Бу мўъжизали воқеага 12 йил бўлди. Кунларнинг бирида Тошкентдаги холамнинг ўғли Самарқандга келганида, Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдик. У ердан “Ёсин” китобчасини сотиб олдим. Китобчада “Ташвишда қолган одам “Ёсин”ни ўқиса, бу сураи шариф ҳурматига унга бир енгиллик келар” деган гап бор эди. Ижара уйда яшардим. Кўчиб юришдан ва уй эгаларининг миннатидан чарчагандим. Ўша пайтлари журналист ёки ёзувчи ўз меҳнати билан уй олиши мумкин эмасди. Ё порахўр бўлиш керак, ё давлат ҳадя қилиши лозим. Ё коррупция, ёки маддоҳлик. Мен учун икки йўл ҳам мустаҳкам ёпиқ эди. Сўнгги йўл “Ёсин” ўқиш эканлигини англадим. Ҳар куни “Ёсин” ўқий бошладим. Ижара жонга тегиб, “Ёсин” охирида “шу йил уй олай” деб худди шарт қўяётгандек дуо қила бошладим. Бундай қатъий сўрашга виждоним қийналарди. Ахир, фоний дунёда банда келгусидаги жаннатни сўраш ўрнига нега оддий бир уй сўраб ўтирибди?
Шундан сўнг кўп ўтмай ишим чаппасига кетди. Ишдан бўшадим. Ижара тўлашга ҳам пулим қолмади. Самарқанд шаҳрида оғир аҳволда қолдим. Одам одамга ёрдам бермаслигига ишончим орта бошлади. Фотоаппаратимни сотиб, шу пул билан Тошкентга кетдим. Агар ойлик олгунча пулим тугаса, ҳаммаси тамом эди. Кундуз “Даракчи”да ишлаб, кечаси “Универсам” бозоридаги ошхонада ишламоқчи бўлдим. Бироқ ошхоначилар ишга олишмади. Мен ҳайрон эдим. “Ёсин” ўқишни бошлаганимдан кейин нега ишим тескари айланиб кетди? Юнусободдаги 4-кварталда, 9-қаватда ижарада яшардим. Қанчалик оғир аҳволда қолсам ҳам ҳар кеч “Ёсин” сурасини ўқишда давом этардим. 2009 йилларда ҳам ҳамон оғир замон эди. Ҳақиқат йўқ, ҳаммаёқ коррупция. Давлатдан миллионлаб долларни ўмараётганлар яхши яшашарди. Чет эллардан виллалар сотиб олишарди. Нега университетда ўқидим, оддий ишчи бўлиб Россияда юрмайманми деб афсусланардим. Россияда ишлайдиган оддий ишчи Ўзбекистондаги журналистдан икки-уч баравар яхши яшарди.
Ниҳоят, янги йил кириб келди. Бу милодий 2010 йил эди. Мен 9-қават деразасидан Мустақиллик майдони томонга қарадим. Мана, салют отилди, соат 0:00 бўлди. Мустақиллик майдонидаги мушакларга қарар эканман, дуо ижобат бўлмади деган ўй кўнглимдан ўтди. Ҳа, ижобат бўлмади. Ахир, мен “шу йил уй олай” деб кечалари билан сўраган эдим. Бошқа вақт битта нарсага ҳеч қачон бунчалик ёпишиб олмагандим. Йўқ, мўъжиза юз бермади. Шунда кўнглимдан бир лаҳзалик ишончсизлик ва умидсизлик ўтди. Китобчага ишонса бўлармикан?
Бироқ мен ожиз банда хато қилган эдим. Бир неча ой ўтиб, телефоним жиринглади: “Сотилаётган уй ахтаринг. Сизга ўша уйни олиб беришга қарор қилдик”.
Дуо кечикиб бўлса-да ижобат бўлганидан кўзларим ёшга тўлди. Орадан кўп ўтмай ўйлаб қарадим ва дуом айнан мен сўрагандек амалга оширилганидан ҳайратга тушдим. Ҳа, уй мен сўраган йили берилган эди. Хатога йўл қўйиб, милодий йил билан ҳисоблаган эканман. Аллоҳ таоло эса ҳижрий йил ҳисобида дуоимни амалга ошириб, бир саховатли инсон қўли билан уй берганди. “Ёсин”ни ўқиб, “шу йил олай” деб чин дилдан сўраганимда, “Эй бандам, мана шу йил ичида сенга уй берамиз” дейилган экану мен 31 декабрда йил тугади деб насроний тақвим бўйича ҳисоблаб, сал қолган экан шак келтириб қўйишимга. Ҳа, “Ёсин” ўқишни бошлаганимдан кейин ишим тескари бўлиб кетганини ҳам кейин тушундим. “Самарқанддан кетиб, Тошкентга борсин, биз уни Тошкентда учратиб қўямиз ўша одам билан” дейилгандек туюлди менга. Ҳар бир ишда ҳикмат бор. Вақтида амалга ошмаса, сабр қилинг ва умидни сўндириб қўйманг.
(Суратда ўша “Ёсин” китоби. Ўқилавериб, эскириб кетган)
Тамом.
Азамат Қоржовов.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2