ЯКУНИЙ ҚИСМ
#Мафтуна_Абдуллаева
Ишонмади ҳам. Акаларини чақириб катта жанжалга айлантириб юборди. Янги йил олди ҳамма байрам шукуҳида бўлса Мақсад хола рўзғорида дилҳиралик кезарди.
- Келин сиз хонангизга бораверинг,- деди Алишер ҳомиласи беш ойлик бўлибгина эт олишни бошлаган келинига.
- Нега? Гап мен ҳақимда боряпти. Мен айбланяпман.
- Бу ерда бўладиган гапни ўзи йўқ.
- Ака, сиз ҳам мени тушунмаяпсиз? Шуни тарафини оляпсиз!
-Ўчир овозингни!- бирдан бақира кетди Йўлдош,- шу айтган гапингни қулоғинг эшитяптими? Энди битта фолчини гапини деб келинини ҳайдабди деган гап қолганди. Бекорчиликдан миянг айниб қолибди. Ундан кўра уйингга бор.
- Бормайман,- кўзларидан ёш қуюлиб кела бошлади Ойнисони. У қаттиқ қайғурарди. Атрофдагилар ҳатто эри ҳам тақдирда деб қўяётгани уни аламини келтирарди. "Ҳой одамлар мени болаларим ўлди, эшитяпсизми? Миттигина мурғак гўдакларим дунё юзини бир неча соатгина кўрди. Ҳаётда яшашдан мақсадим нима энди!" деб ҳайқиргиси келарди. Аммо ҳайқиргани билан ҳам ўз яқинлари бу гапни айтиб тургандан кейин қаерга борсин. Эри билан тортишиб қолди. Уйга келиб онамга қарашсанг ҳам бўлади энди, деди тўнг оҳангда. Шуни "соғиндим олиб қайтаман" деса ҳам бўладику. Ҳудди Ойнисо онаси учун боргандек ўша рўзғорга. Сезяпти эрини муносабати ўзгаряпти.
Ҳамма ўзгаряпти. Нега бунақа қилишяпти? Ахир бир умр ота-онасини, акаларини кафтида эди. Эри ҳам, қайнонаси ҳам жуда яхши муносабатда эди. Икки ой аввал ҳам шунақа эди~ку. Бошингга иш тушса дўсти ~душман билинади деганими бу.
- Сизда депрессия кечяпти. Мен айтган дориларни...
- Мени тентакка чиқарманг,- Дилбарга бақирди Ойнисо.
- Тентак бўлмасанг соғни ишини қил,- анчадан бери ғиди~бидисини эшитиб юрган Йўлдош шу гапни шу ерда ечиш учун келганди,- шифокор болаларни эрта туғилиши сени йиқилиб кетганинг учун бўлганини айтди. Аввалдан огоҳлантиришган экан, таҳликали ҳолат деб. Эгизак бўлгани учун кўтара олмагансан. Мен ҳаммасини сўраб суриштирганман. Сен янгам берган дориларни ичиб уйингга жўна.
- Бормайман!
- Кейин нима қиласан? Эринг шартта бошқага уйланиб кетади. Қаерга бошингни урасан?
- Ташвиш ҳаммани бошида бор,- Алишер Йўлдошни елкасига қўл ташлаб гапини тўхтатди,- энди фақат бизни эрка синглимиз эмас, бир оила бекасисан. Рўзғорни нонини темир тишли хотин ейди дейишади. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади ҳали. Вақт тўхтаб қолмайди. Сабр қил.
- Сизлар менга ишонмаяпсиз,- пичирлади Ойнисо. У акалари ҳар доимгидек ёнимни олади деб ўйлаганди. Ҳамма жим. Онаси ҳам, отаси ҳам. Демак, ҳаммалари шу фиркда ҳеч кимга кераги йўқ.
- Ўзимни ўлдираман, агар ҳеч кимга керагим бўлмаса,- миясидаги гапдан ҳўрлиги келди. Ҳамма унга ялт этиб қаради. Ҳулкар индамай чиқиб кетди. Ортидан оила аъзоларини Ойнисога айтишни бошлаган гапларини эшитмади. Ётоқхонасига кириб нарсаларини йиғиштира бошлади. Изидан Мухтор кирди.
- Меникини ҳам йиғиштир. Асабим чарчади. Янги йилгача шаҳардаги уйимизга кетамиз. Таъмирдан чиқиб бўлди.
Мухтор чиқиб кетгач Дилбар ҳам эрини олиб чиқиб кетди. Ўзини бир бало қилиб қўйса, айбдор бўлиб қолишмасин. Фақат Йўлдош гапдан қайтмади.
- Бир кун келиб катта хато қилаётганингни биласан. Лекин жуда кеч бўлади! Турмушингни биринчи синовидан довдираб қолдинг. Ҳеч кимни ҳаёти бир текис эмас. Она, олдига тушмай насиҳат қилинг. Келинларингизни тарбиялаб олдингиз~ку, буни ҳам йўлга солинг.
"Келин бировни боласи эди-да,- ўйлади Умида эрига эргашиб чиқар экан,- кўздаги ёшига қарамай, ўчир овозингни дейиш осон. Ҳа... Мени ҳам онам бу туғмайди деб ҳайдайман деганларингиз-да шунақа мунғайиб қоларди. Иккиланмай ажратиб юбораман дердингиз... Жигарпорангизни бошига ҳам тушди. Рўзғори дарз кетай деяпти. Қандай бўлар экан?!"
🌹
Шахзода Ҳулкарни боласи ўғил эканини эшитиб Мухтордан умидини узди. Энди фойдаси йўқ деб ўйлади. Аммо бир куни Ойнисо телефон қилиб фолбинга бориб келинг деб илтимос қилганида фикри яна айниди. Фолбинга пул берди. Мен айтган гапни онасига ҳам айтинг деди. Шубҳа туғилмаслиги учун Мақсад холани бошқа фолбинга ҳам олиб борди. Қора жоду қуллари яхши гапни айтармиди? "Келажаги"ни ҳам башорат қилиб, аёлни қўрқитди.
4⃣7⃣
#ҚИЗИМ
Мафтуна Абдуллаева
Шахзода эса Ойнисони телефонда ҳамма гапини эшитиб далда бериб, сеники тўғри деб турди. Мақсади Ҳулкарни кетказиш эди. Нима қилибди. Ҳеч бўлмаса бир уриниб кўради. Балки бирон натижа чиқиб қолар. Чиқмаса ҳам ким уни бўғзидан олади. Аммо натижа бўлди. Ҳулкар кетди, бироқ унга қўшилиб Мухтор ва болалари ҳам.
🌹
Мақсад хола бошини қўлларига олиб ўтирарди. Уй ҳувиллаб қолган. Болалар йўқ. Ҳамма жойни чинни ~чинор қилаётган келин ҳам, ишдан келиб кулиб ҳол сўраб келадиган ўғли ҳам. Тўғри ҳар куни телефон қилади, аммо ёнида яшашга ўрганиб қолган экан. Ойнисо эса ажаб бўлибди деб ўтириб олган. Эри келди. Уни ҳам талаб юборди.
- Эркалатиб юборяпсиз, она,- деди Йўлдош,- ажрашиб кетса нима қиласиз? Бошингизга ёстиқ қиласизми?
- Уйдагилари ҳам кўнглига қарамаяпти~да.
-Сиз биронта келинингизни кўнглига қараганмисиз она?! Ҳамма жойда ҳам шу~ку. Ҳали янги келин бўлса. Қилиши керак~да қайнона~қайнотасини хизматини. Ҳалиям Мухторга ўхшаб кўнгли бўш экан куёвни. Мен икковини ўрнида бўлганимда ҳам киргизмасдим.
Мақсад хола ўғлига ёмон қаради. Агар ҳозир гап қизи ҳақида бормаганда тўғри деган бўларди.
Лекин фарзанд доғида ёнаётган унинг дилбанди. Бироқ қанча оғир бўлмасин, қизини кетказишга ҳаракат қилди. Чунки бу энг тўғри йўл. Мана Ҳулкар. Онаси қўймай яраштирди. Ажрашса ҳам ажрашиб кетарди. Қизлари билан сўппайиб қоларди. Ҳозирги ҳаётига ҳавас қилгудек. Ўғилга ҳам етишади ҳа демай. Ойнисони иссиқ жойини совутмаслик керак.
🌹
Янги йил кириб келди. Мақсад хола байрам баҳона қизини уйига жўнатди. Унга ақл ўргатиб турган Шахзодани ҳам нари қилди.
- Ўзи эплаб яшолмаган сенга нимани ўзгатарди.
- Янгамни тарафига ўтиб олдингизда. У ўғил туғяпти-да,- деди алам билан Ойнисо. У ёшлигига бориб эрини рўзғорида ҳам анча катта кетиб қўйганди. Уч қиздан кейин ўғил туққан овсини маслаҳат берганида роса энсаси қотганди. "Биттада иккита ўғил туғяпман" деб. Ҳозир болалари омон бўлганда... Ойнисо йиғлаб юборди. Ўзини ёлғиз, кимсасиз, кераксиз ҳис қилди....
Онаси эса қўярга қўймай эри кейинги сафар келганда қўшиб юборди. Кириб борганда бирам қадами тортмади. Бу уйга қўлида чақалоқлар билан тўлиб~тошиб кириши керак эди. Аммо, бандасини эмас, Яратганни айтгани бўлар экан. Муносабатлар ҳам аввалгидан ўзгарган. Операция билан туққан. Ҳали фарзандли бўлиши мумкин эмас. Соғлигига зиён етади. Унга оналик бахтини олиб келиши керак вақт эса имиллаб ўтарди.
Мақсад хола хонадони эса яна болаларга тўлди.
🌹
Май ойи оҳирлаб қолганида Ҳулкар анча оғир ошиб қолганди. Лекин барибир кир~чир, ош ~овқат дегандек, рўзғор қилмаса бўлмайди. Ўғилойда ҳам қийналганди. Аммо салқин пайт бўлгани учун бунчалик бўлмаганди.
- Қийналиб кетдинг а,- деди Мухтор лаблари ёрилиб кетган хотинини сочларини силаб.
- Тўғриси ҳа.
- Бўлди бошқа туғмайсан. Омон~эсон енгилласанг бас.
- Ҳиммм.
Мухтор эртачидан ухлаб қоладиган хотинига термулиб қолади. Яқинда Шахзодани кўргани ёдига тушади. У билан ишхонасини олдида тўқнаш келиб қолди. Тор шим, олди очиқ кофта кийиб олган. Сочлари ёзилган. Мухторни кўриб бир оз ўнғайсизланди. Тез сўрашиб ўтиб кетди. Уни орқасидан қараб қолар экан, Мухторни жаҳли чиқиб кетди. Нега қишлоқда бинойи кийиниб, шаҳарда бу юриш. Шундайлар дастидан қишлоқ қизларини нотўғри тушунишади баъзан. Акасига айтсамми деб ўйлади. Ҳар қалай қариндош. Кейин фикридан қайтди. Бунга~ку инсоф кирмас гап-сўзга қолиб кетмай деди. Шахзодани ойдек ҳуснига ёнида ётган Ҳулкарни чеҳраси тенг келолмайди... Аммо бу чеҳрада меҳр, вафо, истара, севги, ишонч, ҳаловат барчаси мавжуд.
🌹
Ҳулкар тез~тез келиб, кучаймай йўқолиб кетаётган оғриқлардан бир ҳафта жуда ҳолдан тойди. Яна айни кечаси тутади. Уйқуси ўчиб кетади. Кундузи рўзғор учун қимирлаши керак. Чарчаб кетди.
- Нима қиляпсан?- Мухтор челаклаб сув сепаётган хотинини тепасига келди.
- Тўққизинчи ой ҳам тўляпти, туғсам туғай. Жонимга тегди.
4⃣8⃣
#ҚИЗИМ
Мафтуна Абдуллаева
- Бирон ҳунар кўрсатасан~да. Қўй жойига.
Ҳулкар белини ушлаб челакни жойига қўйди. Кейин овқат сузиш учун тайёргарлик кўра бошлади. Яна пайдо бўлган суст оғриқдан асабийлашди. Энди кундузи ҳам пайдо бўлди. Парво қилмади. Дарддек ҳар ярим соатда айланиб ўтиб кета бошлади. Аммо ҳамма овқатга жам бўлгач, овқатларни сузди~ю, ўзи ўтиролмади. Оғриқ тутиб кучая бошлади.
- Ҳа,- Мухтор қўлини белига қўйиб бурнидан нафас олиб оғзидан чиқараётган хотинига ҳайрон қаради.
- Бошланяпти чоғи. Тайёрланаверинг.
- Ррростданми. Овқат еб ол бўлмаса.
- Кетмайди.
Мухтор бўзариб кетган хотинига қараб юрагига ваҳима оралади. Бу гал ҳам Аллоҳ асрасин уни. Кўп ўтмай Ҳулкарни онаси келди. Мақсад хола оқ йўл тилаб болаларни олиб уйда қолди. Улар кетишди. Ҳулкар дардини пишитаман деб вақтни ўтказиб юборганини кучанчиқ дард келганда англади. Қанча ўзини тутишга ўринмасин беихтиёр кучанарди. Тана вақти бўлган болакайни ёруғ оламга чиқариш учун истак кутмай ҳаракат қиларди.
- Кучанма! - деди онаси кўзи олайиб. Ҳулкар бир айланиб келган кучаноқни ўтказиб кўзларини юмди. Йўлга қаради. Ҳали анча бор. Ишқилиб йўлда туғилмасин, деди қуриган лабини ялаб.
Рулдаги Мухторни ҳам реза~реза тер босарди. Ҳеч қайси боласида Ҳулкар машинада бу аҳволда кетмаганди. Ҳулкар ҳар сафар тишини~тишига қўйиб инграганда қулт этиб ютиниб қўярди. Ниҳоят туғриқхона кўринди. Огоҳлантириб қўйилган таниш шифокор югуриб чиқди.
Машинадан тушган Ҳулкарни тўғри родзалга олишди. Ҳулкар оғриқлардан карахт бир аҳволда эди. Ҳаёлида ҳаммаси чалкашиб кетди. У айни дамда фақат жисмидан ажралаётган бир парчасини оғриғини ҳис этарди.
- Ўзи тайёрсан қани битта ҳаракат қил.... Молодец... Яна.... Ана.... Бўлди...
Ҳулкар жилмайди. Бўлди қутилдим деган ўй танасини бўшаштирди. Туғриқ пайти тана аёлни оғриқлардан ўлиб қолмаслини учун ишлаб чиқарган гормонлар таъсирида ўзини сарҳушлардек енгил ҳис этди.
- Табриклайман, ўғил!
Ўғил! Шу биргина сўзни эшитиш учун қанча қийинчиликларни босиб ўтди. Дилига берилган озорлар ўзи билан Яратганга аён. Аммо кўп оғриқларни бошидан ўтказди. Бағрида ҳеч нарсадан бехабар ётган гўдак онасига қанча синовлардан кейин берилганини ҳали билмайди.
Мухтор суюнчи учун чиққан аёлга пул тутқазди:
- Яхшими онаси ҳам,- деди чақалоқ ҳақида эшитгандан кейин.
- Яхши палатага олинади ҳа демай.
Мухтор Ҳулкарни жойлаштириб қайтганида уйида аллақачон зиёфат бошланиб кетган экан. Мақсад хола оғзи тўла кулгу елиб-югуриб хизмат қиларди. Даврага чорланганда Мухторни ҳам кайфияти кўтарилди. Мана энди топармон~тутармонлиги учун уни кўролмайдиганлар нимани гапирар экан. Елкасига уриб олқишлаётганларга, қадаҳ кўтараётганларга қараб юзи кулгани билан дили ғашланди. Шулар орасида нечта жонкуяри бор экан. Аллоҳ кўрсатмасин бошига бир кулфат тушса нечтаси туриб беролар экан. "Синовларингга ҳам шукур Эгам. Ғаламислар юзини кўрсатиб қўйганинг учун" деди ичида.
- Қизлар қани?- деди онаси овқат кўтариб кирганда.
- Уйда телевизор кўряпти.
- Ҳа, майли.
Зиёфат анча давом этди. Мухтор уларни кузатиб, хонасига кирганида жуда кеч бўлиб кетганди. Уйқуси қочиб кетди. У ёққа ағдарилди, бу ёққа ағдарилди ухлолмади. Болалар хонаси ғиқ этиб очилганини эшитиб ҳушёр тортди. Қулоқ солиб ётди. Ким чиққан бўлса ҳам қайтмади. Ҳавотир олган Мухтор ўрнидан турди. Эшикдан чиқиб, даҳлизда қўлида сув ушлаб турган Гулжамолга кўзи тушди.
- Ҳа, нимага ухламаяпсан?
- Орзу сув сўради.
Мухтор қизи билан болалар хонасига кирди.
- Орзу ма сув,- тунчироқ ёруғида Гулжамол синглисига сув тутди. Орзу инграбгина туриб қалтираганча сувни ютоқиб ича бошлади.
- Орзу,- Мухтор қизини пешонасига қўлини қўйди. У ҳаддан зиёд иссиқ эди,- Орзу,- Мухтор қўрқиб кетди. Қизини кийимлари ҳўл эди.
- Нега кийимлари нам.
- Матордан чиққан сувга ўйнаб юрганди.
- Нега алмаштирмадинг?
- Қўймади. Бувимга айтсам уришиб берди.
- Бор бувингни чақир!- деди Гулжамолга ўзи эса шоша-пиша қизини кийимларини алмаштириб кўтариб машина томон юрди.
4⃣9⃣
#ҚИЗИМ
Мафтуна Абдуллаева
- Ҳа нима бўлди?- онаси шошиб чиқди.
- Кучли иситма қиляпти. Бўлинг "детский" га олиб борайлик.
- Ҳозир,- Мақсад хола шошиб ичкарига кириб кетди. Зум ўтмай эрига болаларни олдига ўтишни таъйинлаб ўзи машина томон юрди.
Мухтор машинани тез бошқариб борар экан бот-бот орқасига ҳам қараб қўярди.
- Яхшими она. Гапиртириб туринг.
Мақсад хола ҳам ўзидан ўтгани ўзига аён оёқ қўли ички иситмадан яхлаб келаётган набирасини титқилаб борарди.
- Тезлаш болам, ҳозир бир бало бўлиб қолади,- қизча жимига қолгач йиғлаб юборди.
Мухтор яна газни босди. "Эй, Хулойим ўлиб қолмасин... Ўзинг асра қизимни..." дилидан айланаётган сўзлар касалхонага етганда тилига ҳам кўчган. Тинмай пичирлаб машинани тўхтатиб шарт эшикни очиб онасини қўлидан болани олиб югуриб кетди:
- Ёрдам беринглар!- кириши билан бақириб,- илтимос ёрдам беринг!
Югуриб келган ҳамширага изидан келган шифокорга илтижо билан қаради.
- Жонлантириш бўлимига олинг, тез!
Мухтор онаси етиб келган пайти бошини қўллари орасига олиб йиғлашдан бери бўлиб ўтирарди.
- Нима бўлди? -деди ҳарсиллаб.
- Реанимация бўлимига олишди.
- Вой ўлай,- йиғлаб юборди аёл.
- Мотордан чиққан сувга ўйлабди. Ўзи шамоллаб юрганди қарамабсиз она!
- Меҳмонга чалғибман...- Мақсад хола беҳол ўтириб қолгач, Мухтор тилига келган бошқа гапни айтмади. Онасида нима айб. Ҳаммасига ҳудди Мухтор 100 йил бола кўрмай хотини туққандек югуриб келганлар айбдор. Мухторни кўзига уйида ўтириб молдек ичган қариндошлари ёмон кўриниб кетди.
Соат бешгача она~бола коридор бўйлаб юриб чиқди. Шифокор қайта текшириб чиққанда Мухтор олдига югириб борди.
- Қизим яхшими?- Мухторни томоғига аччиқ бир нарса тиқилди,- айтинг нима керак бўлса топиб келаман. Фақат қизим тирик қолсин!
Мақсад хола қалтираётган қўллари билан дорисини ичар экан кўзидан ёш қуйилди.
"Сичқондек болалаб қизни кўпайтириб ётибди!" Ўғилой туғилганда айтган гапи миясида айланарди. "Сенга бир кўрсатиб қўяй дедингми, Худойим. Набира учун шундай чоптирай қиз~ўғил деёлмай қол дедингми?" Мақсад хола Ўғилой ўлганида бошида куйгани билан, тез унутганди. Яшириб нима қилади. Ана қизлари тиқилиб ётибди деганди. Кейин қизини эгизаклари яшамаганда эгиз ўғил бўлгунча битта қиз бўлса ҳам майли эди, деганди йиғлаб. Бўш бешикка термулиб турадиган қизига қараб ҳалиям ичи куяди. Энди Орзу. Мана ўғилни бердим қизни қайтариб оламан дегандек...
- Эй, Худойим ўзинг асра,- қон босими ошгани ҳисобига йиғиси баттар кучайди аёлни.
- Она, сиз уйга борақолинг. Акамга айтдим олиб кетади сизни,- Мухтор онасини елкасидан қучди.
- Қандай кетаман. Орзу қизим кўзини очмаси қаерга кетаман... Онасига нима деймиз?
- Қайнонамга телефон қилдим. Олдига ўзи ўтади. Алишер акам гувоҳномага ҳаракат қилади. Ҳозирча Ҳулкарга айтмай турамиз. Сиз бориб озроқ дам олинг. Рўзғорни янгамлар қилиб туради.
- Кетолмайман...
- Она ундай қилманг. Сизга ҳам бирон нарса бўлса яна ҳам қийналамиз. Боринг.
Шу пайт етиб келган Йўлдош онасини мажбурлаб олиб кетди. Мақсад холага тинчлантирувчи қилиб ухлатиб ташлашди. Бир пайт исиб кетаётганидан уйғониб кетди. Азойи бадани ёнарди гўё, ҳаёлига негадир "Қизим ёнган иситмаларда ёнмасанглар розимасман" деб йиғлаган Ҳулкар овози келди. Нафаси қайта бошлаган Мақсад хола бирдан бағрида турган Орзудан иссиқлик таралаётганини сезди.
- Орзу яхши бўлдингми?
- Йўқ, мен ўлдим...
- Йўўўўқққ,- Мақсад хола учиб ўрнидан турди.
- Ҳа, ойи нима бўлди?- Дилбар олдига келди.
- Орзу,- деди аранг инграб.
- Иситмангиз бор сизни ҳам,- Дилбар бош чайқади,- жуда баланд.
- Мухторга телефон қилинг! Орзуни сўранг,- инқиллади аёл.
- Ўзгариш йўқ экан, ойи, сўрадим. Сизни ўзингизни ҳам даволаш керак.
🌹
Мухтор ишидан жавоб олди. Ҳозир бошини қайси деворга уришни билмай ўтирарди. Бир томондан Орзу, бир томонда онаси, Ҳулкарни алдаш. Шифокорлар билан гаплашиб Ҳулкарни беш кун олиб қолишни сўради. Унгача Орзуни аҳволини ўнгланар деб умид қилди. Ўзини қўлга олиб Ҳулкарни олдига кўргани борарди. У тезроқ жавоб олишга қистарди.
5⃣0⃣
#ҚИЗИМ
Мафтуна Абдуллаева
- Қизларимни соғиндим. Уч кундан бери алдайсиз гаплаштираман деб. Орзуни бидирлашини бирам соғиндим.
-Мен борган пайти Орзу ухлаб қолган бўладида.
- Ҳиммм. Дадаси... Бошқачасиз... Ўғилли бўлсангиз бошингиз осмонга етар деб ўйлагандим. Ғалати бўлиб қолгансиз.
- Тўғриси иш кўпайиб кетди шунга чарчаяпман...
Ҳулкар туғриқхонадан чиқадиган кунлари келганда ичи ғашланаверди. Орзу билан гаплаштирмаётганларига қўрқув пайдо бўлди. Тез-тез нарсаларини тахлаб уйдагиларни кута бошлади. Оналик сезгиси билан боласига нимадир бўлганини ҳис этиб турарди. Туғилганидан бери ухлаб ётган ўғлини ёнига келиб юзчаларидан ўпди. Бирам Ўғилойга ўхшайди. Кўнгли бузилиб кетди. Умринг ўхшамасин болам, деди шивирлаб.
🌹
Эрта Ҳулкар чиқади деган куни ниҳоят ўзига келган Орзуни палатага олишди. Мухтор ҳар ёққа чопиб юргани учун кўпинча ухлаб ётган пайти тўғри келарди. Юзига термулиб ~термулиб чиқиб кетарди. Она~бола эрта келадиган кун қизини ёнида ўзи қолишини айтди. Кеч кириб келди. Палатадаги ҳамроқлари кетиб, Орзуни ўзи битта хонада қолганди. Мухтор дори таъсирида ухлаб қолган қизини краватини олдига келиб бошини қўйди. Уни бир маромда нафас олишини кузатиб ухлаб қолибди. Бир пайт сочларини силаган қўлдан уйғониб кетди.
- Орзу! Турдингми қизим.
- Чалчадингизми, дада,- деди юзлари ҳамон қонсиз бўлса~да руҳи тетик эди.
- Ҳеч еринг оғримаяптими?- Орзуни юзларидан ўпди Мухтор.
- Йўқ.
- Бирон нарса ейсанми а?
- Аямни кўлгим келяпти. Укача олиб келдими?
- Ҳа... Ҳа аянг укача олиб келди. Сен тезроқ тузалсанг уни олдига борамиз.
- Лосттанми?
- Ҳа, лостдан,- қизини тилида гапириб кулди Мухтор. Уйқуси қочган қизини сочларини силаб ширин гапларини эшитиб елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Энди Ҳулкарни олдига қўрқмай борса бўлади.
🌹
Туғруқхонадан чиқишда чиройи очилиб келган Мухторга қараб Ҳулкар жилмайди.
- Ўзингизга келибсизми?
- Аввал қаерда эдим.
- Билмасам... Ҳатто бирон нарса бўлдими деб қўрқа бошлагандим.
- Ҳаммаси жойида.
Мухтор машина эшигини хотинига очиб берди. Ўзи рулга ўтириб машинани болалар шифохонаси томон бурди.
- Қаерга кетяпмиз?
- Ҳулкар қўрқиб кетма деб сенга айтмаган эдик. Орзу шифохонага тушиб қолди.
- Кўнглим сезганди-я ўзи... Яхшими?
- Ҳа. Сени соғинган. Мен кўтариб олиб тушаман. Кўрсин кейин палатасига олиб бораман яна.
- Мени кўрса, кетаман деб қолади~ку. Ўзи неча кун ётиши керак.
- Яна беш кун. Лекин мен унга ваъда берганман. Бормасанг бўлмайди.
Ҳулкар бош силкиди. Қизидан кўра ўзидан ҳавотир олди. Ташлаб кетишга қандай кўзи қияди.
Мухтор уни олиб тушганида, Орзу онасини бир қучиб дарров қўйиб юбориб, чақалоқни сўради.
- Ие, Ўғилой~ку. Мени алдабсиз. Ўғилойни кавлаб олиб келдингизми?
Эр~хотин бир~бирига қараб нима дейишни билмай қолишди.
- Ўғилой булутларда юрибди. Уни соғинганимиз учун Худойим бизга уни эгизагини юборди,-деди Ҳулкар ўзини қўлга олиб.
- Ҳиммм.
- Энди биз кетамиз.
Мухтор аям билан кетаман деган қизини бир амаллаб алдаб изига қайтариб олиб кетди. Ҳулкар йиғлаб юбормаслик учун кўзларини пирпиратди. Бир кўнглини шу ерга ташлаб уйига қайтди.
- Ҳафа бўлма беш кундан кейин бағримизда бўлади,- Мухтор ўғлини эмириб ўйга чўмиб ўтирган хотинини кўнглини кўтарди.
- Илоҳим,- деб қўйдим.
Лекин Орзу беш кун эмас, тўрт кунда қайтди. Йиғлаб безор қилди "аямга бораман" деб. Шифокор эҳтиёт қилиш ва қолган муолажаларни уйда қилиш шарти билан рухсат берди.
Орзу қайтган куни байрам бўлди. Ҳамма уни соғинганди, амакилари ҳам кўргани келиб совғалар ҳам бериб кетишди. Фақат Ойнисо келмади.
- Мендан ҳалиям ҳафами?- деди Ҳулкар қайнонасига қайнсинглисидан гап очиб.
- Йўқ... Чиллали жой... Келма дедим.
- Ундай деманг. Ҳамма иш Аллоҳдан. Бемалол келаверсин. Қирқимиз чиққунча юраги сиқилиб юрадими.
Мақсад хола индамади. Кўзига келини яхши кўриниб кетди. Ундан ҳам бамаъни гап чиқар экан деб ўйлади. Аммо қизини барибир 20 кун қўймади. 21 куни анча ўзини қўлга олган Ойнисо кириб келди. У аввалгидан анча ўзгарибди. Одамни чеҳраси ҳам кўп нарсаларни сўйлайди. Ойнисо ҳам анча эркаликларини камайтирган кўринарди.
5⃣1⃣
#ҚИЗИМ
Мафтуна Абдуллаева
Якуний қисм
Митти жиянини кўриб юзида табассум, кўзида ёш пайдо бўлди.
- Ўғилойга ўхшабди ростдан,- деди секин қўлига олиб,- Илоё умринг ўхшамасин. Катта йигит бўл. Аммангни йўқлаб юрадиган жиян бўл. Ўзи биттагина амманг бор...
Ойнисо қанча ўзини тутаман деса ҳам кўзларидан ёш қуйилиб келарди. Муҳаммаджонни тўйиб~тўйиб ҳидлади. Ўзига бир марта ҳам бағрига босиш насиб этмаган гўдаклари ёдига тушиб, яна юраги ўртаниб кетди.
- Ҳали сизга ҳам қўша ~қўша ўғил қизлар насиб қилади. Куюнманг,- деди Ҳулкарни ҳам ўпкаси тўлиб.
- Мени кечиринг янга,- Ойнисо Ҳулкарга қаради,- сизни кўп дилингизни оғритдим.
- Ҳамма нарса ўтиб кетди Ойнисо. Бу ёғига аҳил бўлиб яшайлик энди.
Ойнисо бош силкиб яна жиянини бағрига босди. Ичида чин дилдан ўз фарзандини ҳам бағрига босишни Аллоҳдан сўради.
🌹
УЧ ЙИЛДАН СЎНГ.
- Ҳулкар бўлсангчи тез,- Машинада қизлар билан ўтирган Мухтор, тушиб ичкарига овоз берди.
- Мана кетяпмиз?- ўғли билан қўл ушлашиб Ҳулкар кўринди. Изидан Мақсад хола.
- Бўлинглар.
Ниҳоят Ойнисо фарзандли бўлганди. Бугун қизалоққа Ақиқа қилиняпти. Ҳаммалари шу муносабат билан кетишяпти.
Мақсад хола мамнун. Ўғлини машинасини олдида уни ўғлини қўйнига олиб кетиб борарди. Бир пайтлар Шахзодани ўғлига ҳавас қилиб ўтирганини эсласа ижирғиниб қўяди. Дарвоқе у бир шаҳарликлар одамга иккинчи бўлиб тегиб олган. Начора орзуга ярашаси учрайди йўлимизда. Мақсад хола шунақа пайтлар дилида бир шукр, бир фиркни ҳис этади. Шукри шу кунларни кўрди. Фикри... Мухторга тўрт қиздан кейин ўғил бериш белгиланган экан, сабр қилмади. Агар ўша пайти олдириб ташлатган қизини туққанида Ҳулкар, Ўғилойни ўрнида ўғилни ҳам туғарди.... Шунча гаплар ўтмас эди.... Начора ҳаммамиз ҳом сут эмган бандалармиз. Ҳамма вақт ҳам қадаримизга ёзилгани ҳақ эканини англаб ета олмаймиз.
ТАМОМ. ХАТО ВА КАМЧИЛИКЛАР УЧУН УЗР.
07.09.2024
16.10.2024
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 25