Кунлардан бир куни ўрнингиздан туриб, қачонлардан бери ният қилиб юрган, қилишга ҳеч ҳам вақт топа олмаган ишга қасд қилдингиз – эрталаб бомдод вақтида таҳорат олиб, янги кийимларни кийиб, Аллоҳнинг уйига, масжид томон йўл олдингиз.
Кўча жим-жит, ҳамма уйқуда.
Сиз масжид томон кетяпсиз, кетяпсиз...
Ишониш қийин...
Тўғрими?
Масжидга кириб, бомдодни ўқидингиз. Дуодан кейин узундан-узоқ дуо қилиб, қилган гуноҳларингизга, шунча вақтдан бери ибодатсиз ўтказган умрингизга кўзда ёш билан тавба қилдингиз...
Уйга қайтяпсиз.
Юзда табассум, хурсандсиз.
Чунки тавбага улгурдингиз.
Бугундан бошлаб гуноҳ қилмасликка, ўзингизни комил инсон бўлишга ҳаракат қилган ҳолатда тасаввур этасиз. Эрталабки шабадани қаранг, юзингизга урилганда қанчалар ёқимли.
Оҳ, мазза!
Тўғрими?
Янги кунга шон-шарафлар...
Уйга қайтганда эса уйдагилар негадир нотинч, уйингиз олдида "Тез ёрдам" машинаси ҳам турибди. Қариндошларга гапиряпсиз-у, сизни янги кийимда, янги чеҳрада, шундай нурли кўринишда танишмаяпти. Хонангизга кирасиз, у ерда, сизнинг севимли каравотингизда тоғдай бўлиб бир одам ётибди. Унинг бадани шунчалар хунук қорайиб кетган, ундан шунақа қўланса ҳид келяптики, чидай олмай, бақириб юборасиз:
- "Тур ўрнингдан, аҳмоқ!"
Лекин қаеридир таниш. Яхшилаб қаранг-чи, яқинроқдан кўз ташланг-чи...
"Ахир бу мен-ку!"-дея дод соласиз...
"Эй Худо, ахир бу мен-ку!"
Сиз кечаси оламдан ўтган экансиз.
Берилган вақт, имкон тугабди. Ҳар доимгидек яна бир кунга кеч қолдингиз. Энди тавба қилишга вақт топганда-я...
Ўзингизни танидингизми?
Ахир сиз мағрур эдингиз, шунақа эмасми?
Қачон тавба қиласиз?
Қачон?!
Қачон?!
Ҳар бир нафасингизга қачон шукр қиласиз?
Балки бугун сўнгги кунингиздир...
Мусанниф Адҳам.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1