______________
Шайтон мусулмонларнинг ўртасини бузишга ҳаракат қилади. Шаръий сабабларсиз ўз мусулмон биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юрадиганларнинг аксари шайтонга эргашган бўлиб, бунга кўпинча бирор моддий келишмовчилик ёки биронта арзимас сабаб бўлади ва аразлаш узоқ вақт давом этади. Гоҳида гаплашмасликка ё уйига қадам босмасликка қасам ҳам ичилади. Йўлда рўбарў келиб қолса, юзини тескари буради, мажлисларда ёнидагилар билан кўришади-ю, у билан кўришмай ўтиб кетади.
Мусулмон халқларнинг кучсиз бўлиб қолганларининг сабабларидан бири ҳам мана шу аразлашишдир. Шунинг учун ҳам аразлашишнинг шариатдаги ҳукми жуда кескин ва жуда оғирдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мусулмонга ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳаромдир. Шу (аразлашган) ҳолида ўлиб кетса, дўзахга киради”. (Абу Довуд)
Абу Харош Асламийдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
“Биродаридан бир йил аразлаб юрган одам, унинг қонини тўккан билан баробар бўлади”. (Имом Бухорий)
Аразлашиш оқибатида Аллоҳнинг мағфиратидан маҳрум бўлишнинг ўзи етарли бўлса керак:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Одамларнинг амаллари ҳар ҳафтада икки марта кўрсатилади, душанба ва пайшанба кунлари. Ана шунда ҳар бир мўмин банда мағфират қилинади, лекин аразлашганлар бундан мустаснолар. Улар ҳақида: “Буларни қолдиринглар” ёки “ярашгунларича кечиктиринглар”, дейилади”. (Имом Муслим)
Аразлашганлардан қайси бири Аллоҳга тавба қилган бўлса, бориб биродарига салом бериши вожиб бўлади, биродари шунда ҳам юз ўгирса, у ҳолда борган тарафнинг бўйнидан гуноҳ соқит бўлиб, бутун масъулият юз ўгирган тарафнинг бўйнига тушади.
Абу Айюб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилганлар:
“Мусулмон кишига биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиш ҳалол эмас, бир-бирига йўлиққанда униси у ёққа буниси бу ёққа бурилиб кетади, қайси бирлари аввал салом берса, ана ўша уларнинг яхшироғидир”.
(Имом Бухорий)
Аммо энди аразлаб алоқани узишга намоз ўқимаслик ёки фаҳш ишлардан тийилмаслик каби шаръий сабаблар мавжуд бўлса ва алоқани узишнинг гуноҳ қилувчига нафи тегса (кор қилса) яъни у ўзини тузутса ё хатосини сезса, у ҳолда араз қилиб алоқани узиш вожиб бўлади. Лекин қилинган араз гуноҳкор билан бўлган алоқани ёмонлаштирса, у яна ҳам кўпроқ гуноҳлар қилаверадиган бўлса, унда араз ноўрин бўлади. Чунки у шаръий мақсадга зид бўлиб, аксинча зарарни, фасодни зиёда қилади. Шунинг учун яхшилик қилиш, насиҳатга ўтиш ва эслатиб туришни давом эттириш тўғри бўлади.
Аллоҳ таоло ўрталаримизни ислоҳ, қалбларимизни улфат қилиб, ўртамиздаги гина-адоватларни кўтариб, меҳр-муҳаббатни зиёда қилсин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев