------
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.
491. Ғутойф ибн Ҳорисдан ривоят қилинади:
«Бир киши бемор бўлиб ётган Абу Убайда ибн Жарроҳнинг олдига кириб:
«Амирнинг ажри қандай бўлди?» деди.
«Нимадан ажр олишларингизни биласизларми?» деди.
«Биз ёқтирмайдиган нарса бошимизга тушганда», деди.
«Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилганингизда ва сизга инфоқ қилинганда ажр оласиз, холос», деди.
Сўнг сафар анжомларининг барчасини санади. Ҳатто уловнинг югани ҳам қолмади. Сўнгра:
«Аммо таналарингизга етадиган ушбу дардни Аллоҳ хатоларингизга каффорат қилади», деди».
Шарҳ: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин кишилардан, Исломни дунёга таратишга катта ҳисса қўшган, Шомдаги фотиҳларнинг қўмондони бўлган зот, Ислом ва мўмин-мусулмонлар учун катта хизматлар қилган улуғ саҳобалардан биридирлар.
Бемор бўлиб ётган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни қўргани кирган одам:
«Амирнинг ажри қандай бўлди?» деди».
Яъни «Дард чекиб, бунинг учун ажр олдингизми?» деб сўради.
Бунинг маъноси: «Дард енгил бўлса, ажр камроқ, дард оғир бўлса, ажр кўпроқ бўладими?» деган саволни одоб билан сўрашдир.
Шунда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу:
«Нимадан ажр олишларингизни биласизларми?» деди».
Кирган киши:
«Биз ёқтирмайдиган нарса бошимизга тушганда», деди».
Шунда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилганингизда ва сизга инфоқ қилинганда ажр оласиз, холос», деди.
Сўнг сафар анжомларининг барчасини санади. Ҳатто уловнинг югани ҳам қолмади».
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу банда ажр оладиган кўп нарсаларни санаб ўтибдилар. Ҳатто уловларга олинадиган эгар-жабдуқ каби нарсаларга Аллоҳнинг йўлида пул сарфланса, бизга арзимас туюлган ана шу нарсаларда ҳам ниятга қараб ажр олинар экан. Яъни ажр-савоб олиш мол сарфлаш, хайр-эҳсон қилиш, уларни Алоҳнинг йўлига аташ билан бўлар экан.
Касаллик эса аввалги гуноҳларнинг каффорати бўлиб, уларни ювар экан.
Сўнгра:
«Аммо таналарингизга етадиган ушбу дардни Аллоҳ хатоларингизга каффорат қилади», деди».
Кирган одам «Дард чекканингиз учун ажр олдингизми?» деб сўрагани учун Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу буни тушунтириб берибдилар.
Бу ҳадисдан биз катта қоидани ўрганамиз: ажр-савоб олиш Аллоҳнинг йўлида нафақа қилиш билан бўлар экан. Беморлик ва дард эса банданинг аввал қилган гуноҳлари ювилишига сабаб бўлар экан.
492. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, албатта Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради», дедилар».
Шарҳ: Демак, мусулмон одам бирор азият чекса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ таоло шунга яраша унинг хатосини ювар экан. Касал бўладими, чарчайдими, оғир аҳволда қоладими, мусибат етадими, ғам-ғуссага ботадими – чеккан азобларининг ҳар бири катта ва кичик гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлмай қолмайди.
Шунинг учун мўмин-мусулмон одам ўзига бир азият, нохушлик етганида, дард текканида, тўсатдан бирор ғам-ғуссага учраганида жазавага тушиб, ўзини ўтга-сувга урмасдан, сабр қилиши лозим.
«Аллоҳ таоло бунинг эвазига менинг хатоларимни кечиради, гуноҳларимни мағфират қилади», деган эътиқоддаги киши бу ҳолатни осон ўтказади. Дод-вой қилишнинг ўрнига «Бу менга Аллоҳнинг марҳамати бўлди, шу бўлмаса, гуноҳларимни қандай ювардим», деган эътиқодда бўлса, ҳар қандай дардни осонлик билан енгади.
Ислом маданияти мусибат етган мусулмонлардан ана шундай олийжаноб муносабатни талаб қилади.
Бу эса илоҳий таълимотдан келиб чиққан юксак даражадаги маданиятдир.
Бу барча инсониятга ўрнак бўладиган ва фойда берадиган маданиятдир.
493. Абдурраҳмон ибн Саъид отасидан ривоят қилади:
«Мен Салмон билан бирга эдим. У Кинда қабиласидаги бир беморни бориб кўрди. Унинг олдига кирганида:
«Суюнавер! Аллоҳ мўминнинг дардини каффорат ва тавба йўлининг очилишига сабаб қилади.
Аммо фожирнинг беморлиги худди эгаси боғлаб, кейин бўшатиб юборган туяга ўхшайди. Нега боғланганини ҳам, нимага бўшатилганини ҳам билмайди», деди».
Шарҳ: Одатда аксарият кишилар беморликни мусибат тарзида қабул қиладилар. Уни ўзлари учун ёмонлик аломати деб биладилар. Дод-вой билан шикоятлар қилишни бошлайдилар.
Ушбу ривоятда кишига беморлик етганда Ислом маданияти бўйича қилиниши лозим бўлган бир неча таълимотлар баён қилинмоқда.
Аввало, бир одам бемор бўлиб қолганда бошқа биродарлари уни кўргани бориши кераклиги. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бу таълимотга амал қилиб, мазкур Кинда қабиласига мансуб танишларини кўргани бордилар.
Беморни зиёрат қилиш учун борган одам беморга яхшилик ва башорат сўзларини айтиши мусулмон маданияти кўрсатмаларидан экани. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу беморнинг олдига кирганда айтган гапларига назар солинг:
«Суюнавер! Аллоҳ мўминнинг дардини каффорат ва тавба йўлининг очилишига сабаб қилади».
Албатта, бу каби башоратни эшитиб, унга эътиқод қилган ҳар қандай беморнинг дарди енгиллашади. Гуноҳларининг ювилаётганидан мамнун бўлади. Тавба эшиги очиқ тургани учун, Роббига тавба қилишга ўтади.
«Аммо фожирнинг беморлиги худди эгаси боғлаб, кейин бўшатиб юборган туяга ўхшайди. Нега боғланганини ҳам, нимага бўшатилганини ҳам билмайди».
Бу ерда туянинг боғлангани – касал бўлгани, қўйиб юборилгани – тузалганидир. Фожир одам касал бўлиб, тузалса ҳам, унга на гуноҳларига каффорат, на тавба эшигининг очилиши ва на бу дарддан бирор бошқа манфаат бор. Худди бақироқ туя бироз боғлаб қўйилиб, кейин қўйиб юборилганидек.
Шунинг учун ҳам мўмин кишининг ҳар бир нарсаси яхши, дейилади. Унга яхшилик етса ҳам, ёмонлик етса ҳам, манфаат кўради. Яхшилик етса, шукр, ёмонлик етса, сабр қилади. Беморлиги унинг гуноҳларининг ювилишига, қилган хатолари учун каффорат бўлишига ишонади.
494. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ва мўминага баданига, аҳлига, мол-мулкига балолар етиб туради. Ҳатто у Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққанида бирорта ҳам хатоси қолмаган бўлади», дедилар».
Шарҳ: Бу дунё ҳаёти давомида ҳар бир бандага жонида, оила аъзоларида, молида ёки бошқа нарсаларида турли кўнгилсизликлар етиб туради.
Бундай ҳолатларни исломий таълимот ва маданиятдан бехабар кишилар жуда ҳам оғир қабул қиладилар. Улар ўзларича мазкур нохушликларни бало-офат, омадсизлик, ҳатто оила, қабила ёки уруғига теккан қарғиш сифатида қабул қиладилар. Бунинг оқибатида тушкунликка тушиб, ноумид бўладилар ва турли бўлмағур чораларни кўришга ўтадилар. Бу чоралар эса бу дунёга ҳам, охиратга ҳам бирор фойда келтирмайди, балки мусибат устига мусибат бўлишидан бошқа нарса эмас.
Мўмин-мусулмон одам эса бундай ҳолатларда ушбу ҳадиси шарифда келган таълимот асосида иш кўради. Ўзига, аҳли-аёлига, молига етган ҳар бир мусибатни гуноҳларини ювадиган омил сифатида қабул қилади. Уларни сабр ва матонат билан қарши олади. Ўзини ҳар тарафга уриб, жиззакилик қилмайди.
Мўмин ва мўминага етган ҳар бир мусибат унинг гуноҳ ва хатолари ювилишига хизмат қилади. Ўша одам вафот этганда бирорта гуноҳи қолмаган бўлади. Чунки ҳаммаси етган мусибатлар билан ювилиб бориб, вафот этганида гуноҳлардан, хатолардан покланган ҳолатда бўлади.
Шунинг учун ҳар биримиз бу ҳақиқатни яхши тушуниб етишимиз ва унга иймон-ишонч билан амал қилишимиз керак.
495. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Бир аъробий келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сенга умму милдам етганми?» дедилар.
«Умму милдам нима?» деди.
«Тери билан гўштнинг орасидаги иситма», дедилар.
«Йўқ», деди.
«Бошинг оғриганми?» дедилар.
«Бош оғриғи нима?» деди.
«Бошдаги шамоллаш. Томирларни лўқиллатиб оғритади», дедилар.
«Йўқ?» деди. У кетгач:
«Ким аҳли дўзахдан бўлган кишини кўрмоқчи бўлса, мана шунга назар солсин», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонга вақти-вақти билан касаллик, бетоблик етиб турар экан. Агар у умрида касаллик кўрмаса, боши оғримаса, иситмаси ҳам чиқмаса, бу яхшилик аломати эмас экан.
Гоҳи-гоҳида ориз бўлиб турадиган иситма, бош оғриғи каби касалликлар яхшилик аломати экан. Улардан нолимасдан, очиқ кўнгил билан кутиб олиш, уларни Аллоҳнинг раҳмати деб тушуниш керак экан.
Тез-тез такрорланадиган бундай касалликларни қандай қарши олиш кераклигини ушбу ҳадисдан ўрганиб олдик.
(Одоблар ҳазинаси китобидан)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев