17-қисм.
— Раислигинг мен учун икки пул! Ҳозир сени сўяман! Мени ҳақорат қиладиган ҳали дунёга келмаган! — дея ўкирганча Абдураҳим ўрнидан сапчиб турди.
Ўйловдики, раис қўрқиб кетади. Орқасига тисарилиб: «Укажон, қўй шу нарсани. Тил топишиб кетамиз. Биламан, шаҳарда яшашнинг ўзи бўлмайди. Кел, шу тўрт-беш сўмли бўлиб, маза қилиб дам олиб кет», дейди. Аммо ундай бўлмади. Раис Абдураҳимнинг ёқасига чанг солди:
— Жинқарча! Итнинг боласи! Ҳали сен муштдайгина бўлиб, менга хезланадиган бўлдингми?!
Абдураҳимнинг мўйлови титради. Қўрқиб кетди. Қўлидаги пичоқни ташлаб юборди:
— Мен… мен…
У гапини охиригача айтолмади. Жаҳл отига минган Толмас Бадриддинович қулочкашлаб жағига шундай мушт туширдики, бечоранинг боши айланиб, гурсиллаб қумоқ ерга йиқилди. Шу заҳоти Саид раисга ташланди. Унинг белидан қучоқлади. Қўли зўрға етди. Гўёки ажратган киши бўлиб, ён томонига силтади. Толмас Бадриддинович мувозанатини йўқотиб, гурсиллаб йиқилди. Биқинига бир нарса ботиб, инграб юборди. Саид пайтдан фойдаланиб, бир-икки марта тепмоқчи бўлди-ю, Шокирнинг овозини эшитиб, шаштидан қайтди.
— Ў-ў! Нима бўляпти?! Тўхтанглар! — дея бақирганди у.
Саид раиснинг ўрнидан туришига кўмаклашиш ўрнига Абдураҳимнинг қўлидан ушлади.
— Ака, туринг. Раисниям кайфи борга ўхшайди. Туринг, ака! Хафа бўлманг, чизворасиз, оёғи осмондан бўп кетади!
Толмас Бадриддинович унинг гапларини эшитди. Оғриқни унутиб, сўкинди ва қаддини ростлаб, Саиднинг ҳам жағини силаб қўймоқчи бўлди. Бироқ эплай олмади. Биқинидаги оғриқ ҳаракат қилишга йўл қўймади. Ана шу пайтда Шокир етиб келди. Кўрсаки, раис чўзилиб ётибди. Абдураҳим билан Саид навбатма-навбат сўкиняпти.
— Нима қилдинглар?! — бақирди уларга Шокир.
— Ҳеч бало! Қайтанга раис Абдураҳим акани уриб ағдарди. Шокир ака, энди сиз ҳам газетга чиқасиз. Ўлдингиз, икки молнинг пулини бермасангиз, қутулмайсиз! Поччам бўлса камида битта мошин бериб қутулади. Шундаям қутула олса! — дея оғиз кўпиртирди Саид.
— Мен ҳеч нимани шу аҳволда қолдирмайман. Ҳаммангни шарманда қиламан! — дея ўкирди Абдураҳим Саиднинг гапларидан руҳланиб.
— Ҳаммасини тўғрилаймиз, Абдураҳимжон, сира хафа бўлманг. Менинг ўзим тўғрилайман, — дея ялтоқланди Шокир.
— Имм, имм! — дея ингради шу пайт Толмас Бадриддинович.
— Бир нарса бўлганга ўхшайдиёв, — деб Шокир қўлидаги ароқни ерга ташлаб, секин энгашди-да: — Раис бова, нима қилди? — деб сўради.
Раис жавоб бермади, бунинг ўрнига биқинига санчилиб турган пичоқни суғуриб олди.
— Толмас Бадриддинович, — дея Шокир энгашиб, раисни турғазиш ниятида белидан қучоқламоқчи бўлганида, қўли ҳўл нарсага тегди-ю, чўчиб тушди.
Қўлига қараса, қон. Бирдан юраги шув этди.
— Нима қилдинглар?! — деди улфатларига қараб, оёғи дағ-дағ қалтираркан.
— Нима қипмиз? Мен ажратдим, ўзи гавдасини бошқаролмай, ағнаб тушди. Шунинг учун айбдор бўламизми? — деди Саид хотиржам.
— Эртага милисагаям шундай деб тушунтирасан. «Маладес, боплабсан, камига пичоқни қўлингга олиб, бир-икки марта тиқиб олмабсан!» дейди. Нимагаям сенларни чақирдим?! — деди жаҳл билан Шокир.
— Ака, билиб қўйинг, бу ерда бир кишимасмиз, учтамиз. Бир гап бўлса, учовимиз ҳам жавоб берамиз.
Абдураҳим одати бўйича дарров четга чиққан, воқеани четдан кузатмоқда эди. Бу услуби унга кўп жойларда фойда келтирган. Яъни у жанжални бошлаб қўярди-ю, бошқача айтганда, жанжалнинг хамиртуруши бўлса-да, ўзи четга чиқар, бошқалар жиққамушт бўлиб, бир-бирининг оғзи-бурнини қонатиб, айбдору гуноҳкорга айланганида, у қўй оғзидан чўп олмаган одамга айланарди. Кейин дўст-ёрларини (ўзи дўст-ёри борми? Йўғов. Менимча, ёшлигида бўлган. Улар ҳам дўстликдан нари, шунчаки тенгқурлари эди) ота-оналари уни намуна қилиб кўрсатишарди: «Ана, фалончига қара, сўфидай». Ишхонада кўриниши бошқачароқ эди. Энг сермаҳсул ходим билан уч-тўрт кун ўртоқ бўлиб юрар, кейин унинг кўп ва хўп ёзаётгани, аммо меҳнатига яраша ҳақ тўлашмаётганини, муҳаррирнинг гирибонидан олиш кераклигини шундай устомонлик билан тушунтирардики, беш дақиқа ўтар-ўтмас, ўша ходим билан муҳаррир ўртасида яхшигина сўз жанги содир бўларди.
Бундан Абдураҳим завқ олар ва ўша сермаҳсуллик ўзига кўчиб ўтарди. Аммо бугун аҳвол чатоқ бўлиб қолди. Қараса, анави икковига қўшилиб, терговчининг қаршисида сарғаядиганга ўхшайди.
— Саид, сал қалтисроқ йиқитиб қўйганга ўхшайсизов… — деди ҳозирданоқ ўзини ҳимоялаб.
— Шундай қилмаганимда, поччамнинг ўрнида сиз инграб ётган бўлардингиз, — жавоб берди унга Саид. — Энди менинг гапимни яхшилаб эшитинглар.
Атрофдагилар бараварига унга қарашди. Ҳар иккови ҳам Саид муаммони осонлик билан ечадигандай, унга термилишди. Зулматда уларнинг қорайган шакли билан ёниб турган кўзларигина кўринарди.
— Энг тўғри йўл, — давом этди Саид бир муддат жимликдан сўнг, — раисни бутунлай йўқ қилиш. Кейин туя кўрдингми, йўқ!
— Ним-ма?! — деди жон-пони чиқиб кетган Шокир. — Ўйлаб гапиряпсанми?!
— Ўйнаб гапиряпман, тушундингизми, ўйнаб?! Гарантия бериб айтаман, буни бир гўрга йўқ қилмасак, эртагаёқ темир панжара ортида бўламиз. Учовимизам!
— Мен унга ҳеч нима қилмадим! — деди Абдураҳим.
— Лекин жанжални бошлаб бердинг-ку, мўйлов, гўрсўхта!.. Пичоқни ким биринчи қўлига олди? Сен! Раис йиқилган жойга ким пичоқ ташлади? Сен! Хўш, яна гапинг борми?!
Абдураҳимнинг дами ичига тушиб, кўз олди қоронғилашиб кетди. У қулт этиб ютинди.
— Унда менинг нима айбим бор? Жанжал бўлаётган пайтда мен йўқ эдим. Ким раисни йиқитди, ким пичоқни ташлади, кўрмадим, — деди Шокир ўзининг айбсизлигидан бироз тетиклашиб.
— Шунақами? Билмабмиз-да… Дайравотга ким бошлаб келди? Сиз эмасми, Шокир ака? Бизни ким ичирди? Жанжал бўлиши муқаррарлигини билиб, ароқ опкелиш баҳонасида, а!.. Кейин боя ўтирганимизда, «Ишни бошладим, бу ёғи пичоғим мой устида бўлади», деб ғўдайган ким эди?! Шундай экан, ҳурматли Шокир ака, биз билан биргасиз.
Шокир сочини ғижимлаб, секин ўтирди. Унинг кўз ўнгида тоғасининг пуллари намоён бўлди. Ахир у ферма мудири бўлиш учун озмунча маблағ сарфладими? Энди шу пулларни қайтариб олмай туриб, панжара ортига кетаверадими? Бунақаси кетмайди. Саиднинг гапида жон бор. Раисни йўқотиш керак.
— Нима қиламиз? — деди у довдираб.
— Нима қилардик? Балиқлар оч экан, берамиз, маза қилишади. Ҳар доим бу одам балиқларни **** келган, энди бир балиқлар ҳам маза қилишсин.
Толмас Бадриддинович шу пайтгача индамай, уларнинг гапларини эшитди. Қараса, аҳвол чатоқ. Ҳақиқатан ҳам, бу мияси чириганлар кўлнинг ўртасига олиб бориб ташлашдан ҳам тойишмайди.
— Бўлмайди, — деди у ётган жойида.
— Ҳи-и, сизга бўлмайди, поччагинам, лекин бизга роса мос тушади, — деди Саид.
— Сизларга бўлмайди деяпман, овсар! Биринчидан, мен ўлганимча йўқ. Кейин сизлардан олдин неча марталаб улфатчилик қилганман. Бизда бундан баттариям бўлган, тушундингларми?! Пичоқ сал тирнаб кетди, шунга ҳаммангнинг юрагинг тушиб қолдими?
— Почча, нималар деяпсиз? Мен ўтириб чиққанман. Унча-мунчадан қўрқадиганлардан эмасман.
— Тўғри, шунинг учун сенга доим тан бериб келганман. Лекин анави иккови бутунлай тамом бўлишди, — дея Толмас Бадриддинович инқиллаб-синқиллаб ўрнидан турди-да, икки-уч марта чуқур-чуқур нафас олиб, Абдураҳим томонга бурилди: — Сен яқинда уйландинг-а? Хотинингни чўлдан опкелдинг. Опкелишингга ўзим иккита машина берганман. Оти Зулфизар. Ҳа-а, эсимда қолган экан. Кўзи қисиққина, думалоққина. Қорачадан келган. Буларнинг бари нимадан далолат, биласанми?
Абдураҳимнинг нафас олиши тезлашди. Ҳар-ҳар замон мўйлови ҳам учиб қўя бошлади.
— Нимага жимсан? — сўради раис газни босиб.
— Хотинимнинг нима алоқаси бор?
— Ҳе-е, алоқаси бўлганда қандоқ! Сен панжаранинг ортида бўласан. Камида ўн йил. Бу ёқда ёшгина хотинчанг қараб ўтирадими? Бунинг устига, уям кўча кўрган. Институтда ўқиган экан… Лекин сен хафа бўлма, сенга вафодор бўлиши ҳам мумкин. Аммо бу колхозда ҳали уйланмаган, уйлансаям, хотинидан қониқмайдиганлар тиқилиб ётибди. Биттаси бўлмаса, биттаси йўлдан уриб қўядими, деб одам қўрқади-да…
— Нималар деяпсиз? Менинг хотиним, керак бўлса, минг йил кутади.
— Ҳа-а, биламан. Илойим, шундай бўлсин. Лекин сен турмадан чиқмай туриб, бир-икки марта қўзилаб қолса, гуноҳ сенда бўлади, — деб Толмас Бадриддинович Шокир томонга ўгирилди:
— Сени пишиққина, пухтагина бола деб ўйлагандим. Хол қўйиб қўйдинг-ку, ука!— Раис бова, мен ароққа кетиб, билмай қопман-да. Билганимда, дарров олдини олган бўлардим. Ҳозир сен ол, мен ол, қилиб ўтирган бўлардик…
— Опкелдингми ароқ?
— Опкелдим.
— Қуймайсанми унда! Бор кайфниям йўқ қилдиларинг! — деб Толмас Бадриддинович Саидга ўгирилди.
Шокир дарров ишга киришди, раис эса қайнисини нишонга олди:
— Буларнинг ичида, барибир, энг зўри ўзингсан. Ҳеч нимадан қўрқмайсан. Чунки йўқотадиган нарсангнинг ўзи йўқ-да. Шунинг учун сени доим ўзим билан бирга олиб юраман, деб ният қилиб қўювдим. Сен бўлсанг, мирзақуруқ қасанғига қўшилиб юрибсан.
— Почча, — деди Саид янада тетиклашиб, — шу сафар шунақа бўп қолди-да. Шу ёнингизга олишниям чўзиб юбордингиз-да…
— Тисс, орамизда Абдураҳим бор! Яна булар қариндош-уруғчилик қиляпти, деб чизвормасин. Ўтир ёнимга. Абдураҳим, сен ҳам ўтир, сен ҳам шу ернинг боласисан. Сассиқ деб, бурнимизни кесармидик? Партия ва ҳукуматимиз олдида, қолаверса, коммунистик виждоним билан айтаманки, Абдураҳим келажакда етук фарзанд бўлиб етишади. Шунинг учун ичамиз.
Раис гапириб бўлгунча Шокир пиёлаларга ароқ тўлдириб бўлганди. Ҳамма бирдан улушини қўлига олди. Бир кўтаришда пиёлани оқ қилишди. Гарчи биқинида чимиллаган оғриқ бўлса-да, раис мийиғида кулиб қўйишдан ўзини тийиб туролмади.
— Энди, укалар, бу ерда ўтирмайлик, салқин тушиб қолди. Ундан кейин ўтирган жойимиз зах, яна хотинларимиз устимиздан шикоят қип қолишмасин.
Даврада енгил кулги кўтарилди.
— Саид, қўлимдан ушла. Йиқитдинг, энди турғизиб қўй-да, ярамас! — деди Толмас Бадриддинович.
— Хўп бўлади, — деб Саид ўрнидан дик этиб турди.
Улар уйча томон кетишди. Йўл-йўлакай, ўзини суяб кетаётган қайнисига: «Сен иккинчи бу муттаҳамлар билан ош-қатиқ бўлиб юрма! Даражанг баланд», дея шивирлаб қўйди. Саид гупиллаб кетди. Зеро, поччаси уни улуғлаётган эди-да.
Уйчада, ёруғ жойда кўришсаки, Толмас Бадриддиновичнинг жароҳати хийла жиддий. Кўл бўйидаги бақир-чақирни эшитган, аммо қўрққанлиги боис бормаган балиқбоқар Жўра ака тезда тоза латта топиб, ярани ароқ билан ювиб, боғлаб қўйди.
Ичкилик зўр бўлди. Фақат Толмас Бадриддинович ичмади. «Қон босимим тушиб кетади», деди. Бирор икки соат маишатчилар бутунлай ўчиб қолгунча ўтирди. Кейин кетди. Машинани ўзи ҳайдамади. Шофёрни турткилаб, уйғотди. Бисотидаги «ширин» гаплар билан сийлади.
Уйда одам бор экан. Дарвоза тарақлади, эшик ғийқиллаб очилди, аммо ҳеч ким уйғонмади. «Буларнинг орқасини кесиб кетишса ҳам, сезмайди», дея минғирлаб қўйди Толмас Бадриддинович остонадаги оёқ кийимларни кўрганидан кейин.
Шу куни раис ухламади. Тонг отгунча ўйлади. Колхозда обрўси тушиб бораётгани, уни менсимайдиганлар пайдо бўла бошлаганини англади ва бу нимадан келиб чиққани ҳақида бош қотирди. Топди…
Энди, ҳурматли ўқувчи, бироз чекиниш қиламиз. Бундан роппа-роса олти ой муқаддам, Толмас Бадриддинович уйида йиғин қилганди. Тўғрироғи, район амалдорларидан бир-иккитасини чақириб, ҳақ берганди. Ўшанда Ҳайбатулло ҳам бор эди. Аслида, унинг борлиги аҳамиятсиз, бироқ шу куни у ўзини бутунлай бошқача тутди. Насима билан бир-икки марта берилиб суҳбатлашаётганини кўрди. Рашки келиб, ғазабланди, лекин ўзини бошқара олди. Кейин ўзини койиди. «Қариган чоғингда хотинингни қизғаняпсанми? Яна келиб-келиб сўхтаси совуқ, бадбашара, заводдан чиққан одамдан-а!» деди ўзига ўзи. Аммо шу воқеадан сўнг Насима ўзгариб қолди ва нега ўзгарганини Толмас Бадриддинович энди тушунгандай бўляпти. Шу пайтгача хаёлига келмаган экан. У алам билан лабини тишлади-да, ўрнидан турди. Сигарет чекиб, ҳовлига чиқди. Шу бўйи уйига кирмай, тонг оттирди.
* * *
Раис идорага борса, секретарь оёғи куйган товуқдай типирчилаб юрибди.
— Райкомга тез бораркансиз, областдан махсус комиссия келибди! Агрономниям опкелсин, дейишди, — деди у Толмас Бадриддиновични кўриши билан ҳовлиқиб.
Раис унга ижирғаниб қаради. «Шуям энди одам-да» дея кўнглидан ўтказди. Кейин бир баҳона топиб, тишлаб олмоқчи бўлди-ю, ўша баҳона ўлгурни топмади. Изига қайтиб, машинага минди.
— Ҳайда, — деди Элёрга энсасини қотириб.
«Иккинчи марта дағаллашди.
Арпасини хом ўрдимми?» кўнглидан ўтказди Элёр.
— Гараж ёнида тўхтаб, югуриб бориб, янги бола — Маъруф бор-ку, ўшани чақириб келасан.
Унинг гап оҳангида яна қандайдир ғазаб бордай эди. Биринчи марта шунақанги муомалага дуч келаётган Элёр довдиради. Унинг ҳатто «хўп» дейишга-да кучи етмади. Қизарди ҳамда раиснинг жаҳлини баттар чиқармаслик мақсадида газни секин босди.
— Оёғингга хина қўйганмисан?! — бақириб юборди шу заҳоти Толмас Бадриддинович.
Элёр чўчиб тушди-да, кўзгу орқали орқа ўриндиққа тезда кўз ташлаб:
— Ҳалиги, машина… — деди-ю, қолган гапи оғзида қолди.
— Ҳалиги-палигини йиғиштир! Одамга ўхшаб ҳайда!
Бирдан тезликни оширган Элёр машинани трактор парки ёнида шунақанги қаттиқ тормоз бериб тўхтатдики, Толмас Бадриддинович олдинги ўриндиққа ёпишиб қолаёзди. Жароҳати чимиллаб азоб берди, афти бужмайди. Ўзини ўнглаб, ғазаби жўшганча қовунчини обдан сўкмоқчи бўлди-ю, улгурмади. Машинадан сакраб тушган Элёр олди-орқасига қарамай, дарвоза томонга югуриб кетаётганди. Толмас Бадриддинович сўкмади, аксинча, кулди.
— Яхшиям, бу қуёнюракка қизимнинг тегмагани. Худо кўрсатмасин, рози бўлганида, нима бўларди? — деди ўзига ўзи.
Элёр билан Маъруф олдинма-кейин паркдан шошиб чиқишди.
Маъруф машинага минишга тараддудланди. У раис буйруқни беради-ю, жўнайди деб ўйлаган эди.
— Нега турибсан, аммамнинг бузоғига ўхшаб?! Чиқ! — дея уни ҳам Толмас Бадриддинович жеркиб берди.
Аммо Маъруф унинг жеркишига пинагини ҳам бузмади. Раис ичида тин олди. «Отасининг ўзи унча-мунча нарсадан қўрқмайди» кўнглидан ўтказди Толмас Бадриддинович.
Йиғилиш тушгача чўзилди. Областдан келганларнинг ичи гапга тўлиб кетган, шекилли, эринмасдан гапиришди. «Ҳаммаси сариқ чақага қиммат, кошкийди, айтганларингнинг бирортаси бизга тўғри келса. Москвада илмий анжуманда Петров деганлари пахта ҳосилини яна беш центнерга оширишни илмий асослаб берганмиш. Падар лаънати ўша Петров пахта оралаганмикан?! Онангни эмгурлар, Москва нима деса, шундоқ экан, деб вайсайверасанларми?! Ҳе, валакисаланглар!» хаёлидан ўтказди Толмас Бадриддинович ва уйқусираган кўйи Маъруфга қаради. У тинмай нималарнидир ёзарди. «Яхши одат, бир нималарни қитирлатиб ёзиб турсанг, уйқунг қочади. Бу бола бўладиганга ўхшайди» кўнглидан ўтказди раис.
Йиғилиш тугади. Тепадагиларнинг кетишини интизорлик билан кутган залдагилар подадай ўзларини эшикка уришди. Ораларида «Ҳақиқат бор экан-ку, бўғилиб кетдим», дегувчилар ҳам бор эди.
Биргина Маъруф ўзини талотўпга урмади. Мажлис қатнашчиларининг чиқиб кетишини кутди.
У «Виллис» ёнига борганида, Толмас Бадриддинович пешонасидан оқаётган реза-реза терни уч кунлик дастрўмолча билан артаркан, ўпка дориси тутунини ютоқиб-ютоқиб ютарди. У Маъруфни кўриб, иржайди. Ёнига келгач, елкасига қоқди.
— Одам бўласан, одам… Бугун хурсанд қилдинг. Кайфиятнинг абжағи чиққанди. Лекин сен кўтардинг, эвазига ҳақ бераман. Бир шашликхўрлик қиламиз кўк чой билан, — деди.
Маъруф ҳеч балога тушунмади. Зеро, у раисни хурсанд этадиган нима иш қилганини билолмаётганди. Лекин иккисининг бирга тушлик қилишига бошқа колхоздан келган иккита раис халақит берди.
Улар Маъруф билан Толмас Бадриддинович турган жойга келганларидан сўнг новчаси шундай деди:
— Толмас ака, сира думингизни тутқизмайдиган бўп кетдингиз, — деди ёнига келиб. — Ака-ука бўлганимизга минг йил бўп кетди. Охирги марта ўтирганимизга юз йил бўлдиёв.
— Бўлмаса, уч юз минг йил умр кўрарканмиз-да, Эшимбой. Сал инсофли бўлинг, одамни чарчатманг, — деди бунга жавобан Толмас Бадриддинович.
— Ака, инсоф деганлари сиз билан мендан кейин туғилган, — дея учинчи раис хохолаб кулди.
Уч колхоз бошлиғи битта машинага ўтирди. Қолган икки ҳайдовчига «Ортимиздан борасизлар», дейишди. Шу орада ҳамкасбларига Толмас ака Маъруфни таништирди:
— Бўладиган кадр, сизлар агрономларингга жавоб бериб юборибсизлар, лекин меники боради. Чой-пой ташийдиган одам ҳам керак-ку.
Эътироз бўлмади. Раис деган унвонли Эшимбой ва думалоққина Маҳмуд бараварига «маъқул» дейишди. Шу билан Маъруфга бошдан-оёқ қараб олишди.
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев