14-қисм.
Ҳатто отаси тушган машина томонга қараб ҳам қўймади. Ҳайбатуллонинг кўнгли хотиржам тортди ва шу заҳоти тўхтади-ю, бошига бир муштлаб, ортига ўгирилди-да, қўлини кўтариб:
— Тўхта! Тўхта! — дея бақирди.
Элёр машинани буриб олишга улгурмаган эди. Ҳайрон бўлиб, машинани тўхтатди. Секин ерга тушди-да, Ҳайбатулло томон юрди.
— Миқ этмай турганига мутлақо эсимдан чиқибди-ку! — дея бақирди бош агроном турган жойида.
Элёрнинг ичига шодлик кирди. Қиз уйига кириб кетмасидан уни яқинроқдан кўриб қолиш мақсадида қадамини тезлатди.
— Тинчликми, Ҳайбатулло ака? — деди ҳовлида у-бу юмушни қилиб юрган қизнинг эътиборини тортиш мақсадида атай юмшоқроқ оҳангда.
— Эй-й, йўл бўйи ўйлаб келганимни бир пул қилдинг-а. Уйга кир, гап бор.
Унинг гапи йигитга мойдай ёқиб тушди. Ҳайбатулло ортига ўгирилганидан фойдаланиб, эндигина қўлига супурги олган қизга яхшилаб қараб олди. Бирдан юраги ҳаприқиб кетди. Чунки Наргиза супургини олиб, қаддини ростлаб, ўзгача қизиқиш билан унга кўз ташлаган эди-да.
— Наргиз, қизим, дарров битта чой дамлаб кир ичкарига, — дея буйруқ берди Ҳайбатулло юриш асносида.
«Худога нолам етди. Нима қилиб бўлсаям, Наргиза билан кўз уриштираман. Ўзимни унга бефарқ эмаслигимни билдириб қўяман. Кейин… кейин бир гап бўлар» дея кўнглидан ўтказди йигит.
Улар бирин-кетин уйга киришди. Ҳайбатулло кийимларини алмаштириш учун бошқа хонага кириб кетди. Ним қоронғи хонада қолган Элёрнинг иккала кўзи эшикда эди. «Ишқилиб, отаси келгунича қизи кирсин, яхшилаб жамолига тўяйин» деган умид билан ўтирарди у.
Кўнглидагидай бўлди. Наргиза қўлида дастурхон билан кирди, салом берди. Овози бирам майин, бирам ёқимли эдики, йигитнинг ҳуши бошидан учаёзди.
— Сиз… — деди у қизнинг тезда чиқиб кетишидан ҳайиқиб, — Ҳайбатулло аканинг қизимисиз?
Қиз бирдан унга қаради. Бунақанги саволни кутмаган, шекилли, ҳайрон бўлди ва оҳистагина:
— Ҳи-и… — деб қўйди.
— Яхши, акангизни танирдим, лекин сизни сира кўрмаган эканман… Менинг отим Элёр, раиснинг шофёри бўламан. Бугун бош агроном билан юрдим. Отангиз одамни зериктирмайдиган одам-да… — дея ўз-ўзидан иржайди Элёр.
Дастурхон ёзгач, Наргиза чиқиб кетди. Ундан хонада хушбўй атир ҳиди қолган эди. Бу ҳидни Ҳайбатулло кириб, ўзининг тер иси билан бузди:
— Нега чироқни ёқмадинг? Эй-й, ўз уйингдай бемалол чироқ-пироқни ёқиб ўтирмайсанми? — деди у ва Элёрнинг рўпарасига, дастурхоннинг нариги томонига ўтирди ҳамда иккита ёстиқни қўлтиғига олиб, ёнбошлади-да, чуқур нафас олди.
— Кулбамиз мана шу. Илгари келмагансан, менимча, — дея меҳмонига қаради.
Элёрни ички ҳаяжон тарк этмаганди. Бу эса Ҳайбатулло учун айни муддао эди. Ахир у атайин кийимларини секин алмаштирди. Қизини кирсин, Элёр кўрсин, ана ундан кейин гапга кириши осон бўлади, деди. Мана, кўриниб турибдики, йигит қурғур бир аҳволда ўтирибди. Демак, секин мақсадга кўчаверса ҳам бўлади.
— Менимча, — деди у томоғини қириб олиб, — бу анави жинқарча сизларнинг қишлоқларингдан ўтиб, кейин уйига келади.
— Ким?
— Ким бўларди, Маъруф-да. Ҳалиги келишганимиздай, шу кичкинагина жанжал чиқарсак, попугини пасайтириб қўйган бўлардик-да.
— У ёғидан хавотир олманг, қишлоқ бўлмаса, бошқа жой…
— Йў-ў-ў-қ, бошқа жой бўлмайди! Қишлоқларингнинг киндигида магазин бор. Ҳар куни тўрт-бештаси ичиб ўтиради. Биламан, улар Маъруфни яхши танимайди. Жўраларингдан бирортасига
айтсанг, баҳона топиб, тегишади. Маъруф қизиққон, қарабсанки, кимнингдир кўзи кўкариб турибди-да… Кейин у ёғини идорада ўзимиз кўраверамиз.
— Худди айтганингиздай қиламан. Ўзи шу бола менгаям ёқмайди.
— Ҳали яна бир-иккита режаларим ҳам бор. Сени кам қилмаслик ҳақида… Бўпти, сен ўтириб тур, мен ертўлага кириб чиқай, ўтган йили Сочига борганимда, зўр ароқ опкелганман. Уни сенга ўхшаганлар билан ичмасам, ким билан ичаман?
Ҳайбатулло ҳиринглади ва қийналиб ўрнидан туришга ҳаракат қилди.
— Керакмас, мен ичмайман. Раис бирор жойга борамиз, деб қолса, аҳвол чатоқ бўлади.
— Шу палла раиснинг ёнида нима бор? У аллақачон инига кириб кетди. Кун ботяпти, идорадаям зоғ қолмаган бўлса керак.
У Элёрнинг норозилигига қарамай, уйдан чиқиб кетди. Атайин шундай қилди, токи қизи чой олиб кирсин. Ёшлар бир-бирини яхшилаб кўриб олсин. Элёрда ўзига нисбатан янада иссиқлик пайдо бўлсин, ана ундан кейин қайтиб келади. Элёр ичмаса, ичмабди. Ўзи бир-икки қултум ютади. Бугунги ишлардан кейин озгина ичса, ёмон бўлмайди.
Элёр яна умид билан қизни кутди. Буни қарангки, атай қилгандай, у отаси кетиши билан кирди.
— Сиз бу йил мактабни битирдингизми? — сўради йигит шошиб.
— Нимайди?.. — дея секин дастурхон устига чойнакни қўйди Наргиза.
— Менинг синглим бор. У бу йил ўқишга кираман деб, роса тўполон қилди-да. Кейин яна бир-иккитасидан эшитдим, шу йил битирганларнинг кўпчилиги жанжал қилишни яхши кўрадиган қизлар экан.
— Тўғри айтишибди. Мен ҳам бетинг-кўзинг демайдиганлар хилиданман. Айниқса, бегона, бетайин шилқимлар бирор нима деб қолса, аямайман.
— Лекин сизни кўрган одам бундай деб ўйламайди.
— Кўринишим ёлғончи. Отамни биласиз-ку, тўғрими? Мен отамдан ҳам ўтиб тушаман. Ўзи ҳозир бемаза болалар кўпайиб кетди-да. Битта қизни кўрса бўлди, оғзидан суви оқиб, ҳиринг-ҳирингга ўтади.
— Аммо мен унақамасман.
— Менимча, айнан шунақа лўттивозларга ўхшайсиз.
— Қойил, бир оғиз гапирдимми-йўқми, ким-кимларга ўхшатиб ташладингиз. Лекин айтиб қўяй, отангиз жуда яхши одам. Колхоздаям обрўси баланд.
Қиз жилмайди. Жилмайиши мафтункор, одамни асир қилиб олиш даражасида ёқимли эди.
— Раҳмат, — деди Наргиза ва бир-бир қадам босганча чиқиб кетди.
* * *
— Бу ерда алламаҳалда сен нима қип турибсан? — сўради Маъруф ҳайрон бўлиб.
— Мен… ҳалиги мушукчам бор-ку, шу қочиб кетди. Оқшом бирорта ит тутиб олиб, ўлдириб қўймасин дедим-да… Шу ёққа қочди. Помидорлар орасига кириб кетди. Кейин мен тополмай қолдим. Энди нима қиламан, деб тургандим.
— Мушукчангни излаяпсанми?..
— Ҳа, мушукчамни.
— Демак, помидорлар орасига кириб кетган…
— Ҳа.
— Ярим оқшомда-я?..
— Устимдан куляпсизми? — деди Наргиза.
У титраб кетди. «Шарманда бўлдинг. Сенга шу керакмиди? Келиб-келиб, оилангни сариқ чақага олмайдиган, керак бўлса, жирканадиган одамни ярим кечаси, ҳеч қурса, бир марта кўриш иштиёқида келишга бало бормиди? Мана энди мулзам бўлиб турибсан. Ҳозир шундай мазах қиладики, туғилганингга пушаймон ейсан» дея ичида ўз-ўзидан нафратланди.
— Кулмаяпман, — деди Маъруф маълум вақтдан кейин жиддий тортиб, — уришяпман. Ўрнингда синглим Маҳлиё бўлганида борми, ҳеч иккиланмай, юзига шапалоқ тортган бўлардим. Нима бўлгандаям, бу маҳалда помидор орасида пишириб қўйгани йўқ. Менинг ўрнимда бошқа биров кўриб қолганида, нима хаёлга борарди?
Йигитнинг гаплари Наргизанинг чиройини очди. Ичида шундай шодлик пайдо бўлдики, сал қурса, Маъруфни қучоқлаб, юзидан ўпиб олай деди. Ахир у куюняпти. Ҳа, Наргизанинг кечаси юргани уни ташвишга солди. Демак, бефарқ эмас, атайин қизнинг жиғига тегиш учун ўзини олиб қочиб, қўрслик қилди.
— Мени биров кўрмайди, — деди қиз шодон овозда, — кўролмайдиям.
— Нега энди? Мен кўрдим-ку.
— Сиз булгансиз. Сезгансиз. Шунинг учун адашмасдан тўғри келдингиз.
— Шунча билимдонлигингни билмаган эканман. Майли, бугун индамайман. Кайфиятим яхши. Нима учунлигини биласанми?
— Билмайман.
— Мен ҳам билмайман.
— Тавба қилдим. Кайфияти яхши экан-у, лекин негалигини билмаскан, — дея Наргиза қиқирлаб кулиб юборди.
— Жим… — деди йигит шивирлаб. — Эсинг жойидами?.. Уйдагиларнинг биронтаси эшитиб қолиши мумкин.
— Қўрқасизми?
— Энди жа қўрқмайман-у, ҳар қалай, сен билан ярим кечаси гаплашиб турганимни кўрмаганлари маъқул.
— Биринчидан, ярим кечасимас. Иккинчидан, шундай дейишингизнинг ўзи қўрқаётганингизни билдириб турибди.
— Бўлди! Индамасам, Маҳлиёдан ҳам ўтган маҳмадона бўп кетяпсан.
— Дугонам-да у. Гаплашиб юравериб, бир-биримизга ўхшаб қолганмиз.
— Шошма, ади десам, бади деяверма. Нима қип юрибсан бу ерда?
— Мушугим…
— Бўлди, эртагингни эшитдим. Лекин, чиндан, нима қип юрибсан, шуни менга айт?..
Наргиза бошини эгди. Хўрсинди ва бир муддат сукут сақлаб турди-да:
— Ўзингиз билмайсизми? — деди паст овозда.
Шу пайт Маъруфнинг хаёли бузилди. Ахир айни муддао-ку. Ҳозир ҳар нарса қўлидан келади.
Демак, бемалол қизнинг отасини ер билан битта қилиб, сўнг устидан кулиши мумкин. Қиз эътироз билдирмайди. Қайтанга шундай бўлишини унинг ўзи хоҳлаб турибди.
У бир қадам босиб, қизга янада яқин келди. Энди йигитга Наргизанинг нафаси эшитилиб турар, унинг ҳаяжонланаётганини идрок этарди. Ўзининг-да юраги алланималарни ҳис этиб, безовта ура бошлади.
— Сиз, — деди Наргиза қалтираб, — отамни кечиринг…
Маъруфнинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди. Унинг кўз ўнгида Ҳайбатулло пайдо бўлди. Қисиқкўз, бужмайган сап-сариқ башара. Кейин унинг ўзига ўхшаган ёқимсиз гаплари…
— Шунинг учун келганмидинг?! — деди йигит дағал овозда.
—…
Қиз ортига тисарилди ва шу заҳоти кўзида ёш пайдо бўлди. Ой тўлин эди. Ҳамма ёқ сутдек ёруғ. Ўша ёруғликда қизнинг кўзидаги ёш йилтиллаб кетди. Ана шу йилтиллаш Маъруфнинг қаҳр-ғазабини ҳам, ёввойи туйғуларини ҳам парчалаб ташлади. У ювош тортди. Секингина помидор пояси пуштига ўтирди-да, бошини кафтлари орасига олди. Наргиза оҳиста юзидаги ёшни артди. Бир муддат йигитга термилиб қолди, сўнг унинг ёнгинасига ўтирди. Жасорати устун келиб, Маъруфнинг елкасига бошини қўйди.
— Сенга буларнинг бари нега керак? — деди Маъруф бир муддат жимликдан сўнг.
— Билмайман… Балки, оилаларимиз ярашишини истарман. Отамнинг айтишига қараганда, юз йиллар аввал биз бир оила бўлган эканмиз. Аниқроғи, ота-боболаримиз.
— Яна нималарни айтган отанг?
— Айтишича, отамнинг бобоси қайсидир дашт жойдан кўчиб келган экан. Кейин шу ернинг бойлари қўлида азбаройи қорнини тўйғазиш учун ишлаган, бой жуда қаттиқ азоб берган экан…
— Наҳотки? Шунақамикан? Менимча, сал бошқачароқ бўлган бўлса керак. Бир бечорани очликдан қутқариб, маълум вақтдан сўнг уйлантириб, яна тўла оёққа туриб кетишига ёрдам бериш азоблаш бўлса, мен ҳам жон-жон деб азобланган бўлардим…
— Маъруф ака, мен эшитганимни айтдим.
— Тўғри, алалоқибат ўша нон-туз берган одамларини инқилобчиларга сотишган. Кейин бобом бечорани қулоқ қилишган. Бундан фойдаланган батрак хўжайинининг уйида қозон борми, гилам борми — ҳамма-ҳаммасини ўзиникига ташиб кетган. Яна… буниси энг даҳшатлиси, хўжайинининг қизининг номусини топтамоқчи бўлган!
Наргиза бирдан бошини кўтарди ва ҳайрат тўла нигоҳини Маъруфга қадади.
— Буларни отанг айтмайди. Балки, билмас, отаси гапириб бермагандир. Қандай гапирсин? — давом этди Маъруф.
— Демак, сизнинг, отангизнинг оиламизда қасди бор экан-да.
— Йўқ. Ким-кимлардан қолган эски нарсани ўйлаб, эслаб, ғавғо чиқаришдан кимга фойда? Мени ҳозирги кун қизиқтиради. Отанг… Отанг билан тенглашмайман.
Наргизанинг юзида табассум пайдо бўлди.
— Раҳмат сизга. Сиз, барибир, бошқачасиз.
— Энди уйингга бориб, ётиб ухла. Мен сени кўрмаганман, гаплашмаганман. Маҳлиёгаям ҳеч нарса дема. Ўзинг уялиб қоласан.
— Хўп бўлади. Сизнинг ҳар битта гапингиз мен учун қонун. Лекин сира кетгим келмаяпти.
— Қизиқсан-ку, мен қайтанга сени қўйиб юбормаслигим керак.
— Бир сафар алмашдик-да. Кейинги сафар «Қол», десангиз ҳам, кетиб қоламан.
— Бўпти, бор энди.
Қиз кетди. Аммо беш-олти қадам босар-босмас тўхтаб, ортига ўгирилди.
— Маъруф ака, — деди паст овозда.
Йигит уни кузатиб турганди. Тўхтаб ўгирилганига ҳайрон бўлди. Кейин узоқ масофадан гаплашаётганликларини биров эшитиб қолмасин, деган хаёлда унинг ёнига борди.
— Нима дейсан? — дея қизга термилди.
— Нимагадир чигирткалар сайрамаяпти-я?..
Маъруф атрофга аланглади. Қулоғини динг қилди. Дарҳақиқат, чигирткалар сайрамаётганди. Одатда, бундай пайтда уларнинг овози ўчмасди.
— Тўғри. Ҳамма ёқ сутдай ёруғ бўлсаям, ваҳимали. Шуларниям сайраб тургани яхши экан. Мен сени кузатиб қўяман.
— Ўзим кетавераман. Уйдагилар сиз билан бирга кўриб қолишмасин.
— Шу ергача мардлик қилиб келгандинг-ку. Бирдан қўрқиб қолдингми?
— Билмадим, келаётганимда, ҳеч нимани ўйламагандим, — жавоб берди қиз.
— Майли, унда шу ердан қараб тураман, кетавер.
— Хўп, — деди қиз итоаткорлик билан ва секин юриб кетди.
Маъруфнинг юраги безовта бўла бошлади. Назарида, кимдир уларни кузатиб тургандай эди. Аввал уйи томондан хавотирланди. Синглиси, онаси кўрган бўлса, майли-ку, лекин отасининг кўзи тушган бўлса, аҳвол чатоқ. Сўкади.
Эҳтимол, бир-икки шапалоқ уриши ҳам мумкин. Аслида, сўкиш, уришишдан кўра, унинг бир-икки шапалоғи афзал. Чунки юзи бир қизийди. Шу билан ўтиб кетади. Аммо уришса, Маъруф анчагача ўзига келолмай юради.
У нигоҳини Наргиза томонга қаратди. Қиз анча олислаб қолганди. Маъруф «Бўлди, кетди» дея кўнглидан ўтказиши билан кўзи қандайдир шарпага тушди. У танаси қучоққа сиғмайдиган тут ёнида эди. «Ҳозир Наргиза уни кўриб, қўрққанидан бақириб юборади» деб ўйлаганди йигит. Аммо Наргиза шарпани кўрмади. Бошини хам қилганча ўтиб кетди ёнгинасидан. «Кўзимга кўринди, шекилли» дея кўнглидан ўтказган Маъруф шарпадан нигоҳини узмаган кўйи секин ўтирди. Шунда шарпа қимирлади ва Наргизанинг ортидан тушди. Маъруфнинг юраги безовталанди.
Ҳайбатулло ўзига яраша зийрак эди. Ўзи дунёни бузгудек хуррак тортса, уйғонмасди. Кейин хотиржам кунлари орқасини биров кесиб кетса, сезмайдиган даражада қотиб ухларди. Аммо безовта бўлган куни унинг уйқусида ҳаловат йўқоларди. Бугун ҳам шундай бўлди. Чунки қизининг кундузи Маъруф билан учрашганини ўз кўзи билан кўрган эди-да. «Кечқурун кўришишга келишиб олган бўлишмасин тағин» деган ўйга борди ва анча маҳалгача ухлаёлмай ётди. Кўзи энди илинганида эса, қулоғига эшикнинг секин очилгани эшитилди. Бир-икки дақиқа индамай ётди. Сўнг қизини пойлаб чиқди. Кўнглидаги иш бўлди. Қизи қўшнисиникига ўтди. Норқулнинг экинзорига кирди. Кўп ўтмай, Маъруф пайдо бўлди. У қанча ҳаракат қилмасин, уларнинг гапларини эшитмади. Бироқ қизи билан Маъруф ёнма-ён ўтирганини кўрганида, кўзи қинидан чиқиб кетай деди. Шундай бўлса-да, тишини тишига босиб, чидади. Учрашувнинг охирини кутди. Ҳартугул, йигит билан қиз ортиқча ҳаракат қилмади. Лекин кўрганларининг ўзиёқ қизига яхшилаб жазо беришга етарди.
Наргиза ҳовлида тўхтади. Отасининг хурраги эшитилмаётганидан хавотирга тушиб, ён-атрофига аланглади. Аммо ортига қараш хаёлига келмади. Қараганида, падарини бемалол кўрган бўлар ва уйга кирмасдан қочиб кетарди. Бу ҳам эҳтимол. Чунки у қочадиган ёшдан ўтган, унча-мунча калтакланишга туриб берадиган пайт келган эди.
Қиз уйга кирди.
Унинг ортидан Ҳайбатулло кирди. Ундан-да орқада бўлган Маъруфнинг эса қўллари мушт бўлиб тугилди.
Бироз ўтиб, қизнинг чинқиргани эшитилди. Ана шунда Маъруф бутунлай тамом бўлди. Унга қолса, югуриб уйга кирар, қизини савалашга тушиб кетган Ҳайбатуллонинг қўлидан хивични тортиб оларди. Лекин унинг бориши ичкаридаги жанжални янада кучайтириб юбориши кундай равшан эди.
Наргиза чироқни ёқмасдан энди жойига чўзилган эди ҳамки, «чирқ» этган товуш чиқди. Кейин бирдан уй ичи ёришиб кетди. Қўрқиб кетган қиз бирдан ёстиқдан бошини кўтарди.
— Ит эмган, ҳароми! — бақирди Ҳайбатулло.
Каромат опа ҳам шу уйда эди. У ҳам чўчиб уйғониб кетди.
— Дада!.. — деди Наргиза қўрқа-писа.
— Дада, дема мени, ит! Мен сенинг даданг эмасман! Сен менинг қизим бўлишга нолойиқсан!
Ҳайбатулло аввал қизининг устидаги кўрпани олиб ташлади. Сўнг ҳавода хивичнинг овози эшитилди. Хивич беҳи новдасидан эди. Унча-мунчага синмасди. Бунинг устига, юмшоқ жойга текканда кесиб ўтгудек бўларди.
Наргиза чинқирди. Каромат опа ўзини қизининг устига отди. Она-боланинг додлаши ташқарига, ҳаттоки кўчагача эшитиларди.
Ҳайбатулло уларни жони борича урар, ургани сайин қони жўшиб, баттар қутурарди. Ҳовлигача келган Маъруф типирчилаб қолди. У нима қиларини билмай, бир неча марта деворни тепди. Аниқ биладики, уйга кирса, Ҳайбатуллонинг қўлига ёпишса, жанжал янада катталашади. Эҳтимолки, бераҳм ота бутун қишлоқни бошлаб келиши ҳам мумкин. Кейин ҳаммаси тамом бўлади. У қишлоқдан чиқиб кетишга мажбур… Аммо ичкарида Наргиза уни деб калтакланяпти, азобланяпти.
У кўча томон югурди. Бироз узоқлашгач, тўхтаб, ердан тимирскилаганча тош топди ва Ҳайбатуллонинг томига улоқтирди. Шифер тарақлаб кетди. Бу пайтда Ҳайбатулло жиққа терга ботган, оғзида тупуги қотган, қизининг нозик белига навбатдаги зарбани бераётганди. Тарақлаш уни чўчитиб юборди. У уришдан тўхтаб, сўкинганча ташқарига қулоқ солди. Яна бир тош шиферга тегди.
— Онангни уч-қўрғондан кўрай, ит эмган! — дея ташқарига югурди.
— Қизим, — деди лаблари дир-дир титраётган Каромат опа, — қоч! Тераскага чиқ.
Кейин деразадан ўзингни ташлаб қоч! Даданг ўлдириб қўяди!
Наргиза бир хаёл шундай қилмоқчи бўлди. Бироқ сўнгги дақиқада:
— Йўқ. Қочсам, дадам сизни соғ қўймайди. Нима бўлса, бўлди, ая! — дея юзини ёстиққа босди.
Ҳайбатулло тошни Маъруф отган деб тахмин қилганди. Шу боис уларникига югурди. Бироқ ҳеч кимнинг қочаётганини кўрмагач, ортига қайтди. Тўғри уйига кирмади. Ертўлага тушиб, арқон олиб чиқди. Ошхонага кирди-да, пиёлани сувга тўлдириб, икки марта ичди. Сўнг сайисхонага борди. Сигирнинг ипини ечиб олди-да, уйига қайтиб келди.
У қизи билан хотини инграб ётган хонага кирганида, ҳансираб нафас оларди.
Эрининг қўлидаги ипни кўрган Каромат опанинг жон-пони чиқиб кетди.
— Дадаси! Дадаси, нима қилмоқчисиз?! Вой ўлай! Йўқ! Йўқ! — дея бақириб юборди.
* * *
Толмас Бадриддинович уйига келса, ҳеч ким йўқ. Уйдагиларнинг ҳаммаси кўчиб кетгандай, ҳовли ҳувиллаб қолганди. У ҳайрон бўлиб, ичкарига кирди. Хоналарни бирма-бир кўриб чиқди. Бироқ ҳеч кимни топмади.
— Буларнинг бари қаерга кетди? Бир оғиз айтиб қўйишса бўлмасмиди? — деб ҳовлига чиқди.
Қулоғига қўйларнинг маъраши, молларнинг бўкириши эшитилди.
— Бундан кейин шуларгаям ўзим қарайман. Ярамаслар еса, ётса, ҳожатга борса бўлди. У ёғи билан иши йўқ, — дея ўзига ўзи гапирди-да, уйга кириб, кийимларини алмаштириб чиқди.
Сўнг очликдан бақираётган ҳайвонларнинг охурига хашак солиб, изига қайтди. Ювиниб, ошхонага кирди. Қозонни очди: ҳеч нарса йўқ. Музлаткични кўрди. Бўм-бўш. Жаҳли чиқиб сўкинди. «Бутун бошли колхознинг хўжайини бўлсам-у, уйимда егулик топмасам» деди ўзига ўзи ва хонасига кириб, телевизорни ёқди. Юмшоқ диванга ўтирди. Хаёлига Норқул ака келди. «Бечора гўрга бир кириб чиқди. Сочлари оқариб кетибди… Унинг ҳам хотини эрини сариқ чақага олмасдан, хоҳлаган пайти хоҳлаган жойига кетаверармикан? Йўқ, ундай бўлмаса керак. Ундайларнинг аёллари **** тўймас, қўлидан бир иш келмайдиган менинг хотинимга ўхшамайди. Бир неча марта чопиқда кўрганман. Қуёшда куйган бўлсаям, терга ботган бўлсаям, бели букчайиб ишларди. Кўриб, ичинг ачийди. Лекин у хурсанд. Кетмон чопаётганидан, икки-уч сотих кўпроқ чопиқ қилганидан, бир-икки сўм ортиқроқ ишлаб, уйига оборишидан мамнун. Яна у уйига бориб, сигир соғади, овқат пиширади. Яна алламбало ишлар билан ярим оқшомгача тиним билмайди. Бу ёғи тонг отмай, уйидаги ҳамма ишни саранжомлаб, участкага югуради. Меники бўлса, йиғламай нон есаям катта гап… Уфф, Сумбулнинг ёнига борсаммикан?.. Савил, сал узоқлик қилади-да. У ерга борсам, эрталабгача келолмайман. Тўхта, кўчириб келсам-чи район марказига? Ўрислар кўпроқ яшайдиган жойга. Уларнинг мен билан, Сумбул билан ишлари йўқ. Илгариям бир неча марта Сумбулга айтувдим. Лекин унамади… Қоринам очқаб кетди-ей».
У чўнтагидан сигарета олиб, тутатди. Сўнг ўрнидан туриб, бироз хона ичида юрди. Юраги сиқилди. Телефоннинг ёнига бориб, гўшакни кўтарди. Элёрнинг уйига қўнғироқ қилганди, онаси гўшакни кўтарди. Қўнғироқ қилаётган раис эканлигини билиб, аёл анча-мунча хушомад қилди. Унинг гапларини сабр-бардош билан эшитган Толмас Бадриддинович Элёрни сўради. Минг истиҳола билан аёл ўғлининг уйда йўқлигини айтди. Раис бирдан гўшакни шарақлатиб жойига қўйди-да, сўкинди. Кейин хаёлига Элёрни Ҳайбатуллонинг уйига жўнатгани келди. «Мендан, бизникилардан хафа бўлгани икки пул. Келиб-келиб, шу муштдай боланинг қовоқ-тумшуғига қараб юраманми? Мошинани уриб олгани учун орқасига бир тепиб, жавобини бериб юборишим керагиди… Ҳайбатулло «Виллис»да юриши керакми? Бошқа мошина жўнатсам ҳам бўларди. Кўнгилнинг бўшлиги қурсин» дея кўнглидан ўтказди у ва беихтиёр ҳовлига, уйдан ташқарига чиқди.
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2