб, устини ёпдим. Эрталаб яна соғаман, шунда қўшиб пишириб оламан.
Дарвоза очилгани, укаларимнинг қий—чуви эшитилди.
—Борақол, опанг келди!
"Шунчалик тез қайтишдими?!"
Юрагим увишиб, ўрнимдан турдим.
***
Рауф ҳикояси
Қор учқунлай бошлади. Совуқ шамол осмондан онда-сонда тушаётган қор заррачалари билан ўйнашмоқчи бўлади. Оппоққина зарралар изғирин эпкинидан қочиб ер бағирлайди-ю, бир лаҳзада эриб кетади. Куз тугаб қиш бошланганини ҳам сезмай қолибман. Ҳадемай умримнинг йигирма тўртинчи йилига қадам қўяман. Ота-онам орзусини амалга ошириш учун бу йил ҳам кеч қолдим. Олийгоҳда ўқиб юрганимда яхши-яхши қизлар бор эди. Онамга айтсам:
—Ўзинг битта ўғил бўлсанг, шу дадангни орзусини амалга ошира қол, бутун бошли Ўзбекистонда шундай қиз топилмайдими? —дедилар.
Бугун курсдошлар йиғиламиз деганди. Машинамда ўтирганча қорни кузатар эканман дадамдан қандай рухсат олишни ўйлаётгандим.
Ҳозир уйга кирсам, қайтиб чиқармайдилар. Ёлғиз фарзандман. Шунданми, ҳар қадамим ҳисобли. Ота-онамнинг мендан бошқа қувончи ҳам, ташвиши ҳам, орзуси ҳам йўқ.
Телефоним чақириши баробар экранда "Падари бузрукворим" деган ёзув кўринди.
—Ассалому алайкум, лаббай, дада?!
— Рауфбой, келдингми, болам. Машинангни олиб кир. Ойинг қулинг ўргилсин мошкичири қилиб кутиб ўтирибди. Қорнинг ҳам очгандир. Кейин ота-бола бир шахмат ўйнаймиз, бугун эртароқ қайтдим.
Кирмасам бўлмайди. Дадамнинг овозида завқ-шавқ, меҳр қоришиқ эди.
Уйимизга кираверишда —каттагина холл, ундан хоналарга кириладиган қатор эшиклар бор. Ўнг томонда ошхона. Остонада онам қарши олдилар. Ҳар доим шу. Овқатларини ташлаб, истиқболимга чиқадилар. Баъзан қўлларида, капгирми, чўмичми бўлади. Ҳозир қошиқ бор эди.
—Келдингми, олтиним?! Қани кира қол. Яхшимисан? Чарчаб қолмадингми? Кийимингни алиштира қол. Мен овқат сузиб тураман. Ўз хонамга кириш асносида дадамни учратаман.
—Рауфбой, баракалла, сени кутиб, кўзим тўрт бўлди. Бугун сен учун ишдан эрта қайтдим. Ота-бола бир ўтирайлик.
Онам ёзган дастурхон ҳар доимгидек байрамона эди. Ўртада устига қиймали пиёздоғ солинган мошкичири. Ликопчаларда турли хил салатлар, турп, ширмой нонлар мевалар, табиий шарбатлар...
—Қўлинг дард кўрмасин, онажониси, —дедилар дадам бир қошиқ луқма еб-емасдан.
—Жудаям ширин бўпти, ойи—дейман мен ҳам.
—Ия онаси, тузланган гармдори қўймапсиз-ку, —дейдилар дадам, нон ушатиб. Онам чаққон туриб музлаткич ёнига кетадилар. Пайтдан фойдаланган дадам овқатга туз сепиб оладилар. Менга эса кулиб, кўз қисиб қўядилар.
Таом охирлай деганда онам секин гап бошлайдилар.
—Дадаси, илтимос, Рауфжонга совчиликка боришимга рухсат беринг.
—Сабр қилинг, Иқболхон, ўша қизни топайлик, албатта борамиз.
—Жа, қизиқсиз-а дадаси, унақа исмли қиз ўз борми, йўқми? Ўзи уялиб ўляпман. Таниш-билишлар қизларини тавсия қилишни бошлади. Мен бўлсам, биринчи исмини сўрайман. Бир-биридан чиройли исмлар. Ҳулқини, ҳуснини, ўқишини, насабини суриштириш ўрнига исмини сўраганимиз қизиқ бўлди-да.
—Ҳа, хонадонимизга келадиган қизнинг исми Ифор бўлиши керак.
Бизнинг Ифоримиз қайтиб келиши керак!
Ота-онам мендан кейин қиз фарзанд кўрганлар. Унга Ифор деб исм берганлар. Аммо тақдир эмас экан, қизалоқ икки ёшга тўлмасдан вафот этади.
Ота-онам бошқа фарзанд кўрмадилар. Синглимни эса сира унута олмайдилар. Ўша пайтлар онам қаттиқ сиқилиб, руҳий тушкунликка тушиб қолади, шунда отам онамни
—Кўрасан, Ифор қайтади. Ўғлимга шу исмли қизни келин қиламиз. У бизга қиз бўлиб келади! —деб овутганларини кўп бор кўрганман.
3-қисм
Дадам беғубор, зиёли одам. Фан номзоди. Ядро физика институтида ишлайдилар. Онамнинг ўз тикувчилик цехи бор. "Ифор" бренди билан аёллар либосларини ишлаб чиқарадилар. Кейинги пайтларда чет элдан ҳам харидорлари кўпайган.
Ўзим олийгоҳни битириб, дастурчи бўлиб ишлаётганимга икки йиллар бўлиб қолди. Касбим ўзимга ёқади. Катта-катта лойиҳалар устида бош қотирамиз.
***
Ифор ҳикояси
Опам саломимга алик олмадилар. Дадам онамдан қўрққанидан дарҳол иш буюрдилар.
—Укаларингга қара, қизим.
—Бу нимаси? Нега уй музлаб ётибди? Кап-катта қиз битта печка ёқиб қўёлмайсанми? Энди кўмир солганмисан, нима бало? Овқат ҳам солинмаган. Бу қиз обдон ўрганди. Кетганимдан бери мук тушиб китоб ўқиган бўлса керак.
Бошланди!!! Бу оҳанг, бу зардалар бола юрагимни жароҳатларга тўлдирган, умримни азобга айлантирган.
—Ҳозир, опа, тез бир нарса пишириб юбораман!
Индамай картошка тозалай бошладим. Бувим чақирдилар.
—Ифорхон!
Қўлимдагиларни ташлаб чопдим.
—Тувагимни тўкиб берасанми, болам. Ширқовоғинг яхши бўлди, барака топ, енгил бўлдим, болам? Ийманиб гапирдилар.
Тувакни тўкиб, тозалаб қайтарканман, опамнинг ҳар доимгидек зардали овози қулоғимни тешиб юборай деди.
—Қаёққа кетди бу? Овқати ўлганда пишадими?
Қўлларимни совунлаб ювдим. Йўл-йўлакай сочиққа артиб, ошхонага чопдим.
Овқатим тез пишди. Укаларим ота-онам билан, ўзим бувимнинг ёнида овқатландим.
—Қўлингни оч, дедилар бувим, —бахтинг бўйингдан баланд бўлсин. Сен бечора на ота, на она меҳрига тўйдинг, илоё энди азиз қиладиган жойга келин бўлгин. Келин қилганлар кафтида кўтариб юрсинлар. "Омин", дейман ичимда.
Идиш-товоқларни ювиб, ошхонани йиғиштириб келгунимча ярим кечаси бўлади.
Бувим инграб ётибдилар.
—Нима бўлди, ойи?
—Қон босимим ошди шекилли, кўк жой дамлаб берасанми? Совқотиб кетяпман.
Бувимнинг қон босимини ўлчаб, қўрқиб кетдим. Дарров дориларини ичириб, кўк чой дамладим. Бироз туриб юзларидаги қизиллик тарқаб, нафас олиши енгиллашган бувим ёстиққа оҳиста ёнбошладилар. Ётган куйи кўзларини юмиб дуо қилдилар.
—Бахтли бўл, қизим, икки дунёда азизу мукаррам бўл. Кейин орзумандлик билан қўшиб қўйдилар
—Қани эди соғ бўлганимда. Сени ўқитардим, шуларга хўрлатиб қўймасдим, болам. Онанг тоза наслдан эди, ота-бувалари буюк эшонлар ўтган. Сен ҳам ўқисанг, яхши олима бўлардинг, болам! Зеҳнинг баланд, меҳринг олам-жаҳон.
Кўзимга ёш қуйилиб кела бошлайди. Кўрпамни бошимга тортаман.
" Яхшиям борсиз, ойи, сиз узоқ яшанг бахтимга! "
—Болам, дориларим тугабди, аптекага бормасанг бўлмайди. Бувим қўлимга шифокор берган рўйхатни тутқазди. Бу дориларни ёддан билсамда бувимни хафа қилгим келмади. Устимга палтомни илиб чиқиб кетаётган эдим Мушарраф ойим тўхтатиб қолди
—Тўхта, бошяланг кўчага чиқма!
Тўғриси, қишки бош кийимим йўқ. Бувим сезгирлада.
—Сандиқни оч!-дедилар. Бувимнинг бисоти кўп эмас. Тўрттагина беқасам кўрпачани тушириб, сандиқни очдим.
—Ҳуув ўша тугунни ол,-дедилар. Тугун ичида оппоқ, тўртта четига узун попилтириқлар қўшиб тикилган чиройли рўмол бор эдим.
—Бу—ғижим рўмол. Тоза ипакдан тўқилган. Бувимдан мерос, қани ўра—чи?
Рўмолни ўраб, жавон сиртига ўрнатилган ойнага яқинлашдим.
Ойнада юзлари нимпушти, бодомқовоқ, қора қош қиз кулиб турарди.
—Вууй ойиии, зўр тураркан. Фақат, одамлар устимдан кулмасмикин?
—Нега кулади. Ҳамманинг ҳаваси келади сенга ҳали! Борақол, шу рўмол сенга омад келтирсин!
"Омин!" дедим ичимда.
4-қисм
Уйқу ўлсин, ғафлат. Ҳеч кўзимни очолмасам. Уй иши, цехдаги югур-югурлар, пишир-куйдир билан ётгунимча соат ўн икки бўлди. Беш соатлик уйқу камлик қиляпди, шекилли. Қани туролсам!
Бу ётишда , намозни қазо қиламан.
Чой дамлаб дастурхон тузаб бўлган эдим ҳам эркаклар чиқиб кела бошлади. Ўғлим бечора кийимини ўзи дазмоллаб олибди. Бирам меҳрибон. Ҳозир ҳам салом бериб, юзимдан ўпиб қўйди. Илойим, яхши жойларга куёв бўлсин.
—Иқболхоним, бугун мени ишга ташлаб қўясиз, машинамни устага ташлаб келганман, —деди хўжайиним нонга сариёғ суртаркан
—Дада, ўзим олиб бориб қўяман, ойимларнинг шундоқ ҳам ишлари кўп. Қаҳва ҳўплаб гапирди Рауф.
—Дадаси, келин олмасак бўлмайди, кучим етмаяпди, қайнатилган тухумнинг пўчоқлари яхши ажрамаганидан асабийроқ гапирдим.
—Бўпти, қиз топ бўлмаса! Тўй бўлса, тўй-да! Энг яхши ресторанда, энг зўр артистларни чақириб тўй қиламиз, ойиси. Охирида иккаламиз рақсга тушамиз! "Қиз бола келур сой бўлиб..."
Хўжайиним завқ билан гапирар, ўғлим кулиб ўтирарди.
—Нега энди мен топарканман, ана ўғлиззи ўзи топсин. Ифор топилмагандан кейин, бошқа қизлар бир хил қиз бўлади, барибир.
Машинага ўтиргач, ҳамма нарсамни бир кўздан кечирдим. Жойида. Телефоним хабарларга тўлиб кетган экан, энг зарурларини очиб кўра бошладим.
"Иқбол Каримходжаевна, кўргазмага миллийлик ва замонавийлик мужассамлашган қишки кийимлар тайёрланг. Муддат бир ҳафта. Чет элликлар келади!"
Юрагим ҳапқира бошлади.
Бу —яхши имконият. Кайфиятим кўтарилиб кетди. Шоҳруҳхоннинг қўшиқларини яхши кўраман. Қандайдир, илҳом бағишлайди. Ҳозир ҳам "Юрак" таронасини қўйиб, машинамни оҳиста ҳайдаб кетдим.
—Юрак, юрак, ўрнида тинч туролмаса керак,
Кўнглим сезар, бунга у дош беролмаса керак...
Ишхонага етиб борганимда ўз-ўзидан миямга турли фикрлар кела бошлади. Чекка қишлоқларни ўрганишим керак!
Вақт оз эди. Хўжайинимга телефон қилиб огоҳлантирдиму машинамни шаҳар ташқарисига бурдим.
Ҳаво бўғилиб тургани учунми, ҳаяжонланганимданми бошимга оғриқ турган, ҳозир бирорта дори ичмасам, кучайиб кетишини ўйлаб, машинамни дорихона ёнида тўхтатдим.
Кейинги пайтларда дорихоналарда одамлар гавжум бўлиб қолди. Касал кўпми, иқлим ёмонлашиб кетдими, асаблар чарчаганми?
Бу дорихонада ҳам эрталабдан одам кўп эди. Кўргазмани ўйлаб, беихтиёр аёлларнинг либосларини кузата бошладим. Аллақандай қўпол, шиширилган курткалар, бизнинг ўлкамиз қишига унчалик мос келмайдиган шубалар, пўстинлар...
Шу пайт эшикдан нозиккина, рангпар бир қиз кириб келди. Эгнига униққанроқ пальто кийган, аммо бошидаги оқ рўмоли уни жудаям очиб турарди. Қизгина рўмолни ўзгача ўраган, рўмол четидаги тўқима безаклар елкалари бўйлаб сочилиб турар, эски кийими ҳам билинмай кетганди. Беихтиёр тикилиб қолдим.
Инсон бир нарсани жудаям хоҳласа, Аллоҳ ўзи йўлини очиб кетаверади. Қизгина рўмолини сотса, яхшигина пулга сотиб олардим " Қадимийлиги билиниб турган шу рўмол айни пайтда менга жудаям зарур эди. Шу билан бирга илҳом париларини етаклаб келаётган эди.
Дорини сотиб олгач, машинамга ўтириб, қизни кузата бошладим. Рухсат берса, суратга олардим, аммо у шошиб, деярли чопиб кетарди. Кейин торгина кўчага кирди-ю, кўздан ғойиб бўлди.
***
Рауф ҳикояси
Тушлик вақти бўлди. Охирги беш дақиқанинг ўтиши, айниқса, қийин кечди. Соатимга қарай-қарай 13:00 га етиб олдик, шерикларим — йигитлар компютерини ўчириб, ўрнидан қўзғалдилар. Худди келишиб олгандек гап сўзсиз ошхонага қараб юра бошладик. Биринчи қаватнинг бурчагидаги хонадан таомларнинг, зираворларнинг аралаш ҳиди димоққа уриларкан, қорним яхшигина очқаганини ҳис қилдим.
Қўлимга патнис олиб салат, шарбат, нон солганча овқат сузиладиган жойга яқинлашиб бордим. Гуруч, маржумак, картошка бўтқаси, котлет солинган ликопчасини олганча ўртоқларимнинг олдига шошилдим.
Ифор
5-қисм
—Шу якшанба Сижжак томондан бир дача гаплашсак, одам сиқилиб кетди, — дея гап бошлади Қодир шарбат ичаркан.
—Рауфдан бошқа ҳамма кўнса керак. Яхшиям хотини йўқ, бўлмаса, биз билан овқатланишга ҳам тушмасди.
Кулиб ўтирар эканман, негадир, шу сафар ўзимнинг ҳам қорли манзилларга, гўзал манзараларга юрагим ошиқаётган эди.
Бу сафар дадамни кўндириб, албатта, бораман, деб. кўнглимдан ўтказдим, аммо сиртимга чиқармадим. Жуда бўлмаса, ойимни ишга соларман.
Димоғимга ёқимли атир-упа иси кела бошлади, бошимни кўтармасимдан қизларнинг шўх кулгуси қулоғимга кирди. Бироздан сўнг шундоқ ёнимиздаги столга дизайн бўлимида ишлаётган қизлар жойлашиб олдилар.
—Ана, шунча қиз, танла Рауф, —Қодир менга ҳазил қиларди-ю, икки кўзи қизларда эди.
—Ё, дунёдан тоқ ўтмоқчимисан?
Индамайман. Негадир, қизларга қарашга ботинмайман, болалигимдан онгимга сингдирилган ақида билан ота-онамнинг танловини кутаман. Овқатимни тез-тез еб ўрнимдан туриб кетарканман, Қодир қизлар томонга гап отаётган бўлади.
Дадам ўртоқларим билан дам олиб келишимга зўрға рози бўлди. Фақат телефонни ўчирмаслик шарти билан.
***
Ифор ҳикояси
Бувим каром дўлма қилиб беришимни сўрадилар. Шундоқ ёнгиналарида ўтириб, каромни қайнатдим, қийма тайёрладим. Токли плита ҳамма ишни бажариб берди.
—Сен ҳали жудаям бахтли бўласан. Мана мени айтди дерсан. Ётсам ҳам, ўтирсам ҳам дуодаман. Қиз қилиб оладиган жойга узатаман сени, болам!
Мушарраф ойим анча яхши бўлиб қолдилар. Кўзларини юмиб болалик хотираларини сўзлаб бера бошладилар, мен эса мароқ билан тинглардим.
—Ифорхон, овқатингни солиб бўлгач, олма қолган бўлса олиб чиқ, қирғичдан ўтказиб бер, болам.
Хўп дейман, қўлимдаги охирги каром баргига қийма ўрар эканман.
Кейин ертўлага тушаман. Тавба, опам ҳам ажойиблар, ертўлани қулфлаб қўйибдилар. ..
—Қўявер, сўрама калитни, ҳозир жанжал бўлади. Яхшиси, мана пулни олиб, Муродларникидан уч кило олма олиб кел, ўзинг ҳам ейсан. Бошингга рўмол ўра, эгнингга иссиқ кий.
Оёғимга бувимнинг калишини илиб, ғижим рўмолимни ўраб, ташқарига чиққанимда атроф оқликка бурканган, бир чиройли ёғарди.
Сирғана-сирғана йўлга тушдим. Мурод аканинг уйи маҳалланинг бошида-катта йўл ёқасида. Бизники кўчанинг охирида. Атрофда одам зоти йўқ. Биз томонлар тоғ қишлоқ, ёзда, қишда кўпчилик уйини дам олувчиларга ижарага беради. Сал наридаги тепаликлар бағри чана учувчиларнинг қийқириғи билан тўлади. Қор яхшигина ёғибди. Эрта-индин шаҳарликлар босади энди. Уларни томоша қилиш жудаям завқли. Узоқдан бахтиёр одамлар қийқириб чана учгани, боласини етаклагани шундоқ кўриниб туради. Шундоқ жойларда туриб чана учмай ўтаётган болалигимни эслайман.
Хаёл суриб олма сотиб олмоқчи бўлган уйимга ҳам яқинлашиб қолдим. Энди эшикни тақиллатаман десам, шундоқ ёнгинамга оппоқ машина келиб тўхтаб, орқа эшигидан бир йигит чиқиб мен томонга кела бошлади.
—Ассалому алайкум, синглим, яхшимисиз?
Индамай туравердим. Очиғи, қўрқаётгандим.
—Шу ерликмисиз?
Маъқуллаб бошимни қимирлатдим ва беихтиёр юзига қарадим.
Аллақандай самимий, беғубор нигоҳлардан юрагим бир қалқиб кетди. Йигит ҳам бир лаҳза довдираб қолгандек бўлди, кейин ўзини қўлга олиб сўради
—Йўлдош аканинг дачаси қаерда, адашиб қолдик, ўзи эса телефонини кўтармаяпди
—Йўлдош амакимларникими? Биздан иккита кейинги маҳалланинг энг тепасидаги уй. Ҳуув ана қаранг, томи яшил...
—Рауф, бўлақол, нима бало тоғлик қиз сеҳрлаб қўйдими? Кейин қийқириқ эшитилди
Йигит қўлини кўксига қўйиб раҳмат айтганда юрагим яна алланечук бўлди, қорда сирғана-сирғана машинага ўтирди ҳамки, Мурод амаким эшигини очди.
—Ҳа, Попук, кел қизим?!
—Бувимга олма керак эди. Овозим титраброқ чиқди.
—Кўп қолиб кетдингми, молларга қараётгандим. Бувинг тузукмилар? Йўл-йўлакай гапириб кетди уй эгаси.
Шунча қилсам ҳам Мурод амаким олманинг пулини олмадилар.
—Мана бу беҳилар ҳам асал бўлиб кетган, ўзинг егин, хўпми?!
Олмаларни қучоқлаб кетарканман, худди ортимдан кимдир кузатаётгандек бўларди.
6-қисм
Рауф ҳикояси
Юрагим бунча безовта? Ҳуркак оҳудек, юзлари нимпушти ҳилқат ким эди. Ҳурми? Фариштами? Нега уни бунча кўргим келяпди?
Йигит бўлиб бундай ҳолга тушмагандим. Юрагимга ёқимли бир нарса қуйилиб келаётгандек, танамда ҳузурбахш роҳат пайдо бўлгандек, шу билан бирга чидаб бўлмас соғинчни ҳис қилаётгандим.
Ҳамроҳларим оиласидан, бола-чақасидан узоқда, эркинлик гаштини сураётган, бир лаҳзада болага айланиб қолгандек, бир-бирини қорга юмалатар, бўлар-бўлмасга қийқириб кулар, табиатдан, ҳаётдан завқ олаётган эдилар.
Қодир қўрга кабобларни терганида ҳам ўша нотаниш гўзални ўйлаб ўтирардим.
"Йўлдош амакимларми.... Ҳув анави томи яшил уй"
Кабоб томоғимдан ўтмади. Ҳеч нарса егим келмас, ҳеч ким билан гаплашгим келмасди.
Ҳамкасбларим ўзи билан Playstation қурилмасини олиб келган, иккита-иккита бўлиб футбол ўйинини бошлаб юборгандилар... Секин юриб, дала ҳовлидан ташқарига чиқиб кетдим. Қор гупиллаб турар, борлиқ оппоқ нурга чўмган, осмондан нур ёғилар, атроф сутга чўмилгандек эди. Қаерлардадир ит ҳурар, кўчаларда одамлар кўринмас, уйлар баланд-паст жойларда қурилган бўлиб, баъзан баланд тепаликлар устида яхмалаклар ялтираб кўриниб қолар, борлиқда сокинлик ҳукмрон эди.
Пастга қараб тушиб борар эканман, онда-сонда машиналар учраб қолар, шаҳар шовқинидан чарчаган вужудимга бир сокинлик кириб борарди.
Юриб-юриб, оқ рўмолли қизни учратган жойимга келиб қолдим.
Мана ўша эски, деярли ҳамма хонадонларда учрайдиган, қўш қаватли, пастқам ҳаворанг дарвоза. Беихтиёр дарвозага суяндим, бир лаҳза кўзларимни юмдим. Қор қизиб турган юзларимга урилар, аммо совута олмасди...
Дала ҳовлига кириб борганимда ҳамма баравар ўшқириб кетди.
—Қаерда юрибсан?
—Нега телефонингни олиб кетмайсан?
—Дадан ўн марта қўнғироқ қилди, ойингнику гапирмасаям бўлади.
Оббо, ота-онам ёдимдан кўтарилибдику. Дарҳол қўнғироқ қилдим.
—Мани унақа қўрқитма, бола, бир почка дори ичдима? Худога шукур, салрмат экансан. Бунақа юришинг яхшимас, қайтишинг билан уйлаб қўямиз!
Онам йиғлаб олди...
—Тез қайт! Иккинчи ўша ёқларга бормайсан!
Онамга айтолмадиу, аммо ич-ичимдан бу ерларга яна қайтиб келишимни билардим!
Тоза ҳавода осмондан тушаётган қор парчаларига қараб ўтирар эканман ичкаридан Қодир чиқиб келди. Қизиқ, у ҳолатимни сезгандек эди. Қўлидаги сигаретини узун тортди-да, тутунини осмонга ўрлатиб гап бошлади:
—Сан бошқача бўб қолдинг, дўстим нима бўлди? Жин тегдими?
—Пари тегди дўстим!
—Парийинг ким? Ҳалиги қизни айтяпсанми? Оқ рўмолдаги?
Оббо сеней! Ҳал қиламиз! Жигарингдан урибди-ку, жигар! Кейин тамакисини охиригача тортиб, оёғи остига ташлади.
Қор ичида бироз милтираб турган чўғ охири сўнди!
—Севиб қопсан, дўстим, деди-ю, ичкарига йўл олди:
—Тўй-лар мубоо-рак, рак-рак!..
Тушдан кейин йўлга тушдик.
Қодирнинг кўнглига бир шумлик кирдими, кечаги қиз билан кўришган жойимизда машинани тўхтатди.
Кейин ўзи чаққон тушиб, ҳаворанг дарвозани тақиллата бошлади.
Тўн кийиб, бошига кулранг қалпоқ қўндирган, баланд бўйли дадам қатори киши чиқиб келди. Қодир билан қўшқўллаб кўришди. Уятданми, недандир қаттиқ ҳаяжонланардим. Қодир гапирар экан, машина ичига ишора қилиб қўйди. Энди юзимни буриб, тамоман букчайиб олдим.
—Ууув, совқотдим, деб машинанинг олдига ўтирди у.
—Хўш,-деди машина қўзғалгач, ичингни қиздирмай айта қолай. Қизнинг исми Попук экан. Ўзи нари борса, ўн тўққиз ёшда, учта укаси бор экан. Ҳеч қаерда ўқимас ҳам, ишламас ҳам экан.
Бу маълумотлар мен учун етарли эди. Демак, турмушга чиқмаган!
Энди ойим билан гаплашаман.
Мен бу қишлоқни севиб қолгандим. Унинг қорда ястаниб ётган пасту баланд тепаликларини, мўйсафид чолдек оқ саллаю тўн кийган арчаларини, узун-қисқа йўлларини—барча-барчасини бирдек қучиб олгим келарди, тез орада яна қайтиб келишимни ҳам юрагим сеза бошлаганди.
Машинамиз баланд тепаликлардаги айланма йўллардан эҳтиёткорлик билан тушиб, текис йўлга етиб борди. Тошкентга яқинлашган сари қор камайиб, ерлар очилиб борарди.
Пойтахт бизни булутлар орасида бағрини қонталаш қилиб уфққа ботиб бораётган қуёши билан қарши олди.
7-қисм
Ифор ҳикояси
Бувим жуда сезгир аёл. Ҳар ҳолатимдан хабардор.
—Сенга нимадир бўлдими? Ҳардамхаёл бўлиб қолдинг болам?
Яхшиям опам чақириб қолди.
—Ҳой, қиз, чиқ тез, хамир қор, дадангни лағмон егиси кепти!
Хамир қорсам ҳам, юрсам ҳам хаёлимдан бир зум ҳам ўша қиёфа кетмасди. Қўлини кўксига қўйиб хайрлашган йигит!
Хамирни қаттиқроқ қориб, кўп муштладим. Опам қайла тайёрладилар, мен хамир ёйдим.
Бувимга ўз плиталарида шавла пишириб қўйгандим.
—Ифорхон! —чақирдилар ичкаридан, кейин деразани ура бошладилар.
Қўлимдаги човлини ташлаб югуриб кетаётсам, опам бақириб қолдилар.
—Битта иш қилдиргани қўймайди одамни, шошма, борасан!
—Борақолай, опа, тез қайтаман, —ялиндим.
—Жонимга тегди шу кампир, боравер! Қўлимдан човлини тортиб олиб қозон юзиида кўпириб, тепага кўтарилган сув ичидан лағмон хамирини сузиб ола бошлади опам.
—Мушарраф ойи, келдим, нима ёрдам берай?
—Тувакка етолмадим, болам, сени ҳам қийнаб қўядиган бўлдим.
—Ҳечам қийналмайман, ойи, келинг, кийимларингизни алмаштириб қўяман.
—Ўзим ўргилай сенгинадан. Бунчаям ақлли бўлмасанг. Бунчаям меҳрибон бўлмасанг, феълингдан ёрлақасин, болам!
Бувим бечора кийимларини алмаштиргунича кўп алқади. Кейин қўлтиқ ости, кўкрак остиларини нам латта билан артиб, чақалоқлар упасини сепиб, чойшабларини алмаштириб қўйдим. Бошини ёстиққа қўйган бувим яна узоооқ дуо қилдилар
—Бахтинг балағингдан ошиб кетсин...
Лағмон егим келганди, ҳеч ким дастурхонга чақирмади, бувимнинг шавласига шерик бўлдим.
—Шира бойлаб пишибди, тузлариям нормада! Бувим ҳар сафар овқатимни мақтаб ейдилар.
Идиш-товоқларимни ювиб бўлгунимча тун борлиқ узра бахмал чойшаб ёпди.
Китобимни қўлимга олдиму, аммо бувимнинг оромини бузмаслик учун чироқни ўчирдим.
Уйқум келмас, кўз ўнгимдан бировнинг сурати кетмасди...
***
Рауф ҳикояси
Уйдагилар мени узоқ йилга чет элга кетган одамни қаршилагандек кутиб олдилар. Ойим имбир қўшиб лимон чой дамлаган, дадам қошиқда асал тиқиштирган.
Қаерларга борганим ҳақида қисқача гапирган бўлдим, аммо барибир хаёлим бошқа ёқларда эди.
—Дада, ойи, борди-ю уйланадиган қизимнинг исми Попук бўлса-чи? Рози бўлармидингиз?
Меҳрибонларим бир-бирига қараб олди, сўнг келишиб олгандек
—Нимма?! -дедилар.
—Нима эмас, ким?
—Хўш, ким? —деди ойим.
—Попук бўлса Попукда. Майли, муҳими яхши инсон бўлсин! —деди дадам ҳар доимгидек кўтаринкилик билан.
—Ҳали ўзим ҳам билмайман, ойи, аммо кеча борган қишлоғимизда бир қиз кўрдим. Мендан уч ёш кичик бўлса керак. Уйда ўтираркан. Ўқимаган, ишламайди ҳам. Билганим-шу!
—Қолганини борганда аниқлаймиз!-дедилар дадам.
—Вой-вой, сиз нима қиласиз у ерда? Совчилик хотинларнинг иши. Аммо мен ўша томонларга боришим керак. Бир қизни излаяпман.
—Бўпти, келаси якшанба сизларни тоғ саёҳатига таклиф қиламан! Ёшликни эслаб, бир чана учайлик, нима дедингиз, Иқболхон?!
—Жон дейман, дадажониси, яшанг!
Масала мен кутгандан осон ҳал бўлганди, аммо ўзим якшанбагача кутолмаслигимни яхши билардим!..
Анчагача ухлолмай ётдим. Кейин туш кўра бошладим. Рангли туш.
Кенг, катта бир гулзор эмиш, гуллари ранго ранг эмиш, аммо мен излаётган гул топилмас экан, бирдан кўзим олисдан бўй кўрсатаётган ғунчага тушибди. Қип-қизил, бағриқон, алвон япроқлари юмилган ғунча ҳам менга ўзини кўрсатгиси келармишу қандайдир, шохлари тарвақайлаган бута унинг бетини тўсармиш.
"Шу гулни олишим керак, уни онамга олиб бораман!" деб ҳайқираётган эмишман.
Босинқирадим чоғи, турсам томоғим қақраб, ўзим ўт-олов бўлиб ёняпман. Чанқаб, оғзим қуриб кетибди. Шамоллабман, шекилли. Ўрнимдан туриб, ошхонага йўл олдим. Бошим лўқиллаб оғрир, ҳеч сувга етиб боролмасдим. Кулердан муздек сув олиб ичгим келар, негадир юрагимга ўт тушиб куйиб борарди.
—Тўхта, шошма, Рауфим, илиқроқ сув ич. Ётоқ кийимида чиқиб келган онам пешонамни ушлади
—Вой ўлмасам, иссиғинг бор-ку!
У ёқдан дадам кела бошлади. Меҳрибонларимнинг бири Қуръон ўқиб дам солар, бири дори ичирарди.
Кейин анчагача бошимда ўтирдилар.
—Ойи,-дедим секин. Ҳали ҳам тушимнинг таъсирида эдим
—Тушимда сизга гул олиб келмоқчи эканман.
Давоми бор
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 13